1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Қуръони Каримни 2400 марта хатм қилган аллома

17:08 / 17.11.2022 4835 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Доктор Усома Абдул Азим Азҳар университетининг етук уламоларидан бўлиб, усул-ул фиқҳ бўйича забардаст мутахассислардан ҳисобланади. У киши замонамиздаги ноёб қобилият эгаси бўлган улуғ зотлардандир. Бир умр илмга ўзларини бағишлаб, бу йўлда вафот этдилар. У кишини яқиндан билган ҳар бир инсон, у зотдан кўп таъсирланганини эътироф этади. Шайх ҳазратлари ибодат, илм, зуҳд, тақво, мақсадларнинг аниқлиги, ҳимматнинг баландлиги борасида ноёб намуна эдилар. Ўзлари пухта усулий олим, обид, зоҳид, ўзини кўп ибодатга урувчи, таълим-тарбияга, Қуръони Каримни кўп хатм қилишга ўзини бағишлаган, қаноатли, шон-шуҳратга қизиқмайдиган юксак фазилатлар соҳиби эдилар. Аллоҳ таолога рўбарў бўлгунларига қадар машҳурликдан, дунёнинг фоний матоларидан ўзларини узоқ тутиб, собир, Аллоҳ берган умрга рози ҳолатда ҳаёт кечирдилар. У кишини уламолар, толиби илмлар жуда яхши танишар, кўп мурожаат қилишар эди. Қоҳиранинг Имом Шофеий минтақасида жойлашган масжидда ҳар кеча Қуръони Каримдан бир неча пора ўқиб боришлари билан машҳур эдилар. Чиндан ҳам у зот ибодат, намоз, Қуръон қироати борасида ноёб устозлардан эдилар. Оғир босиқ, виқорли шахс бўлишларига қарамай, у кишини кўрган одам яхши кўриб қолар, ҳаёт тарзларидан бироз бохабар бўлган киши, у зотга жуда юқори баҳо берар эди. Ҳар бир шогирдларига Қуръони Каримни ёд олиш ва унга тадаббур билан эътибор қаратишни мунтазам тайинлаб борар эдилар. Таълим, даъват деб аталмиш ҳудуднинг сарҳадида моҳир посбон янглиғ хизмат қилиб ўтдилар. Аллоҳ таоло у кишининг жидду жаҳдларига, сабрларига, ҳаётларига барака ато этди. Мисрдаги ва бошқа юртлардаги кўплаб талабалар у зотдан анча манфаатлар олдилар. 

Болалик даврлари

Доктор Усома Абдул Азим 1948 йил 25 январь куни Қоҳиранинг Халифа маҳалласида дунёга келдилар. Оталари шайх Муҳаммад Абдул Азим Ҳамза усул-ад дин йўналишида доктор, вақф соҳасида мударрис, имом-хатиб вазифасида хизмат қилганлар. Тоғалари Мисрнинг кўзга кўринган уламоларидан бири Абдуссобур Шоҳин раҳимаҳуллоҳ эди.

Илмий даражалари

1969 йилда Азҳар университетининг шариат ва қонун факультети исломий ва араб билимлари бўлимини тамомладилар.
1974 йилда шариат ва қонун факультетининг усул-ул фиқҳ бўлимининг усул-ул фиқҳ соҳасида магистр илмий даражасини олдилар. Илмий ишларининг мавзуси «Ҳужжийяту қовлис саҳобий» (Саҳоба сўзининг ҳужжатлиги) бўлган.
1976 йилда Қоҳирадаги Азҳар университетининг муҳандислик факультетига қарашли машинасозлик бўлимида муҳандислик бўйича бакалавр дипломини олдилар. 
1983 йилда Азҳар университетининг шариат ва қонун факультети усул-ул фиқҳ бўлимида шу фандан докторлик даражасини олдилар. 

Лавозимлари

1986 йилда Азҳар университетининг исломий ва араб илмлари факультетида усул-ул фиқҳ мударриси.
1992 йилда Азҳар университетининг исломий ва араб илмлари факультетининг доценти. 
1999 йилда усул- ад дин профессори.
1999-2008 йилгача исломий ва арабий илмлар факультетида ислом шариати бўлимининг раҳбари.
Кейинги йилларда Азҳар университети усул-ул фиқҳ йўналишидаги профессор ва деканлар малакасини ошириш бўйича қўмита аъзоси.

2008 йилнинг 1 август ойидан бошлаб, мустақил тадқиқотчи сифатида фаолият юритдилар.
Бундан ташқари, 1984-85 йилларда Қувайт университетининг шариат ва исломий илмлар факультетига асос солиб, у ерда бир муддат талабаларга таҳсил бердилар. Кўплаб илм толибларининг магистр ва докторлик ишларига илмий раҳбар бўлдилар. 

