1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1434

Танловга: Оламларга раҳмат пайғамбар

15:25 / 19.04.2017 2815 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Расулуллоҳга солавату саломлар бўлсин, У зотнинг саҳобаларидан Аллоҳ рози бўлсин.

Биз мусулмонлар қанча фахрлансак арзийдики, Аллоҳ таоло бизга бу дин билан бирга энг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборди.

Биз мусулмонлар қанча фахрлансак арзийдики, Аллоҳ таола бизга Ўзининг энг афзал китоби, ўзгармас қонуни Қуръони каримни нозил қилди.

Биз мусулмонлар қанча фахрлансак арзийдики, Аллоҳ таоло мазкур неъматлар сабабидан бизни ўрта уммат, қиёматда бошқа умматларга гувоҳлик берувчи уммат қилди.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ

 

(Эй, Муҳaммaд,) биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз. (Анбиё: 107).

Ушбу оятдаги (رَحْمَةً) калимаси масдар бўлиб, маънони таъкидлаш, кучайтиришни ифодалайди. Шунда  унинг маъноси қуйидагича бўлади: “айни раҳмат”, “бутунлигича раҳмат”, “ҳақиқий раҳмат”. 

 (العَالَمِينَкалимаси эса кўплик шаклида бўлиб, Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсани ўз ичига олади; Фаришталар олами, Жинлар олами, инсонлар олами, ҳайвонот, ўсимликлар, жонсиз нарсалар олами ва ҳоказо...   

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умуман олганда барча оламларга; фаришталар олами, жинлар олами, инсонлар олами, ҳайвонот, ўсимликлар, жонсиз нарсалар оламига, хусусан, мўминларга, кофирларга, мунофиқларга, аҳли оилаларига, фарзандларига, эркагу аёлларга, ёшларга, етим-есирларга, заифҳолларга, тоинки барча махлуқотларга айни раҳмат бўлганлар.  

                                     Фаришталарга раҳмат бўлганлари                                                                 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан илгари  Жаброил алайҳис салом Аллоҳ таоло наздида қай даражада ҳурматга сазовор эканларини билмай хавотирланарди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларидан кейин ул зотга:

ذِي قُوَّةٍ عِندَ ذِي الْعَرْشِ مَكِينٍ التكوير

“(У) Жаброил қуввaтли, Aршнинг сoҳиби (Aллoҳ) нaздидa мaртaбaли”, мазмунидаги ояти карима нозил бўлганида, Жаброил алайҳис салом хотиржам бўлган эканлар.

 Жинларга раҳмат бўлганлари

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам расул бўлишларидан олдин жинлар тўғри йўлда эмасдилар ва ораларидаги иблиснинг “Аллоҳнинг жуфти – хотини ва фарзанди бор”, деган тутруқсиз гапларига ишониб, Аллоҳ таолога ширк қилишарди. Бироқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламга пайғамбарлик рисолатини олиб келганларида жинлар ҳам инсонлар каби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш шарафига муяссар бўлишди, улар ҳам иймон келтиришди. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга ҳам раҳмат бўлиб келганларига очиқ-ойдин далилдир. Бу ҳақида ояти каримада шундай дейилади:

(قُلْ أُوحِيَ إِلَيَّ أَنَّهُ اسْتَمَعَ نَفَرٌ مِنَ الْجِنِّ فَقَالُوا إِنَّا سَمِعْنَا قُرْآنًا عَجَبًا (1) يَهْدِي إِلَى الرُّشْدِ فَآمَنَّا بِهِ وَلَنْ نُشْرِكَ بِرَبِّنَا أَحَدًا (2) وَأَنَّهُ تَعَالَى جَدُّ رَبِّنَا مَا اتَّخَذَ صَاحِبَةً وَلَا وَلَدًا (3) وَأَنَّهُ كَانَ يَقُولُ سَفِيهُنَا عَلَى اللهِ شَطَطًا (4)

(Эй, Муҳaммaд,) aйтинг: "Мeнгa вaҳий қилиндики, жинлaрдaн бир гуруҳи (Қуръoн тилoвaтимни) эшитиб, (ўз қaвмлaригa бoриб), дедилaр: "Дaрҳaқиқaт, бизлaр aжиб бир Қуръoнни эшитдик. У тўғри йўлгa ҳидoят қилaди. Бaс, дaрҳoл унгa имoн кeлтирдик. Бизлaр (энди) Роббимизгa ҳeч кимни сирa шeрик қилмaсмиз. Aлбaттa, буюклиги oлий бўлмиш рaббимиз бирoр жуфт вa ё фaрзaнд тутгaн eмaсдир. Aлбaттa, бизлaрнинг ичимиздaги aблaҳ (иблис) Aллoҳ шaънигa ("унинг xoтини вa фaрзaнди бoр", - дeб) тутруқсиз сўз aйтaр eди. (Жин: 1-4 оятлар).

