Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (39-дарс)

15:25 / 02.07.2019 4017 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

216. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотга чиқдик. Шунда бизга очлик етди. Ҳатто уловимиздан баъзисини сўймоқчи ҳам бўлдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрувдилар, егуликларимизни жамладик. У зотга пўстакларни тўшадик. Қавмнинг егулиги пўстаклар устига жамланди. Унинг қанчалигини чамалаб кўрмоқчи бўлдим. Чамалаб кўрсам, оёқларини йиғиштириб ётган эчкича келарди. Биз эса, бир минг тўрт юз киши эдик. Ҳаммамиз тўйгунимизча едик. Сўнг халталаримизни тўлғазиб олдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таҳорат суви борми?» дедилар. Бир киши озгина суви бор идишни келтирди. Шунда уни косага қуйди. Ундан бир минг тўрт юз киши қуйиб-қуйиб таҳорат қилдик. Кейин саккиз киши келиб: «Таҳорат суви борми?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таҳорат суви тугади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

217. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Жаҳл: «Муҳаммад сизнинг олдингизда юзини тупроққа теккизадими (сажда қиладими)?» деди. «Ҳа», дейишди. «Лот ва Уззо билан қасамки, агар шундай қилганини кўрсам, албатта, бўйнини оёғим билан босаман ёки юзини тупроққа ишқайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намоз ўқий бошладилар. Бўйинларига оёғи билан босади, деб ўйлашди. Аммо бирдан у ортига қараганча қўли билан юзини тўсиб қоча бошлади. Шунда унга: «Сенга нима бўлди?» дейишди. «Мен билан унинг орасида оловли хандақ бор. Анавилар... қанотлар бор», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у менга яқинлашганида уни фаришталар парча-парча қилиб олиб кетишар эди», дедилар.

Шунда Аллоҳ азза ва жалла – билмадим, Абу Ҳурайранинг ҳадисидами ёки унга етган нарсадами – «Йўқ! Албатта, инсон туғёнга кетади»дан «Йўқ! Унга итоат этма»гача нозил қилди ва у зотга амр қилган нарсасини амр қилди».

Муслим ривоят қилган.

218. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Саломга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага келганлари хабари етди. Шунда у деди: «Мен сендан уч нарса ҳақида сўрайман. Уларни набийдан бошқа билмайди. Қиёматнинг аввалги белгиси нима? Жаннат аҳли аввал ейдиган таом нима? Нима сабабидан бола отасига ўхшайди? Нимадан бола тоғаларига ўхшайди?» Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳозиргина Жаброил менга уларнинг хабарини берди», дедилар. «Ўша фаришталарнинг яҳудийларга душманидир», деди Абдуллоҳ. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёматнинг аввалги белгиси олов одамларни машриқдан мағрибга тўплаши. Жаннат аҳли ейдиган аввалги таом балиқ жигарининг парчаси. Боланинг отасига ўхшаши: эркак аёлга яқинлик қилганда унинг суви ўзиб кетса, бола унга ўхшаш бўлади. Қачон аёлнинг суви ўзиб кетса, унга ўхшаш бўлади», дедилар. «Албатта, сиз Аллоҳнинг Расулисиз, деб гувоҳлик бераман!» деди. Кейин у: «Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудийлар бўҳтончи қавм. Агар улардан сўрашингиздан олдин менинг Ислом(га кирган)им ҳақида билишса, ҳузурингизда менга бўҳтон қилишади», деди.

Яҳудийлар келишди. Абдуллоҳ бир хонага кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абдуллоҳ ибн Салом ичингизда қандай одам?» дедилар. «У энг илмлигимиздир, энг илмлигимизнинг ўғлидир! У энг яхшимиздир, энг яхшимизнинг ўғлидир!» дейишди. «Айтинглар-чи, агар Абдуллоҳ мусулмон бўлса-чи?» дедилар. «Аллоҳ уни бундан сақласин!» дейишди. Абдуллоҳ уларнинг олдига чиқди ва: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ!» деди. Шунда улар: «У ёмонимиз, ёмонимизнинг ўғлидир!» дейишди ва унинг ҳақида ёмон сўзлар айтишди».

Бухорий ривоят қилган.

 

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар эдилар ва бир мудд давоми...

3592 11:35 / 13.10.2019
420. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хутба қилдилар .Зиқналикдан сақланинг Албатта, сиздан давоми...

2764 13:37 / 16.10.2020
Ўнинчи ҳижрий санада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Исломдаги биринчи ва охирги ҳажларини қилдилар. У зот бу ҳаждаги ҳатти ҳаракатлари ва давоми...

5482 18:57 / 28.04.2017
Аллоҳ азза ва жалла ўзининг тоатига бўлган буйруқни Расули саййидимиз соллаллоҳ алайҳи васалламга бўлган итоатга боғлади. Кейин уни такрор ва такарор таъкидлаб, давоми...

4542 16:50 / 12.02.2018