1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Истеъмолчилик иллати

22:58 / 21.04.2017 4593 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда бошқа маданият таъсирида қолаётганимиздан афсус чекиб, оҳ уриб, танқидлар ёғдириб, бир нималар деб ёзғириш ҳар жабҳада, ҳар тарафда ва ҳар онда кузатилмоқда. Тўйлардаги беҳуда ўйин-кулгини гапириларди, кейин келин-куёвнинг рақси пайдо бўлди. Уни танқид қилинса, энди “горько” дегани кириб келди. Ғайридинларнинг оммавий байрамларини ёмонлаб туришганди, бир ёқда ундан ҳам бемаза, беҳаё байрамлар бўй кўрсатди. Кийиниш маданиятидаги тобеликни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Бу кетишда яқинда ўлим маросимларида ҳам қандайдир “янгилик”лар бўлиб қолса, ҳеч қандай ажабланарли жойи қолмайди. Ойнаи жаҳонда ҳам миллийликни тарғиб қилиб, оммавий маданиятнинг офатларидан ҳарчанд сўз қотилмасин, айтарли натижа сезилмаётир. Баъзан бу ҳаракатлар аксинча натижа бериб, танқидлар реклама вазифасини бажариб беряпти.  Хўш, нега бу танқид, таҳлил ва тарғиботлар фойда бермаяпти? Нега бутун дунё ҳавас қиладиган ўзимизнинг бой меросимиз туриб, маданий қарамликдан чиқа олмаяпмиз? Нега ўтмишдаги маданиятимизни мадҳ этишдан нарига ўта олмаяпмиз? Нега ўз маданиятимизни оғиз тўлдириб мақтаймиз-да, орқасидан ҳеч нимани тушунмагандек бошқа маданиятларга эргашиб кетаверамиз? Қани бизнинг ўша оламшумул маданиятимиз? Нега уни бугун ўз ҳаётимизга татбиқ этмаймиз? Нега баъзан ўзимиз ундан қочмоқдамиз? Нима учун уни замон руҳида намойиш эта олмаяпмиз?

Бу саволларга жавоб бериш учун анча кўп гап керак, аммо ҳозир ундай тафсилотларга киришмоқчи эмасмиз. Биз ҳозир мазкур вазиятнинг асосий сабаб нуқталаридан бири ҳақида тўхталмоқчимиз. У ҳам бўлса истеъмолчилик иллати.

Ҳа, истеъмолчилик ҳам иллатдир. Фақат истеъмолчи бўлиш – қарам бўлиш демакдир. Хусусан, маънавий жабҳадаги истеъмолчилик вабодек ҳалок қилувчи офатдир. Чунки истеъмолчи фақатгина ишлаб чиқарувчи тақдим қилган нарсани олишга мажбур, ўшани истеъмол қилишга маҳкум. Ишлаб чиқарувчи бўлгандагина истагандек яшаш ва янгилик тақдим этиш мумкин. Биз эса фақат истеъмолчи бўлиб қолдик. Моддий нарсалардаги истеъмолчилигимиз, яъники қарамлигимиз маънавий соҳадаги тобеликка олиб келди.

Истеъмолчи бўлиб қолган халқ кимда нимани кўрса, фарқламай олаверадиган бўлиб қолади. Одамларнинг таъбири билан айтганда, «Хўрозқанд чет элники бўлса, ётволиб ялайдиган» бўлади. Унда ўзлик деган асос емирилиб битади. Дин, ахлоқ-одоб, миллийлик, ўзликдан гапирса ҳам, бу тушунчалар унинг қалбида бўлмайди, онгига сингмайди, шунинг учун ҳаётида кўринмайди. Бошқалар кўйлак кийса кияди, ечса ечади, иштон кийса кияди, ечса ечади. Нега бундай қилаётганини ўзи ҳам англамай қолади. Бориб-бориб, ўз ота-онасининг кийимидан ҳуркиб, етти-ёт бегонанинг қиёфасини кўрганда сажда қиладиган манқуртга айланади. Бу жуда ҳам оғир, мураккаб ҳолат бўлиб, ундан қутулиш ҳам осон бўлмайди. Энг муҳим чора ‒ ушбу вазиятга тушишнинг олдини олишдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, у ўшалардандир», деб бежиз айтмаганлар. Бу ҳадиси шариф мусулмон шахсни ўзлигини асрашга ундовчи энг кучли ғоялардан бири ҳисобланади. Ушбу метин қўрғон асосида мусулмонлар ўз одобларини, маданиятларини минг йиллар оша бузмай асраб келганлар.

