1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Тақдир ва кулфат

20:48 / 24.04.2016 3225 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари. Сизга бермоқчи бўлган саволим шундан иборатки, айрим инсонлар бошларига бирор кулфат тушганида дарҳол тақдирдан норози бўла бошлашади. Мана шу нарса тўғрими? Умуман, бу ҳолатга муносабатингизни билмоқчи эдим.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Ақийда китобларида қадар ҳақида бундай дейилган:

Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотларидаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. Қадар ҳақида чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг, яна эҳтиёт бўлинг! Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: 

«У Зот қилган нарсасидан сўралмас. Улар эса сўралурлар», дегандир (Анбиё сураси, 23-оят). Бас, ким «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоний ҳукмини рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур. 

Шарҳ: Қадар – яхшилик ва ёмонликни, мусибат ва раҳматни, хурсандчилик ва хафаликни, ўлим ва ҳаётни, куфр ва иймонни, бойлик ва камбағалликни, ҳидоят ва залолатни ҳамда бошқа ҳамма нарсаларни Аллоҳ томонидан тайин қилишдир. Яъни халойиқ тақдирларининг Аллоҳ томонидан белгиланишидир. Бу тақдирнинг ҳикматини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. 

Қадарга иймон келтириш – инсонга келадиган ҳар бир нарса, борлиқдаги ҳар бир нарса ёки охиратда бўладиган ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдири, илми, иродаси ва белгилаши билан бўлишига иймон келтиришдан иборатдир. 

«Тақдир – Аллоҳ таолонинг махлуқотларидаги сирри» эканининг маъноси: У Зотнинг Ўзигина вужудга келтирган, йўқ қилган, камбағал ёки бой қилган, ўлдирган ва тирилтирган, залолатга ёки ҳидоятга кетказган бўлишидир. 

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Қадар Аллоҳнинг сирридир. Уни кашф қилмаймиз», деганлар. Яъни Аллоҳ таолонинг Ўз халойиқидаги қадарнинг ҳикмати сирдир. Уни фақат Аллоҳ билади. У сирдан муқарраб фариштани ҳам, юборилган набийни ҳам хабардор қилмаган. Бу масалада чуқур кетиш, назар ва баҳс қилиш хорликка сабаб бўлади. Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрумликка сабаб бўлади. Туғёнга, ҳаддан ошишга даража – йўл бўлади. Ҳар бир мўмин бу масала юзасидан тадаббур ва тафаккур қилишда ҳазир бўлиши, қўрқиши лозим. 

Шунингдек, ҳар бир мўмин бу масалада қалбига тушган васвасани даф қилиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло қадарнинг ҳикматини халойиқдан махфий тутгандир. 

«У Зот қилган нарсасидан сў¬ралмас. Улар эса сўралурлар» ояти ила уни фаҳмлашни ирода қилишдан қайтаргандир. Яъни бандалардан улар қилган ишлар ҳақида сўрашга Аллоҳ таолонинг ҳаққи бордир. Аммо бандаларнинг Аллоҳ таоло қилган ишлар ҳақида У Зотдан сўрашга ҳақлари йўқ. Кимки «Аллоҳ бу ишни нима учун қилди?» деб сўраса, Қуръон ҳукмини инкор қилган бўлади. Қуръон ҳукмини инкор қилган одам эса кофирлардан бўлади. 

Аҳли сунна ва жамоанинг ақийдаси – ҳар бир нарса Аллоҳнинг қазою қадари билан бўлишидир. Аллоҳ таоло бандаларининг амалларини халқ қилишидир. 

«У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчисидир, маҳрумлик нарвонидир ва туғён даражасидир», деган жумлани ўрганайлик. «Чуқур кетиш» – бир нарсани талаб қилишда муболағадир. Демак, қадарни талаб қилишда, у ҳақида турли гапларга шўнғишда муболағага кетиш хорликнинг сабачисидир. Яъни Аллоҳнинг нусратидан ва бирор нарсага муваффақ қилишидан маҳрум бўлишдир.

«У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан ҳазир бўлинг, яна ҳазир бўлинг!» дейилгани ҳақида: 

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари у зотнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кўнглимизга биримиз айтишдан қўрқадиган нарсалар келади», дейишди. У зот:

«Ҳақиқатда, шундай нарсани сезяпсизларми?» дедилар. Улар:

«Ҳа», дейишди. Шунда у зот:

«Бу очиқ иймондир», дедилар».

Имом Муслим Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол берилди. 

«У айни иймондир», дедилар».

Демак, шайтон васвасасини даф этишга уриниш ва уни катта иш санаш очиқ иймондир ва иймоннинг ўзгинасидир. Мана шу – саҳоба розияллоҳу анҳум ва тобеъинларнинг тутган йўлларидир.

