1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Қанча умримиз қолди?

10:16 / 27.03.2017 2917 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умр оқар сув каби жуда тез ўтиб кетяпти. Ўтган умримиз қайтиб келмайди. 

Муҳаммад ибн Восеъдан: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўрашганида у киши: “Кун ўтган сари охиратга яқинлашиб бораётган киши ҳақида ўзинг нима деб ўйлайсан?” деб жавоб бердилар. 

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Эй инсон, албатта сен тўлалигича кунлардан иборатдирсан. Агар бир кун ўтса, танагнинг ҳам бир қисми ўша кун билан бирга кетади. Эй инсон, албатта сен икки улов орасидасан. Кеча сени кундузга элтади, кундуз эса кечага элтади. Охири улар сени охиратга етказадилар. Эй инсон, сендан кўра хатари улканроқ яна ким бор?! Ўлим барчангизнинг пешонангизга битилгандир. Дунё эса ортингизда қолаверади”. 

Довуд Тоий айтадилар: “Кеча ва кундуз инсонларнинг сафар йўлидаги тўхтаб, дам оладиган карвонсаройларидир. Инсонлар ўша қўноқларда бирма-бир тўхтаб, юриб-юриб, сафарларининг охирига ҳам етадилар. Шундай экан, агар ҳар бир меҳмонхонада тўхтаганингизда йўл озуқаси олишга қодир бўлсангиз, олинглар”. 

Ўтган олимлардан бирлари ўз биродарларига шундай мактуб ёзган экан: “Эй дўстим, сен бу дунёда абадий қоламан деб ўйлаётган бўлсанг, янглишасан. Сен доим ҳаракат гирдобидасан. Ўша ҳаракат сени жадаллик билан ўлим сари етаклайди. Ўлим эса сени кутиб турибди. Дунё ҳам ортингда қолишга тайёр. Ўтказган кунларинг бу дунёда сенга қайтиб келмайди. Аммо охиратда қайтиб келади. Келгандан кейин сенга ташланади”. 

Ҳа азизлар барчамизнинг яхши ва ёмон амаллар билан ўтказаётган кунларимиз қиёмат куни қайтиб келиб, ўзимизга ҳужум қилади. Шунинг учун бу дунёда мусофирдек яшашимиз лозим. Мусофир сафарга чиқиш олдидан йўл озуқаси олишини унутмайлик. 

Баъзи салаф уламолар шундай дейишган экан: “Биз ўтказаётган кунларимиз билан фахрланиб, ҳурсанд бўламиз. Ваҳоланки, улар бизни ажал сари яқинлаштирмоқда. Шундай экан, ўлимдан аввал ўзинг учун астойдил солиҳ амал қилиб қол. Чунки, ҳақиқий фойда ва зиён амалдадир”. 

Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралиши ҳақида ҳадисларда айтилган. Шулардан иккитаси умрни нима қилиб ўтказгани ва ёшликни қандай ўтказгани ҳақида сўралади. Барчамиз ушбу саволларга ҳижолат бўлмайдиган жавоб ҳозирлайлик. Берадиган жавобимиз ҳам тўғри, ҳам ноқулай аҳволга солмайдиган бўлсин. Келинглар, азизлар, ҳар биримиз умримиз ҳақида бир ўйлаб кўрайлик! Унинг қанчаси ўтиб кетди? Ўтган умримиздан фойдаланиб қолдикми? Ёки уни беҳудага совуриб юбордикми? Агар ёшимиз кичик бўлса, ҳаётимизни беҳуда нарсалар билан ўтказишдан сақланайлик. Агар ёшимиз катта бўлса, қарилик чоғига етиб қолган бўлсак, ўтган ҳаётимиз ҳақида тафаккур қилайлик. Уни беҳуда, фойдасиз ишлар билан ўтказмадикмикан? Ўзимизга шундай савол берайлик: “Эй нафсим, сочларинг оқарди, қаридинг! Ҳали ҳам кўзингни ғафлат уйқусидан очмадингми?! Нимани кутяпсан?! Ўлимними? Унга тайёрмисан? Агар тайёр бўлмасанг ўрнингдан тур-да, ҳаракатингни бошла!” 

Одамлар икки тоифа бўлади. Бири тирик юрса ҳам ўлик ҳисобланади. Бошқаси ўлган бўлса ҳам тирик ҳисобланади. Ким қайси тоифадан бўлишни истаса, ўша истагига қараб ҳаракатини қилсин! 

