1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳнинг марҳамати

18:42 / 04.05.2017 6006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

803. Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақийъ томон юриб кетдилар. Мен ҳам ортларидан эргашиб бордим. Орқаларига ўгирилиб қараб, мени кўрдилар ва:

«Эй Абу Зарр!» дедилар.

«Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули! Ва саъдайка! Фидойингиз бўлай», дедим.

«(Дунёсини) кўпайтирувчилар қиёматда (савобини) камайтирувчилардир. Аммо ким мана бундоқ, мана бундоқ қилиб, ҳақ йўлга сарфласа, ундай бўлмайди», дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидир», дедим. Ул зот:

«Ана шундай», деб уч марта айтдилар.

Сўнгра олдимиздан Уҳуд тоғи чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Зарр!» дедилар.

«Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули! Ва саъдайка! Фидойингиз бўлай!» дедим.

«Оли Муҳаммад учун мана шу Уҳуд тоғи тиллога айланиб қолса, бир куннинг ичида уларнинг ҳузурида бир динор – ёки мисқол – қолиши мени хурсанд қилмайди», дедилар.

Сўнг йўлимиздан бир водий чиқди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам илгарилаб кетдилар. Мен бирор ҳожатлари бўлса керак деб, бир чеккада ўтириб турдим. Ул зот кечикиб кетдилар. Ул зотдан хавотир ҳам олдим. Сўнг бир одам билан пичирлашиб гаплашаётганларининг овози келди. Кейин ёлғиз ўзлари мен томон чиқдилар. Шунда мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Пичирлашиб гаплашган одамингиз ким эди?» дедим.

«Эшитдингми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

«У Жаброил эди. Ҳузуримга келиб, умматимдан ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўладиган бўлса, жаннатга киришини башорат қилди», дедилар.

«Зино ва ўғирлик қилган бўлса ҳамми?» дедим.

«Ҳа», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга бир қанча нарсаларни айтиб бердилар. Хусусан, бу дунёда мол-мулкка эга бўлиб, бироқ динимиз кўрсатган моддий ибодатларни қилмаган киши у дунёда камбағал бўлиб қолишини таъкидладилар.

Ўзларининг тоғдек тиллолари бўлса ҳам, бир кун ичида уни ҳаммага улашиб юборишга тайёр эканликларини айтиб бердилар.

Айниқса ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларини, ушбу суҳбатнинг овозини эшитган ровийнинг фазли нақадар юксаклигини билиб оламиз.

Шу билан бирга, бу ерда улкан ақийдавий масала – гуноҳи кабиралар қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таолога ҳеч бир нарсани ширк келтирмай вафот этган мўмин-мусулмон кишининг жаннатга кириши масаласи айтиб ўтилган.

Албатта, бунда аввал гуноҳларнинг жазосини дўзахда ўтагандан кейин жаннатга кириш назарда тутилмоқда. Буни яхши англаб олиш зарур, чунки баъзилар буни нотўғри тушуниб олиб, ширк келтирмаган одам тўғридан-тўғри жаннатга кириб кетаверар экан, дейишга одатланиб қолишган.

Аслида бу нарса Аллоҳ таолонинг қудрати, фазлу карамига боғлиқ, нимани ирода қилса, шу бўлади, лекин уламоларимизнинг кўплари оят ва ҳадислардан далил келтириб, юқорида айтиб ўтилган гапни таъкидлаганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бусра шаҳри, бу шаҳар Бусра Шомий ҳам деб аталади. Бу табаррук шаҳар Суриянинг Дамашқ шаҳридан 140 км. узоқликда жойлашган. Шаҳар милоддан олдинги 14 асрда ҳукмронлик давоми...

4337 01:41 / 07.08.2018
.Эй мурид Кўзгуга, сўнг солинган нақшга боқ Бир гўзалнинг қариликдаги хунуклигини, бир бинонинг хароб ҳолга келишини унутма ва кўзгудаги ёлғонга алданма,.Мавлоно давоми...

3221 08:30 / 30.07.2021
Аллоҳ таоло дейдиquotТо қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги жаннатга келиб етганларида...quot Зумар, 73.Илм аҳлининг баъзилари жаннат эшиклари саккизта эканини давоми...

20178 07:00 / 11.12.2018
Маълумки, жорий йилнинг 24январь куни Туркияда кучли зилзила содир бўлган эди. Ушбу зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони биз мўмин мусулмонларни қайғуга солса, давоми...

4675 05:30 / 29.01.2020
Аудиолар

232035 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150548 09:35 / 11.08.2021