Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ҲАДИСИ ҚУДСИЙЛАРДАН:
Ибн Ҳассосийядан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси қудсийда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ айтди: «Рўза оловдан қалқондир, рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Мен бераман. Зеро, рўзадор емоғини, ичмоғини, нафсоний истакларини Менинг учун тарк этади. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ учун мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир» (Бағавий ва Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси қудсийда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ айтади: «Ҳар кимсанинг аъзолари ҳаромдан, гуноҳлардан тийилмаса, Менинг учун емоқ-ичмоғини тарк этишига аҳамият бермайман» (Абу Нуайм ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси қудсийда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг бундай буюрганини айтганлар: «Қулларимнинг Менга энг севимлиси (қуёш ботган заҳоти) тез оғиз очганларидир» (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти).
ҲАДИСИ ШАРИФЛАРДАН:
Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ислом беш нарса устига қурилган: булар Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг пайғамбари эканларига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, Каъбани ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутишдир», деганларини эшитдим» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ишониб ва мукофотини Аллоҳдан умид қилиб Рамазон рўзасини тутса, ўтмиш гуноҳлари кечирилади», деганлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Абдурраҳмон ибн Авфдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом бундай деганлар: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой (рамазон) рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг – киравер», дейилади» (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон келса жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади», деганлар (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).
Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда иймон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта Аллоҳ аввалгию охирги гуноҳларини кечиради. У тоқ рақамли кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёхуд бешинчи ё учинчи ёки охирги кеча Қадр кечасидир», деганлар» (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимга Рамазон ойида ўзга умматларга берилмаган бешта хислат берилди: 1) рўзадорнинг оғзида пайдо бўладиган нохуш ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир; 2) Ифтор вақтигача рўзадорларга дарёдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб дуо қилишади; 3) Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатини зийнатлайди, сўнгра унга: «Менинг солиҳ бандаларимнинг дунё машаққатларини ортга ташлаб ҳузуринггга келишлари яқиндир», дейди; 4) бу ойда исёнкор шайтонлар кишанланади, шу сабабдан улар бошқа ойлардаги каби ёмонликлар қила олишмайди; 5) рамазон ойининг охирги кечаси рўзадорларнинг гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу Қадр кечасими?» деб сўрашди. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Йўқ, балки хизматчига бериладиган ҳақ у вазифасини адо этганидан кейин тўлиқ берилади», деб марҳамат қилдилар (Имом Аҳмад, Баззор, Байҳақий ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сизларга Рамазон ойи, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади», деганлар» (Имом Аҳмад ва Насоий ривояти).
Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ойларда қилолмаган (ибодат)ларини Рамазон ойида астойдил бажарардилар. Рамазон ойида адо этолмаган (ибодат )ларини охирги ўн кунликда бажарар эдилар (Имом Муслим ривояти, «Риёз ус-солиҳийн»).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рамазон ойининг чиққанини кўриб рўза тутинглар. Шаввол ойининг чиққанини кўриб, оғиз очинглар. Агар осмон булутли бўлиб ой кўринмаса, шаъбон ойини ўттиз кун мукаммал қилиб тутинглар», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Изоҳ: бу лафз Бухорийники, имом Муслимнинг ривоятида эса: «Осмон булутли бўлиб янги ой кўринмаса ўттиз кун мукаммал рўза тутинглар», бўлиб келган.
Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар (Рамазон ойининг охирги) ўн куни кирса, бутун кечани ибодат билан ўтказиб, бунга аҳли-аёлларини ҳам уйғотардилар. Ўзлари кўп ғайрат қилиб, ибодат учун белни маҳкам боғлардилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ишониб ва мукофотини Аллоҳдан умид қилиб Рамазон рўзасини тутса, ўтмиш гуноҳлари кечирилади», деганлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом: «Қанчадан-қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзаси очликдан бошқа нарса эмас. Яна қанчадан-қанча намозхонлар борки, уларнинг намоздан топадиганлари уйқусизликдан қийналиш, холос», деганлар» (Ибн Можа, Аҳмад, Байҳақий ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир», деган (Имом Бухорий ривояти).
Саҳл ибн Саъд Соъидийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатнинг бир эшиги бор: у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. «Рўзадорлар қаерда?» дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).
Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқ Ҳазрати Оишанинг ҳузурларига кириб: «Эй мўминлар онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши бор, икковлари ҳам яхшиликда мусобақалашишади. Бирлари ифтор билан (шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса ифтор билан (шом) намозни ортга суради», дейишди. Ҳазрати Оиша: «Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатади», деб сўрадилар. Тобеъинлар: «Абдуллоҳ ибн Масъуд», деб жавоб қилишди. Ҳазрати Оиша: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар эдилар», дедилар. Ифтор ва намозни ортга сурган Абу Мусо эди (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).
Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. Тўпланиб турган одамларни ва устига соя қилиб қўйилган бир кишини кўрдилар ва: «Нима бўляпти?» деб сўрадилар. «Рўзадор эди», деб жавоб қилишди. «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», дедилар Расулуллоҳ (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Рўзадор мўмин бирор мусулмонни ғийбат қилмаса, ортидан унинг шаънига бўҳтон ёғдирмаса, Аллоҳ уни ибодатда, деб ҳисоблайди» (Дайламий ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким ёлғон сўзлашни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди, Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди», деганлар» (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рўзадор икки бор хурсанд бўлади: биринчиси – оғиз очганида (ифтор қилганида) ва иккинчиси – рўза тутиб Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиққанида», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Бирор кимса осийликни ва ёлғонни ташламаса, емоқ-ичмоғини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқдир» (Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар», деганлар (Имом Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Саҳарлик қилинглар, албатта саҳарликда барака бордир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қилдилар: «Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик ейишдир» (Имом Муслим ривояти).