1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тошкент 2007

«КЎКАЛДОШ» ТОШКЕНТ ИСЛОМ ЎРТА МАХСУС БИЛИМ ЮРТИ ҲАҚИДА

14:27 / 20.04.2017 6559 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Кўкалдош» мадрасаси Тошкент шаҳридаги тарихий обидалардан бири саналади. Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа Тошкандийнинг «Тарихи жадидайи Тошканд» китобида «Кўкалдош» мадрасасини Дарвешхон қурдирганини ёзади ва шу китобининг баъзи жойларида мадрасани Дарвешхон мадрасаси деб ҳам атайди. Мадраса 1551-1575 йиллар орасида қуриб ишга туширилган. Бунга далил сифатида тарихчилар 1569-1570 йилларда ёзилган вақфномани келтирадилар. Унга кўра, Тошкент ҳокими Султон Дарвешхон бир карвонсаройни мадрасага вақф қилиб бергани айтилган.

«Кўкалдош» мадрасаси Чорсу майдонидаги Шаҳристон тепалигида Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжидининг ёнида анъанавий шарқона услуб асосида бунёд этилган. Унинг кенг ҳовлиси ҳужралар ва очиқ айвонлар билан ўралган. Ҳужралар сони 38 та бўлиб, дастлаб қурилганда мадраса уч қаватдан иборат бўлган. Бош фасад жанубга қараган, дарвозадан кираверишда чапда масжид, ўнгда дарсхона жойлашган. Масжид ва дарсхонанинг усти ўзаро кесишган равоқлар устига ўрнатилган қўш ички ва ташқи гумбазлардан иборат бўлган. Пештоқ сиркор парчин ва жилва нақшлар билан безатилган.
XVIII асрга келиб қаровсиз қолган мадраса карвонсарой сифатида фойдаланилган. 1830-1831 йилларда Тошкент ҳокими Лашкар Бегларбегининг даврида дарсхона ва масжид ўнгидаги нураб тўкила бошлаган зангори гумбазлари ва иккинчи қаватнинг ғиштлари кўчириб олиниб, ҳозирги кунда бузилиб кетган Бегларбеги мадрасаси (бозорнинг юқори қисмида)нинг қурилишида ишлатилган.
1866-1886 йилларда рўй берган зилзила натижасида мадраса пештоқининг юқори қисми қулаб тушган ва мадраса вайронага айланган.
1902-1903 йилларда Тошкент шаҳри аҳолисининг хайрия маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилади. Маблағ етишмаслиги сабабли таъмирлаш ишлари тўхтаб қолиб, ёдгорлик ўзининг аввалги ҳолатига қайтарилмади.
Кўкалдош мадрасаси ва унинг ёнидаги Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжиди 1865 йилда Генерал Черняев бошчилигидаги Тошкентни забт этишда қаттиқ шикастланди.
1886 йили рус муҳандислари томонидан хонақолар ва жомеъ масжид қайта таъмирланиш натижасида ўзининг дастлабки меъморий кўринишини тамоман йўқотди.
Вақт ўтиши билан ўзаро урушлар, кучли зилзилалар, биноларнинг турли мақсадларда фойдаланиши, бир неча бор қайта таъмир қилиниши ва қайта тикланиши мадрасанинг дастлабки ҳақиқий гўзаллигини, муҳташамлигини аста-секин йўқотиб юборган.
Айниқса, ХVIII асрнинг бошларида мадраса ташландиқ ҳолатга келиб қолган. Ўша асрнинг охирида эса, карвонсарой мақсадида фойдаланилган. Коммунистик мафкуранинг ҳукмронлиги даврида мадраса биноси умуман қаровсиз қолиб кетган: хоналар омборхона, ётоқхона, ҳар хил устахоналар сифатида фойдаланилган.
Мазкур кўҳна билим даргоҳида кўплаб олиму фузалолар дарс берганлар, таҳсил олганлар. XVI асрда Тошкентда ишлаб турган Хожа Аҳрор жомеъи, Бароқхон ва «Кўкалдош» мадрасаларида ўз замонасининг машҳур олимларидан Шамсиддин Муҳаммад Куртий, Хожа Юсуф Қошғарийлар дарс берганлар. Ўзбек мумтоз шеъриятининг вакилларидан шоир Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ҳар гал Тошкентга келган вақтларида (1880-1890) «Кўкалдош» мадрасасида истиқомат қилган. 1889-1891 йиллар мобайнида шаҳримизда яшаган машҳур шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ҳам ушбу мадрасада истиқомат қилиб, таълим олган ва ижод билан шуғулланган. Шунингдек Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳам 1910-1911 йилларда мадраса ҳужраларидан бирида истиқомат қилган. Ўзбек орифона шеъриятининг улкан намоёндаси – шоир Хазиний ҳам Тошкентга келган пайтларида албатта «Кўкалдош» мадрасасида тўхтаб, мударрис ва талабалар билан кўплаб ажойиб суҳбатлар қурган. XIX аср охири XX аср бошларидаги ўзбек шеъриятининг таниқли вакиллари: Мулло Қўшоқ Мисний, Сайид Ҳайбатулло Хўжа Хислат, Сирожиддин Сидқий Хондалиқийлар ҳам Кўкалдош мадрасасида таҳсил олганлар. Машҳур уламоларимиздан Сайид Маҳмуд Тарозий, Олтинхон Тўра, Юнус Мақсудий ва Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ҳам XX аср бошларида таҳсил олиб, илм пиллапояларида юксалиб боришган.
Мадрасада Ислом дини қонун-қоидалари, араб ва форс тили грамматикаси, адабиёт, одоб-ахлоқ, математика, геометрия, астрономия каби фанлар ўқитилган. Дарслар араб ва форс тилларидаги китоблар бўйича ўтилган. Мадрасани битириб чиққан илм аҳллари араб, форс ва туркий тилларни мукаммал ўрганганлар, юзлаб ғазаллар, минглаб байтларни ёддан билганлар, мадраса ҳужраларида ётиб Қуръони каримни ёд олганлар.
Ушбу мадраса фаолият бошланганидан буён 1999 йилга қадар «Кўкалдош мадраса масжиди» деб номланган. 1999 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан янги Низом тасдиқланиб, 1999 йил 18 августда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида расмий рўйхатдан ўтгандан сўнг «Кўкалдош Тошкент ислом ўрта махсус билим юрти» деб номланди.
Билим юрти 1999 йил 10 октябрда махсус рухсатнома олиб, 1 ноябрдан расмий фаолият кўрсата бошлади.
Ҳозирги кунда билим юртида Қуръони карим, тафсир, ҳадис, сарф, наҳв, ақоид, мутолаа каби диний илмлар билан бир қаторда ўзбек тили ва адабиёти, тарих, жуғрофия, инглиз тили, физика, математика, астрономия, информатика ва бошқа дунёвий фанлар ҳам ўқитилади, бу ишга малакали мутахасислар жалб этилган.
2005-2006 ўқув йили бўйича билим юртида 34 нафар мударрислар 178 талабага таълим бермоқда. Мазкур мударрисларнинг барчаси Олий маълумотли.
Билим юртини битирган талабалар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қилинган тақсимотга кўра, ўзлари келган вилоятлардаги масжидларга юборилади.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги 364-сонли қарори асосида дипломлари давлат стандартига тенглаштирилди. Шунга биноан билим юртини битиргалар Тошкент Ислом институти, Тошкент Ислом университети қатори ўзлари истаган бошқа давлат олий ўқув юртларига ҳам ўқишга кирадилар.
Элимизнинг юздан ортиқ диний илмга муштоқ фарзандларини ўз қучоғига олган «Кўкалдош» Тошкент ислом ўрта махсус билим юртининг олдидаги вазифалари аниқ ва равшан. Яъни, Ватанимиздаги барча ўқув муассасалари қатори иймон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват, аждодларимизнинг нодир маънавий меросларини чуқур ўрганган ва замонавий тафаккурга эга комил инсонлар тарбиялаш, халқимизнинг ихлосидан ҳамда маънавий онгида пайдо бўлган бўшликдан фойдаланиб, ислом ниқоби остида ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга оширишга уринаётган кимсаларга қарши ўлароқ ҳамюртларимизнинг диний саводхонлигини ошириш ва шу йўлда хизмат қилувчи замонавий етук уламолар тайёрлашдир.