Мазкур ҳадиснинг айтилиш ўрни ва бошқа жиҳатлари атрофлича ўрганилса, унда қайтариқ эмас, балки тарғиб маъноси кучли экани англашилади, яъни «Бошқаларга тақлид қилиб кетманглар, балки бошқалар сизларга тақлид қилсин, сизлар етакчи бўлинглар, инсониятнинг саодати шунда. Бунинг учун сизларда ҳар бир ишда муқобил омил бўлсин». Бошқача қилиб айтганда, сизлар истеъмолчи бўлманглар, ишлаб чиқарувчи бўлинглар, дейилмоқчи. Мусулмонлар ушбу асосни тутганларида дунёнинг пешқадами бўлганлар ва бутун инсониятга илму маданият, яхшилик улашганлар. Бу тутумнинг бошланиш нуқтаси бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бориб тақалади.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини пешонага тушириб юрардилар. Мушриклар эса бошларининг ўртасидан фарқ очиб юришарди. Аҳли китоблар ҳам сочларини пешонага тушириб юришарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳеч нимага буюрилмаган нарсаларда аҳли китобларга мувофиқ иш тутишни яхши кўрардилар. Кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларининг ўртасидан фарқ очадиган бўлдилар».

Ушбу ҳадис шарҳида қуйидагиларни ўқиймиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган жамиятда ғайримусулмонлар асосан ё аҳли китоб, ё бутпараст бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукми нозил бўлмаган айрим ишларда аҳли китобларга мувофиқ бўлишни ёқтиришлари уларнинг самовий дин вакиллари бўлгани, динларини ўзгартириб юборган бўлишса‑да, уларда ўтган пайғамбарларнинг асарлари ҳам борлиги эътиборидан бўлган. Чунки улар бутпараст мушриклардан кўра ҳаққа яқинроқ бўлишган. Кейинроқ араб мушриклари ҳам Исломни қабул қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларга ҳам ўхшамасликни буюрганлар. Шунинг учун ҳадиснинг охирида аҳли китобларга хилоф ўлароқ, сочларидан фарқ очганлари айтилмоқда. Бундан мусулмон киши кўринишда ҳам бошқалардан ажралиб туришга ҳаракат қилиши матлублиги тушунилади».

Қаранг, соч тараш қанчалар оддий иш, аммо шунда ҳам мусулмон одам бошқаларга тобе бўлмаслиги керак экан. Бу ерда яна бир нозик нуқта бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларга хилоф қилишда уларнинг одатларини тарк этиш билан кифояланмаяптилар, «Улар сочини тарар экан, мен тарамайман», деяётганлари йўқ, балки ўрнига бошқа бир одобни тақдим қилмоқдалар. Демак, тақиқнинг ўзи билан иш битмас экан, муқобил нарса ҳам тақдим қилиш керак экан. Маънавий тўқликни таъминламай туриб, маънавий хуружлардан ҳимояланиб бўлмайди.

Араб мушриклари чақалоқнинг бошини сўйилган жонлиқнинг қони билан ювишарди. Қон эса нопок, ифлос нарса. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариш билан бирга, чақалоқнинг бошини заъфарон билан ювишни буюрдилар. Заъфарон энг яхши тозаловчи, иммунитетни кўтарадиган шибохш ўсимликдир.

Суннатда бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп. Барчасида мусулмонларни ўзликни асрашга ўргатиш бор.

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: Мусулмонлар нега бошқаларнинг маданиятини қабул қилмаслиги керак? Бу аҳволда улар бошқа халқлардан ортда қолиб кетишмайдими? Ё улар шунчалар мукаммалми?

Ислом энг мукаммал дин, энг сўнги илоҳий йўриқ, ундан кейин бошқа дин келмайди. Исломда ҳаётнинг барча жабҳаси энг тўғри шаклда тартибга солинган. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ бу дин орқали инсоният учун Ўзи рози бўлган ҳаёт тарзини баён қилган, ундан афзали бўлмаслиги аниқ. Шу боис, мусулмонларнинг одобни бошқалардан ўрганишлари дуруст эмас, балки Пайғамбарларидан, динларидан ўрганишлари ва унга тўғри амал қилишлари, бошқалар эса мусулмонлардан ўрнак олиши керак бўлади. Ана шунда инсоният икки дунё саодатига эришади. Зотан, бу уммат инсоният фойдаси учун чиқарилган энг яхши умматдир.

