1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Аллоҳ диндан қайтганларни қатл қилишга буюрадими?

20:48 / 22.04.2017 7622 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

22- савол. Ислом диндан қайтганни ўлимга буюради – бу динингизнинг энг қонли саҳифаларидан биридир Исломнинг бор «кучи» худди тоталитар секталардагидек инсонни ўз ҳаёти учун қўрқувида. Яқинда  Германияга жўнаб кетиб насронийликни қабул қилган афғонистонлик оиласига, Афғонистонга тўйга келди. Уни ушлаб шариат ҳукми бўйича суд қилиб, қатл қилмоқчи бўлишди. Бутун насронийлик дунёси унинг учун дуо қилишди, Рим Папасининг аралашуви билан аранг қутқариб қолинди. Нима учун сизлар ҳозиргача  виждон эркинлигини инкор қиладиган бу  шафқатсиз ҳукмни қайта кўриб чиқмадингиз?

 22-жавоб. Исломдан юз ўгириш катта гуноҳ. Агар инсон ушбу гуноҳ билан вафот этса, ўлганидан кейин Аллоҳнинг марҳаматидан умид йўқ. Лекин  бу масала сизлар айтаётгандек эмас, буни аниқ мисолларда кузатиш мумкин. Қуръонда дин ва виждон эркинлиги қабул қилинган: «Айтинг: ҳақ сизнинг парвардигорингиз томондадир. Ким истаса имон келтирсин. Ким истаса имон келтирмасин» (18:29)  Бу Европада диндан қайтганларнигина эмас, балки бидъатчиларни ҳам гулханда ёндирилаётган пайтда эълон қилинган.

    Ҳақиқатан ҳам тўғри йўлдаги халифалардан кейин мусулмонлар орасида шундай шаръий ҳукм ва қонунлар пайдо бўлдики, уларга биноан диндан қайтганларни дарҳол ёки уларни Исломга қайтишлари учун ажратилган муддат, уч кундан сўнг қатл этиш буюрилар эди. Шариат ҳукмлари элементлари билан бирга миллий қонунлар юритиладиган бир қатор ҳозирги замон ислом мамлакатларида  шариатнинг бу қонуни ҳам амалда учраб туради. Бундан ташқари баъзи радикал фирқаларнинг мусулмон  давлатларидан ташқарида ўзбошимчалик билан ҳукм чиқараётганлари ҳам бор. Келинг бу ўрта асрларда қонунлаштирилган ўзаро дунёқараш муаммоларини ечиш учун чиқарилган ҳукм одамларга қарши йўналтирилганми, ёки жамиятга қарши қандайдир мақсадларни кўзда тутадими, кўриб чиқайлик.

Аввал Қуръонгача яккахудолик динлари анъаналарига тарихий бир назар ташлаб кўрайлик. Таврот диндан қайтишни жуда шафқатсиз равишда жазолайди, Инжилда тасвирланган воқеа (Қуръонда бироз бошқа тарзда берилган) бунга яққол мисол бўлади. Мусо аснинг йўқликларида умматлари Ягона Яратгувчи ўрнига ўзлари ясаган тимсолга  ибодат қила бошладилар: одамлар олтиндан бузоқ шаклини қуйиб олиб унга сиғинишга, ҳақиқатда бутпарастлик, кўпхудоликка киришиб, ахлоқсизлик ва ёмон ишларни қила бошладилар. Худо танлаб олган халқ тартибсизликка, зулматга чўмди. Яхве (Худо) барча халқни ҳалок қилишни хоҳлади, лекин Мусо ас  Ундан энг кўп  гуноҳ қилганларнигина жазолашини сўради.

Ўшанда Инжилга асосан, «Мусо қалъанинг дарвозасига туриб: Ким художўй бўлса олдимга келсин!-деди. Унинг ёнига Левийнинг барча фарзандлари тўпланиб келишди. Ва у уларга: Исроил худоси шундай деяпти: ҳар бирингиз қиличингизни белингизга қўйиб қалъанинг дарвозасидан бу дарвозасигача айланиб ўтинг, қайтаётганда ҳар бирингиз ўз инисини, ўз дўстини, ўз яқинини ўлдирсин деди. Левийнинг ўғиллари Мусо айтганидек қилдилар: ўша куни халқдан уч минги ҳалок бўлди. (Чиқиш 32:26-28). Диндан қайтувчига ва унга чақирувчига Инжил қуйидаги ҳукмни жорий қилди: “Агар сени  биродаринг ёки ўғлинг, ёки қизинг, ёки ётоғингдаги хотининг, ёки дўстинг сени яширинча авраса: «юр, бошқа худоларга сиғинамиз деб, сен  билмаган, сени отанг билмаган худоларга», Сенинг атрофингдаги   халқлар худоларига, улар ҳоҳ  сенга яқин бўлсин, ёки сендан узоқ бўлсин, ернинг бир четидан бошқа четигача бўлсин, уни тасдиқлама, унга қулоқ солма, ва унга сенинг кўзинг раҳм қилмасин, уни аяма, уни беркитма, уни ўлдир, ҳаммадан аввалроқ сени қўлинг ўлдириш учун унинг бўйнида бўлсин, кейин барча халқнинг қўли бўлсин, уни ўлгунича тошбўрон қил, чунки у Хожанг Худоингдан қайтаришга журъат қилди… Бутун Исроил буни эшитсин, ва қўрқсин,  ва бундан кейин сенинг орангда зулм қилмасинлар.

