1446 йил 23 жумадис сони | 2024 йил 25 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

ШУАЙБ АЛАЙҲИССАЛОМ

15:52 / 28.04.2017 12844 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Шуайбнинг исмларини Қуръон Каримда ўн марта келтирган. У зот алайҳиссалом Аъроф, Ҳуд, Шуаро ва Анкабут сураларида зикр қилинганлар.

У зотнинг насаблари

Шуайбнинг насаблари оталари Мийкил ва боболари Яшжир орқали Иброҳим алайҳиссаломнинг Мадян номли ўғилларига боради. Демак Шуайб ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг сулолаларидан.
Шуайбнинг оналари Лут алайҳиссаломнинг қизлари бўлган.

У зотнинг пайғамбарликлари

Шуайбнинг пайғамбарликлари Лут алайҳиссаломдан кейин бўлган. Буни Шуайбнинг ўз қавмларига айтган гапларидан-«Ҳуд» сурасидаги қуйидаги оятдан билиб олинади:
«Эй қавмим, менга хилоф қилишингиз сизларни ё Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етган мусибатга ўхшаш мусибат етишига олиб бормасин. Лут қавми сизлардан узоқ эмас». (89 оят)
Яъни, Нуҳ, Ҳуд, ва Солиҳ қавмига етган мусибатлар сизга ҳам етмаслигини хоҳласангиз, менга хилоф қилишни йиғиштиринг.
Чунки ўша қавмлар Пайғамбарларига хилоф қилишлари оқибатида мусибатлар, азоб-уқубатларга дучор бўлишган эди. Сизлар ҳам менга қарши чиқмоқдасиз, агар шу хилда давом этаверсангиз, худди ўша қавмларга етган мусибатлар сизларга ҳам етиши турган гап.
«Лут қавми сизлардан узоқ эмас».
Лут қавми яшаган жойлар сизга яқин. Улар яшаган замон ҳам сиз яшаётган замондан узоқ эмас. Ибрат олинглар.
Шунингдек, Шуайб Мусо алайҳиссаломдан олдин келган пайғамбар бўлганларига «Аъроф» сурасида Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, ва Шуайбларни зикр қилгандан кейин Мусо алайҳиссаломни зикр қилиб келадиган ушбу оят далил бўлади:
«Сўнгра уларнинг ортидан Мусони Ўз оятларимиз ила Фиръавн ва унинг зодагонларига юбордик». (103 оят)
Яъни, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, ва Шуайблардан кейин Мусони пайғамбар қилиб юбордик.
Аллоҳ таоло Шуайбни Мадян номли жойга пайғамбар қилиб юборган. Бу ҳақиқат «Аъроф» сурасида таъкидланади:
«Ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). (85 оят)
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Шуайб алайҳиссаломни Мадянга Пайғамбар қилиб юборганини айтмоқда.
Мадян, аслида, Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғиларидан бирининг номи бўлиб, кейинчалик ундан тарқаган қабиланинг ва улар яшайдиган диёрнинг номи бўлиб қолган. Мадянликлар ҳам асли араблар бўлиб, уларнинг ерлари Ақаба қўлтиғидан Тури Синога қадар чўзилган.
Шунингдек, Шуайбнинг қавмларини «Асҳобул айкати»-Қалин дарахтзор эгалари, деб ҳам аталади. Бу ҳам Қуръон Каримнинг таъбири. Бу ҳақда «Шуаро» сурасида қуйидагилар айтилади:
«Қалин дарахтзор эгалари Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. Ўшанда уларга биродарлари Шуайб деди: « Қўрқмайсизларми?!» (176-177 оятлар)
Араб тилида қалин дарахтзор–дарахтлари бир-бирига киришиб кетган ўрмон «айка» дейилади.
Бу ерда зикри келаётган «қалин дарахтзор» Мадян ўлкасидир. Бу ўлка Ҳижоз билан Фаластин ўртасида, Ақаба кўрфазида жойлашган. У ерда дарахтлар қалин бўлиб, шохлари бир-бирига киришиб ўсади. Шунга кўра, «айка» номи билан ҳам аталади.

