1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозда фаришталар инсонга иқтидо қиладиларми?

05:00 / 09.01.2017 4897 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фаришталар инсонлар намоз ўқиганларида уларга иқтидо қилишлари, бу билан жамоат бўлиши борасида бир қанча ҳадиси шарифлар етиб келган:

Имом Аҳмад (р.ҳ.), Ибн Абу Шайба (р.ҳ.), Абу Нуайм (р.ҳ.) ривоят қилишларича, Иброҳим пайғамбар (а.с.) Аллоҳ таолога: "Эй, роббим! Мен жуда ҳам маҳзун бўлиб қолдим. Ер юзида мендан бошқа Сенга ибодат қиладиган одам қолмабди" деб нола қилганида, Аллоҳ таоло у билан бирга ибодат қиладиган фаришталарни тушурган экан. Имом Аҳмад (р.ҳ.)нинг бир ривоятида Иброҳим (а.с.) билан бирга намоз ўқишлари учун уч минг фаришта тушганлиги айтилади.
Имом Байҳақий (р.ҳ.), Ибн Абу Шайба (р.ҳ.) ва Саид ибн Мансур (р.ҳ.) каби муҳаддислар саҳоба Салмон ал-Форисий (р.а.)дан бундай деб ривоят қилганлар:
إذا كان الرجل في أرض فاقام الصلاة صلى خلفه ملكان فاذا أذن و أقام صلى خلفه من الملائكة ما لا يرى طرفاه يركعون بركوعه و يسجدون بسجوده و يؤمنون على دعائه
"Қачон бирор кимса бирорта ерда намоз ўқиса, унинг орқасида икки фаришта туради. Қачон иносн азон ва иқомат айтса, унинг орқасида фаришталардан икки тарафи кўринмайдиган даражада кўп фаришталар туради. Унинг рукуъсига қўшилиб рукуъ қиладилар, саждаси билан бирга сажда қиладилар. Унинг дуосига "омин" деб турадилар".
Имом Абдурраззоқ (р.ҳ.) ва Саид ибн Мансур (р.ҳ.) кабилар тобеъинларнинг улуғларидан Саид ибн ал-Мусаййиб (р.ҳ.)нинг бундай деганини нақл қилганлар:
اذا أقام الرجل الصلاة و هو فى فلاة من الأرض صلى خلفه ملكان فاذا أذن و أقام صلى خلفه من الملائكة أمثال الجبال
"Қачон инсон бирорта очиқ майдон – саҳрода намоз ўқиса, унинг орқасида икки фаришта намоз ўқийди. Агар у азон ва иқомат айтса, унинг орқасида тоғлар мисоли фаришталар намоз ўқийди".
Мазкур ҳадисларнинг бошқа ривоятларида азон ва такбир айтиб намоз ўқиган кимсанинг орқасида ўша ўқилган ер тўлгунча миқдорда фаришталар намоз ўқишлари зикр қилинган бўлса, айримларида етмиш, тўрт минг, тўрт миллион фаришта намоз ўқийди, дейилган. Бу хилдаги ривоятларнинг ҳаммасини Жалолиддин ас-Суютий (р.ҳ.) ўзининг "ал-Ҳабоик фий ахбор ал-малоик" номли рисоласида бирма-бир келтирган.
Бошқа бир ривоятда Имом Насоий (р.ҳ.) бу тариқада келтирган:
إذا كان الرجل في أرض قيء فتوضأ، فإن لم يجد الماء، تيمم، ثم ينادي بالصلاة، ثم يقيمها، ثم يصليها، إلا أم من جنود الله صفًا
"Агар бирорта кимса дашт ерда бўлиб, таҳорат олса, агар сув топа олмаса, таяммум қилса, сўнг намозга азон чақирса, кейин иқомат ҳам айтса, сўнг намоз ўқийдиган бўлса, у Аллоҳнинг бир саф аскарлари – фаришталарга имом бўлади".
Мазкур ривоятларда саҳоба ва тобеъинлар ўз гапларини айтган бўлсалар, уларнинг бу гаплари марфуъ ҳукмини олади. Чунки, бу хилдаги гапларни ваҳий бўлмаса, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг айнан ўзлари айтган бўлмасалар, гапириш қийин.
