1447 йил 16 шаъбон | 2026 йил 04 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Амаллар қабул бўлишида муҳим омиллар

14:59 / 22.04.2017 4762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банданинг амаллари Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул бўлиши учун амалда қуйидаги беш нарса бўлиши шарт. Улар:

Биринчиси – имон ва ислом.

Кишининг қилаётган амали қабул бўлиши учун, аввало, банда мусулмон бўлиши, Аллоҳ таоло, фаришталар, илоҳий китоблар, пайғамбарлар, хуллас имон келтириш лозим бўлган барча нарсаларга бирон шак-шубҳасиз, йақийн имон билан ишониши керак. Аллоҳ таоло айтади:

“Бас, ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллар қилса, унинг саъй-ҳаракати зоеъ бўлмас – Биз уни ёзиб қўйгувчимиз” (Анбиё, 94).

Яхши амал қиладиган имони йўқ кишилар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:

(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўрувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганликлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетгану, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли – яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдилар!” Улар Парвардигорларининг оятларини ва (қиёмат куни) У Зотга рўбарў бўлишни инкор қилиб, бугун амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллари) учун ҳеч қандай қадр-қиймат бермаймиз” (Каҳф, 103-105).

Иккинчиси – ният.

Банда ҳар бир амални қилишидан аввал ният қилиши, ўша амални нима мақсадда қилаётганини қалбидан ўтказиб, Аллоҳга илтижо ва дуода бўлиши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”, деганлар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилган).

Учинчиси – ихлос.

Банда имонли бўлиши ва ният қилиши билан бир қаторда Аллоҳга ихлос билан, худди У Зотни кўриб тургандек ибодат қилиши шарт. Абу Умома розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг розилигини истаб, ихлос билан қилинадиган амаллардан бошқасини қабул қилмайди” (Абу Довуд ва Насоий  ривояти. Санади яхши).

Тўртинчиси – риёдан сақланиш.

Банда ният ва ихлос қилиш баробарида риё иллатидан ҳам сақланиши керак. Акс ҳолда риё ёки сумъа аралашган ҳар қандай амал қабул қилинмай рад этилади. Бу ҳақда бизлар учун қаттиқ огоҳлантириш келган. Қосим ибн Мухаймиро розийаллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ ханталнинг уруғи миқдорича (яъни, оз бўлса ҳам) риё бўлган бирон-бир амални зинҳор қабул қилмайди” (Ибн Жарир Табарий ривояти).

Бешинчиси – тақво.

Қуръони каримда Одам алайҳис салом ўғли Ҳобил тилидан шундай дейилган: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилади” (Моида, 27).

Яъни, Аллоҳ Ўзига тақво қилган, ихлос билан амал қилиб, ширк ва маъсият ишлардан узоқ бўлган бандалар амалларини қабул қилади.

Абу Дардо розийаллоҳу анҳу шундай деган: “Аллоҳ таоло бир маҳал ўқиган намозимни қабул қилди, деб аниқ ишонишим, мен учун дунё ва ундаги нарсалардан севимлироқдир. Зеро, Аллоҳ айтадики: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилади”.

Олтинчиси – гуноҳлардан четланиш.

Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ уч тоифанинг намозини қабул қилмайди ва улар учун осмонга биронта ҳам яхшилик (савоб амал)ни кўтармайди. Булар: қочиб кетган қул, токи хожасининг олдига қайтиб, ўзини уларга топширгунича; эри ундан ғазабланган аёл, токи ундан рози бўлгунича; маст киши, токи ҳушига келгунча”, деганлар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Анкабут сурасининг 45-ояти, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтариши ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Кимнинг намоз уни бузуқ ва ёмон ишлардан қайтармаса, унинг учун намоз йўқдир”, дедилар (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Хуллас, банданинг амаллари Аллоҳ тарафидан қабул қилишини учун юқорида санаб ўтилган омиллар муҳимдир. Агар улардан биронтаси йўқ бўлса, у ҳолда амал нуқсонли бўлади ёки умуман ҳисобга олинмайди. Шунинг учун, аввало Аллоҳга ҳақиқий имон келтириб, сўнгра ниятни яхшилаб, ихлос билан, риёдан сақланган ҳолда амалларимиз адо этсак, қиёмат куни унинг самарасини кўрамиз, Аллоҳ розилигига эришамиз!


Одилхон қори Юнусхон ўғли



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Айни дамлар серқуёш заминимиздаги бор нознеъматлар ғарқ пишган пайт, пишиқчилик, тўкинсочинлик мавсуми. Бозорларимиздаги манзарадан кўз қувнайди. Инсон давоми...

3158 18:47 / 22.04.2017
Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом инсонларнинг энг яхшиси ва фазилатлиси, олий хулқ соҳиби эдилар, Айниқса, у зотнинг кечиримлари, жўмардликлари, бағрикенгликлари, давоми...

3724 10:04 / 24.03.2017
Халқимизда Кичгина деманг бизни, кўтариб урамиз сизниrdquo, ndash деган нақл бор. Жуда чиройли гап. Ҳақиқатда, кичик нарсаларни менсимаслик кейинчалик салбий давоми...

3924 21:31 / 21.04.2017
Ўтган азизларнинг вақтни авайлашлари ва уни зое қилишдан ҳазар қилишлариЎтган азизлар яъни салафи солиҳлар вақтни зое қилишдан ҳазар қилардилар. Фузайл ибн Иёз давоми...

3603 14:47 / 22.04.2017
Аудиолар

227891 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146612 14:35 / 11.08.2021