У зотнинг қавмлари ила қиссалари

Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни Мадянга Пайғамбар қилиб юборганидан кейин у киши ўз қавмларига панд-насиҳатлар қилишни бошладилар.
Одатдагидек, қавм у зотга қарши чиқди. Орада кураш бошланди. Бу жараённи «Аъроф» сурасидаги қуйида келадиган оятлардан ўрганамиз.
«Ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозуни тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларидан камитиб қолманг ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, шундай қилмоғингиз ўзингиз учун яхшидир.
Ҳар кўчада ўтириб олиб қўрқитманг. Аллоҳнинг йўлидан Унга иймон келтирганларни тўсманг ва у(йўл)ни эгри бўлишини истаманг. Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг.
Агар сиздан бир тоифа мен ила юборилган нарсага иймон келтирган ва бошқа тоифа иймон келтирмаган бўлса, бас, Аллоҳ орамизда ҳукм қилгунча сабр қилинглар. У ҳукм қилувчиларнинг яхшисидир», деди». (85-87 оятлар)
Аллоҳ таоло ушбу ояти карималарда аввало Шуайб алайҳиссаломни Мадянга Пайғамбар қилиб юборганини, кейин эса, у кишининг ўз қавмларига қилган панд-насиҳатларини келтирмоқда.
Шуъайб алайҳиссалом ҳам Пайғамбар бўлганларидан сўзлари аввалда ўтган Пайғамбарлар ўз қавмларига такрор-такрор айтган сўзларга жуда ўхшайди:
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ», деган гапларини айтдилар.
Сўнгра ҳар бир Пайғамбарнинг рисолати ўзи ҳужжат бўлишига қарамай, унинг буюк мақомини тасдиқловчи бошқа ҳужжат ҳам бериш Аллоҳга хос экани ва унга ҳам (яъни, Шуайбга) илоҳий ҳужжат берилганини таъкидлаб:
«Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан ҳужжат келди», дедилар.
Аммо оятда Шуайб алайҳиссаломга берилган ҳужжат-мўъжиза нима эканлиги айтилмаган.
Сўнгра Ҳазрати Шуайб ўз қавмларидаги бош нуқсонлардан бирини муолажа қилишга ўтиб:
«Бас, ўлчов ва тарозуни тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларидан камитиб қолманг ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг», дедилар.
Шуайб алайҳиссаломнинг қавми кўпроқ амалий ширкка мубтало бўлганга ўхшайди. Чунки муомала ишларида Аллоҳнинг буйруғини адо этмай, бошқанинг амрини бажаришдан, ўлчов ва тарозудан уриб қолиб, бировларнинг ҳаққини ейишдан қайтаришлари шунга далолат қилмоқда.
Бу ва бу каби, Аллоҳнинг йўриқларини четлаб, бошқа йўлга юриш Аллоҳ таоло ер юзини ислоҳ қилиб қўйганидан кейин уни бузишдан иборат эканига ишора этиб Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларига:
«ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг», демоқдалар.
Ер юзида Аллоҳ амрига номувофиқ қилинган ҳар бир амал бузғунчиликдир. Бундай амалларни қилиш мўмин инсонга ҳеч хос эмас. Мўмин инсон ҳаёти дунёда фақат Аллоҳнинг амрига амал қилиб яшайди. Бу эса, энг аввал ўзи учун манфаат ва яхшиликлар келтиради.
«Агар мўмин бўлсангиз, шундай қилмоғингиз ўзингиз учун яхшидир».
Сўнгра Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларининг номаъқул ишларини муолажа қилишни давом эттирадилар:
«Ҳар кўчада ўтириб олиб қўрқитманг».
«Кўча»дан мурод–ҳам моддий ва ҳам маънавий йўллардир. Мадянликлар ҳар икки «кўча»да ҳам одамларни қўрқитиш билан машғул бўлганлари боисдан бу хатарли йўлдан қайтарилмоқдалар.
«Аллоҳнинг йўлидан Унга иймон келтирганларни тўсманг ва у(йўл)ни эгри бўлишини истаманг».
