1446 йил 22 жумадис сони | 2024 йил 24 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1432

Мажнун

16:45 / 19.04.2017 3696 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Мисрдалик чоғимда бир куни дўстим менга: “Ҳеч мажнунни зиёратига борганмисан?”, деб қолди. 

    Оқилларнинг зиёратини қойиллатиб қўйибмизмики, жинниларни бориб зиёрат қилсак.

-    У ақлли мажнун.

Мен кулиб:

-    Агар у ақлли бўлса, сенинг мажнун деган гапинг нотўғри бўлади. Агар гапинг рост бўлса, унда сен ақлли эмас, мажнун ҳисобланасан, дедим.

-    Э-э, бу фалсафанги қўй! Мен билан юр. Сенга бир кишини кўрсатаман. Унга ўхшаганини аввал ҳеч кўрмагансан.

-    У нима иш қилади, қанақа сифатга эга?

-    Ўзи бир чол. Хотини билан бирга яшайди. У хотин туғмас. Ўзи бир оддий ишчи эди. Унинг бир бой қариндоши вафот этиб, унинг бор мол-дунёси бунга мерос қолди. Хуллас, бир лаҳзада у бойга айланди қўйди, ишидан ҳам бўшаб олиб ҳозир бекорчи, уйда ўтиради.

-    Ҳақиқатда бойлик жинниликка сабаб бўлиши мумкин. Лекин унинг жиннилиги нимада? Ўзидан-ўзи урадими? Бўғадими? Автобус ҳайдовчисини узоқ гапга солиб, қирқ кишининг жонини хатарга қўядими? Маза-матраси йўқ гапларни гапириб юрадими?

-    Унинг мажнунлиги умуман бошқача. Сен санаган сифатларнинг бирортаси йўқ.

У билан бирга йўлга тушдик. Мени “Жордан Сити” номли маҳалладаги муҳташам бир иморат олдига олиб борди. У ерда лифт, марказий иситиш қурилмаси ва кондиционер бор экан. Мени бир уйга олиб кирди. Уй катта, европача таъмирга эга эди. Ичкарида бир кишини кўрдик. У соқоли олинган, европача либослар кийган бир киши эди. Қўлида қимматбаҳо сигарети бўлиб, ўзи французча талаффузда гапирар эди. У билан чамаси бир соатларча гаплашиб ўтирдик. У ширинсухан, ҳозиржавоб, ҳазилкаш киши экан. У билан суҳбатлашиб тўғриси, маза қилдик.

    Уйдан чиққанимиздан кейин ҳамроҳимга шундай дедим:

-    Қани унинг жиннилиги?

-    Икки ойдан кейин кўрасан.

Икки ойдан кейин олдимга қайтиб келди. Мен бўлиб ўтган воқеаларни унутиб ҳам юборган эдим. У менга:

-    Юр, мажнуннинг зиёратига борамиз, деди.

Кейин мени аввал юрган йўлимиздан бошқа йўлга олиб кетди. Аввал трамвайга, сўнг енгил машинага ўтирдик. Ундан кейин ҳам пиёда анча йўл юрдик. Бир неча кўчалар ичидан ўтдик. Охири бир тоғ олдига келдик. Тоғ орасидаги тор, қинғир-қийшиқ бир йўлга кириб кетдик. Юриб-юриб бир эски уй олдида тўхтадик. Дўстим эшикни тақиллатди, эшик очилди. Қарасам, ҳалиги одамнинг ўзгинаси. Фақат устида араблар киядиган иштон, юпқа жунли плаш бор эди. Бир оз соқол ҳам қўйган эди. Уйи ҳам европача эмас, балки эскича шарқона услубда безатилган, деворларига нақш солинган эди. Уйда свет йўқ эди, балки шамчироқлар, шамдонлар турган эди. Полга тўшалган гилам ҳам мен аввал кўрган гилам эмас, балки шарқона бир гилам эди. Бутун бошли бир уйда бирорта ҳам стол ёки стул йўқ эди, балки кўрпача, ёстиқ ва хонтахта солинган эди. Одам ўша ўша, лекин сигаретнинг ўрнида чилим пайдо бўлган. Талаффуз ҳам замонавий француз тилида эмас, балки қишлоқча шевада эди. Олдида бир соатча ўтирдик. У ердан чиққанимиздан кейин, дўстимдан “бу нимаси?”, деб сўрадим.

