1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Масжиддаги вақф китоблар

21:07 / 24.04.2016 2914 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Муҳтарам Ҳазрат, 

Бир йилча аввал Сизга сайтдан мурожаат қилиб, савоби марҳумларга аталиб ҳадя сифатида қавм масжидига берилган китоблар номаълум кишилар томонидан олиб кетилиб, қайтариб олиб келинмаганлиги ва бу китоблардан бошқа дарак бўлмаганлигини айтиб ёзган эдим. Ўшанда бу ҳолат такрорланмаслиги учун  китобларни вақф қилиб, уларнинг ичига вақф шартларини билдириб, бу шартлар ичига китоб олиб кетувчиларга қарши ёзув битиб берса жоизми, деган савол билан Сизга мурожаат қилгандим. Бу билан анча олдин ўтган марҳумларимни савобдан маҳрум бўлишларига йўл қўймаслик эди. Сиздан “жоиз” деган жавобни олгач, ўзбек тилида вақф хати битиб, ўзбек тилидаги китобларга бириктириб қўйгандим. Вақф хатини рус тилига ҳам таржима қилган ҳолда русча китоблар ичига ҳам бириктирдим. Аввал масжиддан дом-дараксиз олиб кетилган ва ундан кейин вақфга берилган китобларнинг барчаси Сизнинг китобларингиз эди. 

Шундан сўнг мана бир йил ўтиб бўлди ва китобларнинг бирортаси ҳам йўқолмади. Қавмнинг, ҳатто бу борада ўзини эрклироқ деб билган баъзи ёши улуғларнинг ҳам китобларга муносабати ўзгарди. Китобларни мутолаа қилиш ортиши билан бир қаторда, улар авайлаб ишлатиладиган бўлиб қолди, ичида вақф хати бор китоблар эса ҳали ҳам янгидек турибди. Шу вақф хати бошқаларга ҳам фойда берар, сайтда ёки бошқа ишда қўлланилар, деган ўй билан барча ҳажмдаги китоблар учун ягона қилиб битилган умумий матнни Сизга юборяпман.    

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу.


الرَّحِيمِ بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Муҳаммад Мустафога саловоту дурудлар бўлсин!



Ушбу китоб Аллоҳнинг байти бўлмиш «Авайхон» жомеъ масжидига Аллоҳнинг розилиги учун вакф тарикасида берилиб, савоби вақф эгасининг марҳумларига аталган. Унда қуйидаги шартлар мавжуд:

1. Ушбу сотилмас, мерос қилинмас ва ҳадя қилинмас. Унга валийлик (нозирлик) ҳаққи масжид ходимларида. Ўзи учун фойдаланишда вақф мутаваллийсининг ҳаққи бирламчидир. Вақф валийси (нозири) имом томонидан тайинланади.

2. Масжидда фойдаланишда чегаралаш йўқ. 

3. Муваққат ўзи билан олиб кетишда фойдаланувчи шахс мутаваллий рухсати билангина, ўзини танитиб, фақат маълум сонли кунларга ўзи билан олиб кетиши мумкин. Бунда ҳажмига қараб: 50 бетгача – 2 кунгача, 300 бетгача – 7 кунгача, 300 дан ортиқ бет бўлганда – 10 кунгача олиб кетишга ҳақли, ундан кўп эмас.

4. Муваққат муддат тугаганда фойдаланувчи иккинчи фойдаланувчига бермайди; вақфни мутаваллийга топширади. Кейинги шахс масжиддан сўраб олади.

5. Олиб кетишда бир кишига бир китоб (ёки бир жуз).

6. Агар қайтариб бераётиб, яна масжидга моддий ҳиммат кўрсатса, Аллоҳ унга кенглик берсин, бермаганда ҳам ҳеч бир айбга ўрин йўқ. Дуо қилиш кифоя.

7. Китобга билиб-билмай зарар келтирса, маълум қисмда товонини тўласин. Бундан маблағ тушса, шу китобларни тузатиш, янгисига алмаштириш – масжид ихтиёрида ёки бошқа янги китоб олиш учун ёки масжид рағбати учун ёки имом ва валий ихтиёрлари билан ҳар бир хайрли ишда ишлатилиши мумкин. 

8. Янги шундай китоб олинганда (вақф тушумидан) у вақфга киритилади ва шу шартга тобеъдир. Шарт матни янгисида ҳам жорий қилинади. Вақф маблағидан бошқа мақсадда тасарруф қилиш уларни бу вақфга киритмайди. Кенглик бор, торлик йўқ.

9. Вақф қилувчи ушбу вақф савобининг учдан бирини валийга, масжид ходимларига ва фойдаланувчиларга Аллоҳ йўлида бағишлайди; яъни валий, масжид ходимлари ва бу вақфдан фойдаланган шахс вақф савобидан улушга эгадир. Мазкурлардан фақат дуо сўралади.

Ушбу вақф шахсий маблағдан Аллоҳнинг розилиги ва марҳумларга савоб умидида қилинди. 

«Китоб ўғриси – ўғри эмас» деювчилар айнан энг катта ўғридир!  Бировнинг ҳаққини, бошқаларга аталган илм манбаини, ва демакки хатоларда тузалиш омилини ўғирлаган бўлади. Бировнинг вақфи жамоатга омонат мулк эканлигини билиб туриб, унга хиёнат қилса, гуноҳга ботади. Қиёматда эса ҳар бир зарра савоб учун талашиладиган паллада савобдан қолган вақф эгаси мен, марҳумларим ва у китоб илмидан маҳрум бўлганлар уларнинг хусуматчиси бўлиб қолишимиз мумкин. Шу дунёда ҳам бир балога йўлиқади. Омонатли бўлайлик!

Аллоҳим, омонатлиларнинг ишини Ўзинг ўнглагин, натижасини улар кутганидан ҳам хайрлироқ қилгин! Толиби илмларнинг илмини зиёда қилгин! Бу вақфни ҳар томонлама фойдали қилгин! Омийн!


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Замонасозлик қилиб ўғлимизга сал нобопроқ исм қўйган эканмиз, энди у улғайиб, исмидан ор қиладиган бўлиб қолди. Иннайкейин, болага нима исм қўйилса, бу унинг давоми...

6873 14:26 / 24.04.2016
Исломий фильмларда пайғамбарлар ва саҳобаларнинг ролини ижро этган актёрлар ёки қаттиқ касал бўлиб қолганлари ва ёхуд вафот этганлари ҳақида кўп ўқиганмиз. давоми...

3678 20:34 / 27.04.2016
Ассалому алайкум Оёқ қайилтириб олинганда шишишни олдини олиш очун базилар ёш болаларнинг сийдигини маҳаллий тиббиёт деб қўлланишади. Саволим шундаки мана давоми...

4999 06:30 / 26.08.2018
САВОЛ Биз шуни кўп кузатамизки, ҳажга борган кишиларнинг эҳроми ва вафот этган кишиларнинг кафани ҳам оқ рангда бўлади. Савол шундай Нега кафан ва эҳром оқ давоми...

3334 20:10 / 27.04.2016