1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

“Қорача”лар “хўжа”лардан қиз олса бўладими?

15:52 / 24.04.2016 4122 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқимизда азалдан “қорача” ва “хўжа” дегандай авлодлар фарқланади. Илтимос, менга улар орасидаги қуда-андачилик масаласини ёритиб берсангиз, фақат аниқ далилларга асосланиб. Яъни қиз бериш ва қиз олиш масаласида бу нарсага эътибор бериш керакми?

ЖАВОБ:  Олдинги савол-жавобларда ҳам айтганимиздай, шариатда бу каби гаплар йўқ. Одам болалари орасидаги тенгликнинг бузилишига сабаб бўладиган нарсалардан бири – баъзи кишиларнинг ўз насаблари, ота-боболари, она-момоларининг ўтмиши ила фахрланишидир. Менинг отам фалончи ўтган, сенинг отанг ким бўлибди, деб даъво қилиш бундай фахрланишнинг энг оддий  кўринишидир.

Насаб ва ҳасаб билан, ўзининг ўтган ота-боболари билан фахрланиб бошқаларни ерга уриш, уларни ҳақоратлаш ҳамма вақтларда, ҳамма юртларда бўлиб келган ва ҳозиргача ҳам келмоқда. Бу нотўғри ўлчов ўликлар ҳисобидан тириклар ўртасида тенгликнинг бузилишига сабаб бўладиган нарсадир. 

Насаб ва ҳасаб олий бўлгани яхши. Лекин насаб ва ҳасабни ўтган қариндошларнинг хислатини, ундан кейин келган шахслар қийматни ўлчайдиган мезон қилиб олиш нотўғридир. Бир киши ўзи ҳеч нарса қилмай туриб, ота-боболарининг казо-казо бўлганлари учунгина қадр-қиймат топиши, бошқалардан ўзини устун қўйиши, имтиёзли саналиши ва ўзгаларга паст назар билан қараши, уларни ҳақир санаши исломий ўлчовга мутлақо тўғри келмайди. 

Насабу ҳасаб билан фахрланиш бошқа халқлардан ҳам кўра арабларда қаттиқ авж олган эди. Улар арабларни бошқа халқлардан кўра олий насабли ҳисоблаганлари ҳам етмаганидек, араб қабилалари ичида, қабилалардаги уруғлар ичида ҳам насаб суриштирар, бирларини устун қўйишиб, бошқаларни паст санашар эди.

Ислом насаби ва ҳасаби бўйича одамлар орасида тенгсизликка йўл қўйишга ҳам ўзининг инсонпарварлик ғоялари асосида қарши чиқди ва бундай нотўғри ишни йўқ қилиш учун кураш бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Албатта, Аллоҳ сиздан жоҳилиятнинг киборлигини ва ота-боболар билан ўзини катта тутишни кетказди. Инсонлар Одам болаларидир, Одам эса тупроқдандир», дедилар. 

Демак, ким насаби ила киборлик қилса, ўзида ҳеч нарса йўқ бўлатуриб ота-бобоси ила фахрланса, жоҳилиятнинг ишини қилган бўлади. Насаби қанчалар олий бўлмасин, ота-боболари қанчалик улуғ бўлмасинлар, кишининг ўзида бир нарса бўлмаса фойдаси йўқ. Ҳар ким ўзи яхши хислатларга эга бўлиши керак, ҳар ким ўзи амал қилиши керак.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан: «Эй Бани Абдулмутталиб, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Албатта, мен сизларга зарар ёки фойда келтиришга молик эмасман. Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима, ўзингни дўзахдан қутқар! Албатта, мен сенга зарар ёки фойда келтиришга молик эмасман», деганлар.

Аллоҳнинг энг севимли ва охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг яқин қариндошларига, ўз жигаргўшалари-қизларига насаб  йўли билан бирор фойда бера олмасалар, у ёғини тушуниб олавериш керак. 

Ҳа, ҳар ким нимага эришадиган бўлса, ўз амали билан эришади. Ўтиб кетган шахслардаги хислатлар туфайли биров кўкларга кўтарилиб, бошқалар ерга урилмайди. Барча баробар Аллоҳнинг бандаси, Одамнинг боласи. Бу борада халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг: «Кимнинг амали камлик қилса, уни насаби тезлата олмайди», деган гаплари қоида ўрнига ўтиб қолган.