-    Мана шу унинг жиннилигидир. У на ўқийди ва на ишлайди. Бир хил нарсадан зерикиб қолишдан қўрқади. Кутилмаганда ана шундай ўзгаришлар қилиб, у ёқдан бу ёққа кўчиб юради. У шу орқали вазиятнинг ўзгаришидан лаззат олади, янгича яшашдан баҳраманд бўлади. Бу йўлда у катта-катта пуллар сарф қилади. У шаҳардан бу шаҳарга кўчиб юради. Бир муддат Қоҳирада, бир муддат Искандарияда, баъзан Европада, баъзан қишлоқда яшайди. Бир кун шарқона яшаса, бир кун ғарб маданиятига хос яшайди. Баъзан деҳқонлар каби яшайди. Деҳқонлар киядиган кийимларни кийиб олиб, улар яшайдиган уйларда яшайди. Баъзида эса инглиз Лордларига ўхшаб ҳаёт кечиради. Хоналаридаги жиҳозлар, гиламлар ҳам доимо бир хил тартибда эмас. Ётоқхонадаги кроват бир кун ўнг томонда турган бўлса, бир неча кундан кейин чап томонга олиб қўяди. Овқатланиш столи узунасига турган бўлса, бир неча кун ўтгач уни кўндаланг қилиб қўяди. Агар янгича услубдан зерикса, яна эски ҳолатига қайтариб қўяди.

-    Валлоҳи, бу киши катта оқил кишилардан эканку. Психолог олимларнинг айтиши бўйича, бир хил одат ҳиссиётни заифлаштиради ва сезиш қобилиятини сусайтиради. Ҳар куни кадиллак автомобилини миниб, катта кроватларда дам олиб, байрамона дастурхон тузаб ўтирадиган бой киши фақир киши шу нарсаларни бир марта татиб кўрганда оладиган лаззатнинг ўндан бирини ҳам ҳис қилолмайди. Бой киши дабдаба, ҳашаматдан зерикади. Ҳаёти бошқача тус олишини хоҳлайди. Менга Шайх Абдуллоҳ Абу Шомот айтиб берган эдилар: Дамашқда ўз даврининг зодагонларидан бўлган Аҳмад Пошшо бир куни бу кишининг зиёратларига келибди. Ўшанда Абдуллоҳ Абу Шомотнинг уйларида пиёз билан қайнатилган ловия егиси келган экан. Аҳмад Пошшонинг кундалик дастурхони қанақа бўлишини ўзинг яхши биласан. Қани, ўзинг менга айтчи, уйингдаги меҳмонхонангни туришидан ҳеч зерикмайсанми? Ётоқхонангданчи? Агар хонанг бошқа хонага айланса, бундан лаззат ҳис қилмайсанми? Ўттиз йилдан бери деворга осиб қўйган мана бу расмингни ўрнида бошқа расм турса кўпроқ ҳузурланмайсанми? Тўғри, бу расм жуда чиройли ва қимматбаҳо санъат асари бўлса ҳам, ишонавер, унинг гўзаллигини сен ҳам уйингга келадиган меҳмонларинг ҳам умуман ҳис қилмайди. Чунки, ундан ўзинг ҳам, меҳмонларинг ҳам тўйиб бўлишган.

Сен яшаб турган мана бу уйни тарк этиб, янги маҳалладаги бир уйга кўчиб ўтсанг, у ердаги юриш-туришни, шарт-шароитни ўргангунингча янгича ҳаётдан лаззат олмайсанми?

Дарҳақиқат, ўзгариш ва янгиланиш ҳаёт бўлса, ўзгармаслик, қотиб туриш ўлимдир. Эр-хотинлик ҳаётининг камчилиги ҳам такрорнинг кўплигидан ва янгиланиш йўқлигидандир. Бир бой киши агар бошқа шаҳарга сафар қилишга имкони йўқ бўлса, ҳеч бўлмаса хотин ва бола-чақасини олиб бир ёки икки кечага тунаш учун меҳмонхонага борсин. Шунда ўзи ва бола-чақаси бу янгича ҳаётда ўзгача сурурни ҳис қилади. 