Аммо бу мусулмонлар бошқа халқларнинг ҳеч қандай тамаддунини тан олмаслиги, тажрибаларидан фойдаланмаслиги керак, дегани ҳам эмас. Исломга кўра, инсоний тамаддун, моддий тажрибалар бутун инсониятникидир. Шу боис, мусулмонлар ўзларининг тажрибий илмларини ҳеч кимдан яширмаганлар, аямаганлар, балки имкон қадар бутун оламга тарқатганлар. Бундай ютуқларни Ислом қадрлайди. Мусулмонлар аввало бу борада ҳам илдам бўлишлари ва айни пайтда, бошқа халқларнинг ютуқларини ўзлаштириб, тартибга солиб, ривожлантиришлари даркор. Фақат бунда ҳар бир нарса исломий ахлоқ, диний мақсад ва илоҳий мезон асосида қайта кўриб чиқилади. Маъқул кўрилгани қабул қилинади, бошқаси рад этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида илоҳий ваҳий кузатувида олиб борилган ислоҳотлар ҳам айни шу йўсинда кечган. Бу борада саҳобалардан тортиб, бугунги кунгача уламоларимиз қатор оят-ҳадислар асосида керакли чораларни кўриб келганлар. Ислом ўзидан олдинги шариатларнинг айрим ҳукмларини тасдиқлагани, жоҳилият арабларининг яхши одатларини сақлагани ҳам шундан. Бошқа халқларнинг маданияти билан тўқнашганда Ислом таълимотларига зид бўлмаган урф-одатларига тегилмаслиги ҳам шу эътибордан. Аммо буларнинг барчаси илоҳий йўриқлар асосида тартибга солиниши билан аҳамиятлидир.

Ислом тараққийпарвар дин. Ундаги кенглик, мосланувчанлик ҳеч бир динда йўқ. Аммо у бу борада ҳам ўзининг қатъий асослари ва чегараларини ўзгартирмаган ҳолда иш кўради. Шу боис, у бошқа маданиятларнинг ютуқлари қаршисида тиз чўкмай, улардан керакли хулоса олиб, маданий ютуқларни ўз мақсадларига йўналтиради ва ўз ичидан куч топиб, ўзига хос усулда ўсиб бораверади. Бошқача қилиб айтганда, Ислом дини инсониятга манфаат келтирадиган, банданинг дунёси ва охиратига фойдаси тегадиган ҳар қандай янгилик, кашфиёт, ихтирони маъқуллайди, бу борадаги изланиш ва тадқиқотларни рағбатлантиради.

Келинг, гапимиз қуруқ бўлмасин учун айрим мисолларни эслаб ўтайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Мадинадаги ҳаёт Маккадагидан кўра маданийроқ эди. Маккада тикилган кийим кам бўлган. Мадинада эса бундай кийимларнинг бир неча тури мавжуд бўлган. Уларда саноат ривожланганроқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ернинг энг яхши кийимларидан кийдилар. «У зот учун энг суюкли кийим кўйлак эди», дейди саҳобалар, чунки у эн кийимдан кўра авратни тўсиб туришга мос бўлган. Аммо ипак кийимга келганда, уни эркакларга ҳаром қилдилар. Аёлларга эса рўмолларини кўксилари устидан ташлаб, ёпинчиқларга ўранишни буюрдилар. Шу билан Ислом қадриятлари мустаҳкамланди.

Тамим Дорий розияллоҳу анҳу Шомда нотиқларнинг минбарда туриб гапирганини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам минбар қилишни тавсия қилади ва унинг бу таклифи қабул бўлади. Масжидда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёғочдан уч поғоналик минбар ўрнатилади. У зот ўшанда ўтириб ваъз қиладиган бўлдилар.

Масжиди набавий хурмо калтакларини ёқиб ёритиларди. Тамим розияллоҳу анҳу Шомдан қандил олиб келиб, масжидга ўрнатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечки пайт масжидга кирсалар, қандил ҳаммаёқни ёритиб турибди. У зот: «Буни ким қилди?» деган эдилар, «Тамим Дорий», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом «Йўқот буни, қаердан топиб келдинг?» деганлари йўқ, балки: «Эй Тамим! Сен Исломни мунаввар қилдинг, Аллоҳ сени ҳам дунёю охиратда мунаввар қилсин», дедилар (Тафсири Қуртубий).

Кейинчалик, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумонинг халифалик даврларида Ислом диёрлари кенгаяр экан, янги қўшилган мамлакатлардаги маданий ютуқлар ҳам ўзлаштириб борилди. Аммо бунда мусулмонлар оддий истеъмолчи бўлиб олганлари йўқ, балки ўша ютуқлардан хулоса олган ҳолда ўз ишларини тараққий эттирдилар. Аниқроқ қилиб айтганда, ўша ютуқлардан истефода қилишда ўз инон-ихтиёрларини қўлдан бермадилар. Умар розияллоҳу анҳу давлат бошқарувида Форс давлати тажрибаларидан фойдаланди, аммо қарам истеъмолчи бўлмади, балки Ислом шариатини жорий қилишда улардан ташкилий ишларда фойдаланди.

