1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аёлларнинг кийиниш одоблари

20:00 / 28.08.2019 26295 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Балоғатга етган муслима аёлга авратини тўсадиган ва тана тузилишини билинтирмай турадиган кийим кийиш фарздир.

Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати – юзи ва икки кафтидан ташқари бутун баданидир.

Маълумки, муслима аёлларга баданларини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёллар ўз шарафларини сақлашлари учун, Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратларини номаҳрам эркаклардан беркитиб юришлари шарт. Шунингдек, муслималарнинг кийимлари юпқа, баданларига ёпишиб турадиган, тор бўлмаслиги, номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак.

Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.

Аёл киши аёл кишининг тиззалари ва киндиги орасидаги жойдан бошқа жойига назар солса бўлади. Аёлларнинг ўзаро назарларидан шаҳват қўзиши хавфи бўлмагани учун бунга рухсат берилган.

Эркак киши ўзига маҳрам бўлган аёллар танасининг орқа ва қорин тарафи ҳамда сонидан бошқа ерига назар солиши мумкин.

«Маҳрам аёллар» деганда туғиш, эмиш ва қудачилик туфайли эркакка никоҳи ҳаром бўлган аёллар тушунилади.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака-укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёлларидан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар» (31-оят).

Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини, яъни зийнат ҳисобланадиган аъзоларини кўрсатиб юришлари мутлақо мумкин эмас.

Қуйида аёллар эркаклардан қайси тоифаларидан бошқаларга зийнатларини кўрсатишлари мумкин эмаслиги зикр этилади.

«Эрларидан,..»

Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр аёл танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.

«…ё оталаридан,..»

Мўмина-муслима аёлга унинг отаси энг бош маҳрам бўлади. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатиши ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланишни, умуман, шаҳват билан қарашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Шунинг учун мўмина аёл ушбу маҳрамларга зийнатини кўрсатса бўлади. Юзини, қўлини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан, хамир қилаётганда билагини, уй супураётганда болдирини кўрсатсалар, гуноҳи йўқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган.

«Оталари» дейилганда, катта ота, бобо ва боболарининг оталари ҳам кўзда тутилади.

«...ё эрларининг оталаридан,..»

Яъни қайноталаридан. Бунга қайнотанинг оталари ва катта қайноталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнида. Улар ҳам келинларига маҳрам, ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсалар бўлиши мумкин эмас.

«...ё ўғилларидан,..»

Бунга ўз ўғиллари, ўғилларидан ва қизларидан бўлган ўғил набиралар, эвара ва чеваралар киради. Буларнинг ҳаммаси ҳам аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин бўлмаган иш. Шунинг учун ҳам муслима аёлнинг уларга зийнатини кўрсатишига рухсат берилган.

«...ё эрларининг ўғилларидан,..»

Яъни эрларининг бошқа хотинидан бўлган ўғиллари. Булар ҳам мўмина-муслима аёл учун маҳрам саналади. Ораларида никоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки ўртада она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳватни уйғотмайди.

«...ё ака-укаларидан,..»

Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Уларнинг барчаси маҳрам ҳисобланади, сингилларининг зийнатини кўрсалар, зарари йўқ.

«...ё ака-укаларининг ўғилларидан,..»

Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл ака-укаларнинг фарзандларига амма бўлади. Ўртада маҳрамлик бор, уйланиш ёки шаҳват билан қараш умуман бўлиши мумкин эмас. Бошқа маҳрамлар қатори, буларнинг ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришга эҳтиёжлари бор. Шунинг учун ҳам жиянларига аммаларининг зийнатларига қарашларига рухсат берилган.

«...ё опа-сингилларининг ўғилларидан,..»

Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл уларга хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун мўмина аёл зийнатларини уларга кўрсатса бўлади.

Аммо мўмина-муслима аёлнинг эркак маҳрамлари бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар. Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам, ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, мўмина-муслима аёл уларга зийнатини кўрсатса, гуноҳ йўқ, деб фатво берилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, тўсинишга рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга, албатта, зийнатини кўрсатишга рухсат бор.

Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланади. Яъни уларнинг мазкур мўмина аёлга уйланишлари абадий ҳаром қилингандир.

