1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

МАСЖИДНИНГ БЕЗАГИ...

15:39 / 28.04.2017 2668 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салафлар намозни жамоат билан ўқишга нақадар ҳарис эканликларини кўп эшитгансиз. Ана шулардан хулоса чиқарган ҳолда, бугунги кунимизга ҳам мурожаат қилсак. Зеро, Аллоҳ таолонинг ояти карималари, пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари қиёматгача ҳукмда эканми, демак, ана шу ҳужжатлар асосида ҳаёт кечиришимизга тўғри келади. ... Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) қиёматдан олдинги даврни тасвирлаганларида, масжидлар кўпайиб кетиши, лекин ана шу ибодатхоналардан файз кўтарилишини айтганлар. Дарҳақиқат, ҳозир дунёнинг асосий қисми мўминлар ҳисобланади. Ер шарининг исталган ҳудудида Аллоҳу акбар деб янграётган такбирларни эшитишимиз мумкин. Масжидларда ўқилаётган қуръон оятларини тинглаб ҳурсанд бўламиз. Лекин, Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг башоратлари ҳақ эканлигига ҳам гувоҳ бўляпмизки, мўминлар ҳаётидан, мўминлар ибодатидан файз кўтарилган. Масжидлар қуббаси гўзал, устунлари инсонларни ҳайрат кўчасига етаклайди. Аммо масжидни масжид қиладиган одамларнинг қалбидан дин узоқлашган. Улар фақат масжиддагина мўминлар, улар ибодат тушунчаси беш маҳал ўқиладиган намозда деб биладилар. Уларнинг ҳаётлари ўқиётган оятларига умуман мос тушмайди. Улар масжидга кириш асносида дунё масаласини ҳал қилишади ва чиқаётганда ҳам шу масалада бош қотиришади.