Ҳайвонларга раҳмат бўлганлари

عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَزْرَعُ زَرْعًا أَوْ يَغْرِسُ غَرْسًا فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إِنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ إِلَّا كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирон бир мусулмон бирор экин экса ёки кўчат ўтказса, кейин ундан бирор қуш ёки инсон ёхуд ҳайвон еса, унга (яъни, кўчат эгасига) садақа савоби ёзилади”, деб айтганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ҳайвонларга шафқатли бўлганлар, уларни авайлаб асрашга буюрардилар. Ҳайвонларни боқувчи егаларини ҳайвонларга азият бериб, оғир юкларни юклаб ёки тоқати кўтара олмайдиган ишлар билан қийнашдан қайтарардилар.

Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорийнинг боғига кирганларида, бир туяни кўриб қолдилар. Туя ҳам Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан икки кўзи ёшланган ҳолида  ул зот томон интилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келиб, икки қулоғидан силаб қўйдилар. Туя тинчланди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу туянинг эгаси ким? “Бу туя кимга қарашли?”, дедилар. Ансорий бир йигит чопиб келди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Аллоҳ таоло сенга мулк қилиб берган мана шу туя хусусида Аллоҳдан қўрқ!  У менга сенинг оғир ва тоқати етмайдиган юкларни юклаб азият бераётганингдан шикоят қилди”, дедилар[1].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбақани ўлдиришдан қайтариб: “Унинг қуриллаши тасбеҳ айтишидир”, деб айтганлар[2].    

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир аёл мушукни боғлаб қўйиб унга таом бермаганлиги ва ердаги қурт-қумурсқалардан озуқаланиб ейишига ҳам йўл қўймаганлиги сабабли жаҳаннамга кирди”, деб айтганлар[3]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда кетаётиб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Кейин қайтиб чиқиб, чанқоқлигидан тупроқни ялаётган итни кўрди. Ҳалиги одам: “Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди”, деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб мағфират қилди”, дедилар. Ё Расулуллоҳ! Бизга ҳайвонларда ажр борми”, дейишди. “Ҳа! Ҳар бир ҳўл жигарлида ажр бор”, дедилар”.[4]

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганида, ул кишини бурга чақди. Шунда ҳалиги киши (ғазабланиб) бургани лаънатлаб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бургани лаънатламанглар! Чунки, у пайғамбарлардан бирини намозга уйғотган”, дедилар”[5].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни бир-бирига гиж-гижлатиб уриштиришдан ҳам қайтарганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларнинг боласига бирор бир фожеъа етказишдан ҳам қайтарардилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ул зот ҳожатлари билан кетдилар. Биз Ҳумаррани (қуш) иккита жўжаси ила кўрдик ва жўжаларини олдик. Ҳумарра (безовталанганидан) пириллаб уча бошлади. Шунда Расулуллоҳ келиб: “Қай бирингиз буни боласини фожеъага учратди?! Унинг боласини қайтаринглар!”, дедилар.

Ва у зот чумолининг уясини куйдириб юборганимизни кўриб қолдилар ва: “Буни ким куйдирди?!”, дедилар. “Биз”, дедик. “Албатта, оловнинг Роббисидан бошқа ҳеч кимнинг олов билан азоблаши дуруст эмас”, дедилар”.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни ва жониворларни (ўқ отишга) мўлжал қилиб олишдан  ҳам қайтарардилар.

Аҳли-аёлларига, фарзандларига раҳмат бўлганлари                                                    

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра ўз фарзандларига меҳрибонроқ кишини кўрмадим. Фарзандлари Иброҳимнинг Мадина оилаларидан бирида эмизиларди. Кўргани борсалар, биз ҳам бирга борар эдик. Уйга кирганларида, уйдан тутун чиқарди. Иброҳимнинг эмизикли отаси темирчи, заргарчи эди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимни олардилар, уни ўпиб яна жойига қўярдилар”, деди.