Миср ва хорижий мамлакатларда ўтказилган конференцияларда иштирок этдилар.
Миср университетлари ва хорижий мамлакатлардаги бир қатор олий даргоҳларда маърузалар қилдилар.

Асарлари


Улуғ аллома усул-ул фиқҳга оид бир қанча асарлар ва илмий ишлар таълиф қилдилар.
1. «Ҳужжийяту қовлис саҳобий» (Саҳоба сўзининг ҳужжатлиги) магистр даражасига ёзилган илмий иш.
2. «Ат таҳрир лима фи минҳожил вусул минал маъқули вал манқул» (Бу «Ал валиййул Ироқий ъала минҳожил Байзовий» китобининг шарҳини ўрганишга ва таҳқиқ этишга қаратилган илмий иш бўлиб, докторлик даражасини олиш учун ёзилган)
3. «Уюнул усул» асари
4. «Мадхалул ҳоиб ила тайсирин ва таҳрири мухтасари Ибнил Ҳожиб»
5. «Нусусун усулийятун мин шарҳил Иснавий ъала минҳожил Байзовий фи масаъилил мужмали вал мубаййани ван насхи вас суннати вал ижмаъи»
6. «Нусусун усулийятун мин шарҳил Иснавий ъала минҳожил Байзовий фи масаъилил қияси вал адиллатил мухталафи фийҳа вал ижтиҳади ват таъарузи ват таржийҳи»
7. «Ас сабийл ли тасфияти ъилмил усули минад дахийли»
8. «Усул-ул фиқҳи ал мусоффа ал муҳалла фил қияси вал адиллатил мухталафи фийҳа вал ижтиҳади ват таъарузи ват таржиҳи»
9. «Наҳву манҳажин жадидин фи тахрижил фуруъи ъалал усули»
10. «Баҳсун усулиййун мубтакирун ъан шурутил ижтиҳади»
11. «Асбабул ижмали фил Китаби вас суннати ва асаруҳа фил истинбати»
12. «Муқоддиматун насх»
13. «Ал иштираку ал лафзиййу ва асаруҳу фи истинбатил аҳками»
14. «Музаккиротул муъавазаати фи фиқҳил буйуъи»
15. «Ал қисасул Қуръаниййу ва асаруҳу фи истинбатил аҳками»
16. «Силсилату ма ла ястағний ъанҳу ал ваъизу вал ъабиду»

Тақволари


У кишини яқиндан таниган уламолар ва даъватчилар доктор Усома Абдул Азим ҳазратларини Аллоҳ таолонинг валий дўстларидан бири эканликларига деярли ижмоъ қилишган. У зот юқорида айтганимиздек, махфийликни, машҳур бўлмасликни яхши кўрар эдилар. 

Қуръони Каримни намозда хатм қилар эдилар. Бир куни рўза тутсалар, бир куни оғизлари очиқ бўлар эди. 
Шогирдларидан бири устозни шундай хотирлайди: «Аллоҳ таоло менга шайх билан учрашиш, Қоҳирадаги «Саййида Зайнаб» минтақасида жойлашган ўзлари имомлик қиладиган масжидда ортларида иқтидо қилиб намоз ўқиш неъматини ато қилди. Мен у зот билан аср намозини ўқидим. Меҳроб ёнида бир қоғоз бор бўлиб, унга намозда ўқиган сураларини ёзиб қўяр эдилар. Қоғознинг тепасида хатмларнинг рақами қайд этилган эди. Ўшанда тахминан, 728-хатм ёзуви бор эди. У зот Рамазон ойида 17 марта Қуръонни хатм қилар эдилар. Бу учрашув 2004 ёки 2005 йилларда бўлган эди. Шайхнинг шогирдлари намозни узун ўқишлари билан танилганлар».
Исмоил Муқаддим исмли шайх шундай дейди: «Усома Абдул Азим ҳазратлари салафи солиҳлар замонидан олиб келиниб, бу замонга ташланган кишидир». 

Яна бир шогирдлари устози ҳақида шундай ҳикоя қилади: 