Муҳими ўзгаришдир. Агар шундай бўлмаса, нима учун биз ёзда дам олиш учун тоғларга борамиз? Агар бу одамнинг яшаш жойини ўзгартириши жиннилик бўладиган бўлса, биз ҳам йилда бир маротаба тоққа дам олгани борганимизда жинни бўлар эканмизда! У одам ўз шаҳрида ва уйида бошқа одамлар топа олмайдиган роҳатни ҳис қилар экан. Чунки у ўзгартиришни яхши кўрар экан.

Забадоний шаҳрида ишлайдиган одам таътил кунларини кутиб юради. Таътил келса, Дамашққа боришни хоҳлайди. Биз эса Дамашқда ишлаймиз, таътилда Забадонийга келишни хуш кўрамиз. У Дамашқда ҳузурланса, биз Забадонийда роҳатланамиз. Нафслар ҳар хил эмас, лекин ўзгаришни яхши кўради. Шинам поездларни, тезюрар автомобилларни тарк этиб, юкларини кўтариб тоққа чиқадиган, шаҳар ва қишлоқларни айланиб юрадиган, ўз уйлари ва оилаларини тарк этиб, чодирларда яшайдиган тадқиқотчилар ҳам ўзгаришни хуш кўрганлари учун шундай қилишади.

Ҳаж ҳам биринчи навбатда ислом рукнларидан бири бўлган фарз ибодат бўлса ҳам, ўз навбатида яшаш шароитини ўзгартиришнинг бир туридир. У машаққатларни кўтариш, қийинчиликларга сабр қилиш учун малака оширадиган бир очиқ лагердир. Ҳозирги кунда ҳаж қилишда қийинчиликлар ҳеч билинмайди. Биз 1954-йилда ҳаж қилганимизда ҳукумат тарафидан меҳмон қилингандик. Катта бир меҳмонхонага жойлашганмиз. Машина меҳмонхона эшиги олдига келиб олиб кетар эди. Лекин шундай бўлса ҳам, тавофда, саъйда, тош отишда издиҳом машаққатини, Минода бедорлик машаққатини, эҳромда таъқиқланган нарсалардан тийилиш машаққатини тотганмиз. Улар ҳеч эсимиздан чиқмайди. Ҳаждаги ўша машаққатлар гўёки мажбурий хизмат вазифасини ўташдек бўлган.

Эр-хотинлик ҳаётининг тинч ва осуда ўтишида ҳам эр-хотинлар ҳаёт тарзини янгилашга, бир хил ҳаётдан қочишга бўлган ҳаракатлари муҳим рол ўйнайди. Мен бир кишини танийман. Ўзи сўзга уста одамлардан. Ҳар куни аёлига айтиб бериш учун ғайритабиий ҳодисаларни излаб юради. Хотинига турли хил ажабтовур, янгидан-янги ҳазиллар ўйлаб топади. Бу ҳазиллар, кулгили воқеаларни бир ойгача эслаб, кулиб юришади.

Бир куни шу киши уйига келса, хотини уйда ўтириб зерикиб кетганидан нола қиляптикан. Хотини ўз оддий, оми бир аёл эди. Эр дарҳол хотинини нима биландир машғул қилиб қўйишни хоҳлади. Юзини бечора қилиб, ўзини ранж-алам чеккандек қилиб кўрсатди. Хотини қўрқиб кетиб дарҳол сўради: “Сизга нима қилди?”.

-    Ҳеч нарса, мени қўявер.

-    Айтинг, нима бўлди? Нимадан мунча хафасиз?

-    Оёғим оғриб, унда худди олов юргандек бўлмоқда.

Кейин оёғининг оғриган жойини топмоқчи бўлгандек синчиклаб қарай бошлади. Маълум вақт ўтгач: “Мана! Оғриқ оёғимнинг жимжилоғида экан. Аввал ҳам ўқигандим, жимжилоқда шунақа касаллик бўларкан. Жимжилоғим оёғимнинг гўштига ёпишиб қолган”.