Амр ибн Саъид айтади: “Иброҳим вафот этганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўғлим Иброҳим кўкракдан чиқмаган гўдаклигида вафот этди. Унинг икки энагаси бор. Ҳали улар жаннатда эмизиш даврларини тўлдириб қўядилар”, дедилар. Иброҳим вафот этанида ўн олти ё ўн етти ойлик гўдак эди”[6].   

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларида ҳам оилаларига қарашардилар.

Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳодан: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳллари орасида нима қилардилар”, деб сўрадим. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларининг хизматида бўлардилар. Агар намоз ҳозир бўлса, намозга чиқардилар. Ул зот каттазанг кишилардан бўлмаганлар. Балки, кўпинча ўз ишларини ўзлари бажарардилар”, дедилар.

Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг “Муснад”ларида келган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимларини тикардилар, кавушларини ямардилар ва сизларнинг бирингиз ўз уйида нима қилса, шуни қилардилар”, дедилар.

Умрадан ривоят қилинади: Оиша розияллоҳу анҳога: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима қилардилар?”, дейилди. Оиша онамиз: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлардан бири эдилар. Кийимларини тозалар, қўйларини соғардилар”, дедилар.

 

Ёшларга, етим-есирларга касалларга ва заифҳолларга раҳмат бўлганлари

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен намозни ўқимоқчи бўлиб бошлайман-да, гўдак йиғисини эшитиб қолсам, йиғиси сабабли онасининг қаттиқ изтиробга тушишини билганимдан, (намозни) енгил қиламан”, дедилар”.[7]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларга жуда меҳрибон эдилар.

Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийнинг икки фарзанди Ҳасан ва Ҳусайн ўпдилар.  Ҳузурларида Ақроъ ибн Ҳобис ат-Тамимий бор эди. Шунда Ақроъ: “Менинг ўнта фарзандим бор. Лекин мен уларнинг бирортасини ҳечҳам ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”, дедилар”.[8]

Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, Ул зот елкаларида Ҳасанни кўтариб: “Эй, Аллоҳ, мен уни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин”, деб айтардилар”.[9]

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Аҳли байтингиздан қайси бири сизга маҳбуброқ”, дейилди. Ул зот: “Ҳасан ва Ҳусайн”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Менга икки фарзандимни чақир”, деб айтардилар. Кейин Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни бағрларига босиб қучоқлардилар.[10]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёшларни шодлантириб, уларни хурсанд қилишга қизиқардилар. Ҳузурларига энг аввал пишган мевалардан келтирилса, ҳузурларидаги ёшларга тарқатардилар.   

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига энг аввал пишган мевалар келтирилса, ундан олиб кўзларига кейин лабларига қўйиб: “Эй, Аллоҳ бунинг аввалини кўрсатганингдек, охирини ҳам кўрсатгин”, деб айтардилар. Кейин уларни ҳузурларидаги ёшларга тарқатардилар.[11]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳим вафот этганида кўзларидан ёш оққанди.

Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўз ёш тўка бошладилар. Шунда Абдурроҳман ибн Авф: “Сиз ҳамми Ё, Расулуллоҳ! (яъни сиз ҳам йиғлайсизми), дедилар. Ул зот: “Эй Ибн Авф, бу раҳматдан”, дедилар. Бошқа ривоятда: “Кўз ёш тўкилади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз эй, Иброҳим”, дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етим-есирлар билан бирга юришдан ҳазар қилмасдилар. Балки, улар билан бирга юрардилар, уларнинг ҳожатларини раво қилардилар. Заифҳол, бетоб бўлган саҳобаларни зиёрат қилардилар. Етимларга яхшилик қилишга, кафилликка олишларига тарғиб қилиб, унинг фазилатларини баён қилардилар.

 Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен билан етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундоқ бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта қўлларига ишора қилдилар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонларда уйларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилинадиганидир”, деб айтганлар.[12]

 

Мунофиқларга раҳмат бўлганлари

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқиган ҳар бир ўқувчи биладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинада бўлган даврларида тилида иймон келтирган бўлса-да, лекин замирида Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ҳатти-ҳаракатлар қилган қанча-қанча мунофиқлар бор эди.  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни билсаларда, лекин ҳаммага ошкора қилмаганлар. Уларни хиёнатларини фош ҳам қилмаганлар. Уларга омонлик бериб, қатл қилишга буюрмасдилар, балки зоҳирларига қараб муомоала қилардилар. 