Агар сенга Худо берган шаҳарларингдан қай бирида  виждонсиз одамлар пайдо  бўлиб, сени орангда, шаҳар аҳолисини: юринглар бошқа Худоларга ибодат қиламиз деб сизлар билмаган худоларга ибодатга аврай бошласа, сен яхшилаб суриштир, агар бу ҳақиқат бўлса излаб топ, агар ўша ёмонлик сени орангда содир бўлган бўлса, ўша шаҳарнинг аҳолисини қиличдан ўтказ, шаҳарнинг ўлжаларини майдонга тўпла ва ўт қўй, шаҳарга ҳам ўт қўй парвардигорингни изни билан, у абадий вайрона бўлсин, ҳеч ким уни қайта тикламасин, у лаънатланган нарсалардан ҳеч нарса сенинг қўлинга ёпишмасин.

Аввалги саволга берилган жавобда кўриб чиққанимиздек, гуноҳлар Худо билан гуноҳкор инсоннинг ўртасида қолади, модомики у шахсга оид бўлса, лекин  қачонки у жамиятни бўлиниб кетишига ва ҳалокатига сабаб бўладиган, ёлғон қадриятлар учун тарғибот воситасига айланса, унда бу гуноҳнинг шахсийлиги қолмайди, мазкур жамиятга қарши ахборот уруши қуролига айланади. Бу  қуйидаги сўзларда фикр аниқ  баён қилинган: «… бутун Исроил уни эшитсин ва қўрқсин, бундан кейин сени ўртангда бундай ёмонликни қилмайди.»

Янги Аҳд асосан ахлоқий ҳолатларни ўз ичига олади. Насронийлар ҳаётини бошқарадиган қонуний асослар черковлар йиғинида кейинчалик ишлаб чиқилган, ва ҳолатга қараб ўзгариши хам мумкин. IV асрнинг иккинчи ярмида Рим императори Феодосий насронийликни нафақат давлат дини, балки ягона, барчага мажбурий дин деб эълон қилди, бу диндан ҳар қандай тойилиш шафқатсиз жазога учрар эди. У пайтда ва ўрта асрларда Ғарбий Европада ҳам Шарқий Европада ҳам диндан қайтганлари учун насронийларни қатл қилинарди.

Ғарбий инкивизиция тўғрисида жуда кўп ёзилган. Динга шак келтирган бидъатчиларни протестантлар ҳам ёқиб юборишган. Православ шарқда эса диндан қайтганларга мана қандай муомала қилинар эди. Православ черковлари авлиёлари рўйхатига киритилган епископ Иосиф Волоцкий (Волоколамский) 1503 йили Бутун рус Князи Иван III-нинг диний маслаҳатчиси архимандрит Митрофанга шундай деб ёзади: «Жаноб бизнинг подшоҳимиз улуғ Княз менимча, бидъатчиларни қатл қилиш гуноҳидан ўзини сақлаяпти». Давлат раҳбарини унинг руҳонийси орқали ўз фикрига ишонтириш учун, Иосиф Волоцкий  унга тарихий воқеаларни  ҳужжат қилиб келтиради: «Аксинча жаноб, сен подшога эслатишинг лозимки, етти бутун дунё йиғинларида бўлган барча одил подшолар, бидъатчиларни черков лаънатлагандан кейин зиндонбанд қилдилар ёки қатл қилдилар. Бошқа подшолар хам, йиғинларда бўлмасаларда бидъатчиларни қатл қилардилар.

Православ подшо Ираклий ўз подшолигида шундай  буйруқ чиқарди: агар яҳудий чўқинмаса ўлдирилсин… Кейин одил подшолар Иустин ва Тиверий расмий диндан юз ўгирган епископ Аддусни ва Елеферий Самчийни бошларини танасидан жудо қилишга буйруқ бердилар. Малика Феодора ва ўғли одил Михаил Константинопол Патриархи Аннийни, бидъатчини зиндонбанд қилишни ва камар билан 200 та жароҳат етказишни буюрдилар. Кейин Вавилон подшоси Муовия (чўқинтирилгандан кейин Иоанн)… несторианларни ва бидъатчиларни шаҳардан қувиб чиқарди, манихейларни тилларини кесишга буюрди,  илоҳий китобда бундай ишларни жуда кўп топасан».    

   Сўнгра Иосиф черковнинг каноник қоидаларини баён қилиб Русияда ҳам шунга ўхшаган қонунни тиклашни таклиф қилади: «Илоҳий қонунлар бизга шуни буюради: Ким муқаддас чўқинишни қабул қилгач, православ динидан  қайтиб муртад бўлса, албатта жазога (ёқиб юборишга) маҳкум, агар яҳудий насронийликдан қайтишга журъат қилса, катта жазога (ёқиб юборишга) маҳкум, агар насроний бўлган манихей ёки бошқа муртадлар бидъатчилик ишларини бошлаб юборишса, ёки ақиллилик қила бошласа, юқоридагилардек бўлади, буни била туриб, подшога етказмаган кимса ҳам катта жазога (ёқиб юборишга) маҳкум, агар бу ишга аҳамият бериши лозим бўлган лашкарбоши ёки аскар ёки қайси бир Раҳбар, қачондир бирор Ким бидъатчиларча ақллилик қилган бўлса, уни подшога етказмаган бўлса, катта азобга (ёқиб юборишга) маҳкум, агарчи ўзлари насронийликда қолган бўлсалар ҳам».