Бошқа ҳаддидан ошган кофирлар каби, Мадян қавми ҳам ўзлари Аллоҳнинг йўлига юрмаганлари етмаганидек, ўзгаларни ҳам бу йўлдан тўсганлар ва Аллоҳнинг йўли ўзларининг хоҳишига биноан турли томонларга бурилишини истаганлар. Бу жуда ҳам улкан гуноҳ ҳисобланади.
Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларини гуноҳ ишлардан қайтариш билан бирга, шоядки инсофга келсалар, деган умидда бошқа Пайғамбарлар каби уларга ҳам Аллоҳ берган тансиқ неъматларни эслатадилар.
«Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг».
Яъни, сонингиз оз эди, Аллоҳ таоло зиёда қилди, молингиз камчил эди, мўл айлади, яхшилигингиз андак эди, бисёр этди ва ҳоказо.
Шунингдек, Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларини ўтган кофирлар оқибатидан ибрат олишга чақирдилар.
«Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг».
Одатда, Пайғамбар келганда ҳар бир қавм икки қарама-қарши гуруҳга бўлинади. Бир гуруҳ иймонга келиб, иккинчи гуруҳ куфр келтиради. Худди шундай ҳолат вужудга келганда, Шуайб алайҳиссалом ўз қавмларини, мўминларга зулм қилмасдан, уруш-жанжал чиқармасдан, энг адолатли йўлни тутишга, уларга Аллоҳнинг ҳукми етиб келгунча сабр қилиб кутиб туришга чақирдилар:
«Агар сиздан бир тоифа мен ила юборилган нарсага иймон келтирган ва бошқа тоифа иймон келтирмаган бўлса, бас, Аллоҳ орамизда ҳукм қилгунча сабр қилинглар».
Аллоҳ ҳукми орани очиқ қилади. Аллоҳнинг ҳукми ким ҳақ эканини адолат ила исбот этади. Чунки:
«У ҳукм қилувчиларнинг яхшисидир».
Аммо жинояткор қавм бу оқилона таклифни қабул қилмади. Сабр қилиб, Аллоҳнинг ҳукм чиқаришини кутмади.
«Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар: «Эй Шуайб, ёки, албатта, сени ва сен билан бирга иймон келтирганларни ўз қишлоғимиздан чиқарамиз, ёки ўз миллатимизга қайтасизлар», дедилар. У: «Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?!
Агар сизнинг миллатингизга Аллоҳ бизга ундан нажот бергандан сўнг қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз. Биз учун унга қайтиш мутлақо мумкин эмас, магар Роббимиз–Аллоҳ хоҳласагина (мумкин). Роббимиз ҳамма нарсани Ўз илми ила қамраб олгандир. Аллоҳга таваккал қилдик. Эй Роббимиз, биз билан қавмимизнинг орамизни ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан», деди». (85-86 оятлар)
Ўтган оятлар мазмунини теран мулоҳаза қилсак, Шуайб алайҳиссалом ҳар бир нарсани батафсил, эҳтимол кейин пайдо бўладиган саволларга ҳам жавоб бўладиган тарзда баён қила оладиган салоҳиятга эга Пайғамбар эканликларини англаймиз. Пайғамбар сифатида илк бор даъват қилганларида ҳам масалани батафсил баён этган эдилар. Энди эса:
«Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар: «Эй Шуайб, ёки, албатта, сени ва сен билан бирга иймон келтирганларни ўз қишлоғимиздан чиқарамиз, ёки ўз миллатимизга қайтасизлар», деганларида ҳам, тамкин билан батафсил жавоб бермоқдалар.
Зодагон кофирлар, одатдагидек, мўминларнинг йўлига тўсиқ бўлдилар. Уларга икки йўлдан бирини ихтиёр этишни таклиф қилдилар, яъни, ёки юртни ташлаб чиқиб кетиш ёки ота-боболарнинг динига қайтиш. Зодагон кофирларнинг иккинчи таклифлари алоҳида муолажа талаб қилади.
Шунинг учун ҳам Шуайб алайҳиссалом уларнинг бу таклифига ўз номларидан эмас, балки мўмин жамоат номидан жавоб бермоқдалар. Шунинг учун жавоб давомида ўз шахсларига тааллуқли бўлмаган баъзи гапларни ҳам айтишга мажбур бўлмоқдалар. Жавобларида, аввало, кофирлар таклифларидан ажабланганликларини изҳор этиб:
«Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?!» демоқдалар.