Кофирларга раҳмат бўлганлари               

Кофирларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий раҳмат бўлганлари, бу дунёда кофирларни бутунлай қириб ташлайдиган азобдан омонда бўлганларидир. Ўтган умматларда Аллоҳ таоло уларга бир пайғамбарни юборса кейин улар пайғамбарлигини ёлғонга чиқариб кофир бўлсалар,  Аллоҳ таоло уларга барчаларини бутунлай йўқ қилиб юборадиган азобни юборар эди. Бу ҳақида Қуръони каримнинг кўп сураларида очиқ-ойдин зикри келган. Нуҳ алайҳиссалом қавмлари, Од, Самуд қавми, Лут алайҳиссалом қавми мисолида.

Бироқ, ушбу Муҳаммадий умматдан Аллоҳ таоло уларни бутунлай йўқ қилиб юборадиган умумий азоб туширишни бекор қилди.  Бу эса албатта,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурмати туфайли бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё, Расулуллоҳ, Мушрикларнинг зарарига дуойибад қилмайсизми”, дейилганида, Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен лаънатловчи бўлиб юборилмадим, балки, раҳмат этиб юборилдим”, дедилар.

Мусулмон умматларига раҳмат бўлганлари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқалардан кўра мусулмон умматларига меҳрибонроқ эдилар. Бу ҳақида Қуръони кармида шундай дейилади:

{ لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ } (3)

“Ҳaқиқaтaн, сизлaргa ўзлaрингиздaн (чиққaн), сизлaрнинг қийинчиликлaрингиздaн aлaм чeкaдигaн, сизлaр билaн қизиқувчи вa мўминлaргa мушфиқ вa рaҳмдил рaсул кeлгaндир”. (Тавба: 127).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазабланган ҳолатимда умматимдан қай бирини сўккан бўлсам ёки лаънатлаган бўлсам, мен ҳам Одамнинг фарзандиман. Мен ҳам сизлар ғазаб қилганингиздек, ғазаб қиламан. Бироқ, Аллоҳ таоло мени оламларга айни раҳмат этиб юборди. Ўша лаънат ва сўкиш уларга мендан дуо сифатида қабул бўлишини истайман”, деган эдилар.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, дедилар.[13]

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқидилар. Қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Кейин тикланиб, узоқ турдилар. Шуъба айтади: “Менимча, саждада ҳам шунга ўхшаш. Ва саждаларида йиғлай ва пуфлай бошладилар ва: ”Роббим, мен Сенга истиғфор айтиб турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан? Мен уларнинг ичида турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан?”, дедилар. НАмозни тугатганларидан сўнг: “Менга жаннат кўрсатилди. Ҳаттоки, қўлимни узатсам, мевасидан узиб олардим. Менга дўзах кўрсатилди. Унинг олови сизларни ўраб олмасин деб пуфлай бошладим”, дедилар.[14]

Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари узотга: “Тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда”, деб одам юборди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб: “Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Унинг наздида ҳар бир нарсанинг ажали белгилангандир. Сабр қилсин ва талаби савобда бўлсин”, деб одам юбордилар. У (қиз) қасам ичиб: “Албатта келсинлар”, деб одам юборди. Бас, у зот турдилар. Ул зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам турдилар. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб олиб келинганда, унинг жони мешга ўхшаб пўкиллаб қолган эди. Бас, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: “Ё Расулуллоҳ, бу нима?”, деди. “Бу Аллоҳ бандаларининг қалбига солган раҳматидур. Аллоҳ фақат раҳимлик бандаларигагина раҳим қиладир”, дедилар”.[15]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига бирор нарса буюрадиган бўлсалар, қийинлаштириб қўйишдан қўрқардилар. “Агар умматимга қийинлаштириб қўймаганимда эди, уларни ҳар намоз олдидан мисвок ишлатишга буюрган бўлардим”, дер эдилар. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат бўлганида, бутун оламон бир-бирларига аралашиб кетиб, ҳаяжонда бўладилар. Улар Одамнинг (алайҳиссалом) олдиларига келиб: “Бизлар учун Рообингиздан шафоат сўранг”, дейишади. У зот: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Иброҳимдан (алайҳиссалом) сўранглар, у Раҳмон зотнинг халилидир (дўсти)”, дейдилар. Инсонлар Иброҳим (алайҳиссалом) олдиларига келишади. У зот ҳам: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Мусонинг (алайҳиссалом) олдига боринглар, чунки, у калимуллоҳдир (Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашган пайғамбар), деб айтадилар. Инсонлар Мусо (алайҳиссалом) олдиларига келишганида, у зот ҳам худди шундай жавоб берадилар ва “Сизлар Исонинг олдига боринглар, чунки, у Аллоҳ пуфлаган руҳи ва калимасидир”, дейдилар. Кейин инсонлар  Исо (алайҳиссалом) олдиларига келишади, у зот ҳам “Мен шафоат сўрашга ҳақли эмасман, сизлар Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдига боринглар”, дейдилар. Инсонлар менинг олдимга келиб сўрашади, шунда мен: “Мен сизларни шафоат қиламан”, дейман. Сўнгра Роббимдан изн сўрайман, Роббимдан менга изн берилади ва Ул зот менга, мен Ул зотни мақтайдиган мақтовли сўзларни илҳом қилади. Лекин у қандай мақтовли сўзлар эканини ҳозир билмайман. Сўнгра мен ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, қалбида арпа доничалик иймони бўлган кишиларни жаҳаннамдан чиқар”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтаман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида зарра (ёки хантал) миқдоричалик  иймони бўлган кишиларни чиқаргин”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида хантал донининг миқдоридан-да озроқ, кичикроқ иймони бўлган кишиларни озод қил”, дейилади.  Бориб, яна (айтилган нарсаларни) қиламан. Кейин тўртинчи бор яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга яна: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Шунда мен: “Роббим, менга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишилар ҳақида изн бер”, дейман. Ул зот: “Иззатимга, жалолимга, буюклигим, улуғлигимга қасамки, мен ундан (жаҳаннамдан) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишиларни ҳам чиқараман”, дейди”, дедилар.[16]

