1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

Тавҳид ва таваккул

15:32 / 28.04.2017 3064 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди: “Мўминлар ҳар доим Аллоҳга таваккул этадилар” (Оли-Имрон сураси, 122-оят). Аллоҳ таоло айтди: “Кимда-ким Аллоҳ (таолога) таваккул этса (суянса), бас, унга кифоя этгувчидир”, яъни кимда-ким барча ишида Аллоҳга бутунлай суянса, Аллоҳ унга кифоя этади (Талоқ сураси, 3-оят).

Ҳадиси шарифда воридким, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилишларича, умматлардан етмиш мингги ҳеч бир ҳисоб-китобсиз жаннатга киради. Сўнгра у зот алайҳиссалом айтдилар: “Улар ўзларини бирон-бир восита билан куйдирмайдилар, дам ҳам урмайдилар, яъни дам солмайдилар ва ёмон фол ҳам қилмайдилар. Улар Парвардигорларига таваккул этадилар”. Имом Бухорий ва Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида ривоят этишган.
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу ривоят этишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: “Агар сизлар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул этсангизлар, Аллоҳ таоло сизларга эрта билан қорни оч бўлиб, кечқурун қорни тўйган қушга ризқ берганидек ризқ беради”. Имом Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал ривоятлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуони айтар эдилар:

“Эй Роббим! Чиндан ҳам мен Сенга маҳбуб амалларда тавфиқни, Сенга рост таваккул этишни ва Сен ҳақингда чиройли гумонда бўлишликни Ўзингдан сўрайман”. Имом Термизий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят этган. Абу Нуайм “Хуля”да заиф санад билан нақл этган.

Таваккул этиш тавҳидга мувофиқ бўлади. Тавҳиднинг бир қанча табақалари мавжуд:

1. Қуйидаги қалб билан тасдиқланган ваҳдоният:
“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг Ўзи ягонадир. Унинг шериги йўқ. Барча мулк Унга хос. Ҳамма мадҳлар Унинг Ўзи учундир. У ҳар бир нарсага қодир”. Шу лафзлар билан тасдиқлайди, лекин бирон-бир далилни билмаган ҳолда. Бу омманинг эътиқоди.
2. Турли нарсаларни кўриш, уларни ягона Зотдан содир бўлганини билиш. Бас, бу муқарраблар мақомидир.
3. Чиндан ҳам инсон қалб кўзи билан яхши фикр этса, Аллоҳдан ўзга яратувчи йўқлигини англайди. Ундан бошқага қарамайди. Балки Ундан қўрқиш ва Унга ражо этиш, Унга ишониш ва Унинг Ўзига таваккул этиш бўлади. Зеро, ҳақиқатдан ҳам Унинг Ўзи ягонадир. Аллоҳни поклаб ёд этамиз. Барча нарса Унинг Ўзига тобеъдир. Экиннинг униб чиқишида ёмғирга эътимод этилмайди. Ёмғир ёғишида булутларга суянилмайди, кемаларнинг сувда юришида шамолга ишонилмайди. Агар буларга эътимод этилса, ишларнинг ҳақиқатига жоҳиллик қилинган бўлади. Кимгаки ҳақиқатлар кашф бўлса, у биладики, шамол ўзича ҳаракатланмайди, у ҳаракатга солувчига муҳтож.
Банда нажот топишда шамолга илтифот этиши бўйнига қилич урмоқчи бўлган одамга илтифот этганга ўхшайди. Подшоҳ уни авф этишга қўл қўяди. У имзо қўйиши учун лозим бўлган қоғоз, қалам ва сиёҳ зикри билан машғул бўлади. У банда айтади: “Агар мана шу қалам бўлмаганда ўлимдан халос бўлмасдим”. У нажот топишини қаламдан деб билади. Қаламни ҳаракатга солувчидан эмас. Бу ўта даражадаги жоҳилликдир. Чиндан ҳам у қаламнинг ўзида ҳеч бир ҳукм йўқлигини билса, қаламга эмас, котибга раҳмат айтади. Барча махлуқотлар Холиқ қаҳрига бўйсунишда котибнинг қўлидаги қаламдан кўра кўпроқ бўйсуниб итоат этади. Хоҳлаган нарсасини амалга оширувчи, сабабларнинг сабабчиси бўлган Аллоҳни пок қилиб ёдга оламан.

