1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Илоҳий ўрнак

19:09 / 28.04.2017 3600 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим


Парвардигоримизга шукр ва ҳамдлар айтамиз. Оламларга раҳмат ва ўрнак зот бўлмиш Расулимизга салавотлар йўллаймиз.

Буюк яратувчимиз Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло башариятни ақл­идрок, онг ва нутқ ила бошқа барча махлуқотлардан устун қилиб яратиб, уни ер юзида Ўзига халифа этиб сайлар экан, ишни унинг ўзига ташлаб қўймай, илоҳий таълимотларни индириб, инсоннинг камолоти учун керакли бўлган кўрсатмаларни тақдим этишни ирода қилди. Бунинг учун ягона намунали йўл инсонлар ичидан элчи сайлаб олиш эди. Бу элчи оддийгина хабар етказувчи эмас эди, балки у ўзи келтирган илоҳий таълимотларни ўз ҳаётида кўрсатиб беришга ҳам масъул эди. Ҳар ишнинг тадбирини чеварлик билан, гўзал суратда муҳайё этган Аллоҳ инсонлар ичидан элчилар танлаб, уларга чин маънода ўрнак бўлишлари учун керак бўлган барча шарт­шароитларни ҳозирлаб қўйди. Шунинг учун тарихга назар солсак, барча самовий динларнинг пайғамбарлари инсониятнинг энг сара кишилари, зубдаси эканига гувоҳ бўламиз. Ана ўша улуғ сиймоларнинг энг сўнггиси, ушбу илоҳий маржоннинг сарҳалқаси, нубувват осмонининг офтоби, охир замон пайғамбари, ҳеч шубҳасиз, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зотга юборилган рисолат ушбу илоҳий армуғоннинг якунловчиси экан, унинг ҳар жиҳатдан энг мукаммал, бутун башарият учун етарли ва қиёматгача қоим бўлиши ақлу мантиқнинг тақозосидир. Шу билан бирга, у инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамрай олиш баробарида, жамиятнинг барча табақаларига мос келиши, инсонларнинг ҳаёт тарзи, турмуши қанчалар ўзгармасин, тараққий этмасин, унга жавоб бера олиши лозимдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, ҳаёт тарзларини ва келтирган таълимотларини ўрганар эканмиз, у зотда мазкур савиянинг ортиғи билан мавжудлигига гувоҳ бўламиз ва бу диннинг ҳақиқатан ҳам илоҳий йўриқ эканига яна бир иймон келтирамиз. 

Аллоҳ таоло Ўз элчисининг инсоният учун ўрнак эканини таъкидлаб, шундай дейди:

«Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Оятда аввал «сизлар учун» дейилганда бутун инсоният назарда тутилган дейиш мумкин. Кейинги «Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар», деган таъкид эса шу сифатга эга инсонлар, агар даъволари рост бўлса, марҳамат қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишлари лозимлигини уқтиради.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун, хусусан, мўмин­¬мусулмонлар учун энг олий ўрнакдирлар. У зот ибодат, ахлоқ ёки маълум бир соҳалардагина эмас, балки инсон ҳаётининг ҳар бир нуқтасида энг олий намуна кўрсатганлар. Шунинг учун ҳам у зотнинг ҳаётлари баркамол ҳаёт бўлди. У зот оддий фақирликдан тортиб, подшоҳликкача бўлган ҳаёт тарзини яшадилар. Башар ҳаётининг у зот амалда кўрсатиб бермаган бирор жабҳаси қолмади. У зот алайҳиссалом оддий инсон бўлиб, гоҳ фақир, гоҳ бой бўлиб, қўшни бўлиб, эр бўлиб, ота бўлиб, имом бўлиб, муаллимлик ва воизлик қилиб, қози бўлиб, катта бир минтақада раҳбар, подшоҳ бўлиб, ҳарбий соҳада аскар ва қўмондон бўлиб ҳаёт кечирдилар. У зотнинг ҳаётлари ана шундай серқирра эди, инсон ҳаётининг барча жиҳатларини тўла қамраб олган эди. Бинобарин, у зот шоҳга ҳам, гадога ҳам, бойга ҳам, камбағалга ҳам, эркакка ҳам, аёлга ҳам, каттага ҳам, кичикка ҳам энг олий ўрнак бўлдилар. Ислом инсон ҳаётининг барча каттаю­кичик жабҳаларини қамраб олганидек, Ислом пайғамбарининг ҳаёти ҳам шунга монанд бўлди.

