1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бир оят тафсири – 8

20:21 / 25.04.2017 4751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 وَعَرَضْنَا جَهَنَّمَ يَوْمَئِذٍ لِلْكَافِرِينَ عَرْضًا 

У Кунда кофирларга жаҳаннамни намойиш қилурмиз”.

Яъни, улар жаҳаннамни кўришлари учун уларга жаҳаннам рўпара қилинади, кўрсатилади. Бу рўпара қилиш, бу кўрсатиш мўминларга ҳам бўлади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:

وَإِنْ مِنْكُمْ إِلَّا وَارِدُهَا كَانَ عَلَى رَبِّكَ حَتْمًا مَقْضِيًّا 

“Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир” (Марям сураси, 71-оят).

Баъзилар ушбу оятдаги وَارِدُهَا ни “унга (дўзахга) кирувчи” деб ўйлашган. Йўқ, ундай эмас, балки, “уни (дўзахни) кўрувчи ва унинг устидан ўтувчи” деган маънодадир. Арабларда ترد الماء  (таридул мааъа) деган жумла ишлатилади. Бунинг маъноси “сувнинг олдига етиб боради, лекин ўша сувдан ичмайди” деганидир.

Шундай! Чунки, барча инсонлар ўтадиган Сирот кўприги мўмин ҳам, кофир ҳам жаҳаннамни кўриши учун жаҳаннам устига ўрнатилгандир.

Мўмин киши жаннатга киришидан олдин жаҳаннамни кўришига келсак, бу кўриш унга Аллоҳнинг неъматини, раҳматини кўрсатади, эсига солади. Ахир Аллоҳ таоло уни ўша кўриб турган дўзах азобидан қутқарди. Ўшанда мўмин киши иймонннинг нақадар буюк неъмат эканини ҳис қилади. Ўша иймон унинг қўлидан етаклаб, жаҳаннам устидан соғ-саломат олиб ўтади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бизга ушбу масалани эслатиб, Қуръонда шундай деган:

  فَمَنْ زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ 

Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди” (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Аммо кофир кимса эса, унга аввал жаҳаннам кўрсатилади. Дўзахга киришидан олдинги ушбу кўриш кофир учун ҳасрат, надомат ва қўрқув кўриши бўлади. Чунки, у бироздан кейин ўша дўзахга киришини, ундан қутулолмаслигини билади. Ушбу масала Такосур сурасида баён қилинган.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

 أَلْهَاكُمُ التَّكَاثُرُ

  حَتَّى زُرْتُمُ الْمَقَابِرَ

 كَلَّا سَوْفَ تَعْلَمُونَ 

 ثُمَّ كَلَّا سَوْفَ تَعْلَمُونَ

 كَلَّا لَوْ تَعْلَمُونَ عِلْمَ الْيَقِينِ

 لَتَرَوُنَّ الْجَحِيمَ

 ثُمَّ لَتَرَوُنَّهَا عَيْنَ الْيَقِينِ

 ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ 

(Эй, инсонлар!) Сизларни (мол-дунё) кўпайтириш (Аллоҳга ибодат қилишдан) машғул қилди. Ҳатто, мақбараларингиз (кўплиги билан фахрланиш)гача бордингиз. Йўқ! Яқинда (бунинг оқибатини) билурсиз. Яна бир бор йўқ! Яқинда билурсиз! Йўқ! Агар (дунёпарастлик оқибатини) аниқ илм билан билганингизда эди (уни дўст тутмас эдингиз). Қасамки, албатта, сизлар дўзахни кўрасиз! Яна бир бор қасамки, сизлар уни айни ишонч билан кўрасиз!  Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз! (Такосур сураси)

Ушбу сурадаги كَلَّا لَوْ تَعْلَمُونَ عِلْمَ الْيَقِينِ оятидан мурод қуйидагича:

“Агар сизлар Мендан сизларга хабар берган нарсам – дўзах ва ундаги азоб ҳақидаги яқиний (ўта ишончли) илмни олсангиз, худди дўзахни кўргандек бўласиз. Чунки, Мен сизларга дўзах ҳақида ишончли, илмий кўринишни хабар бермоқдаман”.

Мана шу ҳолат “илмул яқийн” деб аталадиган ҳолатдир. Аллоҳ таоло Қуръонда дўзах ҳақида нима деб хабар берган бўлса, ўшани тасдиқлаб, ишониш илмул яқийн бўлади.

“Аммо охиратда дўзахнинг ўзини кўрасизлар”.

Бу эса, “айнул яқийн”дир. Яъни, қиёмат куни сирот устидан ўтаётганда дўзахнинг қанақалигини кўрасизлар. Демак, кўз билан кўриш қиёматда, Сирот устидан ўтиш чоғида юз беради. Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига раҳмати ва фазли сабабли мўминнинг дўзах билан бўладиган алоқаси шу чегарада (яъни фақат дўзахни кўриш билан) тугайди. Кейин унга дўзахдан нажот, қутулиш ёзилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Такосур сурасининг охирида:

  ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ 

“Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!” деяпти.

