1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фароиз илми (дарслар)

Фароиз илми

15:30 / 18.04.2017 3614 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


الحمد لله القائل محكم كتابه – إنّا نحن نرث الأرض و من عليها و الينا يرجعون – والصّلاة والسّلام علي السّراج المنير سيّدنا محمّد وعلي آله وصحابته والتّابعين لهم بإحسان إلي يوم الدّين.

Маълумки, шаръий илм илмларнинг энг афзали ва улуғидир. Диний аҳкомлар ва шариат асосларини чуқур ўргатувчи фиқҳ илми эса шаръий илмлар сирасида энг аҳамиятлиси ва шарафлисидир. Пайғамбар (с.а.в.):

" من يرد الله به خيرا يفقّهه في الدّين......"

яъни: «Кимга Аллоҳ хайриятни ирода қилса уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Фиқҳнинг ажралмас қисми бўлган фароиз-мерос илми шаръий илмлар орасидаги қадри улуғ, шараф олий илмдир. Зеро, Аллоҳ таоло мерос тақсимлаш ҳуқуқини ўзига яқин фариштага ёки элчи қилиб юборилган пайғамбарга бермади, балки бевосита Ўзи Қуръони каримда мерос тақсимотини баён қилиб берди. 

Пайғамбар (с.а.в.) фароиз илмининг фазли ҳақида шундай марҳамат қиладилар: 

عن أبي الزناد عن الأعرج قال قال رسول الله  صلى الله عليه وسلم  ثم يا أبا هريرة   تعلموا الفرائض  وعلموه فإنه نصف العلم وإنه ينسى وهو أول ما ينزع من أمتي

 «Эй Абу Ҳурайра!  Фароизни ўрганиб, уни ўргатинглар, зеро у илмнинг ярмидир. Ва у менинг умматимда биринчи бўлиб унутиладиган ва  биринчи бўлиб олинадиган нарсадир» (ибн Можжа, Дарқутний ва Ҳоким ривояти)

Суфён ибн Уйайна ҳадисдаги «Фароиз илмнинг ярмидир» деган иборани, «барча кишилар бу билан имтиҳон қилингани учун шундай дейилган» деб шарҳ қилганлар.     

Имом Молик Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар:

" من لم يتعلّم الفرائض والطّلاق والحجّ فبم يفضل أهل البادية "

 «Фароиз, талоқ ва ҳажни (ҳукмларини) ўрганмаган киши саҳро аҳлидан нимаси билан фарқ қилади?!» Яъни, саводсизликда саҳродаги илмдан бехабар омий кишидан унинг фарқи йўқ. 

Саҳобий ва тобеинлар фароиз илминингн фазли, аҳамиятини  англаб етганларидан уни ўрганиш ва татбиқ қилишга беҳад эътибор қаратар эдилар.  Саҳобий ва тобеинлар даврида фароиз Қуръон, суннат ва хулофои рошидинлар ижтиҳодлари асосида ташкил топган эди. Уларнинг давридан кейин бу илмга аҳамият бироз озайди. Лекин мазкур илм ҳақидаги китоблар таълифи ривожлани ҳижратнинг III-асрига тўғри келади. 

Маълумки, фиқҳий масалалар орасида энг ихтилофи оз бўлгани ва барча масалалари иттифоқ қилингани фароиз илмидир. Зеро, фароиз ҳукмлари асосан Қуръони карим ва унинг баёни ҳисобланган пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларида белгилаб берилган. Ислом шариатида меросга бу даражада эътибор қаратилишининг сабаби, мерос молу мулкга эга бўлишнинг асосий муҳим сабабларидан биридир. Молу мулк эса шахсга ҳам, жамиятга ҳам нисбатан ҳаётнинг асос ва устунидир. Тирик жон борки, бир куни вақт-соати битиб, унинг бошига ўлим келади. Ворислар орасида, мерос моли сабабли адовату жанжалга йўл қўймасликнинг ягона йўли йўқдан бор қилган, бандаларнинг аҳволидан хабардор бўлган Зотнинг кўрсатмалари асосида тақсимот юритишдан иборатдир. 

Қизил империя замонида мусулмон миллатимизни Исломдан, унинг ҳукмларидан узоқлаштиришга уринилди.  Натижада, ўз динидан бехабар на динни ва на урф-одатларни тушунмайдиган, англаб етмайдиган насл вужудга келди. 

Аллоҳга беадад шукрки, мустақиллик сабаби ила бизни бу диний бесаводликдан қутқариб, миллатимизга ўз динини қайтариб берди. Ана шу мустақиллик шарофати билан диёримиздаги  ислом ўқув юртларида диний билимларни чуқур ўргатиш ва ўрганиш имкони кенгайди. 

Биз ҳам барча мусулмонлар, хусусан ислом билим юртларидаги талабалар ўрганиши қулай бўлиши учун қадимдан диёримизда истеъмолда бўлган китоблардан,  шунингдек ҳозирги замон ислом олимлари тарафидан ёзилган фароизга доир китоблардан фойдаланиб, фароиздан маърузалар матнини жамладик, иложи борича мухтасар тарзда баён қилишга ҳаракат қилдик. 

Аллоҳ таолодан бу ҳаракатни Ўзининг розилиги учун қилинган ишлардан айлашини сўраймиз. Тўғри ифода қилган бўлсак, бу Аллоҳнинг тавфиқи  ва фазлидандир. Ишимизда хато-камчилик содир бўлган бўлса, биздан ва шайтондандир. Шу ўринда қози Абдураҳим ибн Алий Бийсоний Имом Исфаҳонийга ёзган хатларидан қуйидаги жумлаларни келтиришни жоиз деб топдик: «Мен кўрдимки, бирон китоб ёзган инсон эртасига ёки ундан кейинроқ «Бу жойи ўзгартирилса яхши бўларкан, бу жойига зиёда қилинса чиройли бўларди, бунисини олдинроқ келтирилса афзал бўларди, мана бу жойини ташланганда гўзал бўларди» деб айтади. Шунинг ўзи барча башариятдан нуқсон содир бўлишига далил ва буюк ибратдир».


Муҳаммадайюбхон домла


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
75 ndash .Аллоҳнинг Китобида қонқариндошлар бирбирларига меросхўр бўлишга ҳақдорроқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.Анфол сураси75 давоми...

5365 01:33 / 19.04.2017
а Икки ададнинг тамосули, тадохули, тавофуқи ва табойуни ва уларни билиш йўли.б Оз тарикани ворислар ва қарз эгалари орасида тақсимлаш йўли.в Бирор вориснинг бир давоми...

4438 15:55 / 18.04.2017
.Фароиз, сўзи .фарз, сўзининг жамидир. .Фарз, сўзи луғатда .ўлчов,, .кесиш, ва .баён қилиш, маъноларини англатади. Шариатдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган давоми...

4813 16:21 / 23.09.2017
Мерос илмида бир қанча истилоҳий сўзлар мавжуд бўлиб, бундан кейин уларни қуйидаги шаклда қўллаймиз1. бу вориснинг шариат асосида белгилаб берилган мерос давоми...

4303 15:48 / 18.04.2017