Ўша пайтдаги бошқа йирик давлатлар ўзларининг расмий ёзишмаларида ҳар бир мактубнинг ёзилган санасини қайдлашар эди. Бундан саҳоба киромлар ўз ёзишмаларида ҳам йил ҳисобини қайдлаш кераклигини англашди. Лекин тайёр Форс ёки Рум календарини қабул қилиб қўя қолишмади, балки мусулмонлар учун алоҳида тақвим жорий қилишди.

Бу каби намуналар беҳисоб. Айтмоқчимизки, мусулмонлар ҳар қандай шароитда ўз қадриятлари ва ақийдаларига содиқ бўлишлари, фақат истеъмолчи эмас, кўпроқ ишлаб чиқарувчи бўлишлари, бошқа халқларнинг ҳаётий тажрибалардаги ютуқларни ўзлаштиришда ҳам ўз асосларидан чекинмасликлари лозим. Мана шу барча яхшиликларнинг калити, ўзликнинг асрашнинг гарови ҳисобланади. Мусулмонлар ушбу таомилни тутган пайтларида дунёнинг энг буюк, пешқадам халқи бўлиб, инсониятга бемисл моддий-маънавий бойликларни тақдим қилганлар, илм-фан борасида инқилоб ясаганлар.

Афсуски, сўнги асрларда мусулмонлар ўтмишдошларидек қатъиятли бўла олишмади. Техника ва ҳарбий соҳага беътиборлик сабаб истеъмолчи бўлиб қолишди, бунинг ортидан ўлкалари бирин-кетин мустамлакага айланди, маънавий муҳит ёт таъсирлар остида булғанди.

Бугун эса биз мусулмонлар истеъмолчиликда жуда илғорлаб кетдик. Емишимиз ҳам, кийимимиз ҳам, ўтирган ўрнимиз ҳам, уй жиҳозларимиз ҳам, минадиган уловимиз ҳам ‒ барча-барчаси деярли бошқаларнинг маҳсулоти бўлиб қолди. Техник жиҳозлар, оғир саноат ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бирортасида илғорлик йўқ. Бир неча аср олдин қилган ихтироларимизни эслашдан нарига ўта олмаяпмиз.

Аммо энг ачинарлиси, моддий истеъмолчиликдан ошиб ўтиб, маънавий истеъмолчиликка шўнғиб кетмоқдамиз. Ҳадиси шарифларда огоҳлантирилганидек, бошқалар бирор тешикка кирса, биз ҳам ўшанга бош суқмоқдамиз. Ҳатто оддий урф-одатларда ҳам бошқаларга тобе бўлиб бормоқдамиз. Ўзимиз билиб-билмаган ҳолда ўзлигимиздан айрилиб, асл қиёфамиз йўқолиб, кимларгадир айланиб қолмоқдамиз. Яна бу йўлга манқуртларча бир-биримизни мажбурлаб ҳам бормоқдамиз.

Айниқса, илмий тадқиқотлар борасида ўта истеъмолчи бўлиб қолганмиз. Ўз тарихимизни бевосита ўзимиз ўргана олмаймиз, бошқаларнинг таржимасидан олиб қўя қоламиз. Ўз аждодларимизнинг асарларини ўзимиз ўқий олмаймиз, аммо бошқалар ўқиб, истаганича талқин қилса, шуни ҳазм қилиб ўтираверамиз. Қандайдир инглизча, лотинча исмли одам бир гап айтган бўлса, шу ерда яшаб ўтган аждодларнинг гапини бир четга улоқтириб, ўша «холис тадқиқотчи»нинг гапини табаррук санаб, унга жонимизни берворай деймиз.

Хуллас, бу каби ачинарли ҳолатлар ҳар жабҳада, ҳар қадамда бор. Буларнинг барчаси тобелик, қарамликнинг чиркин меваларидир. Биз мустамлакаликка шунчалар кўникиб қолган эканмизки, эркинликка мослаша олмаяпмиз. Бироз дадилроқ қадамдан ҳам ҳуркиб тушамиз, рост гапни ҳазм қилолмаймиз.

Ваҳоланки, мустақил бўлганимизга, ўз юртимизга ўзимиз эга бўлганимизга чорак аср бўлди. Бугунги шиддаткор замонда эскича яшаб бўлмайди. Халқимизнинг асл қиёфасини, она тилимизни, миллий урф-одатларимизни тиклай олмасак, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллай олмаймиз.

