1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ғарблик холис мутафаккирларнинг Пайғамбаримиз ҳақларидаги тавсифлари

18:43 / 28.04.2017 4103 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунимизда бутун олам Муҳаммад алайҳиссаломнинг зотларига, сифатларига ва таълимотларига қанчалик муҳтож эканини ўтган асрнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Бернард Шоу ўзининг: “Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди”, деган сўзлари билан ифодалаган эди.
Агар буюк ёзувчининг бу сўзлари Бернард Шоуга ўхшаш ғарбликлар учун шону шараф бўладиган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қилиб туриб, у кишига эргашмай юрган шарқликлар учун ору номусдир.
(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Зикр аҳлидан сўранг”, 3-сон, 59-бет)

Инсоният тарихида Муҳаммад алайҳиссаломчалик қавми тарафидан севилган ва ҳурматланган инсон ўтмаган. Тарих китобларида баён қилинадики, Урва исмли мушрик Қурайш кофирларига шундай ҳикоя қилган эди: “Мен жуда кўп ҳукмдорларни кўрганман. Мен Сезарнинг, Кисронинг саройларида бўлганман. Лекин қасам ичишим мумкинки, Муҳаммадни асҳоблари ҳурмат қилганлари каби ҳурмат-эҳтиром қилинган ҳукмдорни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, агар у бир нарса буюрса, улар дарҳол уни бажаришга ташланишади, таҳорат олса, ундан тушаётган сувни талашиб-тортишиб олишга ошиқишади, гапирса, сукут қилиб қотиб қолишади, шу даражадаки, ҳатто унинг кўзларига тик қарашга ботина олишмайди”.
(“Ҳидоят”, 2002 йил, 9-сон, 10-бет)

Ҳазрати Расулуллоҳни Ғарбнинг инсофли кишилари ҳам улуғлашган. Буюк олмон шоири Волфганг Гёте бундай деб ёзган: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан... Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Ҳазрати Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.

Жўрж Бернард Шоу: “Агар Муҳаммад алайҳиссаломдек бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу дунёнинг мушкулотларини ҳал қилишга муваффақ бўлар эди, бу эса, ўз навбатида, ҳозирги дунёга етишмаётган хотиржамлик ва бахтни олиб келган бўларди”. (“Ҳидоят”, 2001 йил, 6-сон, 14-бет)

Томас Карлайл тан олиб айтадики, Муҳаммад алайҳиссалом шундай тубан халқ (араблар)ни “ёруғлик ва илм ташувчилар” даражасига юксалтирди: “Араб халқи учун бу, зулматдан нурга чиқиш эди. Бу билан араблар илк маротаба ўзгалар назарида жонландилар. Дунёнинг яратилишидан буён кўзга ташланмай, ўз саҳроларида изғиб юрган қашшоқ подачи халқ! Қаранг, кўзга ташланмаган халқ бутун дунёга кўз-кўз бўлди, кичик эди, оламий улуғликка эришди. Бор-йўғи юз йил ичида араблар ғарбда Гранадагача, шарқда Деҳлигача етишди, жасорат ва улуғворлик нури ила Арабистон олам кенгликларини ёритмоқда”. (“Ҳидоят”, 2001 йил, 5-сон, 10 – 11-бетлар)

Атоқли файласуф Шебол бундай дейди: “Ҳазрати Муҳаммаднинг одам боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки, у зот уммий (ўқиш-ёзишни билмайдиган) бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг бахтли, энг саодатли насллар бўламиз”.

Франциянинг таниқли олимларидан Ламартиннинг мана бундай сўзлари бор: “Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад алайҳиссалом инсонларнинг энг буюгидир. У киши ҳам Пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам даъватчи, қонуншунос, жангчи, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом-раҳбар, давлат арбоби, ер юзининг йигирмата минтақасида исломий салтанат қура олган... Муҳаммад алайҳиссалом ана шундай зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки, у ўлчовларга сиғса?!”

Франциянинг машҳур арбоби ва саркардаси Наполеон Бонапарт у зотга бундай баҳо беради: “Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом миллатига, Ийсо алайҳиссалом умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса бутун инсониятга билдирди”.