Айрим пайғамбарлар бой бўлган бўлсалар­да, кўплари камбағалликда ҳаёт кечирган. Баъзи пайғамбарлар подшоҳ бўлиб ўтган бўлса­да, кўплари оддий фуқаро бўлиб яшаган. Кўпчилик пайғамбарлар оила қурган бўлса­да, айримлари уйланмаган. Аммо охир замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари буткул баркамол бўлди.

Агар у зот фақат бойликда, мўл-кўлликда фаровон ҳаёт кечирганларида, камбағаллар: «У киши бир умр тўқ яшаганлар. Бой одам камбағални ҳис қилармиди? Йўқликни кўрган билади­да. Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор? Сабр қилиш керак, ундай қилиш керак, бундай қилиш керак, дейиш осон, бошга тушганда кўрасиз», дейиши мумкин эди. 

Бордию, у зот мудом фақирликда яшаганларида, бойлар: «Ҳа, энди у киши бир умр камбағал ўтган бўлсалар, бойликнинг нималигини, унинг залворини, мазасини билармидилар? Бойлар ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак, дейишни ҳамма билади. Аввал бой бўлиб кўришсин, кейин гаплашамиз», дейиши мумкин эди.

Агар у зот фақат раҳбарликда, подшоҳликда ҳаёт кечирганларида, оддий халқ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир умр подшоҳ бўлиб яшаганлар, айтганлари айтган, деганлари деган бўлиб турган, ундай бўлса, ҳамма ҳам динга амал қилишни дўндириб қўяди­да. Биз эса оддий одамлармиз, ҳеч ким гапимизни инобатга олмайди. Энди бизнинг ҳолимиз бошқа­да», дейиши мумкин эди.

Бордию, у зот бир умр оддий фуқаро бўлиб яшаб ўтганларида, мансабдорлар, подшоҳлар: «У зот оддий фуқаро бўлганлар, бундай одам раҳбарлик ё подшоҳликни тушунармиди. Насиҳатни масжидда қилишсин. Сиёсат бошқа нарса...» дейиши мумкин эди.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳарбий соҳада фаолият олиб бормаганларида, ҳарбийлар учун илоҳий намуна бўлмас эдилар. Саркардалар: «У киши пайғамбар бўлиб, муаллимлик қилиб ўтганлар. Унақа одам урушни тушунармиди? Ҳарбийлик ҳаммага ҳам эмас. Урушда шафқатли, адолатли бўлиш лозим, ундай қилиш керак, бундай қилиб бўлмайди... Айтишаверади, бу гаплар ҳаммаси хомхаёл, ўзлари бирор марта уруш қилиб кўрибдилармики, ҳарбийларга дарс айтишса?» дейиши мумкин эди. 

Бордию, у зот фақат ҳарбий бўлиб ҳаёт кечирганларида, иш тамоман остин­устин бўлиб кетарди. «Ҳарбийлик ҳаёт тарзи эмас, зарурий вазият тақозоси. Ҳарбий одам ҳеч қачон оммага ўрнак бўла олмайди», дейилиши мумкин эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жамиятни ислоҳ қилиш, яъни даъват йўлидаги фаолиятлари ҳам оддий инсоний жамият мезонларига тўла бўйсунган эди. Қандайдир бир илоҳий куч ёрдамида ғайриоддий ишлар билан муваффақият қозонганлари йўқ. У зот оддий даъватчи босиб ўтадиган йўлдан бордилар. Бу йўлда озор­азият тортдилар, туҳмату бўҳтонларга учрадилар ва ҳақ йўлидаги бошқа зарбаларга кўкрак тутиб, тўсиқларни енгиб ўтдилар. Агар иш бошқача бўлганида, кейинги даъват аҳлига, ислоҳотчиларга бу тайёр баҳона бўлиб қолар эди.