Касалликнинг келиб чиқиш сабабларини аниқламай туриб уни даволашга уриниш фойдасиз, касал яна қайталанавериши тайин. Ҳар қандай муаммонинг сабаблари бўлади, уларни очиқламасдан ечим ҳақида сўзлаш ўринсиз. Хўш, ушбу истеъмолчилик иллатининг асосий сабаблари нималардан иборат? Нега асрлар оша дунё халқларининг пешқадами, етакчиси бўлган уммат бир неча асрдирки, ўзига келв олмай, ҳуқуқлари топталган, молу жону таланган ўлжага айланиб қолди?

Бунинг бош сабаби битта ‒ Исломнинг жавҳаридан, тамал мақсадларидан узоқлашиш. Ҳа, мана шу омил бошқа сабабларни келтириб чиқарди. Илмга бўлган рағбат сусайди, илм ҳақидаги тушунчаларда ноқислик урчиди. Ислом илм деганда ҳар қандай фойдали билимни назарда тутгани, «вожибга хизмат қилувчи восита ҳам вожиб» деган ҳукм тажрибий, табиий, сиёсий-ҳарбий билимларни ҳам вожиб деб билишни, уларни ўрганишнинг савоби шаръий билимларникидан кам эмаслигини, балки ўрни келганда «авлавия ‒ бирламчи устуворлиги» қоидасига кўра ажри кўпроқ бўлишини уқтириш унут бўлди. Ваҳоланки Қуръоннинг Тавба сурасидаги «Қурбингиз етганича қувват ҳозирланг», деган илоҳий хитоб фақат ҳарбий соҳага эмас, балки барча соҳаларда, хусусан, илм-фандаги қувватни ҳам ўзи ичига олган эди. Кўпчилик мадрасаларда Исломнинг маёғи бўлган Қуръону Суннатни ўрганиш бир четда қолиб, мантиқ, илми калом, тилшунослик каби аслида восита бўлган илмларга ҳаддан ташқари қаттиқ берилиб кетилди, баҳсу мунозалардан нарига ўтмай қўйилди. Фиқҳ деганда оят-ҳадисни атрофлича, мақсадлари билан чуқур англаш, уларни замон руҳида ҳаётга татбиқ қилиш ўрнига фақат айрим фуруъий масалалардаги тортишувлар англашиладиган бўлди. Тасаввуф бўйича оғишлар ҳам тўлиб-тошиб кетди. Тасаввуфдаги зуҳд кўпинча таркидунёчиликка айланиб кетди. Мол-дунёдан юз ўгириш, фақат охиратга юзланиш, Аллоҳга таваккул қилиш каби қалб амаллари жавориҳ ‒ ташқи аъзоларга кўчиб, зоҳирий бўлиб қолди. Шу ва бошқа омиллар сабаб мусулмон ўлкаларида таназзул юз берди.

Аммо шуни таъкидлаш ўринлики, мазкур тарихий воқеликдан мусулмонлар барча жабҳада ҳаммадан ортда қолган экан-да, деган нотўғри тушунчага бормаслик керак. Бу ерда уларнинг сўнги ҳолати олдингисига қиёсланган, холос. Зеро, мусулмонлар ўша таназзул замонларида ҳам илм-маърифат, ахлоқ-одоб, маънавиятда ҳаммадан илғор бўлган ва ҳозир ҳам шундай десак, хато бўлмайди. Аммо аниқ фанлар ва техник тараққиётдаги қолоқлик ҳамма жабҳадаги ютқазишларга сабаб бўлди. Бунга эса юқорида айтилган маънавий омиллар замин яратди.

Ҳолат аниқ, сабаблар ҳам равшан. Энди бу вазиятдан чиқиб кетиш учун нималар қилиш керак?

Бунинг учун аввало ўша бузилган пойдеворларни қайта тузатиш, деворларни янгидан тиклаш керак, уларни асл ҳолига қайтариш даркор.

Исломда илм деганда барча фойдали илмлар назарда тутилиши, мусулмон жамияти учун керак бўлган барча илмлар фарзи кифоя бўлишини жамият онгига, ёшлар онгига сингдириш керак. Фарзи кифояни бажариш шу соҳага лаёқати, имконияти борларга фарзи айн бўлади. Бинобарин, бу йўлдаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир ҳаражат ибодат ҳисобланади, ажру савобли бўлади.