Яъни, сизнинг миллатингизни–динингизни ёмон кўриб туриб ҳам унга қайтишимиз керакми, демоқчилар.
Кейинги ояти каримада эса, нима учун қайтишлари мумкин эмаслигини батафсил изоҳлаб:
«Агар сизнинг миллатингизга Аллоҳ бизга ундан нажот бергандан сўнг қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз», демоқдалар.
Яъни, сизнинг миллатингиз–ширк миллати, куфр миллати, Аллоҳ бизни Ўз ҳидоятига бошлаб, ўша жаҳолат миллатларидан қутқарганидан кейин яна унга қайтсак, яна ширк ва куфрга ўзимизни урсак, Аллоҳга нисбатан улкан ёлғон тўқиган бўламиз.
Албатта, Шуайб алайҳиссалом ҳеч қачон мушрик ёки кофир бўлмаганлар. Бундай ҳол Аллоҳнинг ҳеч бир Пайғамбарга хос эмас. У зот юқоридаги фикрни жамоат номидан сўзлаяптилар, вассалом.
«Биз учун унга қайтиш мутлақо мумкин эмас, магар Роббимиз–Аллоҳ хоҳласагина (мумкин)».
Яъни, биз учун ширк ва куфр миллатига, яъни, ортга қайтиш мутлақо мумкин эмас. Биз иймон келтирдик ва унинг лаззатини татиб кўрдик. Энди ёлғиз, бир ҳолатдагина–Аллоҳ бизни адаштиришни ирода қилсагина, ортга қайтишимиз мумкин. Зеро, Унинг иродасига ҳеч қачон бас келиб бўлмайди. Чунки:
«Роббимиз ҳамма нарсани Ўз илми ила қамраб олгандир».
Аллоҳ жамики нарсани билиб турибди. Барчага қилмишига мувофиқ мукофот ёки жазо беради. Шунинг учун ҳам биз:
«Аллоҳга таваккал қилдик».
Келажакда қилажак жамики амалларимизни ҳам Унинг Ўзига топширдик. Биз фақат Аллоҳга суянамиз. Сизнинг таҳдид ва зўрлигингиз, сохта худоларингиздан заррача ҳайиқмаймиз, уларга эътибор бермаймиз ҳам.
Шуайб алайҳиссалом қудрат қаёқдалигини, кимдан мадад исташ зарурлигини яхши биладилар. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг Ўзига илтижо қилиб:
«Биз билан қавмимизнинг орамизни ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан», деди.
Шу йўл билан ишни ўзининг ҳақиқий эгаси ҳукмига ҳавола қилиб, иймон ва куфр ўртасида ҳукм чиқарувчи ҳокими мутлаққа мурожаат этдилар. Шунда зодагонлар ўз табиатларига мувофиқ тарзда мўминларга таҳдид қилишга ўтдилар:
«Унинг қавмидан бўлган, куфр келтирган зодагонлар: «Агар Шуайбга эргашсангиз, у ҳолда, албатта, зиён кўрувчидирсиз», дедилар». (90 оят)
Доимо шундай бўлади. Динга душман бўлган зодагонлар, бойлар, амалдорлар аввал Пайғамбарга ёки унинг ворисларига–олимларга ва эргашувчиларга осиладилар. Унга таҳдид солиб, турли усуллар билан танлаган йўлидан қайтаришга ҳаракат қиладилар.
Бу уринишлари зое кетгач, мўминларни азоблашга, қўрқитишга ўтадилар. Мадян зодагонлари ҳам Шуайбнинг алайҳиссалом даъватларида мустаҳкам турганларини кўрганидан кейин, у кишига эргашган мўминларга таҳдид қилиб:
«Агар Шуайбга эргашсангиз, у ҳолда, албатта, зиён кўрувчидирсиз», дедилар.
Аммо нима бўлганда ҳам оқибат-натижада куфрнинг ҳоли чатоқ бўлади:
«Бас, уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида ўтириб қолдилар». (91 оят)
Яъни, барчалари ўринларидан жила олмай, ҳалок бўлдилар.
«Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, худди у ерда яшамагандек бўлдилар. Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, ўшалар зиён кўрувчилар бўлдилар». (92 оят)
Яъни, мазкур шиддатли зилзиладан кейин Шуайб алайҳиссаломга мухолиф бўлган кофирлар ҳалок бўлиб, батамом гумдон бўлиб кетдилар. Улар гўё ҳеч қачон ўз диёрларида яшамагандек, давру даврон суриб, айшу ишрат қилмагандек ҳолга келдилар. Улардан ном-нишон ҳам, асар ҳам қолмади.
«Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, ўшалар зиён кўрувчилар бўлдилар».
Ихтилоф бу ҳолга етганидан сўнг Шуайб алайҳиссалом:
«Кейин улардан юз ўгирди ва «Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг юборганларини етказган эдим ҳамда сизга насиҳат қилган эдим. Қандай қилиб кофир қавмларга қайғурай», деди». (93 оят)
Яъни, тўғри йўлга–ҳидоятга юришга кўнмаган саркаш қавмдан юз ўгирдилар ва ниҳоят улар Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлганларидан сўнг, уларга бу ҳалокатнинг асл сабабини эслатиб:
«Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг юборганларини етказган эдим», дедилар.
Яъни, ўша илоҳий кўрсатмаларга амал қилиб яшаганингизда, бундай даҳшатли ҳолга тушмас эдингиз.
«ҳамда сизга насиҳат қилган эдим».
Яъни, кофир ва осий бўлиб эмас, иймонда собит туриб, Аллоҳ шариатига амал қилган ҳолда яшашингиз хайрли бўлишини етказдим ва кўплаб панд-насиҳатлар қилдим. Аммо насиҳатларга қулоқ осмадингиз. Оқибатда амалингизга яраша барчангиз ҳалок бўлдингиз. Ўзингизга ўзингиз қилдингиз. Сизнинг бу аҳволингизга қайғуриб бўлмайди:
«Қандай қилиб кофир қавмларга қайғурай», деди.
Шу ерда қисса тугаб, Аллоҳ динини инкор қилган, Пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларга одатда қандай муносабатда бўлиш баён қилинади:
«Қайси бир қишлоққа Пайғамбар юборсак, албатта, унинг аҳлини тазарруъ қилишлари учун зарарлар ва мусибатлар ила тутганмиз». (94 оят)
Албатта, Аллоҳ таоло Пайғамбарнинг кетидан доим бесабаб мусибат юборавермайди. Бандаларни бекордан-бекорга зарарлар ва мусибатларга гирифтор қилавермайди. Аввало, бандаларнинг ўзларидан ўтади. Улар Аллоҳ юборган Пайғамбарга, зикр этилган қиссалардаги каби, қарши чиқадилар. Аллоҳга куфр келтирадилар, одамларни иймон йўлидан тўсадилар, исён қиладилар. Шундан сўнггина Аллоҳ уларга бало-офатларини юборади.
Ояти каримадан англаш лозим бўлган мантиқлардан бири–Аллоҳнинг Пайғамбар юбормасдан бурун азоб юбормаслиги. Яъни, аввал Аллоҳ Ўз элчиси орқали тўғри йўлга даъват қилади, ваъз-насиҳатлар қилиб кўради, ниҳоят бош тортганларни азобга дучор этади. Иккинчидан, бандаларга қашшоқлик ва мусибатларни юборишдан мақсад уларни тавба-тазарруъ қилишга чорлашдир. Инсон фароғатда яшаса, кам-кўстсиз бўлса, жуда кўп нарсаларни, ҳатто яратган Холиқини ҳам эсдан чиқариб қўяди. Бошига мусибат етиб, ўзининг ожиз бир қуллигини англаб қолса, ўзига келиши муқаррар.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ўзидан кетган, куфр ва исён аҳлига турли мусибатлар юборади. Аллоҳнинг бундан мақсади ўзига бирор-бир фойда кўзлаш ёки одамларни азоблаб маза қилиш эмас. Аллоҳ беҳожат ва покдир. Парвардигорнинг муддаоси–инсонларнинг манфаати, вақтида тавба-тазарруъ қилиб ўзларини ўнглаб олишга имконият беришдир.
«Сўнгра ёмонликни яхшиликга алмаштирганмиз. Токи кўпайишиб ва «ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», деганларида, уларни ўзларига сездирмай тўсатдан тутганмиз». (95 оят)
Вақт-соати келиб Аллоҳ таоло мазкур ёмон ҳолатларни яхшилик ҳолатларга алмаштириб қўяди. Очлик-қашшоқлик ўрнига тўқлик фаровонлик, мусибатлар ўрнига шодлик-хуррамлик келади. Одамлар бу яхши ҳолларда янада кўпайишади. Уларнинг ададлари, мол-мулклари, орзу-ҳаваслари, нозу неъматлари зиёда бўлади. Аммо бу зиёдалик ҳам улар учун синов эканлигини англаб етмайдилар. Аллоҳ уларни шукр қилармикин, деб кўпайтириб қўйганини, яхши ҳолатларга солганини билмайдилар.