    Ҳалиги бечора аёл қўрққанидан унинг гапини ҳам ўйлаб кўрмай, дарҳол тез ёрдам чақириш мақсадида телефон томон югурди. Аслида ҳар бир жимжилоқ оёқ гўштига ёпишган бўладику.

-    Йўқ, йўқ. Тез ёрдам чақирма. Сен жимжилоқ касалликлари билан шуғулланувчи мутахассисни топгин.

Хотин ҳайрон. Шу йўсинда ярим соатча вақт ўтди. Бирдан эр кулиб юборди. Шунда хотин эри унга ҳазил қилаётганини тушунди. Бу воқеани анча вақтгача эслаб кулишиб юришди. Хотинга ҳам қўшни аёлларга айтиб берадиган яна битта мавзу топилди.

    Мен ҳар бир эр ана шунга ўхшаш аҳмоқона мисолларни келтирсин, демоқчи эмасман. Балки, ҳар бир эр-хотин шуни яхши билсинки, оиладаги келишмовчиликлар, жанжаллар турмуш ҳаётининг доимо бир хил ўтиши туфайли келиб чиқади. Ҳар бир кун кечаги кун ва эртанги кун билан доим бир хил. Ҳамма нарса, хоналарнинг туриши, мебелларнинг жойлашиши, пишириладиган таом, овқатланиш тарзи доимо ўша ўша.

    Нима сабабдан бу мажнундан ўзимизга бир ибрат олмаслигимиз керак? Ҳолат ва шароитни доимо ўзгартириб туришимиз учун бизга нима монеълик қилади? Мисол учун, баъзан хотин уйига бориб, бир неча кун ўша ерда туриб келсин. Эр уйда ёлғиз қолиб уй ишларини бир ўзи қилиб кўрсин. Ёки хотин билан бирга унинг уйида меҳмон бўлиб келсин. Ҳолатнинг ўзгариши туфайли, у куч-ғайрати янгиланганлигини, сезиш, ҳис қилиш қобилиятлари ўткирлашганлигини пайқайди. Кейин хотинининг уйидагиларини ҳам ўз уйида бир неча кун меҳмон бўлишга таклиф қилсин. Ёки хотин ва бола-чақасини олиб бирор кун бирор-бир ошхона ё ресторанда овқатланиб келсин. Баъзан ўзи билан озиқ-овқат олиб бир икки кунга тоққа ёки сўлим боғларга бориб яшаб келсин.

    Мен айнан шундай қилсин, деган фикрдан йироқман. Шунчаки мисоллар келтирдим холос. Шулар орқали зерикишни олдини олиш ва янгича ҳаёт тарзини ҳосил қилиш мумкин.

    Мен оқил одамнинг гапини айтдимми ёки йўқми билмайман. Лекин, мен ҳали ҳамон ўзим зиёрат қилган мажнуннинг муҳитидаман. Шунинг учун мажнунларнинг гапини гапираман.


Али Тантовийнинг «Маън нос» китобидан

Олимхон Қодиров таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом дини илм олишга тарғиб этади. Мусулмон олимларининг Европаликлардан олдин фан, илм соҳасида эришган ютуқларини Европа ҳамжамиятининг ўзи ҳам тасдиқлади. давоми...

2957 17:11 / 19.04.2017
Ahmad DeedatMUHAMMAD natural successor to Christ Peace be upon himIn the Name of Allah, Most Gracious, Most MercifulPART ONELAST MESSENGER... And the good tidings of a Messenger to come after me, whose name is Ahmad.Holy Quran 616MULTILATERAL SUCCESSIONContinuity is of many kinds, like the law of давоми...

6904 17:14 / 19.04.2017
Meeting of the poet to the world of Islam took place during his trip to the North Caucasus, the Crimea and Bessarabia. He saw the cultural monuments of Muslims listened to the prayer, watching and thinking about Muslims. Hence his poem quotThe Caucasian Prisonerquot and quotThe Fountain of давоми...

7494 17:20 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймАлҳамду лиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала росулиҳи Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъийн.МУҚАДДИМАМуқаддас ислом давоми...

6006 17:23 / 19.04.2017