Аммо маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларнинг эрлари вақтинчалик маҳрам саналади, яъни опа билан никоҳда турган эркакка унинг синглисига уйланиш ҳаром саналади. Опа билан ажрашгандан кейингина сингилни никоҳига олиш ҳалол бўлади.

Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда алоҳида чегаралаб қўйилмаган. Уламоларимизнинг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади. Шунинг учун ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёш, ҳолатлар, бир жойда яшайдиларми ёки айричами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади.

Масалан, Оиша онамизнинг опалари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнсингиллари бўлади ва у зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки, икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг қизи Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.

Шу билан бирга, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббоснинг аммаларининг қизи бўлган.

«...ё аёлларидан,..»

Яъни мўмина аёллар аёлларга зийнатларини кўрсатсалар бўлади. Уламоларимиз бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Баъзилари, «аёллари»дан мурод ҳамма хотинлар, деган бўлса, баъзилари бу ерда мусулмон аёллар назарда тутилган, дейишган. Бошқа бирлари эса, бу ерда ўзларига тегишли хотинлар назарда тутилган, деб айтишган. Чунки фосиқа, фожира аёллар муслима аёлнинг авратини, зийнатини кўрса, унга яқинлашса, фисқу фужурга бошлаши, фитна чиқариши мумкин, дейишган.

«...ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан...»

Бу иборадан қул ва чўриларига зийнатларини кўрсатсалар бўлаверади, деган маъно чиқади. Аммо уламоларимиз бу ҳақда ҳам икки хил фикр айтганлар. Биринчи тоифа уламоларимиз «Бундан мурод фақат чўрилар, қуллар эмас, чунки қул ҳам номаҳрам эркак, шаҳвати бор, озод бўлганидан кейин ўз аёл хўжайинига уйланиши мумкин», – дейдилар. «Ундай бўлса, аввал «аёлларидан» деб туриб, кейин «чўриларидан» дейишнинг нима ҳожати бор? Чўри ҳам аёл-ку» деган эътирозга «Аввал ҳур аёллар зикр қилинди, кейин чўриларга мумкин эмас экан-да, деган гумон уйғонмаслиги учун улар ҳам санаб ўтилди», – деб жавоб берадилар.

«...ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан...»

Булар табиий, жисмоний жиҳатдан эркакликлари ўлган кимсалар бўлиб, қорин тўйдириш учун одамларнинг хизматини қилиб юрадилар. Уларда умуман шаҳват, аёлларга қизиқиш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Муслима аёл мана шундай одамларга ҳам зийнатини кўрсатса бўлади.

«...ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар»

Чунки кичкина болалар аврат нима, шаҳват нима – билишмайди.

Аёл кишига эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи ипаклар ҳалолдир. Исломда аёл кишига зебу зийнат ҳалол қилинган.

Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. «Агар ер юзида битта аёл қолса ҳам, заргарга иш топилади», деган мақол бежизга тўқилмаган. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олиб, аёл кишига зийнатланишга рухсат беради. Лекин Исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зеб-зийнатлари номаҳрам – бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак.

Аёллар эркаклар кийимини кийиши ва уларга ўхшашга ҳаракат қилиши мумкин эмас. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинчалиш эркакларни ва эркаксифат аёлларни лаънатладилар».

Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Эркак ҳам, аёл ҳам кийинишда, юриш-туришда ҳамиша ҳаёли бўлиши, иффатини асраши лозим. Бу эса гўзал исломий одоблардан саналиб, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмондан талаб этилади.

жтимоий одоблар" китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг динимизда туғилган фарзанд қиз бўлса, қувончни бўрттириброқ кўрсатиш тавсия этилади.Одатда, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади, аммо шариатда давоми...

9284 21:06 / 18.11.2018
Имом Қози Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий Куфий Бағдодий ҳижрий 113 санада таваллуд топган ва 182 санада вафот этган бўлиб, Имом Абу Ҳанифа давоми...

3292 16:40 / 05.02.2019
Мушриклар ўзларини ҳанифrdquoлар деб номлардилар ва Иброҳим алайҳиссаломнинг динини дин тутганмиз деб даъво қилардилар. Ҳаниф деб Иброҳим а.с. миллати, динига давоми...

3946 17:15 / 02.03.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Эй Абу Зарр қуёш ботган вақтда қаерга кетганини биласанми Албатта у юриб, Аршга етгач, Роббисининг ҳузурида давоми...

2501 11:00 / 15.08.2021