Иосифнинг ҳужжат келтиришлари ўз таъсирини кўрсатди ва 1504 йили диндан қайтганларни ва «адаштирувчи» ғайридинларни ёқиб юбориш тажрибасини амалга оширадиган қонунни  давлат миқёсида, давлат-черков миқёсида қонун сифатида қабул қилган черковлар йиғини бўлди. Бу йиғин «жидовствуюшие»? деган айб билан 8 кишини ёқиб юбориш  жазосига махкум қилди, ва кўплаб бидъатчиларни ҳам шу тарзда жазоланди»  

1649 йили Москвада Земский Собор давлат конституциясига аҳамиятига яқин қонуний ҳужжат, «Йиғин хулосаси» ни қабул қилди. Ушбу ҳужжатнинг биринчи бандидаёқ айтилган эди:

«Агар ғайридинлардан бири, қайси бир динда бўлишидан қатъий назар, ҳоҳ рус кишиси бўлсин Худомиз Исо Масиҳни, ёки унинг онаси, Худонинг онаси Марияни, ёки ҳақ хочни, унинг авлиёларини ҳақорат қилса, батафсил текшириш лозим. Агар жинояти аниқ бўлиб тасдиқланса, у худо безорини ёқиб ўлдириш лозим».

Ушбу қонуннинг 22-боб, 24-моддасида гап фақат мусулмонлар тўғрисида боради: «Агар мусулмонлардан биронтаси қандайдир йўл билан – мажбурлабми, алдабми – рус кишисини ўзининг мусулмон динига ўтказиб хатна қилдирса, ва бу суриштириб исботланса – ҳеч бир шафқат қилинмасдан ёқиб юборилсин, анови рус кишисини эса, патриархга юборилсин ёки  ҳукуматга топширилсин, унга улуғ авлиёлар ва муқаддас оталар ҳукмига биноан жазо кўрилсин».

Ушбу Собор қонуни бўйича қанча ишлар кўрилган. 1738 йили Тўйгелди Жуляков Юнон динига чўқинтирилгани холда, яна Муҳаммадни  қонунини қабул қилгани учун, бу билан у нафақат худога ёқмайдиган гуноҳ, балки қусқисини қайтиб еган итдек қайтди, чўқинтирилишдаги қасамёдини бузди, Худога ва унинг қонунига қарши чиқди ва ҳақорат қилди шунинг учун ёқиб юборилди».

Кейинчалик қатл жазосини Россияда сургунга, ёки монастир зиндонига «тавба қилгунича» ташлашга алмаштирилди. Лекин Европада монархиянинг йиқилиши, дунёвий парламент қонунлари қабул қилиниши  билан динини алмаштиришга жазо бекор қилинди ва насронийлик черковларининг кўплари секин-аста бунга рози бўлишди.

Қуръони каримда Яратгувчи инсониятга ўзининг марҳаматини кўрсатиб ўтган асрлардагига қараганда жамоат қадриятларини бузишга қарши жазолашни юмшатди. Қуръонда: «динда мажбурлаш йўқ» (2:256) дейилган. Бу оятнинг маъносини тўғри тушуниш учун ишончли (муътамад) тафсирларга мурожаат қилиш лозим. Ал-Қуртубий тафсирларида ушбу оят нозил бўлишининг қуйидаги сабабларини келтиради: «ас-Судий: бу оят Ансорийлардан Абу Ҳусайннинг икки ўғли  воқеаси тўғрисида нозил бўлган. Шомдан Мадинага зайтун ёғи сотгани савдогарлар келишган эди. Улар бу икки болани насронийликка киргизиб, ўзлари билан Шомга олиб кетишди. Шунда ота Пайғамбар савни олдиларига келиб шикоят қилди ва орқаларидан одам юбориб қайтариб келишни талаб қилди. Бунга жавобан Аллоҳ Пайғамбарига «Динда мажбурлаш йўқ» оятини нозил қилди, деганини келтиради. Худди шу тарихни Ибн Касир хам ўз тафсирларида келтиради. «Қуръоннинг энг илк тафсирларида (масалан ат-Табарий) Мадинадаги баъзи мусулмонлар ўз фарзандларини яхудийликдан ёки насронийликдан исломга қайтариб олишни истаганлари аниқ кўрсатиб ўтилган, ва бу оят мадиналик болаларнинг оталарига исломга киргизишда мажбурлаш йўқлигини билдириш учун нозил қилинган».

Оят нозил бўлиш ҳолати бирдек кўрсатиб турибдики, унинг умумий маъносида бирон жазо йўқ, фақатгина шахсий динини ўзгартириш жамиятга хавф туғдириши мумкин бўлса жазоланади. Қуръоннинг бошқа бирон оятида шахсий динидан қайтишга ўлим жазосини бериш шартлиги тўғрисида зикр қилинмаган, лекин муртадлар тилга олинган. Бундан ташқари Аллоҳнинг сўзи бўйича бу гуноҳ шахснинг ўз иши бўлиб жамиятга хавф туғдирмайди.