Дунёдан қанчадан-қанча олимлар, буюк инсонлар ўтишди. Уларнинг зикрлари, номлари вафотларидан кейин ҳам тиллардан тушмаяпти. Ана шундай вафотидан кейин ҳам тирик саналадиган зотлардан бири Шайх Ҳофиз Ҳакмий раҳимаҳуллоҳдир. У киши ақида ва бошқа соҳаларда кўплаб фойдали асарлар ёзиб қолдирганлар. У кишининг ўтказган ҳаётидан ҳайрон қолади инсон. Сабаби у киши ҳижрий 1342 йилда туғилиб, 1377 йилда вафот этганлар. Бор-йўғи 35 йил умр кўрганлар. Авжи йигитлик, куч-қувватга тўлган пайтларида вафот этганларига қарамай, одамлар у зотнинг қолдирган асарларидан кўп фойдалар олишди ва олишмоқда. Агар у киши узоқ умр кўрганларида нималар қилган бўлардилар? Бу кишига ўхшаган номи вафотидан кейин ҳам тиллардан тушмайдиган зотлар жуда кўплаб ўтишган. Уларнинг ҳаёт йўлларидан барчамиз ибрат олишимиз керак. Биз зикр қилиб ўтган зот қисқа умрлари давомида асрларга тенг ишлар қилиб кетганлар. Шундай уламолар борки, улар илмга ёшлари каттароқ бўлгандан кейин астойдил киришишган. Масалан, Шибл ал-Маккий 50 ёшдан кейин илм талаб қилишни бошлаганлар. Абу Наср Таммор 60 ёшга етганларида илм талабига киришганлар. Буларнинг барчалари катта ёшга етиб илм йўлиган кирган бўлсаларда, номлари вафотларидан кейин ҳам эсланадиган зотлар бўлиб етишишган. 

Шундай бўлгач, умримизни беҳудага совуришга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Хоҳ ёш бўлсин, хоҳ қари бўлсин умрини гўзал амаллар билан зийнатлашга интилиши лозим. Ўз умримизни юқоридаги зотларнинг умрлари билан солиштирайлик. Нега улар қилган ишни биз қила олмаймиз? Ахир биз нафас олаётган ҳаводан бир пайтлар улар олишган-ку! 

Бакр ибн Абдуллоҳ айтадилар: “Агар ўзингиздан ёши каттароқ одамни кўрсангиз: “Бу одам мендан олдин иймон соҳиби бўлган, мен туғилгунимча кўп солиҳ амаллар қилган. Бу одам мендан яхшироқ” денг. Агар ўзингиздан ёши кичикроқ кишини кўрсангиз: “Мен ундан олдин дунёга келиб, кўп гуноҳлар қилдим. У эса ҳали менчалик гуноҳлар қилмаган. У мендан яхшироқ” денг”. 

Эй инсон, агар ҳали кичкина бўлсанг, “Катта бўлганимда амал қиламан” демагин. Агар ёшинг катта бўлса, нимани кутиб ўтирибсан?! Ахир қариликдан кейин ўлимдан бошқа яна нима бор? Ҳозирдан бошлаб ўзимиздан яхшилик қолдиришга уринайлик. Ўзимиз учун ўлганимиздан кейин ҳам эсланадиган амал қолдирайлик. Зеро, зикр, эсланиш вафот этган инсоннинг иккинчи ҳаётидир. 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи ато этган вақт ва умр неъматидан оқилона фойдаланиб, икки дунё саодатига эришадиган бандаларидан қилсин, омин!  


“Ал-Мактаба аш-Шомила” 

материаллари асосида 


Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Масжидга эрта бориш, намоз вақти киришини масжидда кутиб ўтириш, шу аснода жим ўтирмай зикр, дуо, Қуръон қироати ва нафл намоз билан машғул бўлиш Аллоҳнинг давоми...

3797 10:25 / 27.03.2017
Аллоҳ таоло инсонларнинг суратини гўзал шаклда яратиб қўйган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда яққол намоён бўлади, агар давоми...

6455 14:03 / 24.03.2017
Али Тонтовий1959 йилда Дамашқ радиосида қилган нутқим Ҳурматли тингловчилар Албатта, деҳқончиликнинг ҳам, тижоратнинг ҳам ва илм олишнинг ҳам ўз мавсуми бор. Агар давоми...

2539 10:17 / 27.03.2017
1961 йилда нашр қилинган Шу ҳафтада менга оқил кишилардан келиши мумкин бўлган саволларнинг энг ғариби келди. Савол соҳиби унинг мўмин кишининг уйида улғайган, давоми...

2687 11:22 / 27.03.2017