Биз ушбу илмларга соҳиб бўлганларни ҳам қадрлашга, эъзозлашга ўрганишимиз лозим. Уларнинг ичидаги мухлис, мўмин кишиларни қори, олим, сифатида ҳурмат қилишимиз, қадрлашимиз керак. Бир ёнда муҳаддис, фақиҳларга таъзим қилсак, иккинчи тарафга боқиб, муҳандис, шифокор, кашфиётчиларга ҳурмат бажо келтиришимиз даркор. Ана шунда бир тарафда Бухорийлар-у Термизийлар, иккинчи тарафда Хоразмийлар-у Фарғонийлар етишиб чиқади.

Илм дунёвий-ухравийга ажратилмаслиги, балки барчаси Аллоҳ таолонинг илмини ўрганиш ҳисобланиши, агар ажратилса ҳам, илмнинг мавзусига қараб эмас, ниятга кўра, одамларга, жамиятга берадиган фойдасига қараб фарқланишини яхши англашимиз ва буни ёш авлодларга уқтиришмиз керак.

Инсон илмни Аллоҳ розилиги учун, холис ният билан олса, қандай илм бўлишидан қатъи назар, модомики инсонларга фойда келтирадиган бўлса, у ухравий илмдир, унда ажру савоб бор. Аммо ўрганилаётган илм қанчалар охиратга боғлиқ бўлмасин, агар ният холис бўлмаса, шуҳрат, тортишув, мол орттириш каби дунёвий манфаатлар илинжида бўлса, у илм дунёвий илмдир, унинг учун охиратда насиба йўқ.
Биров ҳисоб (математика), биология ёки жуғрофия илмини ўрганмоқда. Нияти динига, мусулмонларга хизмат қилиш, уларга обрў келтириш, инсонларга фойда етказиш. Шу иши учун Аллоҳдан савоб умидида. Бундай илми ухравийдир, чунки нияти ухравий. Биров Қуръон ёдламоқда, фиқҳу ҳадисни ўрганмоқда, аммо нияти обрў топиш, мол дунё орттириш. Унинг илми дунёвий, чунки нияти дунёвий.

Миллий-диний ғуруримизни шакллантириш, уни авлодларга ёшликдан сингдириш лозим. Фарзандларимиз бошқаларга қарамликдан, истеъмолчи бўлишдан ор қиладиган бўлишсин. Шахсан мен хорижий давлатларнинг техника ва бошқа маҳсулотларини ишлатишда кўнглим тўлиб, маза қила олмайман. Қалбнинг бир четидаги ўксиклик ҳамиша ҳаловатни бузиб туради. Афсуски, ҳозирча бошқа чора йўқ. Агар ҳар бир фарзандимизда шу каби туйғуни шакллантирсак, уларни илм-фанга сафарбар қилсак, бу ҳаракат тез кунларда ўз  самарасини беради, иншааллоҳ.

Келажак авлод ўз тарихини соф ҳолида билиши ва ўз ўтмишидан фахрланиши лозим. Бу ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун таълим тизимида ҳам анчагина ислоҳотлар қилиниши керак. Анъанавий таълим-тадқиқот усулларини замонавий тажрибалар билан бойитилса, жуда катта ютуқларга сабаб бўлади. Бу борада озми-кўп қадам ташлаб қолинди, аммо ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп.

Ўрта асрларда илм-фан ва тамаддун ўчоғи бўлган исломий ўлкалардаги осори атиқаларни томоша қилар экансиз, аждодларимиз қанчалар буюк, илғор бўлганини бутун вужудингиз билан ҳис этасиз. Уларнинг юксаклиги бугунги замон кишисини ҳам ҳайратга солади. Биз келажак авлодларга ушбу ҳақиқатни сингдира олишимиз, уларга ана шундай фахрланишга арзирлик мерос қолдиришимиз даркор. Токи улар ҳам ўз боболари ёди билан бошларини тик тута олишсин.

Дарсликларда бошқа халқларнинг олимлари, кашфиётлари батафсил ўргатилади, аммо мусулмон уламолар, буюк аждодларимиз тақдим этган ихтиролар ҳақида деярли ҳеч гап йўқ. Чунки қўлланмалар ҳам бошқалардан таржима қилинган, аслини ўзимиз ёзмаганмиз ва ҳозирча ёза олмаяпмиз ҳам. Табиийки, бошқа халқлар ўз олимларини таништиради, биз эса бу борада ҳали мақтангудек бир иш қилганимиз йўқ. Ушбу кемтикни тўлдириш фурсати етганига неча замонлар бўлди.

