1446 йил 17 Рамазон | 2025 йил 17 март, душанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Зулқарнайн қурдирган девор қаерда?

21:06 / 24.04.2016 3887 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръонда: «Искандар Зулқарнайн қурдирган девор қиёматдан олдин чиқади», дейилади. Ўша девор қаерда? Буни ҳозир билиш мумкинми? 

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аввало, Қуръонда мазкур девор – «сад», яъни «тўғон»ни қурган инсон Зулқарнайн экани айтилган, лекин у ерда «Искандар» деган сўз йўқ. Бу, адабиётларда, айрим диний манбаъларда келган тахминий гап, холос. 

Тафсир ва таржималарда «девор» деб таржима қилинган сўз Қуръони Каримда «радм» деб келган. Бу сўз икки нарсанинг орасига қуриладиган, тўғон-тўсиқдан кўра кучли ва каттароқ алоҳида бир иншоот маъносини англатади.

Зулқарнайн деворни ўзи қурган, қурдирган эмас. Уни қуриш чоғида ўша ерда яшайдиган мусулмонларни ҳашарга чақириб, ёрдам сўраган. 

Ўша девор қиёматдан олдин чиқади, деган гапга келсак, девор қиёматдан олдин чиқмайди, балки ўша сад, яъни тўғонни Залқарнайн Аллоҳнинг амри билан Яъжуж-Маъжуж деб аталган ўта бузғунчи қавмларнинг йўлини тўсиш учун қуриб қўйган бўлиб, у Яъжуж-Маъжужни дунёга тарқалишдан тўсиб туради ва қиёмат қоим бўлиши яқинлашганда, унинг аломатларидан бири ўлароқ, тўғон бузилиб, Яъжуж-Маъжужлар ер юзига тарқалади. Девор ўзи чиқмайди. 

Тўғон машриқ тарафда экани Қуръонда зикр қилинган, лекин у машриқнинг қаерида, қайси ўлкасидаю, қайси кенгликда экани ҳақида маълумот йўқ. Одамлар – ўзларича, шунақа нарса бор экан, тўғон бор экан, деган гаплардан хулоса қилиб, ҳар хил тахминларни айтганлар. Жумладан, буюк Хитой деворини ўша тўғон деган хаёлга бориб қолганлар ҳам бор. Лекин бу гап тўғри эмас. Шунингдек, баъзи кишилар уни Хитой ортида, деса, бошқалар Кавказ тоғларида, дейди. Айрим уламолар уни денгиз остида ёки ер қатламларида яширинган бўлиши ҳам мумкин, ахир, тадқиқотлар натижасида кўплаб йўқ бўлиб кетган иншоотлар топилмоқда-ку, дейдилар. Аммо буларнинг барчаси тахминдан ўзга нарса эмас.

Мазкур тўғон ҳозирда мавжуд ва то Аллоҳ таолонинг ваъдаси келиб, Яъжуж-Маъжужлар чиққунича туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида ўша тўғондан бош бармоқ билан кўрсаткич бармоқни ҳалқа қилинганда ҳосил бўладиган оралиқчалик тешик очилганининг хабарини берганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Суф­ёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳидан қуйидагича ривоят қилганлар:


Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолларида: «Ла илаҳа иллаллоҳ, яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжуж радми – тўғонидан мана шунча очилди», деб турдилар ва бош бармоқлари билан кўрсаткич бармоқларини халқа қилиб кўрсатдилар. Мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўла туриб ҳалок бўламизми?» – дедим. У зот:
«Ҳа, агар ёмонлик кўпайса», – дедилар
».

Хулоса қилиб айтганда, тўғоннинг қаердалигини, ҳажмини, қачон бузилиб, унинг ортидан Яъжуж-Маъжужлар чиқишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Иккинчидан, бундай нарсаларни қидириб топиб аниқлашни Аллоҳ таоло бизга амр қилмаган. Уларни билмаслик айб ёки кишининг дунё ва охиратига зарар ҳам эмас. Шу боис, биз бу ҳақда Қуръон ва ҳадисларда келган ҳақиқатни билишнинг ўзи билан кифоялансак, яхши бўлади. Валлоҳу аълам. 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳтарам мажлис аъзоларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида зикр қилинган нажот топувчи фирқа масаласини очиқойдин шарҳ қилиб беришларини давоми...

3131 16:33 / 27.04.2016
САВОЛ Ҳурматли Шайх ҳазратлари сиздан илтимос қуйидаги икки ҳадисни шарҳлаб берсангиз.1. .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кўз ҳақдир, Алуайну ҳаққун, деб давоми...

18260 21:39 / 25.04.2016
СаволШайх ҳазратлари. Рўзадор одам бошидан игна муолажасини олса бўладимиЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Бўлади.

3301 09:05 / 24.10.2017
Обҳаво маълумотини эшитса ва бошқаларга уни етказса, гуноҳ бўладимиЖАВОБ Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймЙўқ, гуноҳ бўлмайди. Обҳаво маълумоти ғайбнинг хабари эмас. давоми...

3593 21:18 / 24.04.2016