ТАВАККУЛ АҲВОЛЛАРИ, УНИНГ АМАЛЛАРИ ВА ШУНГА ЎХШАШ НАРСАЛАРНИНГ БАЁНИДАГИ ФАСЛ

Билинг! Чиндан ҳам таваккул «ваколат» сўзидан олинган. Масалан, айтиладики, бир киши ишига иккинчи бир кишини вакил этди, яъни ишини унга ишониб топширди ва бу иши ҳақида унга эътимод қилади.
Бас, таваккул – қалбнинг ваколат берганига эътимод этишидан иборатдир. Инсон ўзидан бошқага таваккул қилмайди, яъни бир ишни ишониб топширмайди, илло, агар унда шафқат, қувват, ҳидоят борлигига эътиқод этсагина, унга ўзининг ишини ишониб топширади. Сиз буни билган бўлсангиз, Аллоҳ таолога таваккул этишни шунга қиёс этинг. Агар қалбингизда Ундан бошқа қилувчи йўқлиги мустаҳкам собит бўлса ва шу билан бирга У Зотнинг илми, қудрати, раҳмати мукаммал эканлигига эътиқод этсангиз, чиндан ҳам Унинг қудрати ортида қудрат йўқдир, қалбингиз шубҳасиз ягона бўлганга ўз ихтиёрини топширади. Бирон-бир сабаб билан Ундан бошқасига илтифот этмайди. Агар ўзингизда бу ҳолатни топа олмасангиз, бунинг сабаби қуйидаги икки ишдан биридир. Шу хислатлардан бирига ишончнинг заифлиги ёки қалбга қўрқув ўрнашиб олганидан қалбнинг заиф бўлиши ва унга ғолиб бўлган ваҳималар сабабидан қалбнинг нотинч бўлиши киради. Чиндан ҳам қалб ваҳм (қўрқув)нинг боқий қолиши ва ишончда бирон-бир ноқиссиз у ваҳмга итоат этиши билан нотинч бўлади. Зеро, кимда-ким қўлига олган асални (инсон) нажасига ўхшатса, кўпинча табиати ундан нафратланади ва уни тановул этишдан узр айтади.
Агар оқил киши ўлик билан бир қабрда ё бир ўринда ёки бир хонада ётишга таклиф этилса, унинг табиати бундан жирканади, гарчи шу ҳолда у ўликни бир жонсиз нарса деб билса ҳам. Ваҳоланки, унинг табиати бошқа жонсиз нарсалардан нафратланмайди. Бу қалбдаги қўрқувдир. Бу кучсизлик, заифликнинг бир тури, аксари инсонлар бундан холи эмасдир. Бу ҳолат кучайиб, ҳатто касаллик даражасига етиши мумкин. У вақтда эшикларни маҳкам беркитиб бўлса ҳам, ёлғиз ўзи бир хонада ётишдан қўрқади.
Агар таваккул этиш қалб қуввати ва барча ишонч қуввати билан бўладиган бўлса ҳамда сизга таваккул маъноси кашф бўлса, таваккул, деб номланган ҳолатни билсангиз, бас, билингки, чиндан ҳам шу ҳолатнинг қувватлилик ва заифликда уч даражаси бўлади:
1. Зикр этиб ўтганимиздек, унинг ҳоли Аллоҳ таоло ҳақида Унинг кафолати ва иноятига ишониши вакилга бўлган ишонишдаги ҳоли кабидир.
2. Бу кучли даражадир. Унинг Аллоҳ таоло билан бўладиган ҳолати онаси билан гўдак ҳолига ўхшайди, зеро гўдак онасидан бошқани танимайди, ундан ўзгага суянмайди, фақат онасининг ўзига эътимод этади.
Агар унга бирон-бир иш содир бўлса, қалбига келган биринчи хотира ва тилига келган биринчи сўз «она, ҳой она» бўлади. Бас, кимнингки художўйлиги Аллоҳ бўлса, назари Унга қараса, эътимоди Унга бўлса, ёш бола онасига ўзини топширганидек, ўзини Унга топширса, шундагина ҳақиқий мутаваккил бўлади.
Бу билан биринчининг орасидаги фарқ шуки, чиндан ҳам бу мутаваккил ўз таваккулида таваккул этувчисидан фано бўлади, зеро у мутаваккилдан бошқасига илтифот этмайди. Қалбида ундан бошқа нарсага ўрин йўқ.
Аммо биринчиси – бу таклиф ва касб қилиш билан мутаваккилдир. Ўз таваккулидан фоний бўлмайди, балки унга илтифот этади. Бу мутаваккил ҳақида мулоҳазадан қайтарувчи машғулотдир.
3. Бу аввалги икки даражага қараганда олий даражадир. Бу даража соҳиби Аллоҳ таоло ҳузурида ғассол қўл остидаги маййит каби бўлишидир. Бунинг ҳеч қандай фарқи йўқ, фақат у ўзини маййит деб билмайди, холос. Бу гўдакнинг онаси билан бўлган ҳолатидан фарқлидир, чунки у ҳар вақт онасига суянади, йиғлайди ва унинг этагига осилади.
Бу ҳолатлар халойиқда топилади, илло, бу даражанинг давомлиги узоқ нарсадир.