Аммо кофир эса – Аллоҳ асрасин – унинг учун дўзах билан боғлиқ учинчи босқич бошланади. Бу босқич – ҳаққул яқийндир. Бу босқич Қиёмат куни дўзахга кирганда ва у ердаги азобни тотганда бўлади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:

وَأَمَّا إِنْ كَانَ مِنَ الْمُكَذِّبِينَ الضَّالِّينَ  فَنُزُلٌ مِنْ حَمِيمٍ  وَتَصْلِيَةُ جَحِيمٍ  إِنَّ هَذَا لَهُوَ حَقُّ الْيَقِينِ  فَسَبِّحْ بِاسْمِ رَبِّكَ الْعَظِيمِ  

“Борди-ю, у (динни) инкор этувчи гумроҳлардан (чап томон эгаларидан) бўлса, бас, қайноқ сувдан иборат «зиёфат» ва дўзахда куйиш бордир. Албатта, бу (зикр қилинган нарсалар) айни ҳақиқатдир. Бас, Улуғ Раббингиз исми билан тасбеҳ айтинг! (Унинг гўзал исмлари кўп)” (Воқеа сураси, 92-96-оятлар).

Демак, бизда дўзах ҳақида илмул яқийн бор. Бу дўзах ҳақидаги илм бўлиб, Қуръондаги дўзах ҳақида келган маълумотлардир. Бу Роббимизнинг бизга дўзах ҳақида билдирган илмидир. “Албатта, дўзахнинг сифатлари мана бундай, мана бундай” деб, бизни дўзахдан огоҳлантирган. Биз шу дунёнинг фаровон ҳаётида яшаб турганимизда, Аллоҳ бизга дўзахни танитиб, ундан эҳтиёт бўлишга чақирган ва эҳтиёт бўлиш йўлларини кўрсатган.

Айнул яқийн эса, охиратда, Сирот устидан ўтаётганимизда, остимиздаги дўзахни кўрганда бўлади. Ўшанда дўзахни кўзимиз билан кўрамиз. Ҳаққул яқийн эса, фақат кофирларга бўлади. Ўша Кунда кофирлар дўзахга ташланадилар ва азобни бошларидан кечирадилар. Мана шу ҳаққул яқийндир.

Бунинг учун бир мисол келтирамиз: агар мен сизга “Нью Йорк деган шаҳар бор. У ерда осмонўпар бинолар бор. У шаҳарнинг сифати фалон, фалон” десам, сизга рост илмий суратини баён қилган бўламан. Агар сиз ушбу гапларимни тасдиқласангиз, сизда ўша шаҳар ҳақида илмул яқийн ҳосил бўлади. Агар биз ўша шаҳарнинг устидан самолётда учиб ўтсак ва уни ўз кўзимиз билан кўрсак, бу кўриш айнул яқийн бўлади. Агар сиз ўша шаҳарга тушиб, у ерда яшаб, кўчаларини айланиб юрсангиз, бу ҳаққул яқийн бўлади. Демак,

 وَعَرَضْنَا جَهَنَّمَ يَوْمَئِذٍ لِلْكَافِرِينَ عَرْضًا 

“У Кунда кофирларга жаҳаннамни намойиш қилурмиз” оятида айтилган намойиш қилиш мўминларга намойиш қилиш каби илмул яқийн ва айнул яқийннинг ўзигина бўлмайди. Балки, бу намойишда кофир кимса дўзахга кириб, унда азобланиб, ҳаққул яқийн ҳам юзага чиқади.



“Тафсийруш Шаъровий”дан 

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбон ойидаги амаллари Муборак Рамазон ойи келишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кутиб олиш давоми...

222028 13:00 / 23 февраль
Жаҳаннам дарвозаларининг номлари Аллоҳ барчамизни ундан асрасинБиринчи дарвоза Жаҳаннам.Иккинчи дарвоза Саъийр.Учинчи дарвоза Лазо.Тўртинчи дарвоза давоми...

7540 08:00 / 07.04.2019
Ҳайвонларга зулмдан қайтариқларАбдуллоҳ розияллоҳу анҳу бундай дейдилар.Бир маҳал мен бир илонни ўлдирмоқчи бўлиб таъқиб этаётган эдим. Абу Лубоба менга .Уни давоми...

1738 11:00 / 11.11.2020
Султон Сулаймон Қонуний эски саройларидан бирини бузиб уни янгидан қурмоқчи бўлди. Мамлакатдаги энг моҳир муҳандисни суриштирди. Унга муҳандисмеъмор Синон бу давоми...

2498 17:00 / 21.11.2021
Аудиолар

135100 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55376 14:35 / 11.08.2021