1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

ЭЪТИКОФ

05:00 / 11.01.2017 15607 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эътикоф» луғатда ушлаб қолиш, туриб қолиш ва лозим тутиш маъноларини ифода қилади. Шариятда эса «Рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф нияти ила қолишидир». Аллоҳ таоло: «Ва у(аёл)ларга масжидларда эътикоф ўтирганингизда яқинлик қилманг», деган (Бақара: 187). Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига ушбу оят далилдир. Бу оятда эътикоф ўтирган шахс ўз жуфти ҳалоли ила жинсий яқинлик қилмаслиги кераклигига ва эътикоф ибодати масжидда бўлишига ҳам далил бор.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот этдиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди». Бешовлари ривоят қилган.

Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади;
1. Вожиб.
Бунга назр қилинган эътикоф киради.
2. Суннати муаккада.
Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.
3. Мустаҳаб.
Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.
Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узулишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.
Унинг ози бир кундир.
Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи «эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади» деганлар ва шунга фатво берилган.
Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради.
Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлганга ўхшаб.
Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди.
Инсон ҳожатлари деганда катта ва кичик таҳорат ушатиш, нажосатни кетказиш ва жунубликдан ғусл қилиш каби ишлар кўзда тутилади. Мазкур ишларни қилиб бўлиши билан дарҳол эътикоф ўтирган жойига қайтади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар инсон ҳожатидан бошқа нарса учун уйга кирмас эдилар». Молик ривоят қилган.
Жумага заволдан кейин боради.
Боргандан кейин суннатни ўқиб олишга етадиган вақт бўлиши учун. Бу жума ўқиладиган жомеъ масжидга яқин ерда эътикоф ўтирган одам учун.
Кимнинг манзили узоқ бўлса, суннатларни ўқиб жумага бемалол эришадиган вақтни чамалаб боради.
Яъни, жума бошлангунча унинг фарздан аввалги тўрт ракъат суннатини ўқиб оладиган вақт ҳам бўлишини ҳисобини қилиши лозим бўлади.
Икки ийд намозига бориши ҳам худди жумага боришга ўхшайди.
Шунинг учун жума ўқиладиган масжидда эътикоф ўтириш афзал деган уламоларимиз.
Жомеъ масжидда мазкур муддатдан кўпроқ туриб қолса ҳам эътикофи бузилмайди. 
Чунки бу масжид ҳам аслида эътикоф еридир.
Шунингдек, масжид йиқилгани, жамоат тарқалиб кетгани, золимнинг мажбуран чиқариб юборгани, жиноятчиларнинг жонга ёки молга таҳдид солгани учун чиқиш ила эътикоф бузилмайди. Бошқа ерга бориб эътикофини давом этдираверади.
Агар узрсиз маълум вақтга чиқса эътикофи бузилади.
Шунингдек, ғарқ бўлаётган ёки ёнаётган нарсани қутқариш каби нодир ишлар учун, бемор кўриш, жанозада қатнашиш, гувоҳлик бериш каби ишлар учун чиқса ҳам эътикофи бузилади ва қазо лозим бўлади.
У эътикоф ўтирган масжидида еб – ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан олди – сотди қилиши мумкин. Бошқа кишига бу ишларни масжидда қилиш мумкин эмас.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирганларидан шундоқ қилганлар ва бу ҳожатларни масжиддан чиқмасдан чиқариш мумкин.
Аммо эътикоф ўтирмаган одам мазкур ишларни масжидда қилиши мумкин эмас.
Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.
Амр Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтишдан, олди-сотди ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан наҳий қилдилар». Термизий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилган.
У жим ўтирмайди. Фақатгина хайрли нарсаларни гапиради. 
Эътикоф ўтирган одам оғзига мум солингандек жим ўтириши мумкин эмас. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Балки эътикофдаги киши, намоз ўқиш тиловат, зикр, ҳадис ўқиш, илм ўрганиш, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ва бошқа пайғамбарларнинг сийратларини, аҳли солиҳларнинг ҳақидаги хабарларни ўрганиш билан машғул бўлади.
Агар кечаси ёки унутиб бўлса ҳам жинсий алоқа қилиш эътикофни бузади. Шунингдек, фарждан бошқа ерга жинсий алоқа қилиш, ўпиш, ушлаш туфайли маний нозил қилса ҳам эътикоф бузилади. 
Чунки эътикоф ҳам худди намоздек нарса. Мазкур нарсаларнинг барчаси намозни бузади.
Аммо нозил қилмаса, мазкур ишлар ўзи ҳаром бўлса ҳам эътикоф бузилмайди.
Чунки бу нарсалар жинсий алоқага олиб борадиган нарсалардир. Аммо уларда жинсий алоқанинг маъноси йўқ.
Аёл киши уйида эътикоф ўтиради.
Яъни, уйидаги намоз ўқийдиган ерида. Чунки аёл киши учун энг қулай жой ўшадир.
Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунларнинг кечаларини ҳам ўтириш лозим бўлади.
Шунингдек, бир неча кеча эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кечаларнинг кундузларини ҳам ўтириш лозим бўлади.
Бунда шарт қилмаган бўлса ҳам кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради. Наҳорнинг ўзини ният қилиш жоиз.