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Аммо шунинг ўзи етарли бўлса керак. 

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар тарафлама баркамол бўлди. У зот фақирликни ҳам, бойликни ҳам кўрдилар. Гоҳида бир тишлам егулик топилмай, очликдан қоринларига тош боғлаб юришга ҳам мажбур бўлдилар. Баъзан эса сон­саноқсиз мол­мулк, ер­сув, кумуш­тиллоларга эга бўлдилар. Аммо ҳаётларининг асосий қисмида ўртаҳол турмуш кечирдилар. У зот фақирликда фақирга, бойликда бойга, ўртаҳолликда ўртаҳол кишига намуна кўрсатдилар. Фақир ўзини қандай тутиши керак, нималар қилиши керак, қандай эътиқод ва умидда бўлиши лозим – барча­барчасини айтиб, уқтириб, гўзал намуна кўрсатиб бердилар. Бой бойликка қандай муносабатда бўлиши, уни қандай тасарруф этиши, у ҳақда қандай тушунчада бўлиши керак – ҳамма­ҳаммасини ўз шахсий ҳаётлари мисолида намойиш қилдилар. Фақир у зотнинг фақирликдаги ҳаётларидан, бой бойликдаги сийратларидан ўрнак олсин, нусха олсин. Бундай рангин ҳаётни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ёқтирардилар.

Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Роббим азза ва жалла менга Макка водийсини тилла қилиб беришни таклиф қилди. Мен: «Роббим! Бир кун тўқ, бир кун оч бўлай. Оч бўлганимда Сенга тазарру қилиб, Сени зикр қилай. Тўқ бўлганимда Сенга ҳамд айтиб, Ўзингга шукр қилай», дедим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаликларида оддий фуқаро бўлиб яшадилар. Мадинада эса аввалига бир жамоанинг раҳбари, кейинроқ шаҳар ҳокими ва ниҳоят, минтақадаги энг кучли етакчи бўлиб фаолият кўрсатдилар. Шундай қилиб, у зот оддий фуқарога ҳам, раҳбару подшоҳларга ҳам илоҳий намуна кўрсатдилар. Оддий инсон қандай яшаши, бошқалар билан қандай муносабатда бўлиши керак, давлат раҳбари халққа қандай муомала қиладию, бошқа ҳамкасблари билан, бошқа давлатлар билан қандай муносабатда бўлиши лозим – барчасини ҳам назарий, ҳам амалий суратда тақдим қилдилар. Ана шу тарзда у зот ижтимоий ва иқтисодий қонунларни бойитиб, такомиллаштирдилар ва халқаро қонунларга асос солдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жангларда қатнашишлари ҳам оламларга раҳмат бўлди. У пайтларда урушда ғолиб ва мағлуб томонларнинг ҳуқуқ ва бурчлари деган гап йўқ эди. Кимдир шу гапни айтса, ҳамма калака қилиб, устидан куларди. «Ие, бу қанақаси бўлди? Ғолибда ҳам мажбурият бўларканми? Мағлубнинг ҳуқуқи нима дегани? Ахир улар тутқунлар­ку!» дейилиши табиий эди. Кейинги пайтларда ҳам мусулмон бўлмаганларда бу тўғрида бирорта тайинли гап бўлгани йўқ. Улар 19–20 асрларга келибгина уруш қонунлари ҳақида ўйлай бошлашди. Шунда ҳам воқеий аҳвол нима бўлгани ҳаммага маълум.