Шу тариқа, Ислом одамларни насабу-ҳасабга эмас, ўз амалига қараб, ўз шахсига қараб баҳоланиши зарурлигига аста-секин ўргатиб борди. Гоҳида эски одат ҳам ўзини кўрсатиб қолса, дарҳол мусулмонлар бир-бирини огоҳлантиришар, ўзларига келишар эдилар. 

Бир куни саҳобалар гаплашиб ўтириб, ўтганларни эслаб қолишди. Гап ўз-ўзидан ота-боболарга бориб тақалди. Ўтирганлар менинг отам ундоқ бўлган эди, бобом бундоқ бўлган экан, деб ота-боболари ила фахрлана бошлашди. Мен фалончининг ўғлиман, дейишга ўтишди. Навбат асли араб бўлмаган саҳобийлардан бирига келганда у киши “мен Ислом ўғлиман”, деди. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб, мен ҳам Ислом ўғлиман, деб йиғлаб юборди. Мажлисда ўтирганлар бирдан ўзларига келиб, Умар розияллоҳу анҳуга қўшилиб йиғлашди ва ўзларидан ўтган нуқсонга афсус қилишди.

Араб қабилалари қиз беришдан олдин ҳам роса насабу ҳасабини суриштиришар эди. Ўз оиласига тенг насабга эга бўлмаган кишига қиз беришмас эди. Бу эса насаб асосида айирмачилик қилиш, кишиларни камситиш, сен бизга тенг эмассан, дейишнинг кенг тарқалган тури эди. Шунинг учун Ислом бу муаммога ҳам алоҳида эътибор берди.

Имом Абу Довуд ва Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Абу Ҳинд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан қон олди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: эй Бани Баёза, Абу Ҳиндга қиз беринглар, ундан қиз олинглар», дедилар. 

Бани Баёза аслзода араб қабиласи эди. Абу Ҳинд эса, уларнинг озод қилган қули бўлиб, қон олувчилик қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги амрни эшитиб, Бани баёзаликлар ҳайратга тушишди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб қизларимизни озод қилган қулларимизга берамиз?!», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй одамлар! Албатта, биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилигингиз энг тақволигингиздир» оятини (Ҳужурот, 13-оят) нозил қилди. 

Демак, одамларни улар мансуб бўлган халқ, қабила, насаб-ҳасаб асосида фарқлаш, яхши-ёмон дейиш дуруст эмас. Шундан сўнг бу ҳукмга мусулмонлар оғишмай амал қила бошлашди. Ҳабашистонлик собиқ қора қул Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу энг мансуб аёлга, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудек улкан саҳобийнинг синглисига уйланди. Бошқа бир Қурайш қабиласилик аёл Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога аслзода араблардан Абу Жаҳм ва Муовия розияллоҳу анҳулар совчилик қилган бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни собиқ қулнинг ўғли, қора танли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумога эрга тегишни тавсия қилдилар.

Ибн Саъд ривоят қилишларича, Билол розияллоҳу анҳу укаси билан бир араб қабиласига совчи бўлиб бориб: «Мен – Билолман, манави укам Абдон, Ҳабашистонданмиз. Залолатда эдик, Аллоҳ ҳидоят қилди. Қул эдик, Аллоҳ озод қилди. Агар қиз берсангиз Алҳамдулиллаҳ, бермасангиз Аллоҳу акбар!», деган. Шунда ҳалиги араблар: “Сен акаси бўлганингдан кейин албатта унга қиз берамиз-да”, дейишган (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзига боғлиқ бўлмаган нарсага боғлаб туриб талоқ қўйса, талоқ тушадими Масалан, .Бугун .Бунёдкор, ютқазса, хотиним талоқ бўлсин,, деса Жавобингиз учун олдиндан давоми...

3604 14:24 / 24.05.2016
Савол Ассаламу алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Итернет орқали таълим олиш ҳақида эшитиб жудаям хурсанд бўлдик. Инша Аллоҳ яқин кунлар ичида бу ишларни ҳам йўлга давоми...

3208 21:06 / 21.05.2016
Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Мен анчадан бери чет юртларда оила боқиш мақсадида юраман. Лекин илм масаласида ортда қолиб кетяпман, уйда кам муддат давоми...

2730 21:00 / 24.04.2016
САВОЛ Шайх жаноблари, биз мусулмонлар тасбеҳни кўп ишлатамиз. Унинг тарихи ва келиб чиқиши ҳақида билишни хоҳлар эдик.ЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Ҳозирда давоми...

4162 20:22 / 27.04.2016