1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Тўрт фиқҳий мазҳабнинг ҳақ экани борасида мусулмон умматининг ижмоъси

16:30 / 04.04.2017 5297 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳий масалалар бўйича машҳур, маъруф ва мўътараф бўлган тўрт мазҳаб – ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳақ эканлигига, уларга эргашиш зарурлигига мусулмон уммати ижмоъ қилган ва бу ҳақиқатнинг қуруқ гап эмаслигини таъкидлаш учун бу хусусдаги барча маълумотлар, илмий хулосалар ўша вақтдаги турли китобларга битиб ҳам қўйилган. Улардан баъзи иқтибослар келтиришга ижозат бергайсиз.

 Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия» номли китобида қўйидагиларни ёзади: «Аллоҳ таоло ўз ҳикмати тақозоси ила динни ушлаш ва муҳофаза қилиш учун одамларга имомларни чиқариб берди. Уларнинг илмлари, билимлари, фатво ва ҳукмлар илмида кўзланган мақсадга эришганларини ҳамма тан олар эди. Улар раъй ва ҳадис аҳлидан эдилар. Барча одамлар фатвода уларга мурожаат қиладиган, ҳукмларни билишда ҳам уларга қайтадиган бўлишди. Аллоҳ таоло улар учун мазҳабларини тартибга соладиган ва қоидаларини таҳрир қиладиган зотларни қоим қилди. Охир-оқибат улардан ҳар бир имомнинг мазҳаби, услуби, қоидалари ва фасллари аниқланди. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган, ҳалол ва ҳаром ҳақидаги калом тартибга солинадиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами, ушбу динни муҳофаза қилиш сабабларидан бўлди».

 Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳи тўрт мазҳабдан бошқага эргашиб бўлмаслигининг сабабини баён қилиб, мазкур рисоласида қуйидагиларни ёзади: «Чунки улардан бошқа мазҳаблар машҳур бўлмаган ва тартибга солинмаган. Шунинг учун улар айтмаган нарсаларни уларга нисбат бериш эҳтимоли бўлади. Ирода қилмаган нарсаларини улардан дея фаҳмланади. Ҳолбуки, уларнинг мазҳабини ҳимоя қиладиган кимса йўқ».

– Имом Бадруддин Заркаший «Баҳрул муҳийт» китобида ёзади: «Мусулмонлар ҳақ ушбу мазҳабларда эканига иттифоқ бўлганлар. Шунинг учун улардан бошқасига амал қилиш жоиз эмас. Ижтиҳод ҳам фақатгина уларда бўлади».

– Шайх Муҳаммад Хизр Жанги Шинқитий ўзининг ушбу масала бўйича таълиф қилган китобида шундай ёзади: «Бугунги кундаги ижмоъ қилингани тўрт мазҳабдир. Улар: имом Молик, имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал. Батаҳқиқ, барча уламолар мазкурлардан бошқа мужтаҳиднинг мазҳабига эргашишни ман қилганлар».

– Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Инсоф» номли китобида қўйидагиларни ёзади: «Албатта, ушбу девон тузилиб, таҳрир қилинган тўрт мазҳабга эргашиш жоиз эканига уммат ёки унинг эътимод қилинадиганлари шу кунгача ижмоъ қилиб келишмоқда. Албатта, бунинг фойдаси очиқ-ойдиндир. Хусусан, ҳимматларимиз сустлашган, нафслар ҳавога берилган ва ҳар бир раъй эгаси ўз раъйига маҳлиё бўлган ушбу кунларимизда». 

Бунга ўхшаш гапларни истаганимизча келтиришимиз мумкин. Албатта, ушбу гаплардаги «эргашувчилар»дан мурод, мужтаҳидлик даражасига етмаган омма мусулмонлардир. Шу билан бирга, мазҳабга эргашиш деганда таҳорат ёки намоз бобининг ўзигина кўзда тутилмайди. Балки фиқҳнинг барча боблари, ипидан игнасигача кўзда тутилади. Мазҳаблар оддий ва ижтиҳод даражасига етмаган мўминлар хусусан, бизга ўхшаган араб тилини билмаган, шаръий илмдан бехабар кишилар учун малҳамдек бўлиши турган гап. 

Уламоларимиз фиқҳий мазҳабларга амал қилиш айниқса бугунги кунда янада аҳамиятли эканини таъкидламоқдалар. Чунки фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳозирда мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиб, ҳамма ўз мазҳабига амал қилган ҳолда, ўзга мазҳабларни ҳам ҳурматлашига сабаб бўлади.

Бугунги кунда бу масаладаги ихтилофлар асосан мазҳабни тан олмасликдан келиб чиқмоқда. Мазҳабни инкор қилувчиларнинг гап-сўзлари ва тасарруфлари кўпчиликни норози қилмоқда. 