Ҳарбий соҳа ҳар бир ўзига ишонган жамиятнинг асосий таянчларидан бири экани сир эмас. Ўтган асрда инсоният жаҳон урушлари қилиб, ўзидан ўзи нафратланиб кетди ва охири қайта босқинчилик қилмасликка, ҳар бир давлатнинг мустақиллигини тан олишга аҳд қилиб, бир овоздан битим имзолади. Бироқ, ўша битимга ярим асрдан кўп вақт ўтдики, ер юзида уруш олови бир зум ҳам сўнгани йўқ. Ҳамон ер талаш, мулк талаш. Демак, ҳарбий соҳа ҳам инсон ҳаётининг ажралмас қисми экан. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари бу маънода ҳам ўрнак бўлиши керак. У зот алайҳиссалом қачон уруш қилиш мумкин, уни қандай бартараф этиш керак, қандай уруш қилиш жоиз, урушда нима ҳалол­у, нима ҳаром, унинг шартлари нималар­у, одоблари қандай – ҳамма­ҳаммасини ўргатиб, кўрсатиб бердилар. Исломнинг инсонпарварлигини, адолатпешалигини кўрмоқчи бўлган киши бу диннинг ушбу мавзуга бўлган ёндашувини ўрганиши кифоя. Бу борада фиқҳий манбаларда маълумотлар тўлиб­тошиб ётибди. «Уруш қонунлари» деган махсус асарлар ҳам битилган ва уларнинг қиймати кун сайин ортиб бормоқда.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ана шундай воқеий ва комил эди. У зот оламшумул шахс бўлиш баробарида, оддий инсон сифатида ҳаёт кечириб, ҳамма учун баробар намуна кўрсатдилар. Шунинг учун у зот ибодат ҳам қилардилар, истироҳат ҳам олардилар. Тунлари бедор ҳам бўлардилар, ухлардилар ҳам. Рўза ҳам тутардилар, оғиз очиқ ҳам юрардилар. Шунинг учун у зот оила қуриб, фарзанд кўриб, уларнинг тарбияси билан ҳам шуғулланганлар. Шунинг учун ҳам у зот одамларга аралашиб юриб, ҳали бозорда, ҳали тўйда, гоҳ масжидда, гоҳ уйда, ҳали меҳмонда, ҳали ҳашарда, ҳали шаҳарда, ҳали сафарда бўлдилар. У зот тинчлик ва эминликни ҳам, хавфу хатар ва жангу жадални ҳам кўрдилар. У зот саломатликни ҳам, беморликни ҳам бошдан кечирдилар. У зот имом бўлиб ҳам, муқтадий бўлиб ҳам намоз ўқидилар. Қўйингки, инсон зоти йўлиқиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаёт тарзини илоҳий йўриқ асосида яшаб бердилар. Агар ҳолат бундан сал бошқача бўлса, илоҳий намуна, самовий ўрнак тугал бўлмай қолиши аниқ эди. 

Энди ана шу «намуна», «ўрнак» сўзларининг маъносини кўз олдимизга яқинроқ келтириб, тасаввур қилиб кўрсак. 

Аллоҳ таолонинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда сизлар учун гўзал ўрнак бор», деган сўзининг маъносини бироз изоҳлайлик: «Мана шу одамнинг ҳаёт тарзи, фикрлари­ю тушунчалари, сўзлари­ю амаллари, ҳаракот­у саканотлари – барчаси Мен буюргандек ва истагандекдир. Ана шундай фикрланглар, шундай сўзланглар ва шундай яшанглар, шундагина сизлардан рози бўламан ва сизларни мукофотларман». 

Бошқача қилиб айтганда, илоҳий ваҳий бир асар бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари унинг саҳналаштирилган кўринишидир. Бир асарни кимдир тушуниши, кимдир тушунмаслиги мумкин. Уни кимдир ҳис­туйғулари билан ўзига сингдирса, кимлардир буни эплай олмайди. Уни нотўғри талқин қиладиганлар ҳам топилади. Яна кимлардир асарни фақат хаёлий орзу, воқеийликдан йироқ фараз деб қабул қилиб олиши ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динни ўз ҳаётларида кўрсатиб беришлари эса ушбу муаммоларнинг барчасига ечим бўлган. Бинобарин, ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасини ўша илоҳий саҳна намунасига мослашга ҳаракат қилишимиз лозим.