Муассис: Ўзбекистон мусулмонлари идораси. Манзили: Тошкент шаҳар, Зарқайнар 103. Телефон:160 39 33, 160 17 98.
Фаолият бошлаган йили: 1999 йил 10 октябрдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмитанинг № 12-сонли рухсатномаси асосида фаолият бошлаган.
Гувоҳнома: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 18 августда №17 рақамли Гувоҳнома билан рўйхатга олинган.
Махсус рухсатнома: 2004 йилда қайта рўйхатдан ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита томонидан 2004 йил 24 октябрда № 0000002 сонли махсус рухсатнома олиб, шу асосида фаолиятини давом эттирмоқда.
Билим юрти 200 ўринли.
Мутахассислик: Диншунослик, бошланғич араб тили ва одобнома мураббийси.
Ўқиш муддати: 4 йил.
Ўқиш шакли: Кундузги.
Шартнома тўлови асосида, молиявий ўз-ўзини бошқариш.
Манзили: Тошкент 700021, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 46-уй.
Реквизит: Тошкент шаҳар Ташқи иқтисодий фаолият Миллий Банки Тошкент шаҳар бош бошқармаси филиали қошидаги амалиёт бошқармаси бўлими.
Ҳисоб рақам: 20212000904011179001, МФО: 00451, ИНН: 202992445.
Web сайт: http://kukaldash.madrasa.uz (2006 йил 25 майдан ишга тушган)
Электрон манзил: hanif@gmail.ru; irfon@mail.ru 
Телефонлар: +(99871) 1444827, +(99871) 3922451, +(99871) 1493090;
Факс: +(99871) 1441282

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёш бир новда эрта тонгда дарахт бўлибди,Буни кўрган набототлар карахт бўлибди.Дунё узра таралмоқда гўзал бир садоПойтахтимиз диёнатга пойтахт бўлибдиБу ҳолатдан давоми...

5142 14:28 / 20.04.2017
Ислом конференцияси ташкилоти ОИК таркибидаги муассасалардан бири mdash Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти ISESCO Тошкентни 2007 йилда давоми...

6195 14:25 / 20.04.2017
Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, авваламбор, унинг асл моҳиятини унибўсиб давоми...

5223 14:24 / 20.04.2017
...Ушбу муносабат билан islom.uz сайти бир қатор тадбирлар амалга оширишни режалаштирди. Тошкентнинг Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинишига бағишланган давоми...

4255 14:22 / 20.04.2017