1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Бугунги эркакларнинг ўз аёлларини рашк қилмаслиги касали кўп учрайди

16:27 / 27.04.2016 3836 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бугунги эркакларнинг ўз аёлларини рашк қилмаслиги касали кўп учрайди. Рашк масаласида мақолалар ўқиб қуйидаги ҳадисга дуч келиб қолгандик.
«Саъднинг ғийрасидан ажабланяпсизларми, мен ундан кўра қийралироқман ва Аллоҳ мендан кўра ғийралироқдир» маъносидаги ҳадисни шарҳлаб беришингизни илтимос қилиб қоламиз.
Аллоҳ сиздан рози бўлсин.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
«Ҳадис ва Ҳаёт»ни ўқиганингизда ўзингизнинг ҳам, менинг ҳам вақтимни тежаган бўлар эдингиз.

РАШҚ МАРҒУБДИР

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидан келади», дедилар». Термизий ва Бухорий ривоят қилган.
Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эру хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишига рашк, деб одатланилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рашк Аллоҳ таолога ҳам мос нарса эканини айтиш билан бирга мўмин кишида рашк бўлиши зарурлигини таъкидламоқдалар.
Аллоҳнинг рашки Ўзи қилмасликни амр этган ҳаром ишлар мўмин киши томонидан қилиниши туфайли келиши ҳам баён қилинмоқда. Яъни, Аллоҳ учун тарк қилиниши лозим бўлган ишнинг қилиниши, Аллоҳнинг амрини эмас, бошқанинг амрини тутилиши Аллоҳнинг рашкини, яъни, ғазабини келтириши турган гаплиги айтилмоқда.
Ожиз инсон ўзига тобеъ шахс бошқанинг айтганини қилса қанчалар аччиғи чиқади, аммо ҳамма нарсага қодир Аллоҳнинг айтганини қилмай, бошқанинг айтганини қилишни ўзига эп кўради.
Никоҳ мавзуига қайтадиган бўлсак Аллоҳ таоло рашк қиладиган бўлганидан кейин мўмин киши ҳам рашк қилмоғи лозим. Мўътадил, васваса даражасига ўтмаган рашк яхши сифатдир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бандасини ёки чўрисини зино қилишини кўргандаги рашкидек рашкни ҳеч ким қила олмайди. Эй Муҳаммад уммати, агар мен билган нарсани билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлур эдингиз», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Эркак бўлсин, аёл бўлсин бандадан Аллоҳнинг энг қаттиқ ғазабланадиган ҳолларидан бири банданинг зино қилиш пайти экан. Албатта, бу улкан жиноят, катта хиёнат фақат бандага нисбатан эмас, балки Аллоҳга нисбатан ҳам қилинган жиноят ва хиёнат ҳисобланишидандир.
Аллоҳнинг рашк қилиши ана ўша маънони билдиради. Кишилар зинокор зино қилганида ўз жуфти ҳалолига ёки яқин кишисига хиёнат қилади, ана ўшалар рашк қилиши, ғазабланиши, чора кўриши керак, деб ўйлайдилар. Аллоҳнинг рашк қилиб-ғазабланишини билмайдилар.
Умуман олганда ҳам, одамлар кўп нарсаларни билмайдилар, агар билганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганлардек, оз кулиб, кўп йиғлар эдилар. Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, ғазабини қўзғатмаслик учун ҳаракат қилиш билан машғул бўлур эдилар.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: «Агар хотиним ила бегона эркакни кўрсам, уни қиличнинг тиғидан ўтказар эдим», деди.
Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саъднинг рашкидан ажабланаяпсизларми?! Мен ундан кўра рашкчироқман, Аллоҳ мендан кўра рашкчироқ», дедилар». Муслим қилган зиёдада: «Аллоҳ Ўз рашки сабабидан фоҳиша ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди. Аллоҳдан кўра рашкчироқ ҳеч қандай шахс йўқ. Аллоҳдан кўра узрни яхши кўрадиган шахс йўқ. Шунинг учун Аллоҳ расулларни башорат берувчилар ва огоҳлантирувчилар этиб юборди. Аллоҳдан кўра мадҳни яхши кўрувчи шахс йўқ. Шунинг учун Аллоҳ жаннатни ваъда қилди», дейилган».