«90-йилларда университетда таҳсил олаётган пайтимизда (Рамазон ойида) шайхнинг ҳузурларида эътикофда бўлар эдик. Шу онда шайхнинг ажойиботларига гувоҳ бўлганмиз. Бир сафар эътикофда турган пайтимизда устозимиз шом намозини бошладилар. Одатда, у киши масжидда жаҳрий қироат қилинадиган намозларда Қуръонни хатм қилар эдилар. Менимча, хатмлар сони тахминан, 2000 тага бориб қолди шекилли. Чунки у кишини намозда хатм қилиш тартиблари бор эди. Бу хатмлар нафақат Рамазон ойида, балки йил бўйи давом этарди. Одатда, бомдод, шом ва хуфтон намозида бўлар эди. Энди юқоридаги шом намозига қайтсак. Шайх шом намозини ўқидилар, одамлар ифтор қилишди. Шайх эса Қуръон хатмида давом этдилар, тахминан бир соатлардан кейин хуфтонни ўқидилар. Унда ҳам хатм давом этди. Шомда бошланган хатм бомдод азонидан бироз олдинги вақтгача давом этди. Тоҳа сурасидан бошлаб, Нас сураси билан тамом қилдилар. Тахминан 14 пора Қуръонни намозда тиловат қилдилар. Бомдод киришига тахминан 15 минут вақт қолган эди холос. Масжид 6 қаватдан иборат бўлиб, тахминан 1200 та намозхон эътикоф ўтирган эди. Шу намозхонларнинг ҳаммалари қисқа вақт ичида саҳарликка улгуришди. Кейин бомдод вақти кирди. Шайх ҳазратлари вақтга жуда қаттиқ эътибор берар, айниқса, Рамазоннинг охирги ўн кунлиги кирганда бу ҳол яна ҳам кучаяр эди. Гўё у киши вақт билан мусобақа қилаётгандек туюларди. Барча саҳарлик қилиш билан машғул бўлиб турган пайтда шайх ҳазратлари янги хатмни бошлаб, вақт қисқалигини инобатга олиб, Фотиҳадан сўнг Оли Имрон сурасини тўлиқ ўқиб тугатдилар. Хуллас, қисқа фурсатли саҳарликдан сўнг бомдод намозини ўқиш учун турилди. Бомдод намозида шайх ҳазратлари Бақара сурасини тўлиқ зам қилдилар. Шу билан шомда бошланган хатми Қуръон бомдод намозини ўқиб бўлинганда 18 порага етди. Яъни, бир кечада 18 пора ўқилди. Баъзи беморликларни бошидан кечираётган, ёшлари 70 ни қаршилаётган, оёқларида хасталик сабаб тик туришга қийналадиган даражадаги бир инсон, бир кечада Қуръони Каримдан 18 пора ўқидилар».

Мухлислардан бири 2021 йил 25 март куни ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай изоҳ қолдирган: «Иншааллоҳ, бугун кечқурун хуфтон намозида фазилатли шайх Усома Абдул Азим ҳазратлари 2200-хатмни ниҳоясига етказадилар»

Шундай қилиб, сиз расмда кўриб турган камтарона меҳробда шайх Усома Абдул Азим ҳазратлари Қуръони Каримни 2400 марта хатм қилганлар.  

Лақаблари

«Умр бўйи ибодат қилувчи», «Зоҳид фақиҳ», «Усулий муҳаққиқ».

Алломадан иқтибос

«Қуръонни ёд олиш мусулмоннинг энг биринчи асосий вазифасидир».

Вафотлари

Шайх, доктор, профессор, аллома Усома Абдул Азим Ҳамза ҳазратлари 2022 йил, 3 октябрь, ҳижрий қамарий тақвим бўйича 1444 йил 7 рабиъул аввал, душанба куни фоний дунёдан боқий оламга риҳлат қилдилар.

Жанозалари Қоҳиранинг Тунисий минтақасида жойлашган «Ал-Ийд» жомеъ масжидида ўқилди. Шайхнинг вафоти муносабати билан ёзилган ҳамдардлик изҳорлари ва жаноза намози ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди.

Аллоҳ таоло у кишини раҳмати билан буркасин, даражаларини набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга Иллиййинда қилсин. Исломга, Қуръонга, мусулмонларга қилган хизматларининг ажрини кўпайтириб берсин ва хатоларини мағфират айласин.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яккатут жоме масжидига асос солинишиУшбу воқеадан хабар топган Қўқон хони Худоёрхон 1858 йили Эшон ҳазратларини зиёрат қилгани келади. Хон қандай илтимос ёки давоми...

1391 11:00 / 17.10.2021
Умар ибн Убайдуллоҳ ибн Маъмар раҳимаҳуллоҳ араблар орасида сахийлиги, шижоати билан ном чиқарган киши эди. Куняси Абу Ҳафс бўлган бу киши Қурайшнинг давоми...

2614 09:08 / 18.09.2021
У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Абул Барокат Ҳофизиддин ан Насафийдир. У киши замонасининг етук олимларидан бўлиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, давоми...

4961 22:20 / 27.04.2017
Ушбу суратда кўриб турганингиз муборак зот mdash шайх Ҳасан ибн Абдулҳамид Ал Бухорий. Боболари бизнинг диёрлардан бўлган шайх Ҳасан ал Бухорий Маккаи Мукаррамада давоми...

1793 14:00 / 25.07.2023
Аудиолар

135311 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7489 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55562 14:35 / 11.08.2021