Муҳаддис Абу Довуд (р.ҳ.) ўзининг ҳадислар тўпламида Абу Саид ал-Худрий (р.а.)дан келтирган мана бу саҳиҳ ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم: «الصَّلاَةُ فِى جَمَاعَةٍ تَعْدِلُ خَمْسًا وَعِشْرِينَ صَلاَةً فَإِذَا صَلاَّهَا فِى فَلاَةٍ فَأَتَمَّ رُكُوعَهَا وَسُجُودَهَا بَلَغَتْ خَمْسِينَ صَلاَةً». قَالَ أَبُو دَاوُدَ قَالَ عَبْدُ الْوَاحِدِ بْنُ زِيَادٍ فِى الْحَدِيثِ «صَلاَةُ الرَّجُلِ فِى الْفَلاَةِ تُضَاعَفُ عَلَى صَلاَتِهِ فِى الْجَمَاعَةِ». وَسَاقَ الْحَدِيثَ.
"Жамоатда ўқилган намоз йигирма беш намозга тенг бўлади. Агар уни саҳро-даштда ўқиса, рукуъ ва саждаларини тўлиқ-мукаммал қилса, эллик намозга тенг бўлади".
Абу Довуд (р.ҳ.) бир ривоятда: "Инсоннинг саҳродаги намози жамоатда ўқилган намозига икки баробар кўпаяди", деган ҳадис матнини ҳам келтирган.
Намознинг масжидларда ўқилган жамоат намозидан кўра саҳрода ўқилган намозининг савоби икки баробар кўпайишига саҳрода унга икки тарафи кўринмайдиган даражада кўп бўлган фаришталар жамоаси иқтидо қилиши сабаб бўлади. Демак, фаришталар жамоати инсонлар жамоатидан кўра савобда кўпроқ экан. Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) ҳам шу маънодаги ҳадисни ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида зикр қилган, муҳаддис Ҳоким (р.ҳ.) эса уни ўзининг "ал-Мустадрак" асарида келтириб, ҳадиснинг Имом Бухорий (р.ҳ.) ва Имом Муслим (р.ҳ.) шартларига кўра саҳиҳ эканини таъкидлаган.
Муҳаддис Имом ал-Баззор (р.ҳ.) мана бу ҳадиси шарифни ривоят қилган:
مَنْ صَلَّى مِنْكُمْ مِنَ اللَّيْلِ فَلْيَجْهَرْ بِقِرَاءَتِهِ فَإِنَّ الْمَلائِكَةَ تُصَلِّي بِصَلاتِهِ، وَتَسْمَعُ لِقِرَاءَتِهِ، وَإِنَّ مُؤْمِنِي الْجِنِّ الَّذِينَ يَكُونُونَ فِي الْهَوَاءِ، وَجِيرَانَهُ مَعَهُ فِي مَسْكَنِهِ يُصَلُّونَ بِصَلاتِهِ، وَيَسْتَمِعُونَ قِرَاءَتَهُ، وَإِنَّهُ لَيَطْرُدُ بِجِهْرِ قِرَاءَتِهِ عَنْ دَارِهِ، وَعَنِ الدُّورِ الَّتِي حَوْلَهُ فُسَّاقَ الْجِنِّ، وَمَرَدَةَ الشَّيَاطِينِ
"Сизлардан кимки кечаси намоз ўқимоқчи бўлса, қироатини ошкора қилсин! Чунки, фаришталар у билан бирга намоз ўқийдилар, унинг қироатини эшитадилар. Ҳавода унинг масканида ва қўшнилари томларида мўъмин-мусулмон жинлар ҳам бўладилар. У билан бирга намоз ўқийдилар, унинг қироатини эшитадилар. Унинг қироатининг ошкоралиги сабабли ҳовлисидан ва атрофидаги қўшнилари ҳовлисидан фосиқ жинлар ва ифлос шайтонлар қочади".
Юқоридаги маълумотлардан қуйидагилар маълум бўлади:
1) Мусофирга ҳам ҳатто ёлғиз намоз ўқимоқчи бўлса, азон ва иқомат айтиши суннат (ёки мустаҳаб) бўлади. Бунга Абу Довуд (р.ҳ.) ва Насоий (р.ҳ.)нинг ривоят қилган қуйидаги ҳадислари ҳам далил ҳисобланади:
 يعجب ربك من راعي غنم في رأس الشظية للجبل يؤذن بالصلاة ويصلي فيقول الله انظروا إلى عبدي يؤذن ويقيم الصلاة يخاف مني قد غفرت لعبدي وأدخلته الجنة