Бизнинг бошқаларга кўз-кўз қилса, таълим берса арзидиган жуда катта маънавий бойлигимиз, ахлоқимиз, юксак маданиятимиз бор. Фақат биз унга ҳаёт бахш эта олмаяпмиз, уни қадрлай билмаяпмиз, бошқаларга ўргатиш тугул, ўзимиз ҳаётга татбиқ эта олмаяпмиз. Бунинг асосий сабаби – биз ўша бойликларни асл манбадан, тўғри йўсинда ўрганишни йўлга қўймаганмиз. Ҳали ҳам ўзимиз бир нима қилмай, рус ва ғарб тадқиқотчиларининг оғзига қараб ўтирибмиз. Ҳатто ўз динимизга бўлган муносабатда ҳам уларнинг сўзларидан нари кетмолмаймиз. Тобелик ҳам эви билан-да, дегинг келади.

Жамиятда қайси жабҳа оқсоқ бўлса, ўша тарафга куч ташлаш керак. Ислом шуни таъкидлайди. Имом Ғазолий раҳматуллоҳи алайҳ динда бирламчи бўлган заруратларга эътибор бериш ҳақида сўз юрита туриб, жумладан шундай дейди: «Агар бир қишлоқда ҳамма фиқҳ билан шуғулланиб кетиб, табобат оқсаб, мусулмонлар ғайридин табибларга муҳтож бўлиб қолса, шу ердаги ҳамма мусулмонлар гуноҳкор бўлади. Бундай пайтда табобатни ўрганиш фиқҳни ўрганишдан муқаддам бўлади».

Мусулмонлар ҳам янги кашфиёт ва ихтиролар қилишлари, саноатни ривожлантиришлари керак. Ҳар соҳада етук мутахассислар, кадрлар ўзимиздан чиқиши лозим. Қачонгача тайёрига баковул бўлиб, бошқаларнинг маҳсулотини истеъмол қилишдан нарига ўта олмай юрилади? Қачонгача «Бу соҳада фалончиларга муожаат қилиш керак, буни ўшалар яхши билади» деб, бошқаларга юкинилади? Одам қилган нарсани одам қила олади, фақат истак, хоҳиш бўлиши керак.

Инсонларга фойда келтирадиган ҳар бир кашфиёт, ҳар бир ихтиро садақаи жория ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси одамларга кўпроқ фойда келтирадиганидир», деб бежиз айтмаганлар. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деб турсалар, қандай қилиб мусулмонлар одамларнинг энг яхшиси бўлишга интилмасликлари керак? Қачонгача бу фазилатда бошқалардан ортда қолиб юрадилар?

Агар замонавий техника ва ихтироларда мусулмонлар пешқадам бўлганларида қандай олий иш бўларди! Мусулмонлар ҳар бир ишда иймон, ҳалол-ҳаром, зарар-фойда жиҳатидан ёндашиб, инсониятга яна ҳам кўпроқ фойда келтиришлари, бугунги кўплаб зарарлар олдин олинган бўлиши тайин эди.

Бугунги кунда дори-дармонларни қўйинг, қанчадан-қанча озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлашда мусулмонлар ортда қолганидан емишларимизга ҳаром-хариш нарсалар аралашиб кетмоқда. Ахир ҳалолига ҳаракат қилиш фарз эмасмиди? Даво учун ҳаромни истеъмол қилишга берилган рухсатда табибнинг ҳозиқ, яъни билимдон мутахассис бўлиш билан бирга диндор, тақволи бўлишини шарт қилишдан мақсад нима эди? Тақводор табиб ҳалолини истаган бўлади ва топа олмагач, ўша ҳаром нарсани таклиф қилади. Агар мусулмонлар ишлаб чиқаришда етакчи бўлсалар эди, ҳозирда ҳаром нарсалардан олинаётган ва фақиҳларнинг бошини қотираётган жуда кўп моддаларни тайёрлашнинг ҳалол йўлини топган бўлишарди.

Айрим ғайримуслим халқлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларида ўз диний рамзларини жойлаштиришга уринишади. Табиийки, бундай маҳсулотлардан фойдаланишда мусулмонлар ноқулай ҳолатга тушиб қолишади, уламолардан фатво сўрашга тушишади. Агар улар чорасиз истеъмолчи бўлмай, ихтирочи бўлганларида эди, бу муаммога дуч келмаган бўлишарди.