 «Эй муъминлар! Ўзингизни билинг, (яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, Ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Ана ўшанда Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур» (5:105)

«Эй муъминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар  Аллоҳни яхши кўрадилар» (5:54).  

Шундай қилиб кимнидир йўлдан адашиши, ўз динидан қайтиши, ислом жамиятига зарар етказа олмайди, демак алоҳида йўлдан озган бир инсонга қаттиқ чораларни кўриш  учун сабаблар топилмади.

Бу вақтинчалик ҳаётдан мақсад синов, одам ё ўзининг Қодир Яратгувчисига бандалик қилиб, унга қарам эканлигини тан олиб яшашни ҳоҳлайди, ёки ўзи илоҳийлаштирган истакларига, ўйлаб топган илоҳларига, шунингдек ўзининг кибри ҳавоси, мени «нафси» га бандалик қилишни ҳоҳлайди. Кўпчилик одамларга кўпхудоликдан қайтиб, Яккахудолик йўлига қайтишдек қийин йўлни босиб ўтиш муяссар бўлади. Лекин шундай ҳам бўладики, Яккахудоликда келган одам Яратгувчининг қонунига бўйсунишдан юз ўгириб, яна ўзи ўйлаб топган худоларига сиғиниб кетади.

«Сизлардан Ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари Дунё-ю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар». (2:217)

    Илоҳий сўроқ банданинг вақтинчалик синов ҳаётига чизиқ тортилганидан кейин, яъни вафотидан кейин бошланади, шунинг учун ҳам «кимки динсиз ҳолда ўлса» деб айтилди. Бу сўзлардан маълумки ким ўз динидан юз ўгирса, лекин кейин динга қайтса, унга албатта бошқача муомала бўлади. Демак Аллоҳнинг ўзи муртадга тавба қилиб пушаймон бўлиши учун муҳлат бермоқда. Ердаги амалларнинг охирига етиш муҳлати Оламлар парвардигори томонидан белгиланган, фақат У билади гуноҳкорга ислоҳга келиши, тавба қилиши учун қанча вақт ва қандай йўлларни беради.

    Аллоҳнинг (у улуғдир ва буюкдир) бундай ҳукмини янада батафсилроқ қуйидаги оятларда очиб берилади:

    «Имон келтириб (Пайғамбарнинг) ҳақ Пайғамбар эканлигига гувоҳ бўлишганидан кейин ва ўзларига (Муҳаммад сав ҳақ Пайғамбар эканликлари хусусида) оятлар келганидан кейин кофир бўлган қавмни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди. Уларнинг жазоси устларига тушажак. Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънатидир. Улар азоблари енгиллатилмаган ҳолда дўзахда абадий қолгувчидирлар ва уларга (бу азоб бирон лаҳза) кечиктирилмайди. Магар шундан (куфрларидан) кейин тавба қилиб, ўзларини ўнглаган зотларни (Аллоҳ гуноҳларини мағфират қилур). Чунки Аллоҳ Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир. Албатта имон келтирганларидан кейин кофир бўлган, сўнгра куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларнинг тавбалари ҳаргиз қабул қилинмайди. Ана ўшалар адашганлардир»(3:86-90).

    Бу ерда аниқ айтиб қўйилганки, ҳали ўз динсизликларини қандайдир Янги гуноҳлар билан кўпайтирмаган муртадларга Аллоҳ томонидан тавба қилиб олишга узунлигини фақат Унинг ўзигагина маълум муҳлат берилган. Бундан маълум бўладики, баъзи муртадларга бериладиган ўлим жазоси, қандайдир жазони оғирлаштирадиган бошқа гуноҳлар қўшилгандагина қўлланилади. 90 оятда бу оғирлаштирувчи ҳолат: «куфрлари Яна зиёда бўлган» деб айтилди. Қуръонда бошқа бу тўғрида ҳеч нарса дейилмаган.

    Агар муртадга ўлим жазоси бериладиган бўлса, унда қандай жиноятлар бу оғирлаштирувчи ҳолатга олиб келади?

    Қуръон ва Суннатда динлараро доимий уруш кетаётган шароитда, диндан қайтганлар билан жанг қилиш ва уларни ўлдириш ҳақида гапирилади. Мусулмон араблар қўшини, янги ташкил қилинган мусулмонлар давлатини йўқ қилишга  турган  мушрик араблар қўшинига қарши турар эди, шунинг учун ҳам ҳайрон қоладиган иш эмас, ҳарбий душман миллатига қараб ажратилмайди - чунки у ҳар иккала томон учун бир эди, балки уларнинг динига қараб ажратилади.