"Парвардигоринг тоғ қоялари бошида намозига азон айтиб, намоз ўқийдиган қўй боқувчидан ажабланади. Аллоҳ таоло: "Бандамга қаранглар, мендан қўрққани учун намозга азон ва иқомат айтмоқда, мен бандамнинг гуноҳини аниқ кечирдим ва уни жаннатга киритдим!", дейди.
2) Ошкора ўқиладиган намозларда ва айниқса тунда ўқийдиган намозларда ёлғиз ўқувчи ҳам қироатни ошкора ўқиши мустаҳаб экан. Хусусан, ёлғиз ўқувчи кимса азон ва иқомат айтиб ўқиши керак.
3) Дашту саҳроларда ўқилган намоз масжидларда жамоат бўлиб ўқилган намозлардан кўра савоби икки баробар кўп бўларкан. Бунга сонсиз-саноқсиз фаришталарнинг унга иқтидо қилгани сабабдир.  
4) Фаришталар билан худди одамлар каби жамоат ҳосил бўларкан. Бу ерда нозик тушунча мавжуд. Имом Суютий (р.ҳ.) ўзининг "ал-Ҳабоик фий ахбор ал-малоик" асарида бирор кимса: "Жамоат билан бирга намоз ўқийман" деб қасам ичган бўлса, у саҳрода битта ўзи азон ва иқомат билан намоз ўқиган бўлса, қасами бузиладими ёки йўқми, деган масала жавобида у ҳадиси шарифларга кўра қасами бузилган ҳисобланмайди, деган жавобни айтган. Чунки, у ҳадисларга кўра фаришталар билан бирга жамоат бўлиб намоз ўқиган. Ҳанафийлар бу ерда қасамлар урф-одатларга боғлиқ бўлгани боис гарчи фаришталар билан бирга намоз ўқиган бўлса-да, у урфда ёлғиз намоз ўқиган бўлиб ҳисоблангани боис қасами бузилади, деган ҳукмни айтадилар. Ҳанафийларнинг фиқҳий манбаларида бу ерда ўша кимса қасам ичаётганда, урфдаги жамоатни ёки мутлақ жамоатни ният қилган бўлса қасами бузилиши, агар фаришталар билан бўладиган жамоатни назарда тутган бўлса, алалоқибат қасами бузилмаганлиги ҳам зикр қилинган.
5) Инсон намоз ўқиб бўлиб, икки тарафига салом берган вақтида намозхонлар билан бирга фаришталар ва мусулмон жинларни ҳам қўшиб ният қилиши мустаҳаб бўлади.
Умуман олганда, юқоридаги маълумотлардан биз Аллоҳнинг энг нозик хилқатлари бўлмиш фаришталар ҳам одамлар билан бирга қўшилиб намоз ўқишларини билиб оламиз. Инсонга у ёлғиз қолганида ҳам фаришталар иқтидо қилишлари мумкинлигидан инсон ҳар бир намозини ихлос билан адо қилиши, ёнларида ёки орқаларида фаришталар унга эргашаётганини ўйлаб, намозни хушуъ ва рисоладагидек адо этиши кераклиги, ёлғиз қолганида ҳам намозларини тарк қилмасдан ўз вақтида азон ва иқомат айтиб ўқиб олиши лозимлиги маълум бўлади. Ҳар бир мўъмин-мусулмонга ихлос ва тақво ёр бўлсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан чиқсалар, уч марта истиғфор айтар ва .Аллоҳумма антассалом давоми...

225703 05:00 / 04.01.2017
Маълумки, Islom.uz сайтида берилаётган дарслар, янгиликлар, мақолалар ҳақида мухлисларимиз ўз фикрмулоҳазаларини, таклифларини ёзиб қолдиришмоқда. Биз бундан давоми...

623186 16:00 / 10.12.2023
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолсаю, уни бомдод билан пешин давоми...

8947 05:00 / 04.01.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши.Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир..Албатта, Набий давоми...

11425 05:00 / 04.01.2017