1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Муҳаймин (8)

08:18 / 20.04.2017 8143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Муҳаймин

Бу сўз ҳамма нарсани қамраб олувчи деган маънони билдиради. Бу исмнинг маъноси шуки, Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.
Ал-Муҳаймин исми юзага чиқиши учун бир нарсани амалга оширганда унга етарли илм ва қудрат бўлиши лозим. Одам боласи бир нарсани билади, аммо уни амалга оширишга қурби етмайди. Одам боласи бир нарсани амалга оширишга қурби етади, аммо бунга етарли илми бўлмайди. Бу ҳолат «Кўз қўрқоқ, қўл ботир» мақолига ўхшайди.
Ал-Муҳаймин исмида учинчи сифат, яъни бардавомлик ҳам бўлиши лозим. Ал-Муҳаймин исмини Аллоҳ таолога нисбат берсак, бу сифатнинг маъносига кўра У Зот барча нарсани билади, У Зотнинг илмига ниҳоя йўқ, У Зотдан бирор нарса махфий қолмайди. У Зот кўзларнинг хиёнатини, одамлардан махфий бўлган сирларни билади. У Зот ерга кирган, ердан чиққан нарсани ва осмондан тушган, осмонга кўтарилган ҳар бир нарсани билади. У Зот инсоннинг миясига келган, инсон ният ва орзу қилган нарсаларни ҳам, қалбнинг энг тўридаги ҳис-туйғуларни ҳам билади. Бу нарсаларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида қамраб, назорат остига олишга эса инсоннинг қурби етмайди.
Ал-Муҳаймин сифатли Зот барча нарсага қодирдир, У Зот ҳеч нарсадан ожиз қолмайди, У Зотнинг қудратига ниҳоя йўқдир.
Ал-Муҳаймин исмининг маъносини янада кенгроқ тушуниш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафар олдидан айтган сўзларини келтираман. У зот сафар олдидан: «Аллоҳим! Сен сафардаги ҳамроҳсан, аҳли оила, мол мулк ва фарзандларга муовинсан», дер эдилар.
Эътибор беринг! Сиз сафардасизда, бир вақтнинг ўзида уйингиз, аҳли аёлингиз ва болаларингиз учун У Зот сизнинг ўринбосарингиз бўлмоқда. Бундай қамров ва назорат бирор инсонда бўлиши мумкинми? Албатта, бу амри маҳолдир, чунки бир инсон ё сен билан бирга бўлади, ё уйингда ўрнингга қолади. Шунинг учун бу икки сифат Аллоҳдан бошқа ҳеч кимда жам бўлмайди. Зеро, У Зот сенинг ўзингни ҳам муҳофаза қилади, тарбиялайди, тавфиқ, ғалаба беради, мадад беради ва айни пайтда уйда қолган бола-чақангни ҳам назорат қилади, йўқлигингда уларни ҳимоялайди, муҳофаза қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам У Зотга ўрнимга муовин бўлгин деб сўрамоқдалар, яъни ўринбосар маъносидаги «халиф» сўзини ишлатмоқдалар. Демак, инсонда ҳам илм, ҳам қудрат бир вақтнинг ўзида жам бўлмайди. Илмда кучли бўлса, қуввати бўлмай қолади, қуввати бўлса, илми етишмайди ва ҳоказо. Мабодо бир кишида илм ва қудрат жам бўлган деб фараз қилсак ҳам, барибир унда келажакни кўра олиш қобилияти бўлмайди. Гоҳида ундан кучли одам келиб, унинг қўлидаги нарсани тортиб олади ёки ундан зуккороқ ёки маккорроқ одам келиб, ундаги нарсаларга эга бўлиб олиши мумкин. Аммо «Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир» (Ҳужурот сураси, 16 оят).
«Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар бўлса, (ўша «худо»ларнинг ҳар бири ўз хоҳиш-иродасини амалга оширмоқчи бўлар ва натижада еру осмон) бузилиб кетар эди» (Анбиё сураси, 22 оят).
Аллоҳ билан беллашадиган, Унинг устидан ҳукмрон бўладиган бирор зот йўқ. Шунинг учун сен ал-Муҳайминга, яъни ҳамма нарсани қамраб олувчи Зотга суянмоғинг керак, чунки У Зот ҳамма нарсани билувчидир, ҳамма нарсага қодирдир.
Ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққиз исми бор, ким уларни санаса, жаннатга киради», дейилган. «Санаса» деган сўзни «ўқиса» ёки «ёдласа» деган маънода эмас, балки «ундаги маънодан насибадор бўлса» деб тушуниш керак. Аллоҳ таолонинг бундан аввалги исмларига берилган шарҳларда кўрдикки, мўмин киши У Зотнинг барча гўзал исмларидан насибадор бўлиши мумкин. Агар сизда бу исмлардан насиба бўлмаса, бу исмларни санамаган бўласиз. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар», деганлар.
Ал-Муҳаймин – ниҳоясиз илм, мукаммал қудрат ва узлуксиз бардавомлик сифатидир.
Ал-Муҳаймин сўзининг фаръий маъноларидан бири яна шуки, «Аллоҳ барча нарсанинг устидан ҳукмрон ва назоратчидир» деганда У Зот истибдод ёки зўравонлик билан эмас, балки шафқат ва меҳрибонлик билан, муҳофаза ва омонатдорлик билан назорат қилади.
«Зуннунни (Юнус алайҳиссаломни) эсла. Ўшанда у ғазабланиб чиқиб кетган эди. У Бизни унга (ер юзини) тор қилмайди деб гумон қилди. Сўнг зулматларда туриб, «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан, мен золимлардан бўлиб қолдим», деб нидо қилди» (Анбиё сураси, 87 оят).
Юнус алайҳиссалом балиқни қорнига тушиб қолган пайтда на факс, на телефон аппарати, на бирор ишора ёки алоқа воситаси бор эди. У зот алайҳиссалом қоронғи зулматда тинмай «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан, мен золимлардан бўлиб қолдим», деб нидо қилдилар, холос. Аллоҳ шафқат ва меҳрибонлик билан Юнус алайҳиссаломни ўз назоратига олиб, нажот берди.
«Биз унга (дуосини) ижобат қилдик. Ғамига нажот бердик. Мўминларга ана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87 оят).
Эътибор беринг! Аллоҳ таоло оятнинг охирида «Мўминларга ана шундай нажот берурмиз» деб марҳамат қилмоқда. Демак, ҳар бир мўмин банда ўзига ўзи зулм қилиб, бирор гуноҳ содир этиб қўйса, муаммога учраб қолса, «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ-золимийн» (Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан, мен золимлардан бўлиб қолдим) деса, иншааллоҳ, Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнидан қутулиб чиққанлари каби мўмин ҳам муаммоларидан қутулади.
Киши қайси асрда, қайси замонда, қайси ҳолатда бўлмасин, агар вазият шиддатлашса, Аллоҳ ўша иш устидан ҳукмронликни ўз зиммасига олади. Шундай экан, сен доим ал-Муҳаймин, яъни ҳукмрон ва назорат қилувчи сифатли Зот билан бирга бўлиб, оқибатда хотиржамлик ва омонликка эришгин.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг ал-Муҳаймин сифатидан сифатланишни насиб қилсин, доимо Ўзининг ҳукми, паноҳи, назоратида, муҳофазасида сақласин! 

Манба: islom.uz
Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда.Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига давоми...

5445 19:37 / 27.07.2017
Хулоса қилиб айтганда, олам янги пайдо бўлувчи, яъни йўқ эдию, Аллоҳ уни яратган нарсадир. Бас, шундай экан, у ўзини пайдо қилувчи, йўқдан бор қилувчи, қадимлик давоми...

1676 19:00 / 18 март
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади ....Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир, Нисо сураси, 17оят. ....Ва Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир, Нисо сураси, давоми...

941 19:00 / 29 июль
Азиз ўқувчилар Аллоҳ таолонинг фазли ила ақийда дарслари туркумида .Сунний ақийдалар, китоби асосида тайёрланган мақолалар ўз ниҳоясига етди. Мазкур рукннинг давоми...

1688 19:00 / 09 январь