Бу маънода шахсий муртадлик жамиятга хавфли бўлиб, қандай оғирлаштирувчи ҳолатга келади ушбу ҳолатларда тушунарли бўлади: бу ҳарбий хиёнат, бошка диндаги душман томонига ўтиб кетиш, мусулмон жамияти ва давлатининг бузилишига йўналтирилган ҳаракатлардир. Агар динини алмаштирган инсон уруш ҳолатидаги душман томонга ўтиб кетса, у ҳарбий қасамёдига хиёнат қилган, жанг қилаётган дўстларига берган ваъдасини бузган, бир томонни очиқ қолдирган, қамалдаги қалъанинг махфий дарвозаларини очиб берган, муҳим маълумотни душманга етказган ва ҳ.к., бутун  қўшинни, ўз халқини ҳалокат ёқасига  келтирган бўлади. Ҳарбий хиёнат барча халқларда барча замонларда бир хил жазоланган.

    Бундай иш қилган киши шубҳасиз ўз муртадлигида, хиёнатида тамоман  тубан кетган хисобланарди. Лекин биз бу ерда ҳам Ўрта асрга оид бағрикенгликка дуч келамиз:Аллоҳ мусулмонларни уларга қарши жанг қилишни истамаган муртадлар билан жанг қилишларини ман қилди:

    "Аммо ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга қўшилган ёки сизлар билан урушиш ҳам, ўзларининг қавми билан урушиш хам жонига тегиб олдингизга келган кимсаларга (тегмангиз) ...Агар улар сизлардан четланиб, сизларга қарши жанг қилмай сулҳ тузишни таклиф қилиб келсалар, Аллох сизлар учун уларнинг устига ҳеч қандай йўл бермайди"(4:90).

    Пайғамбар савнинг суннатларида ҳам юқорида баён қилинган ҳолатни исботлайдиган, инкор қилиб бўлмас далиллар бор. Ҳижратнинг 8-йилида Пайғамбар сав уч нафар диндан қайтган кимсани ноқонуний деб эълон қилиб ўлдиришга ҳукм килдилар. Улардан иккитаси - Ибн Хантал ва Миқйас қотиллик қилганлари, диний бузғунчилик қилганлари учун қатл  қилинди. Лекин учинчилари Абдуллох ибн Саъд авф этилди. Биргина шунинг ўзи диндан қайтиш, дунёқараш амали сифатида ўлимга ҳукм қилиш учун асос бўла олмаслигига далил бўлади. Умуман жазолаш учун бошқа жиноий ишлар ҳам бўлиши лозим.

    Абдуллоҳ ибн Саъд Мадинада Пайғамбар савга котиблик қилар эди, кейин исломдан юз ўгириб Макка мушриклари олдига қайтди. Абдуллоҳ Куръонни "ўзгартирилгани" ҳақида ёлгон гувоҳлик бериш билан айбини кучайтирди, у Пайғамбар сав ўқиб берган оятларни ўзи ўзгартирганини ва Пайғамбар сав бунга гўёки рози бўлганларини даъво қила бошлади.

    Шунга қарамай, қанчалик оғир жиноят бўлсада, қон тўкилиши ва ҳарбий хиёнатга боғлиқ бўлмагани учун Абдуллоҳ авф қилинди. Ҳатто унинг авф қилинишини таклиф қилган Халифа Усмон ра даврларида Мисрга ҳоким бўлди. Бу чин дилдан тавба қилганлар тўғрисидаги Аллоҳ сўзининг исботи эмасми? Агар уни дарҳол қатл қилганларида ёки ўйлаб кўриш учун 3 кун муҳлат берганларида унинг жони ҳалок бўлар эди! Лекин Аллоҳ меҳрибон, кечирувчидир.

    Хулоса килиб айтганда , агар биз тарихда "диндан қайтган фалончи Пайғамбар замонларида қатл қилинди" каби миллионлаб ҳодисаларни билсак, агар фақат биргина инкор қилувчи ҳолат бўлса ҳам бу алоҳида воқеаларни умумлаштириш мумкин эмас! Агар миллион биринчи марта биз "Диндан қайтувчи фалончи Пайғамбар замонида қатл қилинмади" деган ишончли ҳужжатга эга бўлсак, миллионта алоҳида ҳолатни умумлаштириб ҳар қандай диндан қайтувчини қатл қилинар экан деган умумий хулоса чиқаришни бекор қилади ва демак диндан қайтувчиларни бошка бирор нарса туфайли ҳам қатл қилинар экан деган хулоса чиқарилади.

     Ҳақиқий билим – агар Аллоҳ бу  тўғрида аниқ айтган бўлса шунда - лекин У бунинг аксини айтди, чунки унда Аллоҳнинг Пайғамбари сав ҳар бир ўз динини алмаштирганни барча ҳолатларда қатл қилишга очиқ буюрар эдилар,- лекин биз бунга ҳам эга эмасмиз. Ундан ташқари фақат 2:256 оятнинг (динда зўрлаш йўқ), нозил бўлиш сабаблари ва Абдуллоҳ ибн Саъд воқеаси билан  динини алмаштиргани учун қатл қилиш худо томонидан қонунлаштирилган деган даъвони инкор қилувчи мисоллар руйхати тугаб қолмайди.

    Саҳиҳ Бухорийда диндан қайтганлик тўғрисидаги ҳадислар икки бобга бўлиниб: "Уруш қилаётган кофирлар ва муртадлар ҳақида" ва "Муртаду мунофиқларни тавба қилдириш ва уларга қарши кураш" деб аталган. Бу номланишларнинг ўзи гап шахсий адашишга тушиб  қолганлар тўғрисида эмас балки жанг майдонидаги душманлар тўғрисида бораётганига гувоҳ бўлади.