МУТАВАККИЛЛАР АМАЛЛАРИ БАЁНИДАГИ ФАСЛ

Баъзи инсонлар гоҳо таваккулнинг маъноси жисмоний касбни, қалб билан тадбир этишни тарк этиш ва латтага ўхшаб ерга тушиш ҳамда кундадаги гўшт каби, деб гумон қилишади. Бу жоҳилларнинг гумонидир. Дарҳақиқат, бу нарса шариатда ҳаромдир.
Шариат мутаваккилларни мадҳ этади. Чиндан ҳам таваккулнинг таъсири банданинг мақсад сари бўлган саъй-ҳаракатида зоҳир бўлади. Банданинг саъй-ҳаракати касб этиш, яъни топиш каби, йўқотилган фойдани келтириш ёки жамлаш каби, борини сақлаш ёки оқишни тўхтатиш каби, бўлмаган зарарни даф этиш ёки касалликни даволаш каби мавжуд зиённи йўқотиш учун бўлади. Банданинг барча ҳаракатлари мана шу тўрт нарсадан четга чиқмайди.

1. Манфаат келтириш. Манфаат келтирадиган сабаблар уч даражада бўлади:
Биринчиси – Аллоҳ таолонинг тақдири ва хоҳишига ҳеч бир ихтилофсиз қатъий боғланган сабаб бўлувчилар боғланган сабабларга ўхшаш узил-кесил бўлган сабаб. Бунинг мисоли сизнинг олдингизда таом мавжуд бўлиши ва сизнинг очлигингизга ўхшайди. Сиз таомга қўлингизни узатмайсиз-да, айтасиз: «Мен мутаваккилман». Таваккулнинг шарти саъй-ҳаракатни тарк этишдир, қўлни таомга чўзиш саъй-ҳаракатдир. Таомни чайнаш ва уни ютиш ҳам шу кабидир. Бас, бу айни мажнунликдир. Бу таваккулдан эмас. Бас, агар сиз таом истеъмол этмай, тўқликнинг яратилишини ё таомнинг сизга қараб ҳаракат этишини ёки таомни чайнаб, сизнинг ошқозонингизга етказадиган фариштанинг мусаххар қилинишини кутсангиз, албатта, сиз Аллоҳнинг суннати – йўлини билмаган бўласиз.
Шу каби экин экмай, Аллоҳ таоло уруғсиз бир набототни яратишини таъма этсангиз ёки хотин ўз-ўзидан, жинсий алоқасиз туғишини истасангиз – буларнинг барчаси жунунликдир. Бу мақомда таваккул амални тарк этиш билан эмас, балки бу мақомда таваккул илм ва ҳол билан бўлади.
Илм – бу Аллоҳ таоло таомни яратганини, қўл ва сабабаларни, ҳаракат қувватини, Унинг Ўзи сизни таомлантиргани ва сув ичирганини (едириб-ичирганини) билмоғингиздир.
Ҳол – бу қалбингиз ва суянмоғингиз Аллоҳ таолонинг фазлига бўлишидир. Қўл ва таомга эмас, чунки қўлингиз қуриб, шол бўлиши, ҳаракатларингиз ишдан чиқиши, Аллоҳ таоло таомга ғолиб бўладиган кишини устингизга ҳоким қилиши мумкин. Қўлнинг таомга чўзилиши таваккулни рад этмайди.