Бугунги кунда динга амал қиляпман, суннатни ушлайман деб ўйлаётган кишиларимизнинг кўпчилиги маълум бир соҳалардагина  шунга интилишади, аммо ҳаётнинг бошқа тарафларида бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтиришмайди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирганда ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиққан эканлар, фалон­фалон намоз ва зикрларни ўқиган эканлар, деймиз­у, қандай тижорат қилганларини, бозорда қандай савдо­сотиқ олиб борганларини суриштириб ҳам ўтирмаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан яхши муомалада бўлган эканлар, у суннат, бу суннат, деймиз-да, уйга келганда аҳли­оиламиз билан бўладиган муносабатларда у зотга эргашишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Анави гўштни ейиш ҳаром, манавини ичиш макруҳ деб тақводорлик қиламиз­да, бировнинг ҳаққига келганда ҳеч нарса эсимизга келмай қолади. Ўлимда фалон ишни қилиш суннат экан, фалон дуони ўқиш савоб экан, деймиз­у, тўй қилишга келганда бизга ҳеч қандай Пайғамбар ҳам, савоб ҳам керак бўлмай қолади. Мусибатда, бошга кулфат тушганда фалон ишни қилиш ёки фалон дуони ўқиш суннат экан, деймиз­у, неъмат берилганда нима қилиш суннатлигини суриштириб ўтирмаймиз. Маййитни яхшилаб ювиб, кафанлаб, дафн этишда суннату мустаҳабларни қойиллатиб қўямиз, аёл киши бўлса, устига парда тортиб, номаҳрамлардан эҳтиётлаймиз. Аммо танамизда жон борлигида худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари фақат ўликларга тегишлидек, тирикларга алоқаси йўқдек, покланиш ва кийиниш борасида суннат деса, ҳеч қаёққа қарамай қочиб қоламиз. 

Аслида у зот бизга ўлишни эмас, яшашни ўргатган эдилар. У зотнинг хитоблари, кўрсатмалари жонсиз жасадларга эмас, руҳи бор таналарга қаратилган эди. У зотнинг раҳмат бўлишлари ҳам аввало тириклар учундир. У зот масжидда нима қилишни ўргатиш билан бирга, уйда, бозорда қандай йўл тутишни ҳам ўргатган эдилар. Хуллас, у зот бус­бутун, тугал ҳаёт тарзини тақдим қилганлар.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиш, у зотнинг суннатларига эргашиш дегани тараққиётдан бир ярим минг йил орқага қайтиш дегани эмас. Айрим одамлар шундай деб ўйлайди ва шу ўйда Исломдан узоқлашади. Аслида эса Ислом ҳаётнинг ўсувчи қисмини, тараққий этувчи жиҳатларини чеклаб қўймаган. Аксинча, у шундай инсоний мезонларни тақдим қилганки, башарият бор экан, Одам насли давом этар экан, мазкур исломий мезонлар ўз кучида тураверади, ҳеч қачон эскирмайди, яроқсиз бўлиб қолмайди. Зотан, Буюк Яратувчининг Ўзи буни алоҳида таъкидлаган:

«Ҳаққа юзланган ҳолда динда қоим бўл! Мана шу Аллоҳ одамларга уларни яратганда жойлаган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Мана шу тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар» (Рум сураси, 30­оят).

