Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Биринчи йўқотиш:
"Раҳмоннинг бандалари", деган лақабни қўлдан бой беради.
"Раҳмоннинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир. Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказурлар". (Фурқон сураси, 63 64 оятлар)
(Изоҳ: Раҳмоннинг суюкли бандаси бўлиш шарафига эришган инсон ер юзида камтарлик, содда ва мулойимлик билан юради. Унда такаббурлик, манманлик, ваҳшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, бўшанглик, иродасизлик, беҳуда қисилиб-қимтиниш, ўзини пастга уришлик ҳам бўлмайди.)
Иккинчи йўқотиш:
Тақводорлар лақабидан маҳрум бўлади.
"Албатта тақводор зотлар (у Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва чашмалар устида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар. (Зарият сураси, 15 18 оятлар)
Учинчи йўқотиш:
Тоат ибодат қилувчи ва ақл эгалари лақабни қўлдан бой беради.
"Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда – тик турган ҳолда тоат-ибодат қилгувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)?!" Айтинг: "Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!" Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар". (Зумар сураси, 9 оят)
Тўртинчи йўқотиш:
Кечани ибодатда қоим қилиш мақомидан маҳрум бўлади.
"(Аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам) баробар эмас. Аҳли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган Тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор" (Оли имрон сураси, 113 оят).
Бешинчи йўқотиш:
Роббимиз Закариё алайҳиссаломга насиб қилган дуо ижобат бўлиш фурсатини қўлдан бой беради.
"Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: "(Эй Закариё), Аллоҳ сенга сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли пайғамбар хушхабарини берур". (Оли имрон сураси, 39 оят)
Олтинчи йўқотиш:
Оғир сўзни ўзига юклаб олиш билан Аллоҳнинг иноятидан маҳрум бўлади.
"Эй (кийимлирига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина — унинг (кечанинг) ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг, ёҳуд унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни, кечанинг ярмидин камроғида ухлаб, истироҳат қилинг) ва Қуръонни тартил билан (яъни, дона-дона қилиб) тиловат қилинг! Зеро, Биз Сизга оғир Сўзни — Қуръонни туширажакмиз. Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир" (Муззаммил сураси, 1 6 оятлар).
Изоҳ: Тун сукунатида ибодат қилаётган киши Қуръонни ҳам адашмай тиловат қилади, дуо-илтижоларни ҳам ҳузури дил билан бехато қилади ва бу вақтда ўзгалар уйқу-ғафлатда бўлгани учун унинг қилгат ибодати — ўқиган намози бериё, яъни, Ёлғиз Аллоҳ учун бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таъоло тунлари бедор бўлиб ибодат қилишни: "Энг тўғри сўздир", дейди.
Еттинчи йўқотиш:
Унинг яхшиликлари ёмонликларини кетказмайди. Чунки, унинг шартларидан бири кечадан бир бўлагида таҳажжуд намозини адо қилиш эди.
"Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида номозни тўкис адо қилинг! Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур, бу эслатма олгувчилар учун бир эслатмадир" (Ҳуд сураси, 114 оят).
Саккизинчи йўқотиш:
Роббим, мақтовли мақомда тирилтиришини қўлдан бой беришдир.
"Кечанинг (бир қисмида) уйғониб, ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (қиёмат кунида) мақтовли мақомда тирилтирур" (Исро сураси, 79 оят).
Тўққизинчи йўқотиш:
Аллоҳ таоло ваъда қилган розиликни қўлдан бой беради.
"Кеча(нинг аввали ва охири) вақтларида ҳам, кундуз(нинг аввали ва охири) тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг – намоз ўқинг, шояд шунда (Парвардигорингиз охират диёрида берадиган ажр-мукофотлардан) рози бўлурсиз" (Тоҳа сураси, 130 оят)
Ўнинчи йўқотиш:
Таваккал қилган кишига бериладиган Аллоҳнинг иноятидан маҳрум бўлади.
"Ғолиб ва Меҳрибон (Аллоҳ)га таваккал қилинг! У Сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар" (Шуъаро сураси, 219 оят).
Ўн биринчи йўқотиш:
"Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзи-ҳимоямизда)дирсиз" деб айтилганлар қаторидан ва Аллоҳнинг ҳукмига сабр қилувчилар жамоасидан маҳрум қилинади.
"(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига сабр қилинг.— Зотан, Сиз шак-шубҳасиз, Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзи-ҳимоямизда)дирсиз.— Ва (тонгда уйқудан) турган пайтингизда Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни барча айб-нуқсондан) покланг! Шунингдек, кечадан (бўлган соатларда) ва юлдузлар юз ўгириб кетгач (яъни, саҳар пайтларида) ҳам У Зотга тасбеҳ айтинг!". (Тур сураси, 52 оят)
Ўн иккинчи йўқотиш:
Оз ухлаганлари учун мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини яъни, охират неъматларидан маҳрум бўладилар.
"Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига (яъни, тунларни ибодат билан ўтказишиб, оз ухлаганлари учун) мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирон жон билмас" (Сажда сураси, 17 оят).
Ўн учинчи йўқотиш:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бўлган саҳобаларга эргашиш бахтидан маҳрум бўлади.
"(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Парвардигорингиз Сиз ва Сиз билан бирга бўлган кишилардан иборат тоифа (яъни, саҳобаларингиз гоҳо) кечанинг учдан иккисидан озроғида, (гоҳо) унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (соатлари)ни Аллоҳ белгилар" (Муззаммил сураси, 20 оят).
Бундан ҳам улкан зиён кўрувчи борми?!
Шу даражадаги зиённи кўриб туриб ҳам тунги таҳажжуд намозини тарк қиламизми?!
Анвар Аҳмад