Аҳли Мадина-ансорий саҳобаларнинг раҳбарларидан бўлмиш улкан саҳобий Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу жуда ҳам ғайратли-рашкчи киши эдилар.
Зино тўғрисида, бир эр киши ўз хотинини бегона эркак билан ушлаб олиши тўғрисида гап кетганда ушбу ҳадисдаги гапни келтириб, ўша зинокор эркакни қилич билан чопиб ўлдиришларини айтганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўзлари Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан кўра, Аллоҳ таоло эса у зотдан ҳам кўра рашкчи эканлигини баён қилганлар.
Аммо, шундоқ бўлса ҳам на Аллоҳ таоло, на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинини бегона эркак билан ушлаб олган кишига зинокорларнинг иккисини ёки бирини ўлдиришга рухсат бермайди. Чунки одам ўлдириш жуда ҳам оғир иш, у бир кишининг гувоҳлиги ёки ҳукми билан бўлиши керак эмас.
Агар хотинини бегона одам билан ушлаб олган кишига уни ўлдириш ҳуқуқи берилса, ҳар ким ўзи ёмон кўрган одамни ўлдириб қўйиб, кейин хотиним билан ушлаб олиб ўлдирдим, деб қутилиб кетаверади.
Бундоқ ҳолатда ҳукуматга арз қилинади. Агар зино собит бўлса, зинокорларга нисбатан шариатда белгиланган жазо берилади. Зино собит бўлмаса, эр-хотин қасам ичиб бир-бири билан лаънатлашадилар ва оралари ажратилади.
Аммо эр зино тўғрисида арз қилиб туриб лаънатлашишдан бош тортса, унга туҳматчи сифатида дарра урилади. Бу ҳукмлар кези келганда, иншааллоҳ батафсил ўрганилади.
Ушбу ҳадиси шарифнинг Имом Муслим келтирган ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим ҳикматни баён қилмоқдалар.
1. «Аллоҳ Ўз рашки сабабидан фоҳиша ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди. Аллоҳдан кўра рашкчироқ ҳеч қандай шахс йўқ».
Аллоҳ таоло бандаларни яратиб, уларга ҳалол-пок яшаш йўлларини кўрсатиб қўйди. Улар ўша Аллоҳ кўрсатган йўлдан юришлари лозим. Аллоҳ шуни амр қилган, шуни хоҳлайди.
Энди, биров Аллоҳнинг бандаси бўлатуриб, бошқанинг йўлидан юрса, албатта, Аллоҳнинг ғазаби келади. Жумладан, жинсий ҳаётда ҳам ҳамма бандалар Аллоҳ кўрсатган йўлдан юришлари лозим. Бўлмаса, Аллоҳ таолонинг рашки келади.
Ана ўша рашки туфайли, бандаларим рашкимни келтирмасинлар, деб ошкораю махфий барча фоҳиша ишларни ҳаром қилган.
2. «Аллоҳдан кўра узрни яхши кўрадиган шахс йўқ. Шунинг учун Аллоҳ расулларни башорат берувчилар ва огоҳлантирувчилар этиб юборди».
Бандалар расулларнинг айтганларига юриб, Аллоҳга тавба қилиб-узр айтсалар, ўзларига башорати берилган жаннатга эришадилар ва огоҳлантирилганлари дўзахдан қутиладилар.
3. «Аллоҳдан кўра мадҳни яхши кўрувчи шахс йўқ. Шунинг учун Аллоҳ жаннатни ваъда қилди».
Демак, Аллоҳ ваъда қилган жаннатга эришиш учун У зотга мадҳ-ҳамду сано лозим экан. Бу-Аллоҳ таолога ибодат қилиш, шукр қилиш ва У зотни зикр қилиш билан бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўътадил рашк-яхши нарса, бу сифат Аллоҳнинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифатидир. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Ҳозирги кунда ёшлар ўртасида ўзини осиб ўлдириш ҳоллари гоҳо учраб турибди. Бунинг сабаблари суриштирилганда ўзини давоми...

4458 16:39 / 27.05.2016
Рашод Халифанинг .Қуръон мўъжизалари сирли алифбонинг мавжудлигига далил, Miracle of the Quran signifiance of the mysterious alphabets Islamic Productions, 1973 китобида ўзи томонидан олға сурилган давоми...

2860 16:21 / 27.04.2016
Ассалому алайкум Шом тушгач усти беркитилмаган овқат ва сувларга шайтон эрталабгача бавл қилиши ростми Ўша нарсадан еган одамнинг дуолари қабул давоми...

2621 12:46 / 14.10.2018
.Мубийна, сўзи исломий маънога эгами Агар шундай бўлса бу сўз нимани англатади.Мубийна, сўзи арабча сўз. quotБаён қилувчи қиз ёки аёлquot деган маънони англатади. давоми...

9212 15:57 / 26.04.2017