Узоқ ўтмишга сайр этар эканмиз, унда кўнгилга бироз бўлса-да тасалли берувчи ҳолатларни кўрамиз. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларида, ансорлар масжид қуришга киришган лаҳза... Ўша масжид то қиёматгача инша Аллоҳ башарият томонидан зиёрат қилинади. Ҳозир Мадинаи Мунаввара марказидан ўрин тутган масжид катта таъмирдан ўтказилган, гўзаллиги билан донг таратган. Лекин аниқ ишонч билан айтамизки, одамлар ушбу масжиднинг гўзаллигига маҳлиё бўлиш учун эмас, балки сарвари олам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаи киром ушбу масжидда намоз ўқиганликлари учун йўл босиб келадилар. Одамлар ушбу масжидга кирганларида кўзларига ёш олишади, уларнинг кўзларини намлатган нарса Аллоҳга қасамки, масжиднинг гўзал қуббаси ва имомнинг меҳроби эмас, бундан 1425 йил муқаддам яшаб ўтган инсонларидир. Одамлар ушбу масжидда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам имомлик қилганликларини эслаб, тинмасдан йиғлайдилар, одамлар ушбу масжидда пайғамбар ортида турган инсонларни бир-бир тасаввур қилиб хўнграб йиғлайдилар. Тасаввур қилинг, бугунги масжиднинг гўзал кўринишидан асар бўлмаган даврда ушбу масжидда Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Абдураҳмон ибн Авф, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Ҳурайра, Абу Дардо, Зайд ибн Собит, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр сингари саҳобалар жамоат бўлиб намоз ўқиганлар. Айтинг, инсоф билан айтинг, Пайғамбаримизнинг масжидларини том маънода гўзал айлаган жиҳатлар шу эмасми? Сувоқлари тушиб кетган, бир аҳволдаги масжидда ана ўша инсонлар тарбия топган эдилар. Ташқи гўзалликни пул билан вужудга келтириш мумкин, аммо масжидларнинг ҳақиқий гўзаллиги унинг ичида намоз ўқиётган инсонлари билан пайдо бўлади. Саҳобалар қоринлари оч ҳолда масжидни тарк этишарди-да, кўрганларига динни етказардилар. Кейинчалик сарвари олам абадий дунёга риҳлат қилганларидан сўнг ушбу масжидда тахсил олган саҳобаларни ғайри динлар кузатишар ва охири уларнинг гўзал ҳулқларидан ҳайратланиб: "Сизлар одам наслимисизлар, ёки фариштамисизлар?" деб сўрашарди. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳулқларини ўзларида жамлаган асҳоб гўзал қуббали, меҳроблари зар билан безалган, нақшинкор масжидда эмас, балки кўрганлар вайрона кулба дейдиган масканда тахсил кўрган эдилар. Бугун бизда нима кўп, масжид кўп, уларнинг баъзиларига қавм кўп келади, баъзилари кўргазма зали бўлиб қолган. Лекин ҳаммасидан файз кўтарилгандек... Бир тақводор инсон ушбу масжидда бир неча муддат имомлик қилса, унинг гўзаллиги ошади. Ҳозир юртимизнинг қайси масжидига йўл олсангиз ҳам, унинг ўтмишини суриштирасиз. "Фалон одам ушбу масжидда дарс берганди, қуръон ўргатганди, тақволари гўзал эди, ҳозир эса у зот йўқ. Масжиддан файз кўтарилган" деган сўзларни кўпинча эшитганмиз. "Ана шу имомларнинг фаолият юритган даврларида жамоат намозларини ўқиш ҳам бошқача бўларди" деган фикрлар ҳам қулоққа чалиниб қолади. Кейин ушбу масжидга охиста кириб келиб, намоз ўқий бошлаймиз, бошимиз саждага келганида беихтиёр фалон қори, фалон аллома даври кўз ўнгимизда гавланади. Уларни эслаб кўз ёш олмаган инсофсиз намозхон бўлмаса керак. Масжид тўлган, уларнинг ортидан ихлос билан жамоат намозини барпо қилган одамларни ўйлаб ичимиздан зил кетамиз. Ўша пайт аниқки, масжиднинг безаги бўлмиш қандиллар ҳам ғариб бир матоҳ сингари кўринади бизга. Устунлари кўринишидан бақувват бўлса-да, маҳзун йиғлаётган туюлади негадир. Худди Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) хутба ўқиб устун олдидан кетганларида устун йиғлагани сингари. Олимлар пайғамбарлар меросхўрлари, дейилганда айнан мана шу жиҳатлар эътиборга олинган бўлса, не ажаб.

Биз барча-барчага хитоб айламоқчимизки, масжидларимизни ўзга йўл эгаларига кўрсатиш учун гўзал қилайлик, нақшлар билан безайлик. Лекин асосийси, уни тақвомиз билан, жамоат намози билан барпо айлайлик. Унинг асл гўзаллигини тикламасдан туриб ҳар қанча безамайлик, масжидларимиз обод бўлмайди. Аллоҳнинг уйини Аллоҳга бўлган ибодатларимиз билан чиройли қилайлик, қолгани давр ўтиши билан амалга ошаверади. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир аёл жориясига бир дирҳам бериб, Ма, бу пулга ҳолвайтар олиб келrdquo деб буюрди. Бир оздан кейин жория келиб Эй бегойим, бир дирҳам увол бўлдиrdquo деди. Саййидаси давоми...

2366 15:04 / 28.04.2017
Юртимизнинг кўзга кўринган имомларидан бири томонидан ҳикоя қилиб берилган қуйидаги воқеа мени жуда таъсирлантирган эди. Бу воқеа қори акамизнинг айтиб давоми...

3440 15:40 / 28.04.2017
quotБугунги кунquot рукни остида яқин кунлар ичида бўлиб ўтган бир воқеани келтириб ўтамиз. Бу иймон аҳлига ўз йўлида янада собитқадам бўлиш учун етарли турки бўлади. давоми...

3691 15:44 / 28.04.2017
Ашраф Али Таҳонавийнинг охирги халифалари Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳимнинг муриди ҳикоя қилади.Мен, бир биродаримиз ва устозимиз Аброрулҳақ роҳматуллоҳи давоми...

2489 15:00 / 28.04.2017