    Бухорийда ўрта асрларда фойдаланилгани ва хорижийлар эътиқодига яқин бўлган баъзи оқимлар ҳозирда ҳам амал қилиб келаётган " Ўз динини алмаштирганни қатл килинг" ҳадиси келтирилади.

    Бу ҳадис "оҳод" ҳадислар жумласига киради, яъни биргина ровийдан ривоят қилинган ҳадис, Имом Муслимда бу ҳадис тамоман тушириб қолдирилган. Ҳанафийларда эса бундай ҳадислар шаръий ҳукм чиқариш учун кифоя қилмайди деб ҳисобланади.

     Бу ҳадиснинг саҳиҳлигида ровийлар силсиласи борасида (иснодида) ихтилоф бор, ҳадисни Ибни Аббос сўзидан ривоят қилган Икрима Пайғамбар сав қоралаган, ва ҳозирги кунда бошқа номлар билан пайдо бўлаётган, ўша ҳаддан ошган хорижийлар фирқасига кирганлардан эди, ҳадиснинг ўзи эса хорижийларнинг душмани халифа Алига таъна учун келтирилган. Кўп муҳаддислар Икримани ишончсиз деб ҳисоблашган.

    Бу ҳадиснинг маъносига, матнига келганимизда манзили тайин қилинмаган, сабаблари ҳолатлари аниқ бўлмаган ҳолатда бирон бир мажбурий хулосалар чиқаришга етарли эмас. Агар зоҳирий кўринишда саҳиҳ деб ҳисобланса ҳам, бундан Пайғамбар савнинг саҳиҳ ривоят қилинган хадисларига у зотнинг бу ҳадисдаги сўзларни тўғри тушуниш учун ривоят қилинмай қолган сўзлари ҳам бор бўлиши мумкин. Ана шундай гумонларга боришга сабаблар бор, чунки бу суратда ҳадис кўп Қуръон оятларига ва Пайғамбар савнинг кўплаб ҳадисларига қарши келади, бу эса бўлиши мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳадисни Аллоҳнинг Сўзига ва Пайғамбар савнинг бошқа ҳадисларига зид келишини кўтариш учун изоҳлаш, шарҳлаш лозим.

    Изоҳлаш учун ҳақиқий илмдан фойдаланилади, яъни албатта биз аввал кўриб ўтган оятлар ҳам ва мана шу мавзуга оид саҳиҳ ривоят қилинган деб гумон қилинаётган, лекин Пайғамбар сав сўзларидаги ғоядан ташқари маъно билдирувчи ҳадисларни тўлдирадиган ҳадисларни ҳам кўриб чиқиш керак. Бошқа бир неча ҳадислар билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат мавжуд.

    Ҳадислардан бирида шундай ривоят қилинади. Пайғамбар савнинг вакиллари Абу Муса ал-Ашъарий ҳузурига Яманга қўшни вилоятнинг волийси Пайғамбар савнинг вакиллари Муоз ибн Жабал ташриф буюради. Муоз Абу Мусо ҳузурида бир асирни кўриб қолади ва унинг тўғрисида суриштирганда аввалда исломни қабул қилиб кейин яна яҳудийликка қайтганлигини аниқлайди. "Мен у қатл қилинмагунча кетишга шошилмайман, Аллоҳнинг ҳукми (қазоси) ва Пайғамбарнинг сав ҳукми шундай!" деб қичқирди Муоз. Шу заҳоти муртадни қатл қилишди. 

    Бу ерда қуйидаги ҳолатлар шубҳа уйғотади: матндан Пайғамбар сав шундай машҳур саҳобийси, вакили Абу Мусо ва унинг атрофидагилар барчаси "Аллоҳнинг ва Пайғамбарнинг шундай муҳим ҳукмлари тўғрисида хабардор эмас эканда деган хулоса (хато хулоса) чиқариш ҳам мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатлар кўп юз берган, Аллоҳнинг расули буйруғини энг дангаса ва бепарво ўз мансабига лойиқ бўлмаган ҳокимгина билмаслиги мумкин. Бизнинг замонамизда Ватанига хиёнат қилганни жазолаш тўғрисидаги Қонунни билмайдиган губернаторни тасаввур қилиш қийин, аммо шундай губернатор бор деб тасаввур қилинса ҳам уни тезда ўз ишига совуққонлиги учун ишидан бўшатишади. Лекин Абу Мусо тўғрисида шундай гумон килиш бу Пайғамбар савнинг улуғ ва саховатли саҳобаларини беҳурмат қилиш демакдир!

    Бу ерда аниқ бўладики, бизга ривоят қилинган воқеа саҳиҳ ҳолда етказилган, лекин батафсил етказилмаган, нимадир тўла айтилмай қолган деган хулоса келиб чикади. Ана шу етказилмаган нарса нима учун улуғ зот Абу Мусо ўзининг Пайғамбар вакили мартабасига таъна етказадиган, худди ўзи каби вакил Муоз билган нарсадан хабардор эмас эди. У Пайғамбарнинг қарори билан боғлиқ нарсани эмас, балки алоҳида қон тўкиш билан ёки ҳарбий хиёнат билан "ўз кофирлигини" кучайтирган  ва шу сабаб кечиктириб бўлмайдиган жазога лойиқ алоҳида бир жиноятчи билан, боғлик ҳолатни   билмаслиги мумкин эди. 

