1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Қандай йўл тутишим керак?

15:51 / 24.04.2016 3702 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги пайтга келиб номаҳрам эркаклар ва аёллар ҳамма жойда аралашиб, бир-бирлари билан ўзаро мулоқотга киришиб юришибди. Кўпинча мен ҳам хизмат юзасидан баъзи аёллар билан муносабат ўрнатишимга, улар билан иш юзасидан гаплашишимга тўғри келади. Шундай пайтда бу ишим гуноҳ бўлмасмикин, деб ўйланиб қоламан. Эркак ва аёл орасидаги муносабатлар шариат талабларига мувофиқ бўлиши учун қандай йўл тутишим керак?

ЖАВОБ: Ислом шариатига кўра, бегона аёл билан холи қолиш ва унга назар солиш ҳаромдир.  Аллоҳ таоло: «Мўминларга айтгин: кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар, мана шу улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларидан ўта хабардордир. Ва мўминаларга айтгин; кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар» деган. (Нур, 30-31)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин эркакларга номаҳрам аёлларга назар солиш ҳаром экани, шунингдек фаржларини ҳаромдан тийишлари ва бировдан беркитишлари зарурлигини баён қилмоқда. Бошқа ҳукмларда умумий хитоб эркак ва аёлларга бир хил бўлиб ишлатилаверади, аммо номаҳрам эркак ва аёлларнинг орасидаги муносабат ўта нозик бўлганидан Аллоҳ таоло бир оятнинг ўзида, бир хил масалада эркакларга алоҳида, аёлларга алоҳида хитоб қилмоқда.

Мўмина аёллар ҳам кўзларини номаҳрам эркаклардан тийишлари, фаржларини сақлашлари ва авратларини номаҳрам назарлардан беркитиб юришлари лозим. Бу масалага аврат баёнида алоҳида тўхталиб ўтилган, шунинг учун такрорлашнинг ҳожати йўқ.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг олдига киришдан ҳазир бўлинг!», дедилар. Шунда бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндошига нима дейсиз?», деди. «Эрнинг қариндоши ўлимдир», дедилар у зот» (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркакларни аёллар олдига киришдан ман қилмоқдалар. Чунки, бу жуда хатарли ишдир. Ҳеч ким йўқ жойда бир аёл билан бир эркакнинг холи қолиши ўз навбатида ношаръий, ҳаром ишга олиб келади. Ҳеч бўлмаганда шубҳага, ёмон фикр туғилишига олиб келади. Фараз қилайлик, бир аёл ўз уйида ёлғиз ўтирибди. Эшикдан бир номаҳрам эркак чақириб келди. Ичкарига кирди. Мазкур аёлдан бошқа ҳеч ким йўқлигини билди. Шу пайт икковини ҳам шайтон васваса қилиши, зинога бошлаши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатлар ҳаётда тез-тез бўлиб туришини ҳамма яхши билади. Зинонинг кўпчилик ҳолатлари айни бегона эркак ва аёлнинг бир жойда холи қолишидан бошланиши ҳеч кимга сир эмас. Баъзи бирлар даъво қилганидек, холи қолган эркак ва аёл очиқ кўнгил билан «дўстона» гаплашиб ўтиришди ҳам, дейлик. Нимани гаплашишади? Шу пайт хотиннинг эри, эркакнинг хотини келиб қолса, уларни дўстона гаплашиб ўтиришибди, деб ўйлайдими? Умуман бошқа бир одам, қўни-қўшни кўриб қолса-чи?

Баъзи кишилар “эрнинг қариндошлари келиб-кетиб туришади, зарурат юзасидан ҳеч ким йўғида хотин олдига кирса нима бўлибди”, дейишади. Саҳобаи киромлар худди шу саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам сўрашган экан. У зот бу иш ўлим билан баробарлиги ҳақида хабар берибдилар. Яъни, шунчалик хатарли иш, дебдилар. Чунки бу нарса бегона эркакдан бепарволикка сабаб бўлади. Мазкур эътиборсизлик оқибатида эса, ҳаром иш содир бўлиши ҳеч гап эмас. Акасининг хотини билан зинода қўлга тушган укалар оз эмас. Шунга ўхшаш бошқа номаҳрам қариндошлар ҳам. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор ушбу ҳадиси шарифга хилоф қилмаслик керак. Бунинг учун кимнингдир бу шаръий амрни тарк этгани туфайли зино қилиб қўйгани ёки шубҳага қолиб, бир оила бузилган бўлиши шарт эмас. Шариатда бир ҳукм жорий бўлганми, мўмин-мусулмон киши суриштириб ўтирмай унга амал қилавериши лозим.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри ғойиб (олдида бўлмаган) аёллар олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қон йўлида юради», дедилар. Биз у зотга: «Сизда ҳамми?» дедик. «Менда ҳам. Лекин Аллоҳ ёрдам бериб, мен саломат қолганман», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). 