Иккинчиси – ноаниқ сабаблар, лекин сабаб бўлган нарсалар ғолибо бу ноаниқ сабабларсиз ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли шундай: бир киши шаҳарлардан узоқлашиб, одамлар жуда оз юрадиган саҳрога мусофир бўлиб чиқади ва ўзи билан ҳеч қандай озиқ-овқат олмайди. Бас, бу Аллоҳ таолони синаган одамга ўхшайди. Унинг бу феъли рад этилади. Ўзи билан сафарда озиқ-овқат олишга амр этилади. Чиндан ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом сафарга чиққанларида, озиқ-овқат ва Мадина йўлини кўрсатиб борадиган далилни ижарага олган эдилар.
Учинчиси – бир-бирига боғлиқ бўлган сабаблар зоҳирида ишонилмаган, сабаб бўлинган нарсаларга олиб келиши тасаввур этилади. Бир нарсани қўлга киритиш ва унинг йўлини олиш тафсилотида нозик тадбирларни ишлатишни тадқиқ этган кишига ўхшайди. Агар унинг қасд ва феъли тўғри бўлса, у шариатдан чиқмаган ва таваккул доирасидан ташқарида бўлмайди. Лекин агар у ҳаётнинг ортиқча нарсаларини талаб этадиган бўлса, ҳирс аҳлидан бўлиб қолиши мумкин.
Касб этишни тарк этиш таваккулдан бирон-бир нарса эмас, чиндан ҳам бир касбни қилмаслик – бу роҳат-фароғатни меҳнат қилишдан ортиқ биладиган ишёқмасларнинг феъл-атворидир. Улар буни таваккул билан изоҳ этадилар.
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Мутаваккил – бу ерга уруғни тикиб, сўнгра Аллоҳга таваккул этувчидир».

2. Озиқ-овқат ва шунга ўхшаш нарсаларни захира (эҳтиёт) этиш билан сабабларга таарруз (рўбарў) бўлиш ҳақида. Кимда-ким ҳалол бир қут, яъни таом топса, бунга ўхшаш таомни топиш ва йиғишда унинг ташвишлари имкон бермайди. Шу вақтда таомларни захира этиши уни таваккул этишдан чиқармайди, хусусан, у киши оилали бўлса.
Имом Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида Умар ибн Хаттобдан ривоят этилади. Расулуллоҳ алайҳиссалом Бани Назирнинг хурмоларини сотардилар ва аҳли-аёлларининг бир йиллик қут-таомларини хурмодан сақлаб қўярдилар.
Агар айтилсаки: «Расулуллоҳ алайҳиссалом Билолни таом захира этишдан қайтарган эдилар, нима дейсиз?»
Жавоб шуки, чиндан ҳам фақири фуқаролар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида меҳмон каби эдилар. Бас, унинг захира этиши ва оч қолиши мумкин эмас. Яна бошқа жавоб шундай: Билол ва у зотга ўхшаган аҳли суффаларнинг ҳолатлари захира этмасликни тақозо этарди. Бас, агар улар бунга хилоф этсалар, тавбиҳ ҳалол нарсани захира этишда эмас, балки ҳолнинг даъвоси ёлғонлигига бўлади.