    Етишмаётган маълумотни Аллоҳнинг Сўзи доираси қайта тиклаш мумкин бўлади. Демак Муознинг  муносабати маъноси шундаки айбланувчи яна қандайдир ўлим жазосига лойиқ бўлган жазони оғирлаштирувчи жиноятларни ҳам содир қилган, буни Муоз билган ва Абу Мусо бундан хабардор бўлмаган. Юқоридаги ҳолатда ҳокимнинг қўлга олинган жиноятчини шахсий ҳаётидаги махфий далилларни билмаслиги унинг умумий ҳолатига ва обрўсига соя солиши мумкин эмас экан. Пайғамбар савнинг ишончларига сазовор бўлган, ҳурматли саҳобага  таъна етмайдиган ҳолат эканлиги равшан бўлди.

    Кўп келтириладиган мисол, хулафои рошидинлардан Абу Бакр ра закот тўлашдан бош тортиб диндан қайтганлар билан уруш қилдилар, бу ҳам янада равшанроқ кўрсатадики, жанговор ҳаракатларнинг боиси шахсий адашиш эмас, балки исён, ридда яъни давлатга тўғридан-тўғри таҳдид - чунки солиқларни тўлаш давлатчиликни борлигининг асосий белгиларидан хисобланади, уни тўлашни қасддан инкор қилиш мазкур давлат таркибидан чиқиш, ундан маълум ҳудудни тортиб олиш хисобланади. Шунинг учун доимо тарихда, барча маданиятларда бундай ишларга  ўз давлатини сақлаб қолишни истаган ҳокимлар бир хил жавоб берганлар. 

Масалан, исёнчи Мамайни енгган ва қонуний хон Тўхтамишдан миннатдорчиликка эришган Москва князи Димитрий солиқ тўлашни тўхтатиб қўйди, 2 йилдан кейин Тўхтамишнинг жазо қўшини Москвани ёқиб юборди, шундан кейингина солиқ тўлаш давом этди. 1480 йили эса Москва Олтин Ўрдага солиқ тўламаганлиги учун жазолашга йўл бермай мустақилликка эришди.

    Шунинг учун Абу Бакр ранинг йўли аниқ- бу мусулмон давлатини бўлиниб кетишдан ҳимоя қилиш, яъни хавфсизликни таъминлаш ҳудудий бирликни, мусулмон жамиятини ва давлатини бардавом бўлишини таъминлашдир. Исёнчиларнинг шахсий гуноҳлари ўзларининг иши - улар билан Аллоҳ ўртасидаги иш, улар давлатга қарши исён учун жазоландилар.

     Машҳур турк ҳанафий фақиҳи Хайриддин Караман: Диндан қайтиш иртидод қатл қилиш билан жазоланадими? деган саволга жавобан қуйидаги фатвони чиқарди:"Агар ўз динини ўзгартирган одам ўлимга ҳукм қилинса, мажбурлаш ва динда куч ишлатиш бўлар эди. Лекин 2:256 оятда "Динда мажбурлаш йўқ" дейилади. Дин эътиқод ақлнинг буйруғи, инсон кўнгли ва виждонининг розилиги натижасидир. Агар кимгадир зўрлик қилинса ва у: "мен имон келтирдим" деса,  ҳақиқатда имон келтирмасдан, кўринишга ўзини мусулмондек кўрсатса (тақия қилса) ва иккиюзламачи (мунофиқ) бўлади. Ислом иккиюзламачиликка йўл қўймайди.

    Агар давлатлараро муносабатларда қарама-қаршилик бўлса, ҳар хил динларга эътиқод қиладиган жамоалар ўртасида тинчлик билан туриш имкони бўлмай қолса, ана шунда бошқа динга ўтиб кетиш душман томонга ўтиш ва мусулмонлар ортидан уруш очиш деб баҳоланади. Бу ҳолатда  ундай инсонларни  динини ўзгартиргани учун эмас, хоин, қочоқ сифатида қатл қиладилар".

    Шунинг учун урушлар деярли тўхтовсиз бўлиб турган Ўрта асрларда қатл қилиш қонуни Халифалик қонунлари таркибига кириб қолди. Лекин тинчлик шароитида ва диндан қайтувчиларнинг ҳаракатида ўз мамлакатига хиёнат белгилари топилмаса бу масала юқорида келтирилган Қуръон оятлари ва Суннатдаги ҳадислар асосида ҳал қилиниши лозим.

     Машҳур "Ал-Ҳидоя" китобининг муаллифи ал-Марғиноний (1197 йил вафот қилган) қатл қилиш ҳукмини диндан қайтган аёлларга қўлланмаслигини исботлаш учун Пайғамбар сав кофирлар билан урушганда аёлларни ўлдиришни ман этган ҳадисга ишора қилади ва: Бу шунинг учунки (диндорлик ва куфр учун) мукофотлашни белгилайдиган бош қоида шундан иборатки ҳукмни келгуси ҳаётгача кечиктирилади, чунки уни тезлатиш (яъни мукофотни бу дунёдаёқ бериш) (Худо томонидан)тайин килинган имтиҳонларга зид келади. Бу қоидадан юз ўгириш ҳақиқатда юз берган ёвузликларга бўлсада, ҳарбий ҳаракат (хироба) дир. Бундай ишни аёлдан кутилмайди, чунки у ўзининг табиати билан бундай ишга қодир эмас".