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётлари мисолида кўрсатиб берган мусаффо Ислом ана шундай барҳаётдир. У соф инсоний табиатга тўла-тўкис мосдир, мувофиқдир. Замонларнинг тўфонлари қанчалар қутурмасин, ҳаёт денгизининг тўлқинлари қанчалар мавж урмасин, модомики улар инсон зотини ер юзидан йўқотиб юбормаса, Ислом ҳам яшайверади ва барча замон ва маконда инсониятга бахт­саодат гарови бўлиб қолаверади. Бунга ушбу минг тўрт юз йиллик тарих ва бугунги тараққий этган инсониятнинг ҳаёти ёрқин далолат қилиб турибди. Инсоният тараққий этиш шиори остида ўзича илдамлик деб ўйлаб илоҳий мезондан ташқари босган ҳар бир қадами ҳалокат чоҳи сари олиб борувчи одим бўлишини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Зеро, Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас!

Аслини олганда, набавий ўрнак ва унинг асоси бўлмиш илоҳий ваҳий башариятга ато этилган энг улуғ тортиқдир. Аллоҳ таоло сўнги нозил қилган оятларидан бирида шундай дейди: «Бугун сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим ва сизларга неъматимни батамом этдим» (Моида сураси, 3­оят). 

Дин тушунарли, аммо бу ерда неъмат деганда нима назарда тутилган? Муфассир уламоларимиз таъкидлашларича, неъматдан мурод ваҳийдир. Ҳа, илоҳий ваҳий инсоният учун берилган энг буюк неъматдир. Ушбу неъматнинг батамом қилиб берилиши эса нур устига нур, неъмат устига неъмат бўлган. Оятда инсониятга Аллоҳ томонидан нозил қилинган ваҳий тугал бўлди, қўшимчага ҳожат қолмади ва шунинг учун ваҳий эшиги беркитилди, дейилмоқда. Бундан кейин инсон зоти неча аср ҳаёт кечирмасин, қанчалар тараққий этмасин, унга ушбу ваҳий маёғи барча замон ва маконда кифоя қилади. Башариятга шараф бўлган, бемисл яхшиликлар келтирган, эзгулик ва маърифат манбаи бўлган, инсоннинг ақли бовар қилмайдиган даражада кўп ва юксак таълимотларни тақдим қилган бу илоҳий ваҳийни қандайдир беморлик асорати дея сафсата сотган даҳрийча қараш эса илмий асосга тамоман зид, ғайривоқеий, шармандаларча тўқилган фараздан, ўтакетган нонкўрликдан ўзга нарса эмас.

Бошқа бир оятда шундай дейилади: «Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга марҳамат кўрсатди: ичларига ўзларидан, уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расул юборди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин адашувда эдилар» (Оли Имрон сураси, 164­оят).

Ҳа, агар ушбу илоҳий марҳамат бўлмаса, инсоният залолат ботқоғига ботиб, гумроҳлик сўқмоқларида улоқиб юраверар эди. У бугун ўз ақлим билан топдим деб ўйлаётган кўпгина ютуқлари остида ҳам аслида қайсидир даврларда қулоғига чалинган илоҳий ваҳий йўриқлари ётади. Агар у Аллоҳ тарафидан берилган ушбу тортиқнинг қадрига етмаса, шукрини қилмаса, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахтиқаро бўлиши тайиндир. 

Аллоҳим! Бу ғанимат ҳаётда Расулингдан ўрнак олишимизда Ўзинг бизга мададкор бўлгин, қалбларимизни тўғри йўлда барқарор этгин!



Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
389. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким жанозага намоз ўқилгунча ҳозир бўлса, унга бир қийрот савоб, ким дафн давоми...

3700 13:36 / 24.07.2020
339. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъдан бош кўтарсалар, ушбуларни айтардилар .Роббана лакал ҳамду давоми...

5327 13:00 / 13.03.2020
249. Авф ибн Молик Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тўққиз, саккиз ёки етти киши эдик. Шунда у зот давоми...

4550 14:45 / 06.09.2019
Бизда фарз намозларга тобе бўлган намозларни суннат, бошқаларини нафл намоз дейиш урф бўлиб кетган. . . . .Умму Ҳабийба розияллоҳу давоми...

2658 13:00 / 17.01.2021