Инглиз олими Жон Давенпорт мана бу фикрларни ёзиб қолдирган: “Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида ҳаёти Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихидек энг кўп ва барча нуқталаригача батафсил ўрганилган тарихий шахс йўқ”.

Америкалик тарихчи олим Мишел Ҳарт бундай дейди: “Дунёдаги таъсири энг кучли шахслар рўйхатининг бошига Муҳаммадни ёзиб қўйсам, эҳтимол, айрим мухлисларим таажжубга тушишар? Бошқалар, эҳтимол, буни ўзгача тушунишар? Нима бўлганида ҳам, у дунёвий ва диний соҳалардаги самарали ишлари билан тарих саҳнасидаги ана шу мўътабар мақомга муносибдир”.

Оксфорд дорилфунуни профессори Вилям Монтгомери: “Муҳаммад алайҳиссаломнинг зафар-ютуқлари унинг буюклигига далилдир. Бундай мақом-мартабага эришган бошқа шахс Ғарбда маълум эмас. Уни сеҳргарликда айблаш ўз мақсадига эришолмай, ноилож қолган одамнинг чиранишидир”. (“Ҳидоят”, 2006 йил, 3-сон, 6 – 7-бетлар)

1974 йил 15 июлги “Тайм” ҳафталик журналида ҳар турли тарихчилар, ёзувчилар, ҳарбийлар, тижоратчи-бизнесменлар ва бошқа касб вакилларининг “Тарихнинг буюк доҳийлари” мавзуидаги муҳокама мақолалари ўрин олган. Баъзилар шундай шахс деб Гитлерни, бошқалар Гандини, Буддани, Линколнни ва ҳоказоларни ҳисоблашган. Шу билан бирга, америкалик психоаналитик, Чикаго университетининг профессори, яҳудий миллатига мансуб Жюл Массерман масалага аниқ мезон-ўлчовлар билан ёндашишни таклиф этди. Унинг сўзларига кўра:
сардорлар учта вазифани бажаришлари керак:
1) ўзлари бошқарган халқни тинч ва фаровон ҳаёт билан таъминлаган бўлиши;
2) одамлар ўзини хавф-хатарсиз, хотиржам сезадиган жамият қурган бўлиши;
3) одамларга иймон (ишонч) ва эътиқод йўлини тақдим қилиши.
Жюл Массерман мазкур уч мезон асосида тарихни ўрганиб чиқади, Гитлер, Пастер, Сезар (қадимги Рим императори), Мусо (алайҳиссалом), Конфуций ва бошқа кўпларнинг баҳоларини белгилади ва охир-оқибат қуйидаги хулосага келди:
“Пастер ва Салк каби доҳийлар биринчи мезонга жавоб беради. Ганди ва Конфуций кабилар бир томондан, Александр Македонский, Сезар ва Гитлерлар эса, бошқа томондан иккинчи ёки учинчи талабларни қондиради.
Ийсо (алайҳиссалом) билан Будда эса, фақат учинчи тоифага мансубдирлар.
Барча замонларнинг энг буюк доҳий-йўлбошчиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўлса керак, чунки у учала мезон бўйича ҳам барча талабларга жавоб беради.
Мусо (алайҳиссалом) бу борада Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бир қанча паст даражада қолган”. (Аҳмад Дийдот, “Что Библия говорит о Мухаммаде”, 20 – 21-бетлар)

Уламолар киши қалбида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севгиси бор-йўқлигининг белгиси сифатида қуйидаги ўлчовни қўллашган:
1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари муяссар бўлганида уни бой бериш дунёдаги бор нарсани бой беришдан оғир бўлиши;
2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларига итоат этиб, ман қилган нарсаларидан сақланиш;
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва шариатларини ҳимоя қилиш. (“Ҳидоят”, 2005 йил, 2-сон, 13-бет)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари – муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Раббиларига мулоқот бўлгунларича таржимаи ҳоллари ҳам “Суннат” туркумига киради.
Суннат муҳаддислар истилоҳида қуйидагича таъриф қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “Суннат” дейилади”. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Иймон” китоби, 334 – 336-бетлар)

“Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан... Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Ҳазрати Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.
Гёте, немис шоири
“Ҳазрати Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) одам боласи бўлгани бутун инсониятга фахрдир. Чунки у зот умумий бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб ецак, энг масъуд, энг саодатли насллар бўламиз”. Шебол, файласуф

“Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад (алайҳиссалом) инсонларнинг энг буюгидир. Пайғамбар, нотиқ, даъватчи, қонуншунос, жангчи, қалбларнинг ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом, давлат арбоби, ер юзининг йигирма минтақасида исломиий салтанат қура олган... Муҳаммад (алайҳиссалом) ана шундай зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки у ўлчовларга сиғса?!” Ламартин, франсуз олими

“У бир пайтнигн ўзида ҳам Папа, ҳам Сезар эди. Аммо Папа бўлиб, унда Папанинг иддаолари йўқ эди. Сезар бўлиб, унда Сезарнинг беҳисоб лашкари ҳам йўқ эди. Агар бирон бир шахс мунтазам қўшинсиз, тансоқчиларсиз, саройларсиз, давлат даромади (солиқларсиз), мен Унинг изни-ихтиёри билан бошқардим, дея олса, унда у Муҳаммаддир (алайҳисссалом). Чунки унинг қўлида ҳеч қандай бошқарув воситаларисиз ва асосларисиз ҳокимият бор эди”. Аннай Безант, ҳинд олими

“Ҳазрати Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳақида гапирганларимиз бир нуқтада тўпланади. У ҳам бўлса, бу зотнинг хулқ-атвори юксаклиги, ахлоқининг покизалигидир. Булар шундайин улуғ фазилатларки, у замондаги маккаликлар орасида жуда нодир эди”. Вилям Муир, Оврупа шарқшунос олими

“Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо (алайҳиссалом) миллатига, Исо (алайҳиссалом) умматига, Муҳаммад (алайҳиссалом) бутун инсониятга билдирди”. Напольеон, Франсия императори

“Машур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида ҳаёти Ҳазрати Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) тарихидек энг кўп ва барча нуқталарда батафсил ўрганилган шахс йўқ”. Жон Девенпорт, инглиз олими

“Дунёдаги таъсири энг кучли шахслар рўйхатининг бошига Муҳаммадни (алайҳиссалом) ёзиб қўйсам, эҳтимол айрим мухлисларим таажжубга тушишар? Бошқалар буни эҳтимол бошқача тушунишар? Нима бўлганида ҳам, у дунёвий ва диний соҳалардаги самарали ишлари билан тарих саҳнасидаги ана шу мўътабар мақомга муносибдир”. Мишел Харт, Америка тарихчиси

“Муҳаммад (алайҳиссалом) тарғиб қилган ғояларнинг жозибаси унинг издошларини Пайғамбар шахсияти сари тортаверади. Зеро, у одамларни ақл-идрок ва дин билан бошқарган эди”. Эдвард Гиббон, инглиз олими

“Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) зафар-ютуқлари унинг буюклигига далолатдир. Бундай мақом-мартабага эришган бошқа шахс Ғарбда маълум эмас. Уни сеҳргарликда айблаш мақсадига эришолмай, ноилож қолган одамнинг чиранишидир”. Вилям Монтгомери, Оксфорд университети профессори

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Макка фатҳи куниРасули акрам амакилари ва эмикдошлари, Ислом душманларига қарши жангларда мислсиз шижоат кўрсатган амир Ҳамза Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

3690 19:04 / 28.04.2017
Муҳаммад ибн Исҳоқнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги китобида қуйидагилар келтирилади«Сўнгра Маккада турганларида давоми...

3602 16:16 / 23.12.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа барча яхши инсоний сифатлардаги каби шижоатда ҳам ҳаммага ўрнак эдилар. Бу ҳақийқатни англаб етиш учун иккитагина давоми...

3315 20:03 / 28.04.2017
293. Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Биз туя боқар эдик. Навбатим келганда уларни кечаси яйловга олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4769 14:00 / 15.11.2019