Қуръон эшитадиган, уни ўқишни ўргатадиган турли жиҳозларни чет элларда ясатиб, сотишаётган эди. Сўнгги пайтларда у ерлардаги айрим ғаразли кучлар бундай жиҳозларни ишлаб чиқаришга қаршилик қила бошлади. Мусулмонлар динларини ўрганиш ва ўргатиш борасида янги тўсиққа дуч келишди. На илож, ўзимиз шу илмни ўрганмасак, ўзимиз ишлаб чиқармасак, бировга муҳтож бўлаверамиз, бировнинг қўлига қараб тураверамиз.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини ошириш билан бирга, имкон қадар миллий маҳсулотларни сотиб олишга одатланиш керак. Бу билан биз ўз халқимизга, диндошларимизга яхшилик қилган бўламиз, уларнинг меҳнатини қадрлаган бўламиз. Бошқаларнинг маҳсулотини кўзга тўтиё қилиб, ўзимизникини ерга уриш ёмон ҳолатдир.

Ишлаб чиқарувчилар ҳам, бироз фойдаси озроқ бўлса-да, ўз халқига тақдим этадиган маҳсулотларни ташқарига чиқарадиганидан кам қилмаслиги лозим. Буларнинг барчаси онгли равишдагина бажарилади.

Моддий қарамлик билан маънавий қарамлик ўзаро боғлиқ эканини унутмаслик керак. Бири иккинчисини тақозо этади, десак ҳам хато бўлмайди. Шу боис, биз маънавий бойлигимизни маҳкам тутган ҳолда моддий тараққиёт сари юришимиз ва истеъмолчиликдан чиқишимиз даркор. Бунинг учун маънавий асосимиз етарли, бу борадаги захирамиз беқиёс, бошқа ҳеч бир халқда йўқ, маънавиятда бугун ҳам етакчилик қилсак бўлади. Фақат бунинг учун истеъмолчиликдан чиқишимиз керак, бошқаларнинг маданиятини олавермай, ўзимизнинг маданиятимиз, диний қадриятларимиз, ахлоқий асосларимизни замон руҳида қўллашимиз керак. Одамлар янгиликка, замонавийликка интилади. Буни ўзимизда керакли йўсинда қондирилмаса, бошқа тарафдан ўзлаштириш осон бўлиб қолади. Биз ушбу эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда ўз маданиятимизга қайтадан жон бахш этишмиз лозим.

Юқорида айтиб ўтилган барча омиллар маърифатга бориб тақалади. Илм-маърифатсиз ҳеч нима қилиб бўлмайди. Ўзликни таниш учун ҳам, тарихни билиш учун ҳам, аждодларни севиш учун ҳам, миллий-диний ғурур бўлиши учун ҳам, истеъмолчилик қарамлигидан қутулиш учун ҳам, ихтирочилик учун ҳам, эл-юртга холис хизмат этиш учун ҳам, самарали ҳаракат қилиш учун ҳам ‒ барча-барчаси учун илм керак. Илм-маърифатни қанчалар кўп ўзлаштирсак, кўп тарқатсак, шунчалар муваффақият бўлаверади.

Хулоса қилиб айтганда, барча жабҳаларда қарам истеъмолчилик ботқоғидан чиқиб, ихтирочилик чўққисига интилишимиз керак. Бу маънода тарихий тажрибаларимиз етарли, уларни қўллай билиш керак. Бу борадаги энг катта масъулият илм аҳлининг ва мутасаддиларнинг зиммасига тушади. Ҳар ким ўз имконияти ва масъулиятидан келиб чиқиб, юртнинг келажаги учун қўлидан келганини қилиши даркор. Ана шунда ҳадеб бошқаларнинг таъсирида қолаётганимиздан ёзғиришларга ҳам ўрин қоламйди. Шундагина ўзликни асраш ва бегоналарнинг урф-одатларига тобеликдан қутилиш мумкин.

Аллоҳ таоло барча хайрли ишларимизда мададкор бўлсин, халқимизнинг ҳар соҳада чинакам мустақил бўлиб, яна дунёнинг пешқадамлари қаторига қўшилишини насиб айласин!


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Басралик бир савдогар Чин Хитой мамлакати томон сафарга тайёргарлик кўраётганида бир қария унинг кемасига яқинлашиб илтимос қилиб қолдиndash Эй хожа, ҳузурингизга давоми...

2809 18:00 / 05.02.2021
Луқмони Ҳаким ўғлига шундай насиҳатлар берди.Қариндошуруғлардан алоқангни узма, ўйлаб иш тут, одамларни ғийбат қилма, одамлар ёмон ишга бош қўшса уларга давоми...

2417 10:30 / 20.11.2021
Бутун оламлар Холиқи бўлмиш Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ичидан ўз рисолатига танлаб олди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ давоми...

2759 14:52 / 27 январь
Европада ўзига хос салоҳиятга эга мамлакатлардан бири бўлган Францияда Ислом бундан ўн уч аср муқаддам пайдо бўлган. Бу ўлкага мусулмонлар милодий 717 йили Испания давоми...

2312 17:00 / 09.02.2021