ЭЪТИКОФ ҲАҚИДА (Ҳадис ва Ҳаёт-9)

Шарҳ: «Эътикоф» луғатда ушлаб қолиш, туриб қолиш ва лозим тутиш маъноларини ифода қилади.
Шариятда эса: «Пок шахснинг масжидда эътикоф нияти ила қолишига» айтилади.
Ушбу фаслда ана шу ибодат ҳақида сўз кетади.
Аллоҳ таоло: «Иккингиз байтимни тавоф қилувчилар, эътикоф ўтирувчилар ва рукуъ сужуд қилувчилар учун покланг»-деб»-деган.
Шарҳ: «Бақара» сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларга берган амри ҳақида хабар бермоқда. Байтуллоҳни бир неча тоифа ибодат қилувчилар учун поклашларини лозимлигини айтганининг хабарини бермоқда. Ана ўша ибодат қилувчи тоифалар ичида эътикоф ўтирувчилар ҳам зикр қилинмоқда.
Демак, эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодатдир.
Демак, эътикоф Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан, қадим замонлардан буён бор ибодатдир.
Яна Аллоҳ таоло: «Ва у(аёл)ларга масжидларда эътикоф ўтирганингизда яқинлик қилманг»-деган.
Шарҳ: Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига яна бир далил. Ушбу оятда эътикоф ўтирган шахс ўз жуфти ҳалоли ила жинсий яқинлик қилмаслиги кераклигига ва эътикоф ибодати масжидда бўлишига ҳам далил бор.

–Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот этдиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, У зотдан кейин завжалари ўтиришди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан ўтгунларича ҳар йили Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришни канда қилмаганлари ҳақида сўз кетмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари, оналаримиз ҳам У кишидан кейин вақтда эътикоф ўтиришни канда қилмаган эканлар.
Демак, бошқа мусулмонлар ҳам савоб умидида эътикоф ўтиришлари фазийлатдир.

–Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар». Бухорий ва Абу Давуд ривоят қилган.
Шарҳ: Чунки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умри шарифлари охирлаб қолганини сезиб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга ўтган эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари шунга ўхшаш ишларни кўп қилганлари маълум ва машҳур. Жумладан, ҳар Рамазонда Жиброил алайҳиссаломдан Қуръони Каримни бир марта ўтказиб олиш одатлари бор эди. Вафот этадиган йиллари икки мар та ўтказиб олганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишларида қариб қолган кишиларга катта ўрнак бор.

–Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтиришни ирода қилсалар, Бомдодни ўқиб эътикоф жойига кирар эдилар. У зот капа қуришга амр қилдилир. Бас қурилди. Рамазоннинг охирги ўнлигида эътикофни ирода қилган эдилар. Бас, Зайнаб ҳам ўзига капа қуришга амр қилди. У қурилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан бошқа завжалари ҳам ўзига капа қуришга амр қилдилар ва қурилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдодни ўқиб бўлгандан сўнг назар солдилар... бирдан капаларни кўрдилар ва: «Яхшиликни ирода қиляптиларми?»-дедилар. Сўнг амр қилиб ўз капаларини йиғиштирдилар ва Рамазон да эътикоф ўтиришни тарк этдилар. Кейин Шавволнинг биринчи ўн кунлигида этикоф ўтирдилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирмоқчи бўлганларида масжидлари ичига кичик капа қурдирар эдилар.
Бир йили, бошқа ривоятларда айтилишича, Оиша онамиз ҳам У киши эътикоф ўтирганда, эътикоф ўтирмоқчи бўлибдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўраган эканлар, изн берибдилар. Сўнг Ҳафса онамиз ҳам Оиша онамиз орқали изн сўраган эканлар у кишига ҳам изн берибдилар. Ҳафса онамиз ҳам ўзларига капа қурдирибдилар. Зайнаб бинти Жаҳш онамиз ҳам ўзларига эътикоф ўтириш учун капа қурдириб олибдилар.
Эътикоф ўтириш бошланадиган куни Бомдод номозини ўқиб бўлиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтиришни бошлаш мақсадида капалари томон юзлансалар, унинг яқинида бир неча капалар туриб ди. Шунда:
«Бу(аёл)лар яхшиликни ирода қиляптиларми?-дептиларда ўз капаларини йиғиштириб қўйишни буюрибдилар. Эътикоф ўтирмаптилар. Чунки, масжид ичида капа кўпайиб кетса, намозхонларга халал бериш турган гап. Бунинг устига эътикоф ўтиришдан асосий мақсадлардан бири аҳли аёлдан бутунлай ажраб Аллоҳга ибодат қилиш.
Мазкур ҳолатда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бу мақсад ҳосил бўлмайдиган бўлиб қолган.
Учинчидан масжидга турли одамлар кириб чиқади, агар оналаримиз капа қуриб ўтирсалар, унга кириб чиқиб турсалар ўнғайсиз ҳолга тушишлари мумкин экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Эътикоф масжидда бўлиши.
2. Эътикоф ўтирувчи ўзига капа қуриб олса яхши бўлиши.
3. Эътикоф Бамдоддан кейин бошланиши.
4. Баъзи фойда учун, ёки ноқулайликни олдини олиш учун бошламоқчи бўлган ишни қолдириш мумкинлиги.
5. Узр туфайли Рамазон охирида эътикоф ўтира олмаган одам Шавволнинг охирида ўтирса ҳам бўлиши.
6. Аёл киши ўз эридан сўраб эътикоф ўтириш керак.

–Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар у кишига тавба устини ортига тўшак солиб ёки сўри қўйиб берилар эди». Ибн Можа ишончли санад ила ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги устунлардан бирига Табук урушига бормагани учун гуноҳкор бўлган саҳобий Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ўзларини боғлаб қўйиб, гуноҳим кечирулмагунча туравераман, деб ётганларида–Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилган. Ана ўша устун, «тавба» устуни номи билан машҳур бўлиб қолган.
Пайғамбаримиз эътикоф ўтирганларида ўша устун ортида ўтирар эканлар.
Ушбу ҳадисдан, эътикоф масжидда бўлиши, маълум жой таъйин қилинса жоизлиги, тўшак, сўри каби баъзи қулайликлар яратилиши мумкинлиги келиб чиқади.

ЭЪТИКОФ ЎТИРУВЧИ ҲОЖАТ УЧУН МАСЖИДДАН ЧИҚСА БЎЛАДИ

–Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар, бошларини менга тутар эдилар, мен уни қараб қўяр эдим. Уйга инсон ҳожатидан бошқа нарса учун кирмас эдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Маълумки, Пайғамбаримиз завжаи мутаҳҳаралари оналаримизни ҳужралари масжидга ёпишган эди. Оиша онамизнинг ҳужралари ҳам шу жумладан, масжиди шарифга ҳам девор бўлиб эшигидан масжид ичига чиқилар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирганларида ҳужра эшигидан туриб, муборак бошларини ичкарига киритар эдилар. Оиша онамиз эса, ўзлари ривоят қилаётганидек, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини қараб, мой ва ҳушбўй суртиб қўяр эдилар.
Оиша онамизнинг, уйига инсон ҳожатидан бошқа нарса учун кирмас эдилар, деганлари, таҳорат ушатгани, таҳорат олгани, ғусл қилгани, деганларидир. Озиқ овқатни масжидда қилавериш мумкин. Бу ерда масжид намоз ўқиладиган хонақоҳдан иборат экани унитилмаслиги керак. Биздагига ўхшаб масжиднинг ҳовлиси, таҳоратхонаси, бошқа қўшимча хоналари бўлмаган.

—София розияллоҳу анҳо айтдиларки: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у кишининг зиёратларига келдим, бироз гаплашдим, сўнг, уйим томон турдим. У киши мени кузатгани мен билан турдилар. (У кишининг уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди). Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София бинти Ҳуяййдир»-дедилар.
«Субҳоналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!»-дейишди.
«Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишдан қўрқдим»-дедилар. Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Эътикофни масжидда бўлиши.
2. Аёл киши кечаси бирор жойга борса жоизлиги.
3. Эъткоф ўтирган кишини хотини зиёрат қилса жоиз.
4. Эътикоф ўтирган шахс ўз зиёратчиси билан гаплашиб ўтирса мумкинлиги.
5. Эътикоф ўтирган киши ўз зиёратчисини кузатиб чиқса бўлиши.
6. Кишилар кўнглига ёмон гумон келтириши мумкин ишларда эҳтиёт бўлиши кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги икки киши қоронғуда аёл киши билан турганлигини кўриб ҳар хил хаёлга бормасинлар, деб аёл ўз хотинлари эканлигини айтиб қўйдилар.
7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига меҳрибонликлари. Уларга гуноҳ бўлиши мум кин нарсанинг олдини олишлари.
8. Ажабланганда «Субҳоналлоҳ» дейиш жоизлиги.
9. Шайтон инсонда қоннинг йўлида юриши, унинг иғвосидан жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозимлиги.