3. Зарарни даф этадиган сабабларни қўллаш, ишлатиш. Зарарни қайтарадиган барча сабабларни тарк этиш таваккул шартларидан эмас. Йиртқич ҳайвонлар бор ерда ё сел йўлида ёки хароб девор остида ухлаш жоиз эмас. Буларнинг барчаси рад этилган.
Шу каби уруш вақтида совут кийиш, эшикни беркитиш, туя оёғини боғлаш таваккулни ноқис этмайди. Аллоҳ таоло амр этиб айтади: «Қурол-аслаҳа ва анжомларини эҳтиёт этсинлар» (Нисо сураси, 102-оят). Бир киши Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб сўради: «Эй Аллоҳнинг расули! Туямни боғлаб, сўнг Аллоҳга таваккул этайми ёки уни ўз ҳолига қўйиб қўйиб, таваккул қилайми?» Расулуллоҳ алайҳиссалом жавоб бериб айтдилар: «Туянгни боғла, сўнг таваккул эт!» Имом Термизий ривоятлари. Имом Табароний ҳам Амр ибн Умайядан яхши санад билан нақл этган.
Тавакул этувчи бу нарсаларнинг барчасида сабабга эмас, балки сабабчиси Аллоҳга таваккул этади. Ва Аллоҳ унга ҳукм этган ҳамма нарсасига рози бўлади. Қачонки, агар унинг анжомлари ўғирлангани содир бўлса, у эҳтиёт этилганда ўғирланмасди, деб айтса ёки ўзига бўлган нарсалардан шикоят эта бошласа, албатта унинг таваккулдан узоқда бўлгани равшан бўлади.
У шуни яхши билсинки, унинг қадари табибга ўхшайди, унга таом тақдим этса, хурсанд бўлади ва айтади: «Таом менга фойдали бўлишини билмаса, менга уни тақдим этмасди». Агар табиб ундан таомни ман этса, хурсанд бўлади ва айтади: «Таом менга зиён этишини табиб билмаса, уни мендан ман этмасди».
Билинг! Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг лутфу карамига бетоб одам мушфиқ хозиқ табибга эътиқод этганидек эътиқод қилмаса, унинг таваккули тўғри бўлмайди.
Агар анжоми ўғирланса, қазога рози бўлади ва мусулмонларга раҳм-шафқат қилиб ўғирлаганга уни ҳалол этди.
Бир киши уламолардан бирига йўлини қароқчилар тўсиб, мол-мулкини тортиб олганликларидан шикоят этди. Олим унга жавобан айтди: «Агар сенинг ғаминг «Нима учун мусулмонлар бу ишни қилмоқда?» деган ғамдан, ўғирланган мол-дунё ҳақидаги ғамингдан кўпроқ бўлмаса, бас, сен мусулмонларга насиҳат қилмаган бўласан».

