1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Минг ойдан яхшироқ кеча

05:00 / 14.01.2017 3442 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни Қадр кечасида нозил қилган. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинади: «Ҳақиқатан Биз уни Қадр кечасида туширдик» (Қадр сураси, 1-оят). 

Аллоҳ таоло яна бундай хабар берган: «Рамазон ойи унда Қуръон нозил қилинган ойдир» (Бақара, 185); «Очиқ-равшан китоб – Қуръонга қасамки, албатта, Биз уни бир муборак, баракотли кечада нозил қилдик» (Духон, 2). 

Демак, Қуръони мажид рамазон ойининг Қадр кечасида нозил қилина бошлаган. «Қуръони карим Қадр кечасида нозил қилинган» дейдиган муфассирларнинг фикрлари икки хилдир: улардан баъзилари «Қадр кечасида Қуръоннинг ҳамма оятлари Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонига туширилган, сўнг Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дунё осмонидан эҳтиёжга қараб амр ва қайтариқ, ҳалол ва ҳаром, ваъз-насиҳат тарзида йигирма уч йил давомида бўлиб-бўлиб нозил қилинган», дейишса, айримлари ушбу кечада Қуръони карим оятларининг бир йилга зарур миқдори дунё осмонига туширилган, сўнг эса Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) етказиб турилган», дейишади. Абу Лайс Самарқандий тафсирида бундай дейилган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Инсонларнинг амалларини кўряпман», дедилар. Гўё у зотга умматларининг умрлари қисқа, шу сабабли уларнинг амаллари олдин ўтган пайғамбарлар умматларининг амаллари даражасига етмаётгандек туюлди. Шу боис Аллоҳ таоло у зот ва умматларига Қадр кечасини берди». Мужоҳиддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бани Исроилдан бир киши Аллоҳ йўлида минг ой қурол-аслаҳа кўтариб юрганини айтдилар. Мусулмонлар бундан роса ажабланишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу суранинг дастлабки уч оятини туширди» (Ибн Жарир ривояти). 

 Рамазон ойидаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан ҳам яхши ва мўътабардир, бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир. Оятдаги «минг ой» жумласи маълум вақт ҳажмини кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келган бўлиши мумкин. Яъни, Қадр кечаси минг ой ва ундан ҳам кўпроқ муддатдан яхшидир, деган маънони ҳам билдиради. Чунки бирор миқдор айнан ўша ададни баён қилиш учун гоҳо у боғланган нарсанинг шарафи ва улуғлигини баён қилиш учун келтирилади. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дедилар: «Сизларга рамазон ойи – муборак ой келди. Аллоҳ таоло сизларга бу ой давомида рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Унинг яхшиликларидан маҳрум бўлган кимса бахтсиздир» (Имом Аҳмад, Насоий ривояти). Яна шу саҳобадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким Қадр кечасида иймон-эътиқод билан Аллоҳ таоло розилиги учун тоат-ибодат қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). 

Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва Сидратул-мунтаҳодан Ерга тушишади, тонг отгунича инсонларни дуо қилишади ва дуо қилганларга қўшилиб «омийн» деб туришади. Кўпчилик муфассирларнинг фикрича, фаришталар бу кечада яна кейинги йил учун бўлажак Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан ҳам тушишади. Замахшарий (раҳматуллоҳ алайҳ) айтади: «Қадр кечаси ишлар тақдир ва ҳукм этиладиган кечадир. Духон сурасининг 4-оятида ҳам: «Унда барча пухта-аниқ ишлар айрилади (белгиланади)», деб баён этилган». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло Бароат кечасида тақдир қилинган нарсаларни тайин этади, Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади», деганлар. Улар Аллоҳ азза ва жалла изнисиз ҳеч бир ишни қила олишмайди.

 Қадр кечаси тонг отгунига қадар турли офат-балолардан омонлик, хотиржамлик, барака кечасидир. Бу кечада шайтон ёмонлик қила олмайди.   Қадр кечаси бошдан-охир фақат саломатлик, омонлик, яхшилик ва баракот билан тўладир, унда асло ёмонлик йўқдир. Қуёш ботганидан то тонг отгунга қадар бу ҳол давом этади. Тонг отгунича фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, раҳмат билан Ерга тушишади. 

Қадр кечаси рамазон ойининг қайси кечасида келиши ҳақида турли ривоятлар бор. Имом Насафий тафсирида Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) Осимдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Убай ибн Каъб Қадр кечаси рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси эканига қасам ичгани, жумҳур уламолар бунга иттифоқ қилишгани келтирилади. Аксар уламолар Қадр кечаси рамазон ойининг йигирма еттинчига ўтар кечасидир, дейишган. Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечаларнинг биридир. У кеча очиқ, ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, гўё ойи бор кечага ўхшайди, у кечада тонг отгунча шайтонлар инсонлар ҳузурига чиқмайди», деганлар (Ибн Абу Осим Набил ривояти). Ҳасан ибн Али (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) шундай деганларини ривоят қилади: “Қадр кечаси ойдин ва ёқимли бўлиб, на иссиқ, на совуқ бўлади. У кечанинг тонгида қуёш нурлари кўзни қамаштирадиган даражада чиқади”.

Қадр кечасини бундай яширишнинг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёмат келишини яшириш ҳикмати кабидир. Қадр кечаси бандалар тоат-ибодатга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги учун яширилган.  

Шунинг учун ҳам “Лайлатул қадр”ни ҳар қанча байрам қилинса, нишонланса арзийди. Бизнинг ушбу кечани нишонлашимиз ўзимизга хос бўлади. Ҳабибимиз ва йўлбошчимиз Муҳаммад (с.а.в) кўрсатганларидек ва айтганларидек бўлади. У зоти бобарокот “Ким Лайлатул қадрни иймон билан, савоб талабида бедор ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар. 

Биз мазкур улуғ ва муборак кечани иймон кечасига, савоб талаб қилиш кечасига айланишига ҳаракат қиламиз. Бу кечани Аллоҳга, Исломга бўлган иймонимизни яна ҳам бақувват бўлишига ҳаракат қилиб ибодат билан ўтказамиз. Биз бу муборак кечанинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб унга кўпроқ савоб ҳосил қилишга уринамиз. Аллоҳ таолодан ушбу ниятларимизни, ушбу кечада амалга оширишимизни, ҳаммамизни тақдиримизни олий мақом этиб таъйин қилишни сўраб илтижо қиламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўзанинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида гап кетар экан, унинг инсон саломатлигига нисбатан ўта фойдали эканлиги энг кўп гапириладиган мавзуълардан давоми...

4254 05:00 / 11.01.2017
Айни пайтда Исломдан, Қуръондан, шариатдан умуман бехабар халқ ва юртларнинг вакиллари, улардаги илмийтадқиқот марказлари ва тиббиёт хизматлари рўзанинг инсон давоми...

2320 14:21 / 25.03.2023
Рамазон ойи кириб келар экан, бу ойни муносиб кутиб олиб, гўзал тарзда ўтказиш учун, ундан унумли фойдаланиб қолиш учун аввало унга муносиб тайёргарлик кўриш керак давоми...

3172 05:00 / 14.01.2017
...Рўзадорлиги эсидан чиқиб еб ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига тушиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик давоми...

25629 05:00 / 11.01.2017