«Бас, ким «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур», дейилгани тўғрисида:

Билингки, бандаликнинг ҳамда Аллоҳга, Унинг китобларига ва пайғамбарларига иймон келтиришнинг асоси таслим бўлишдир ҳамда буйруқлар, қайтаришлар ва шариат ҳукмлари ҳикмати тафсилотлари ҳақида сўрамасликдадир. 

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳеч бир пайғамбарнинг уммати Унга иймон келтирганидан кейин, ўша шариатнинг ҳикматлари ҳақида савол берганини айтмаган. Агар шундай қилганларида, пайғамбарларига иймон келтирмаган бўлур эдилар. 

Далил: 

1. «Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик» (Қамар сураси, 49-оят).

2. «Ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир» (Фурқон сураси, 2-оят).

3. «Бу ўта иззатли, ўта билувчи Зотнинг ўлчовидир» (Фуссилат сураси, 12-оят).

4. «Агар хоҳлаганимизда, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини берар эдик. Лекин Мендан «Албатта, жаҳаннамни жинлар ва одамларни жамлаб, тўлдирурман», деган сўз ҳақ бўлди» (Сажда сураси, 13-оят). 

5. «Агар Роббинг хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг барчаси иймонга келар эдилар» (Юнус сураси, 99-оят).

6. «Оламларнинг Робби Аллоҳ хоҳласагина, сизлар хоҳлайсизлар» (Таквир сураси, 29-оят).

7. «Аллоҳ кимни хоҳласа, адаштирур ва кимни хоҳласа, тўғри йўлда барқарор қилиб қўядир» (Анъом сураси, 39-оят).

8. «Аллоҳ кимни ҳидоят қилмоқни ирода қилса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек тор ва танг қилиб қўядир» (Анъом сураси, 125-оят). 

«Ақийдатут Таҳовия» китобида шундай дейилган:

Ушбу – Аллоҳ таолонинг дўстларидан қалби мунаввар бўлган кимсалар муҳтож бўладиган нарсалар жумласидир. Бу илмда мустаҳкам бўлганлар даражасидир. Чунки илм икки хилдир. Бири – халойиқдаги мавжуд илм. Иккинчиси – халойиқда йўқ илм. Бас, мавжуд илмни инкор қилиш куфрдир. Йўқ илмни даъво қилиш ҳам куфрдир. Иймон фақатгина мавжуд илмни қабул қилиш ва йўқ илм талабини тарк қилиш билан собит бўлади. 

Шарҳ: «Ушбу» – шариатда, эътиқодда амал қилиши вожиб бўлган мазкур нарсаларга ишорадир. 

«Бу илмда мустаҳкам бўлганлар даражасидир», дегани, Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсаларни умумий ва тафсилий, мусбат ва манфий равишда билишдир. 

«Йўқ илм»дан мурод, Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан махфий тутган, унинг талаб ва ҳосил қилишдан қайтарган қадар илмдир. 

«Мавжуд илм»дан мурод, шариатнинг асли ва фаръига тегишли илмдир. 

Бас, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсалардан бирор нарсани инкор қилса, кофирлардан бўлади. Ким ғайб илмини даъво қилса, кофирлардан бўлади. 

Далил: 

1. «У ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмас» (Жин сураси, 26-оят). 

2. «Албатта, Соат илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир» (Луқмон сураси, 34-оят). 

Бизнинг Аллоҳ таолонинг тақдирини ва махлуқотларидаги ҳикматини билмаслигимиз ўша ишда тақдир ва ҳикмат йўқдир, дегани эмас. Бизнинг кўзимизга фақат зарарли бўлиб кўринган илон, чаён, сичқон, ҳашорат ва бошқа озор берувчи нарсаларда Аллоҳнинг махфий ҳикмати борлигини билмайсизми? Ушбу махфийлик ўша нарсаларнинг ёки уларни халқ қилиш ҳикматининг йўқлиги эмас-ку! Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ота ўз боласидан кечсаю, бола отанинг олдига ялиниб борса, лекин ота кечирмаса, бу ҳолда нима қилса бўладиЖАВОБ Ота ўз боласидан қай тарзда кечгани бу ерда муҳим давоми...

3658 15:34 / 24.04.2016
Ассалому алайкум Нафс нима ўзи Аллоҳ таоло нафсни нима учун яратди.Зикр аҳлидан сўранг, ҳайъатиndash Ва алайкум ассалом Нафс десак, аввало инсонни гуноҳу маъсиятга давоми...

5807 11:30 / 28.11.2021
Ассалому алайкум Мен бу саволимга жавоб олишдан анчадан бери қўрқиб юрардим лекин бермасам бўлмайди. Ота онам отинг ўчгур совет пайти турмуш қуришганда улар давоми...

2330 13:06 / 11.07.2019
САВОЛ Ассалому алайкум Тафсир китобини таҳоратсиз ўқиш дурустми Жавоб учун олдиндан раҳмат ЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Машҳур ҳанафий фиқҳ китобларидан давоми...

3189 16:36 / 27.04.2016