ЭЪТИКОФ УЧУН РЎЗА ШАРТМИ?

—Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилият даврида Масжидул Ҳаромда бир кеча эътикоф ўтиришни назр қилган эдим»-деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Назрингга вафо қил. Бир кеча эътикоф ўтир»-дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жоҳилият давридаги назрга ҳам вафо қилиш керак.
2. Рўзасиз эътикофга ўтирса бўлади. Чунки, кечаси рўза йўқ.
3. Масжидул Ҳаромда эътикофга ўтирса бўлади. Аммо, жумҳур уламолари, жумладан, Имом Абу Ҳанифа ҳам рўзасиз эътикоф бўлмайди, дейдилар. Уларнинг далиллари келгуси ҳадиси шариф.

—Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят: «Эътикоф ўтирувчи учун, бемор кўргани бормаслик, аёл кишига қўл тегизмаслик ёки қучоқламаслик, зарур бўлмаган ҳожат учун чиқмаслик суннатдир. Рўзасиз эътикоф йўқ. Жомеъ масжиддан бошқа жойда эътикоф йўқ». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Эътикофнинг суннатига хилоф иш қилган одамнинг эътикофи бузилади.
Эътикоф ўтирган одамга рўза шарт, деганларга ушбу ҳадис, шарт эмас, деганларга олдинги ҳадис далилдир.
Эътикофга жомеъ масжид шарт, деганлар ушбу ҳадисни далил қилиб олганлар. Баъзилар уйдаги намозгоҳда, хусусан, аёллар эътикоф ўтирса жоиз, дейдилар.

ЭЪТИКОФНИНГ ФАЗЛИ

—Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирувчи ҳақида:
«У гуноҳларни ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун яхшиликларни, барча яхшиликларни қилувчига ўхшатиб жорий қиладир»-дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, эътикоф, уни қилувчи шахсни гуноҳлардан тўсади ва эътикоф ўтирувчи учун ҳамма яхшиликларни қилаётганларга ёзилаётган савобга савоб ёзилади.

—Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ушбу қабр соҳибини: «Ким ўз биродари ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасида осмон гардишидан кенгроқ уч хандақ қилади»-деганларини эшитдим». Табароний ва Байҳақий ривоят қилган. ал-Ҳоким, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда эътикоф ўтириш киши учун охиратда қанчалар катта бахт-саодатга сабаб бўлишини баён қилиши билан бирга ўзгаларнинг ҳожатини чиқариш ундан бир неча чандон яхшиликларга эриштириши таъкидланмоқда.

-Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирса, худди икки ҳаждек ёки икки умрадек бўлади»-дедилар. Байҳақий ривоят қилган. Аллоҳ билувчидир.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам эътикофнинг фазли улуғ экани таъкидланмоқда. Шунинг учун бу фазлга эришиш мақсадида иложини қилиб эътикоф ўтириш керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган бўлсада, аслида, аҳли суннат валжамоатнинг тўрт мазҳаби давоми...

6115 05:00 / 14.01.2017
Рўзанинг рўзадор шахсий сифатларига берадиган фойдалари ҳақида сўзлар эканмиз, сабр сифати ҳақида гапирмай ўтиб бўлмайди. Рўзадор кишида сабр матонат сифати давоми...

3155 05:00 / 11.01.2017
Аллоҳ ва унинг Расули амрларига бўйсиниш бутун инсониятга у қаерда яшашидан ва қандай ҳолатда яшаётганидан қатъий назар лозим ва лобуддир. Ер куррасининг давоми...

1964 17:00 / 25.04.2021
Рўзанинг фазилатлариРўзанинг фазилатлари кўп бўлиб, улардан бир нечтасини зикр қиламизБиринчи Рўза хато ва гуноҳларга каффоротдир. . . Набий соллаллоҳу давоми...

5676 15:05 / 28.05.2017