Улар:
«...ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», «Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлади», деб ялло қилиб юраверадилар.
Улар, қийинчиликдан кейин осончилик келиши одатдаги нарса, ота-боболаримиз замонида ҳам шундай бўлган, бизнинг давримизда ҳам шундай бўлмоқда, бундан кейин ҳам шундай бўлади, вақти келганда қийинчиликни тортдик, энди хурсандчилик келган экан, бир ётиб маза қилиб олайлик, дейишади.
Ушбу мавҳум ақида тўрига илиниб, ўзларини дунё матоҳига уришади. Фаровон турмушда бардавомлик уларни хотиржам қилиб қўяди, ҳар қандай гуноҳни тап-тортмай қилаверишади. Тўқликка шўхлик бошланади.
Ғафлат нигоҳларни мойлайди. Ана шунда Аллоҳ таоло уларни ўзларига сездирмасдан туйқусдан тутади ва азоб-уқубатларга гирифтор қилади.
«Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик». (96 оят)
Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир.
«Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик».
Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин. Инсонлар ҳақиқий иймон ва тақво соҳиби бўлганлари чоқларида уларга баракотлар осмонлар ва ердан очиб қўйилганига тарих шоҳид. Шу ўринда баракот деганда фақат озиқ-овқат, кийим-кечак ва моддий фаровонликкина кўзда тутилмаслигини ҳам эслатиб қўйишимиз лозим.
Албатта, бу нарсалар ҳам баракот тизимига киради. Лекин моддапарастлар ўйлаганларидек, баракот фақат шулардагина эмас. Худди шу моддий ҳодисалар ҳақида гапирсак ҳам, иймон ва тақво баракот асоси эканини исботлаш осон.
Иймонли ва тақводор шахсни ҳамда иймонсиз бетавфиқ кимсани кўз ўнгингизга келтиринг. Баъзи ҳолларда даромади ўта чегараланган бўлишига қарамай, иймонли ва тақводор шахснинг егани ўзига ош бўлиб, бола-чақаси билан фаровон турмуш кечираётганига гувоҳ бўламиз. Иймонсиз ва бетавфиқ киши эса, даромади ҳисобсиз бўлса ҳам, етказа олмай, ўзини турли ҳаром-хариш йўлларга уриб юрганини ким кўрмаган.
Худди шу ўринда айримларда, иймон ва тақво баракотнинг асоси бўлса, нега воқеъликда мусулмонларни қашшоқлик ва ночорликда, кофирларни эса, фаровонлик ва айшу ишратда кўряпмиз, деган савол пайдо бўлиши турган гап.
Аввало, мусулмонлар ҳақиқий иймон ва чинакам қуръоний тақво талабларига тўла жавоб бера олмаётирлар. Агар айрим шахсларда иймон ва тақво шартлари мужассам бўлса ҳам, иймон ва тақво талабларига жамоат шаклида жавоб бериш имкони йўқ. Мусулмонлар Аллоҳ томонидан келган ҳақ динга, Қуръонга, шариатга соҳиб бўла туриб, иймон ва Ислом ҳамда тақводан шунчалар узоқлашиб кетганларки, улар қилган ва қилаётган ишлари олдида бугунги кўраётган жафолари ҳам оз.
Иккинчидан, кофирларнинг фаровон ҳолати фақат бир тарафлама, холос. Ҳозирги давр, аввалги оятда зикр қилинганидек, Аллоҳ уларга ёмонлик ҳолатини яхшилик ҳолатига алмаштириб қўйган давр. Қолаверса, кофирлар фаровон турмуш учун омил қилиб қўйилган моддий сабабларни вужудга келтирганлар.
Уларнинг иймон ва тақволари бўлмаса ҳам, ушбу моддий фаровонлик соҳасида иймонли ва тақводор шахслардан талаб қилинадиган илм, жаҳд, тиришқоқлик, қаттиқ меҳнат ва изланиш каби хислатларни касб қилиб олганлар. Аммо, афсуски, бу фаровонлик эгалари иймон келтириб, тақво қилсалар эди, мукаммал баракот ичида яшар эдилар. Бироқ бундай қилмадилар:
«Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик».
Аллоҳнинг «тутиши» ўзига хос бўлиб, турлича ва турли вақтларда содир этилади.