4. Зарарни йўқотишга ҳаракат. Касалликни даволаш ва шу кабиларга ўхшаш.
Билинг! Касалликни йўқ қиладиган сабаблар уч қисмга бўлинади:
Биринчиси – қатъий сабаб, чанқоқни босадиган сув, очликни кеткизадиган нон каби. Бу қисмга кирган нарсаларни тарк этиш таваккулдан эмас.
Иккинчиси – сабаб гумонли бўлиши, қон чиқариш учун маълум томирни кесиш, қонни бошнинг орқасидан олдириш, сурги дори ичиш ва шунга ўхшаганлар каби. Бу таваккулни ноқис қилмайди ва унга зид эмас. Чиндан ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом касалликдан ўзларини муолажа этганлар ва бошқаларни ҳам муолажа этишга амр этганлар. Имом Термизий ривоят этган ҳадисда ворид бўлган. Ибн Можа ҳам бу ҳақда ҳадис ривоят этган.
Мусулмонлардан жуда кўп халқлар муолажа қилишган. Бу соҳада улар дунё халқлари ва маданият тараққиётига ўзларининг муносиб улушларини, ҳиссаларини қўшишган. Масалан, Ибн Сино, Розий, Ибн Нафис ва бошқаларнинг амалий асарлари барчага маълум ва машҳур.
Айрим кишилар муолажа этишдан таваккул этиб бош тортишган. Чунончи, Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳудан ривоят этилишича, ул зот бетоблик вақтларида сўрашди: «Ўзингизга табибни чақирмайсизми?» Ул зот жавоб бериб айтдилар: «Табиб мени кўрди». Сўрашди: «Табиб сизга нима деди?» Абу Бакр айтдилар: «У: «Чиндан ҳам Мен хоҳлаган нарсамни қиламан», деди».
Мусанниф айтдилар: «Биз даволанишга тарафдормиз ва уни афзал деб биламиз. Абу Бакр розийаллоҳу анҳу олдин муолажа қилганлар, сўнгра даволанишдан фойда олишдан тўхтаганлар ёки ўзларига хос бўлган ишоралар билан ажаллари яқинлашганини билганлар, деб ўйлаймиз».
Билинг! Чиндан ҳам дори-дармонлар Аллоҳ таолонинг изни билан мусаххар этилган сбаблардир. Аллоҳ унда дардларга даво бўлувчи сабабларни мужассам этган.
Учинчиси – сабаб ноаниқ бўлиши, куйдириш каби. Бу инсонни таваккул этишдан чиқаради. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом мутаваккилларни куйдирмайдиганлардан, деб сифатлаган эдилар. Имом Аҳмад «Муснад»ларида ривоят этган.
Баъзи уламолар Пайғамбар алайҳиссаломнинг «куйдирмайдилар» деган сўзларидаги мазкур куйдиришни жоҳилият даврида қилинган ишлардан деб билишади. Зеро, ўша замонда улар офиятликларида касал бўлмасликлари учун куйдириш ва дамида ўриш билан машғул бўлишган. Чиндан ҳам Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига дам солардилар ва бетобликни қайтариш учун дам солишни ўргатардилар. Асъад ибн Зарора.
Аммо бетоб кишининг шикояти уни таваккулдан чиқаради. Салафлар бетоб инграшини ёмон кўрардилар, чунки инграш шикоят таржимонидир. Фузайл айтардилар: «Мен овозсиз касалликни яхши кўраман».
Бир киши Имом Аҳмаддан сўради: «Аҳволингиз қалай?» Ул зот айтдилар: «Яхши». У киши сўради: «Кеча иситмаладингизми?» Имом Аҳмад айтдилар: «Сенга мен яхшиман, дедимми, бас, мен ёмон кўрадиган бошқа нарсага мени мажбур этма».
Бироқ бетобнинг табибга дардини айтиши зарар қилмайди. Баъзи салафи солиҳлар шундай қилишар ва айтишарди: «Чиндан ҳам Аллоҳ таоло менда намойиш этган қудратини васф этдим». Бу қийинчиликларга бардош бериш учун шогирдга сифатлагани каби тасаввур этилади. Буни неъмат деб билади. Неъматга шукр этиш учун уни сифатлаганидек, бетобликни ҳам шундай васф этади. Бу нарса шикоят бўлмайди.
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Мен сизлардан икки кишининг дардичалик дард билан ўзимни бемор ҳис этмоқдаман». Имом Бухорий, Муслим, Дорамий ва Ибн Ҳанбал ривоятлари.

"Минҳожул қосидийн"

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки, улар намозларини .унутиб, қўядиларrdquo Моъун, 45.Пайғамбар соллаллоҳу давоми...

4601 15:06 / 28.04.2017
Халифа Маъмун Иброҳим ибн Маҳдийга шундай деди Мен сенинг қилган бир ишинг юзасидан сарой аъёнлари билан маслаҳат қилган эдим. Улар менга сени ўлдиришни маслаҳат давоми...

2348 15:11 / 28.04.2017
Бугунги куннинг сўзи... Ўтмиш саҳифаларида сарғайган ҳикоятлар, ривоятлар ва эртаклар баъзиларга эриш туюлиши мумкин. Моддийликка ружъу қўйилган даврдан давоми...

6451 15:41 / 28.04.2017
Яқинда уйланган йигит отаонасининг топшириғига биноан имом домлани уйига чақириб келди. Домла деворлари оқланган, дарвозаси чиройли қилиб бўялган дарвозадан давоми...

3102 15:33 / 28.04.2017