Эри узоқда бўлган, ёлғиз аёлнинг олдига бегона эркакнинг кириши шайтоннинг васвасасига йўл очиши турган гап. Бундай пайтларда ҳар қандай эркак, ҳар қандай аёл ҳам шайтоннинг васвасасидан қутилиб қолиши амри маҳол. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳолларича бу нарсадан қутилмаган эканлар. Аллоҳ таоло у зотга махсус ёрдам бериб, алоҳида равишда сақлаб қолган экан. Бу – пайғамбарлик масъулиятидир. Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни, шу жумладан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам шайтон васвасасига учишдан, гуноҳ содир этишдан ўзи сақлаган. 

Шундай бўлганидан кейин, ҳеч ким бепарво бўлиши керак эмас. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма бу масалада ўзини сақлаши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир эркак зинҳор бир аёл билан холи қолмасин! Агар шундай бўлса, учинчилари шайтон бўлур», дедилар (Имом Термизий ривоят қилган). 

 Қуйидаги ҳадиси шариф олдинги ҳадислардаги маънони яна ҳам очиқроқ таъкидлаб келмоқда. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак киши зинҳор аёл билан холи қолмасин. Фақат маҳрам билан бўлса майли», дедилар. Шунда бир киши туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотиним ҳажга чиқди. Мен эса фалон ғазотга қатнашмоқчиман?» деди. «Сен қайт! Хотининг билан бирга ҳаж қил!», дедилар у зот (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган). 

 Мўмина-муслима аёл бегона эркак бор жойда фақат ўз маҳрами ҳамроҳлигидагина бўлиши мумкин. Бундан бошқа иш тутиш шариатга хилофдир. Бу нарса турли ноқулайликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг савол берган одам жиҳодни тарк қилиб, хотинига маҳрам бўлиб ҳажга боришга амр қилишлари бу ишнинг аҳамияти қанчалик муҳим эканини кўрсатиб турибди. Аллоҳнинг йўлида ғазот қилиш фарз, аммо хотинини маҳрамсиз қўймаслик ҳам бундан қолишмас экан. Кўпгина мусулмон юртларда бу шаръий ҳукмни эркаклар ҳам, аёллар ҳам жуда яхши тушунишади, бунга оғишмай амал қилишади. Аммо, минг афсуски, баъзи бир ўлкаларда бу муҳим нарсадан умуман бехабарлар ёки хабарлари бўлса ҳам амал қилишмайди. Шариатнинг ушбу ҳукмини тарк қилиш оқибатида эса, мусулмонлар бошига кўпгина мусибатлар етмоқда. Турмуш кўрмаган қизлар бузилиб, ҳаром йўлга кириб кетиши, ношаръий бола туғиши, оилалик аёл-эрларнинг оилалари бузилиши, жамиятдаги ҳаром-ҳариш ишлар ва ўзаро ишончсизликлар мазкур мусибатларнинг бир томони, холос.

Муслимнинг ривоятида: «Огоҳ бўлинглар! Ҳеч бир эркак жувон  бор жойда ётиб қолмасин. Фақат эри ёки маҳрами бўлса майли», дейилган.

Жувонни шунчалик эҳтиёт қилинганидан кейин қизлар бундан ҳам ортиқ  эҳтиёт қилинади. Тунда бегона эркак ва аёлнинг бир жойда ётиб қолишлари нималарга олиб келиши сир эмас.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида уйда хотинчалиш одам бор эди. Ўша хотинчалиш Умму Саламанинг укаси Абудуллоҳ ибн Умайяга: «Агар эртага Аллоҳ сизларга Тоифни фатҳ этса, сенга Бинти Ғайлонни кўрсатиб қўяман. ўзиям олдидан тўртта, ортидан саккизта бақ-бақаси ила келади-да!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олдиларингизга манави ҳеч-ҳеч кирмасин!», дедилар».

Баъзи пайтларда хотинчалиш одамларнинг аёллар билан бўлишига бепарво қаралади. Нима қилибди, унинг ўзи хотин киши бўлишига сал қолган одам-ку, дейилади. Ушбу ҳадиси шарифдан бундай қилиш мутлақо нотўғри эканини билиб олмоқдамиз. Умму Салама онамизнинг ҳужраларига у кишининг укалари Абдуллоҳ ибн Умайя розияллоҳу анҳу билан бирга кирган хотинчалиш одамнинг тасарруфотлари шуни кўрсатди. Гапнинг боришига қараганда, ўша куннинг эртасига мусулмонлар Тоифни фатҳ қилишлари кутилар эди. Ҳалиги хотинчалиш хотин-қизларнинг ичига кириб-чиқиб юриб, уларнинг ҳусни-жамолларига, шакли-шамойилларига зимдан разм солиб юрар экан. У Тоиф аҳлидан бўлган Ғайлон ибн Салама ибн Моликнинг Бодия исмли гўзал, бўлиқ қизини ҳам кўрган, унинг ҳусни жамоли, қадди-қоматининг тафсилотларигача яхши билар экан. Абдуллоҳ ибн Абу Умайя розияллоҳу анҳуга ўша Бодия бинти Ғайлонни васф қилиб турганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолибдилар. Ушбу ривоятдаги одам Бодия бўлиқ қиз бўлиб, қорнида бақ-бақалари борлиги, олд тарафидан қаралса тўртта, орт тарафидан қаралса саккизта бўлиб кўринишини айтган. Бошқа ривоятларда келишича, у бундан кўра беҳаё васфларни ҳам қилган. Демак, хотинчалишларнинг мўмина-муслима аёлларнинг ичларига кириб юришларида катта бузғунчилик бор. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига хитоб қилиб: «Олдиларингизга манави ҳеч-ҳеч кирмасин!» дедилар».