    Машҳур ҳанафий фақиҳи Ибн ал-Ҳумом (1457й. ваф.) бу хулосаларни шарҳлаб: "Диндан қайтганлиги учун қатл қилиш айнан имонсизлик учун жазо эмас, қуролли ҳаракатни олдини олиш учун чиқарилган" деб таъкидлайди.

    Ҳозирги замон олимлари ичида бу борада  Шайх Юсуф Қаразовий ва Миср муфтийси шайх Жума юқоридаги каби гапни айтадилар.

    Шундай қилиб фақат шахсий адашиш учун ҳеч қандай мажбурий жамоавий ёки шахсий жазо Аллоҳ томонидан Қуръонда келтирилмаган. Бу оғир гуноҳ, лекин бу Аллоҳ жалла ва ало билан инсон ўртасидаги ишдир. Агар диндан қайтувчи ўзининг собиқ жамоасига қарши ноқонуний амалларни қўлласа, жиноятлар қилса, жамоа ҳам унга яраша мавжуд хавфни бартараф қилиш учун ўзини ҳимоя қилишга ҳақли, фақат ўз мамлакати давлат қонунлари доирасида.

    Агар мамлакатда диндан қайтганлик ва прозелтизмга қарши ўлим жазоси қонун сифатида амалда бўлса, ва ҳаммага аввалдан маълум бўлса,  ким қандай муносабат билдиришидан қатъий назар қонун қонун-да, модомики амалда экан демак унга амал қилиш керак. Қонунга қаршилар ва шунингдек динини ўзгартирмокчи бўлганлар тинчгина бошқа мамлакатга, бошқа қонунлари бор мамлакатга чиқиб у ерда ўзларининг янги эътиқодларини эълон қилишлари ва даъват қилишлари мумкин. Агар бундай қонун бўлмаса виждон эркинлиги қоидаси амалда бўлса, мазкур давлатда яшаётган мусулмонлар жамоавий шартнома- давлат қонунлари шартларига амал қилишлари лозим.

    Афғонистондан Германияга қочган қочоқ ўз оиласини ёш болалари билан тақдир ҳукмига ташлаб  динидан, Ватанидан кечди. Бутунлай ажрашиш туфайли оиласидан кечиб, оиласи нафақасидан юз ўгириб, Афғонистон давлат қонунлари бўйича у мусулмон она қарамоғида қолган мусулмон фарзандларига ҳомийлик қилиш ва нафақа қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

    Германия фуқароси бўлиб бузуқ ҳаёт кечира бошлади, сўнгра америка қўшинлари киритилиши шартларидан фойдаланиб ўзининг собиқ оиласи уйига келди ва қизини мажбурий равишда Германияга олиб кетмоқчи бўлди. Бу эса уни динини мажбурий тарзда алмаштиришга ва уни ўзининг бузуқ ҳаёт тарзи билан яшашга мажбурлаш эканлигига очиқ гувоҳлик бериб турибди.

     Оила ва жамоат давлатдан  ташқи қўшин киритилишидан фойдаланиб,  уруш шароитида чет давлат фуқароси томонидан муслима қизни диндан чиқишга мажбурлашга бўлган тазйиқдан ҳимоя қиладиган барча учун Афғонистонда амалда турган қонунни қўллашни талаб қилишга ҳақлидир. Ўзича ҳукм чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, бу чет эллик ҳукуматга қонун бўйича чора кўриш учун топширилди. Ҳукумат эса мамлакатдан қувиб чиқарди, буни уруш шароитига ҳисобга олганда ўта одамийлик, кечиримлилик сифатида қабул килиш мумкин.


Али Вячеслав Полосин



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу боб аввалида бир нарсани эслатиб ўтмоғимиз лозим. Бу меьзон қоидаларининг барчаси ҳам ушбу соҳа уламолари тарафидан бирдек қабул қилинган эмас. Ушбу соҳа давоми...

3204 05:00 / 13.03.2017
bull Салафrdquo калимасининг луғат ва истилоҳдаги маьнолари.bull Салафи солиҳийнлар ўзларининг қисқагина даврларида, кейинги авлодлар узоқ даврларида эришган давоми...

4515 05:00 / 13.03.2017
Дастлаб, мавзумизни зарурий бўлган муқаддимадан бошласак.Биз, манҳажrdquo деганда, ундан нимани қасд қилаётибмиз Бу манҳажrdquo ўз ичига олиши лозим бўлган шартлар давоми...

3502 05:00 / 13.03.2017
Ҳанафий мазҳаби ибодат, муомалот ва бошқа барча соҳаларда Қуръон ва Суннатдаги қоидаларнинг хулосаси экан. Буни қандай тушуниш керак Масалан, бугунги кунда давоми...

772 10:14 / 11 декабрь