Уларга: «Сиз айтгандек, мазҳабни қўйиб, бевосита Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқаришга илмимиз етмаяпти, нима қилайлик?» дейилса, «Менга келинглар, тушунтириб қўяман» ёки «Фалончи устозимизга боринглар», дейишади. Фалончилар эса билиб-билмай, ихтилоф қилишади. Натижада бир босиб ўтилган йўлни яна қайтадан бошлашга тўғри келади.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим», дейдилар. Шундай қилинганда, ихтилофдан сақланилади.

Шунингдек, бошқа мазҳабларга ва уларга эргашганларга ҳурмат билан қараш лозим. 

Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар «талфиқ» дейдилар. Динда адашмаслик учун, маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим. 

Уламоларимиз: «Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап очмасин, фатво бермасин. Ўзи амал қилса, рухсат», дейишади. 

Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир. 

Кези келганда, мусулмонлар жамиятининг доимо фиқҳга эҳтиёжи борлигини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Ҳар бир мусулмон ибодатларини шариат қонунлари асосида олиб бориши, муаммоларини ҳам шариат қонунлари асосида ҳал қилиши лозим. Бу қонунларни ўргатиш учун эса фиқҳ керак. Аввалги уламоларимиз қолдириб кетган улкан фиқҳий меросдан самарали фойдаланишимизнинг ўзи етмайди. 

Чунки аввал таъкидлаганимиздек, ҳаёт ўзгариб туради. Шу туфайли янгидан-янги масалалар ҳам пайдо бўлиб бораверади. Бу масалаларга тўғри жавоб топишда эса фиқҳ керак бўлади. Гапни чўзиб ўтирмасдан, бир-иккита мисол келтирайлик:

Авваллари бировнинг қонини иккинчи одамга қуйиш, бир кишининг аъзосини бошқа бир одамга кўчириб ўтказиш ёки эркак кишининг уруғлигини олиб, уни махсус найчада (пробиркада) урчитиб, сўнгра аёл кишининг бачадонига жойлаштириш каби ишлар умуман бўлмаган. Булар ҳатто бировнинг хаёлига ҳам келмаган. Шунинг учун эски фиқҳий китобларнинг ҳаммасини бирма-бир варақлаб чиқсак ҳам, бу масалаларга жавоб топа олмаймиз. Ҳаёт эса ушбу масалаларга жавоб беришни тақозо қилади. Демак, яна фиқҳга ҳожатимиз тушади.

Шунинг учун ҳам Ислом мамлакатлари уюшмаси ҳузурида ва «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти қошида биттадан Ислом фиқҳи академияси ишлаб турибди. Уларда ҳар бир Ислом давлатидан вакиллар бор. Янги пайдо бўлган масалалар аввало академия аъзоларига алоҳида ўрганиш учун тақдим этилади. Сўнгра академиянинг йиллик мажлисида керакли соҳа мутахассислари иштирокида ушбу масалалар муҳокама қилинади ва фатволар чиқарилади. Баъзи аъзоларнинг алоҳида фикрлари бўлса, унга ҳам ишора қилинади.

Шу йўл билан масалалар ихтилоф ва жанжалсиз ҳал қилиб келинмоқда. Демак, Аҳли сунна вал жамоа ақийдасидаги фиқҳий мазҳаблар ҳар қандай ихтилофларни четлаб ўтсалар бўлар экан.

Бунинг учун улар бағрикенг, тушунган ва етарли илмий савияга эга бўлишлари зарур. Фиқҳий мазҳабларнинг ўтган азиз имомлари, уларнинг шогирдлари ва давомчилари худди шундай бўлишган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Мазҳаблар бирлик рамзи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
20асрларда яшаб, ўзидан ўчмас из қолдирган ва кўплаб қориларни етиштирган олим, фозил ва мударрис бўлиб танилган Мавлон қори Муҳаммад Қатродхўжа ўғиллари мелодий давоми...

5766 09:09 / 29.09.2021
Шайх Муҳаммад Аввома ndash беназир муҳаддис олим биринчи қисм Аввал хабар берганимиздек, муҳаддис олим Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ Ўзбекистонга ташриф давоми...

8312 05:45 / 25.09.2018
Бу жумлалар азиз сиймони хотирга олиб, ўша кунларга хаёлан яна бир бора қайтиш мақсадида ёзилмади. Зотан кечаги куннинг эмас, доимо бугуннинг, воқеъликнинг давоми...

6763 13:42 / 12.03.2018
ndash Муфтий ҳазратлари Ойномамизнинг биринчи сони саҳифаланаётган ҳаяжонли бир пайтда Сиз билан учрашувимиз биз учун алоҳида қувончли. ndash Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

2296 17:01 / 19.04.2024
Аудиолар

222192 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10564 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

141182 14:35 / 11.08.2021