Муҳтарам ўқувчимиз бу борада кўплаб ҳадисларнинг гувоҳи бўлдик, фақат мақоламиз узайиб кетишидин қўрқиб, баъзиларини айтишга чекландик. Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай бўлган эканлар-да, деб кифояланиб қолмай балки, бу борада ҳам Ул зотга иқтидо қилишга муваффақ қилсин!   

          Барчалармизни қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос шафоатларидан насибадор айласин!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдек зотга уммат бўлиш шарафига муяссар қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва бошқа барча пайғамбарларга саловоту саломлар бўлсин! Омин.    

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ тайёрлади

 

[1] Имом Аҳмад ва Абу Довуд ҳамда Имом Ҳоким ўзларининг “ал-Мустадрак” ларидан ривоят қилишган.

[2] Насоий ривояти.

[3] Бухорий ва бошқа ровийлар ривоят қилишган.

[4] Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан.

[5] Имом Табароний ривояти. Тилларда машҳур бўлганида “Бургани сўкманглар...” дейилган. Умуман бурга ҳақидаги ривоятни баъзилар заъиф деганлар.

[6] Нававийнинг шарҳларидан.

[7] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

[8] Имом Бухорий ва Мусли ривояти.

[9] Имом Бухорий ва Муслим ҳамда Имом Термизий ривоятлари.

[10]Имом Термизий ривояти.

[11] Имом Табароний ривояти. Ушбу ҳадисни Ибн Синний Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. 

[12] Ибн Можа ривояти.

[13]Имом Муслим ривояти. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан.

[14] Абу Довуд, Насаий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан.

[15] Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Ушбу ҳадис ҳам ўша китобдан.

[16] Имом Бухорий  ва Муслим ривоят қилишган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй Сен, Соқий, карам этгил, тўлдириб қуй,Хобгоҳида дунё ётар mdash бир парирўй.Қара, унинг қучоғида мудраб борар,Ухламасдан бурун уни уйғотиб қўй. Эй Сен, айтгил, давоми...

4894 15:54 / 19.04.2017
Имом Бусирий раҳимаҳуллоҳ айтадиларУ сифатию сурати мукаммал бўлган зотдир,Инсонлар Холиқи ҳабиб айлаб танлаган зотдир.Гўзаллигида шерикдан бўлди давоми...

3077 15:34 / 19.04.2017
Авваллари масжидга кўпроқ борар эдим. Охирги кунларда бунга унчалик даражада эътибор бермай ўз ишларим ва ташвишларим билан ўралашиб қолдим. Хаттоки фақат жума давоми...

2644 14:59 / 19.04.2017
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламни йиғлатган воқеъаларРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари учун дуо қилиб, уларга меҳрибонлик билан давоми...

5961 15:42 / 19.04.2017
Аудиолар

135335 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55587 14:35 / 11.08.2021