У ЗОТНИНГ ВАФОТЛАРИ

Шуайб ўз қавмлари ҳалокатга учрагандан кейин бир муддат яшаб сўнгра бу дунёни тарк қилдилар. Тарихчилар, бу ҳодиса Юсуф алайҳиссаломдан кейин Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин бўлган, дейдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯНИНГ ИНСОНИЯТГА ФАЗЛИ ВА УНИНГ ОЛАМШУМУЛ АРҒУМОНЛАРИРИСОЛАТ ВА ДИЁНАТЛАР ТАРИХИДАГИ БЕНАЗИР ЭЪЛОН.Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳамад давоми...

4530 18:42 / 28.04.2017
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломни Қуръони Каримда ўн олти марта зикр қилган. У зот ҳақларида Бақара, Нисо, Моида, Анъом, Исро, Анбиё, Намл, Саба ва Сод давоми...

39574 15:50 / 28.04.2017
Қуръони Карим Исмоил алайҳиссаломнинг исмларини ўн марта тилга олган. У зот Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Иброҳим, Марям, Анбиё ва Сод сураларида зикр қилинганлар. давоми...

19132 15:51 / 28.04.2017
Қуръон Каримда Ийсо алайҳиссаломнинг муборак исмлари йигирма тўрт марта зикр қилинган. У зот ҳақларида Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Марям, Аҳзоб, Шуро, давоми...

42393 15:56 / 28.04.2017