Ҳаммамиз ушбу амрга итоат этишимиз лозим. Аввало аёл-қизларимиз хотинчалишларни ўзлари билан аралаш-қуралаш бўлиб юришларига йўл қўймасинлар. Энг муҳими, эркаклар бу ишга жиддий қарасинлар.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши аёл киши билан бирга ётмасин, яна эрига уни васф қилиб, эр ўша аёлга назар солгандек бўлмасин», дедилар» (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).

 Ислом жамияти тўлалигича пок жамиятдир. Унда ҳаром-хариш жинсий алоқалар бўлмаганидек, бундай ношаръий алоқаларга олиб борувчи бузуқ, беодоб ва ноўрин васфлар, гап-сўзлар ҳам бўлмаслиги лозим. Аёл киши аёл кишидан қочмайди. Лекин жуда ҳам бепарво бўлиб кетмаслик керак. Ушбу ҳадиси шарифда икки аёл бир-бирига баданини тегизиб бирга ётмаслиги, қип-яланғоч ҳолда кўринмаслиги лозимлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга бу амрнинг сабаби ҳам айтиб ўтилмоқда. ўша аёллардан бири ўз эрига иккинчисининг ўзи кўрган васфларини айтиб бериши мумкин. Натижада, агар васф қилинган аёл гўзал ва келишган бўлса, эркакнинг кўнгли бузилиши, ўша аёлнинг висолини орзу қилиб, унга етишиш йўлларини ахтариб қолиши мумкин. Аксинча, васф қилинган аёл хунук, айбдор бўлса, бировни ғийбат қилиб гуноҳкор бўлинади. Бу эса, энг кичик зарардир.

Хотинлар ичида қўшмачиликни ўзига касб қилиб олганлар ҳам йўқ эмас. Бу эса, мислсиз зарарларга сабаб бўлиши сир эмас. Шунинг учун жинсий тарбия борасида қиз-аёлларнинг ушбу ҳолатига алоҳида эҳтибор бериш лозим.

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсатдан назар тушиб қолиши ҳақида сўрадим. У зот: “Кўзингни бошқа томонга бур”, дедилар» (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).

 Номаҳрам шахсга қасддан, шаҳват назари билан кўз тикиш ҳаромдир. Аммо, бехос назар тушиб қолиши гуноҳ ҳисобланмайди. Аммо, ушбу ҳадиси шарифда баён қилинганидек, дарҳол кўзни бошқа томонга буриб олиш шарти билан. Мўмин-мусулмон кишилар бу ҳукмни ҳеч қачон унутмасликлари лозим.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундай эмас, дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Биринчи назар номаҳрамга тўсатдан тушгани учун зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни бехос, тўсатдан деб бўлмайди, буниси қасддан бўлади ва гуноҳ ҳисобланади.

Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан сақлаш учун келгандир. Ислом шариати ҳукми бўйича эркак киши аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу хиёнат саналади. Уйланмоқчи бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин, гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Ўз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо, бировнинг хотинига ёки бировнинг хотини бўладиган шахсга шаҳват назари билан қарамасин. Агар зино содир бўлмаган чоғда ҳам кўз зиноси бўлади, хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар номаҳрам назарлардан ўзларини сақласинлар, аёл-қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилмасинлар (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссаламу алайкум .Мўминнинг меърожи, китобининг 25бетида .ТИЛЛА ВА КУМУШ ИДИШДА ОВҚАТ ЕЙИШ ҲАРОМ, ёзувини ўқидим. Шуни кенгроқ шарҳлаб бера олсизларми Кичик, давоми...

5481 20:32 / 13.05.2017
Ассалому алайкум Минг бор узр, агар бу савол қайтарилган бўлса, тополмадим. Умра зиёратида, сочни калга олдиришади, лекин мен оддийгина калталатганман. Яқинда яна давоми...

2660 07:24 / 23.10.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмон кишига етадиган ҳар бир мусибат, ҳатто баданига кирган тикан ҳам унинг гуноҳига каффорот бўлади,, деганлар. Бу давоми...

2903 21:18 / 24.04.2016
САВОЛ Ҳозирги кунда болалар туғилганида улар билан қўшилиб тушадиган йўлдошдан, яна шунга ўхшаш ҳомилани олдириб ташлаш пайтида чиқадиган чиқиндилардан дорилар давоми...

2976 18:47 / 26.04.2016