1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ибодат ва истиъонат

13:54 / 24.03.2017 3610 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Фотиҳа сурасининг 5-оятида мўмин бандаларига:

5. Биз (фақат) Сенгагина ибодат қиламизва Сендангина ёрдам сўраймиз!– деб дуо қилишни ўргатган.

Аввалги оятларда Аллоҳнинг сифатлари келтирилгач, энди ўша Зот ибодат қилиниш ва ёрдам сўралишга энг муносиб экани тилга олинмоқда.

Аллоҳ таоло бандалар ожиз ва заиф эканларини унутмасликлари учун намозга турганларида ушбу оятларни такрор-такрор ўқишни амр қилган. Қачонки бандалар заифликларини эътироф этиб, хушуъ билан Аллоҳга ибодат ва дуо қилсалар, Аллоҳ уларнинг илтижо ва ибодатларини қабул этади.

Оятнинг маъноси қуйидагича: эй Раббимиз, Сен ҳамду санога энг муносиб, бутун оламлар Парвардигори, Раҳмон, Раҳийм Зот ва ҳисоб кунининг Подшоҳи экансан, бас, биз фақат Сенгагина ибодат қиламиз! Сендан бошқа кимга ҳам ибодат қиламиз? Сендангина яхшилик ва мадад сўраймиз! Сендан бошқа кимга ҳам суянамиз? Биз Сенинг раҳматингдан умидвормиз. Сендан ўзгасига ибодат қилишдан сақланамиз, ҳожатларимизни ёлғиз Сенгагина ошкор қиламиз, ибодатларимизни ихлос билан тўлиқ адо этишда мададингга муҳтожмиз!

Оятда “Сенгагина” ва “Сендангина” сўзларининг икки марта такрорланиши банда ибодатни фақат Аллоҳга қилиши, ёрдамни фақат Аллоҳдангина сўраши кераклигига далолат қилади.


Ушбу маъно Қуръони каримнинг бошқа ўрнида қуйидагича ифодаланади:


“(Эй Муҳаммад,) бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига таваккул қилинг – суянинг! Раббингиз сизлар қилаётган амалларингиздан ғофил эмас”(Ҳуд, 123).


Бу ердаги “ибодат”дан[1] мурод тўғри эътиқод билан, ниятни холис қилиб Аллоҳ яхши кўрадиган, рози бўладиган солиҳ амалларни бажаришдир. Аслида “ибодат” сўзи “ўзини жуда паст олиб, Аллоҳга бандаликни изҳор қилиш” маъносини англатади. Булар “ибодат”нинг луғавий маъноси бўлиб, кенгроқ қаралса, “ибодат” кўп қиррали тушунчадир. Банда ҳаёти давомида Аллоҳ таоло буюрганидек, У Зот рози бўладиган тарзда, шариат чегарасидан чиқмаган ҳолда ҳаёт кечирса, ана ўша ҳақиқий ибодат бўлади.


“Биз Сенгагина ибодат қиламиз” дегани “Сенинг айтганингни бажарамиз, Сенинг ҳукмингга бўйсунамиз, Сенга исён қилмаймиз” маъноларини англатади. Банда, Аллоҳ фарз қилгани учун намоз ўқигани каби ҳалол тарзда ризқ талаб қилиш ҳам фарз эканини англаб, покиза ва ҳалол йўллар орқали тирикчилик олиб борса, Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Демак, улуғ ибодатлар ҳисобланмиш намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа амалларни фақат Аллоҳ розилигини ният қилиб адо этишидан ташқари, бошқа барча соҳадаги ишларини Аллоҳ амр қилганидек тасарруф қилишга, Ислом аҳкомлари асосида ҳаёт кечиришга интилиш лозим. Ана ўшанда умрнинг ҳар бир лаҳзаси ибодатга айланади.


Ибодатнинг асл моҳияти Зориёт сурасида Аллоҳ томонидан қуйидагича баён қилинган:


“Мен жин ва инс(он)ни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”(Зориёт, 56).


Оятда жин ва инсон тоифасининг яратишдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ таолога ибодат қилишлари экани айтилмоқда. Агар “ибодат”ни фақат намоз, рўза, закот ва ҳаж каби улуғ ибодатлар деб тушунадиган бўлсак, жин ва инсонлар умрларининг ҳар бир дақиқасини сажда қилиб ёки ҳар бир кунларини рўза тутиб ўтказишлари лозим бўлар эди. Аслида, Аллоҳ жин ва инсонларни фақат Ўзигагина бўйсунишга, амрига қулоқ тутиб, қайтарганларидан қайтишга буюрган.


Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш, уларни ўз жойига сарфлаш ҳам ибодатнинг асосий қисмларидан биридир. Парвардигоримиз айтади:


“Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар ва агар (чиндан) Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар У Зотга шукр қилингиз!”(Бақара, 172).


“Истиъонат” манфаатга эришиш ва зарарни даф қилиш учун қалбнинг Аллоҳ таолога қаттиқ боғланиши, банда ўзини ожиз санаган ҳолда У Зотдан ёрдам сўрашидир.


Ибодат Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи, истиъонат (ёрдам сўраш) эса бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққидир. Агар бандалар Аллоҳга ихлос билан ибодат қилсалар, Аллоҳ уларга нусрат беради.


Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ушбу оятни: “Эй Раббимиз, Сенинг Яккалигингни эътироф этамиз, Сендан қўрқамиз ва Сендан умид қиламиз, Сендан ўзгасига ибодат қилмаймиз. Тоат-ибодатларимиз ва барча ишларимизда Сендан ёрдам сўраймиз”, деб тафсир қилган (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).


Банда Аллоҳ таолодан барча нарсани сўраши керак ва буларнинг аввалида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга таълим берган нарсалар туради.


Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлидан тутиб, “Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени, албатта яхши кўраман. Аллоҳга қасамки, мен сени, албатта яхши кўраман”, деб туриб, сўнгра: “Эй Муоз, сенга насиҳат қиламанки, ҳар бир намоздан сўнг “аллоҳумма а-ъинний ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибаадатик” дейишни унутмагин”, дедилар(Абу Довуд, Насоий, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Байҳақий “Шуъабул ийман”да ва Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).


Ушбу дуо ўта аҳамиятли бўлганидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни яхши кўришларини маълум қилиб, сўнгра ҳар бир намоздан кейин унга ушбу дуони қолдирмасликни тайинламоқдалар.


Ривоятда келтирилган дуо ҳар бир мўмин ва мўмина учун жуда ҳам керакли бўлганидан ушбу ҳадис ровийлари ҳам уни бир-бирларига омонат тарзида қолдириб келишган. Ривоятнинг давомида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу насиҳатларини Муоз ибн Жабал Сунобиҳийга, Сунобиҳий Абу Абдураҳмонга, Абу Абдураҳмон эса Уқба ибн Муслимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насиҳатларини алоҳида тайинлаб етказган.


Товус айтади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб дуо қилар эдилар:“Ҳамд(у сано) мени яратган – аввал мен эсланмайдиган нарса эдим – Аллоҳ учун (хос)дир! Эй Аллоҳим, менга дунёдаги қийин ишларда, замоннинг ёмонликларида, тун ва кунларнинг машаққатларида ёрдам бергин!”(Абдураззоқ “Мусоннаф”да ривоят қилган).


Ёрдам сўраш дуо билан бўлади. Шу сабаб банда Аллоҳга дуо қилиб, хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ҳар бир эҳтиёжини У Зотдан сўраши ва ёмонликлардан паноҳ исташи керак.



Ибодат ва истиъонат
(иккинчи мақола)

Фотиҳа сурасининг 5-оятидаги“Сенгагина ибодат қиламиз” жумласи банданинг куфр ва ширкдан йироқ бўлишга, “Сендангина ёрдам сўраймиз” эса Аллоҳдан ўзгасига таваккул қилмасликка тарғиб қилади. Лекин, бунда восита бўладиган нарсалар инкор қилинмайди. Масалан, бирон ерга етиб олишда улов восита вазифасини бажарса, у ерга хотиржам етиб олишга Аллоҳ мадад беради. Хуллас, Ислом ёрдам ва кўмак маъносида восита ва сабаб бўладиган нарсаларга қарши эмас. Фақат ана ўша воситаларнинг ўзига суяниб қолмасдан, қалбни бутунлай Аллоҳга тошпириш ва сабабларни ҳаракатга келтириш лозим.


Аллоҳдан ёрдам сўраш икки хил бўлади:


1. Ибодатларни тўлиқ, нуқсонсиз ва бекаму кўст адо этишда ёрдам сўраш;


2. Зарарни даф қилиш ва ёмонликлардан сақланишда ёрдам сўраш.


Уламоларимиз ояти каримада аввал ибодат, кейин истиъонат (ёрдам сўраш)нинг келтирилишига бир неча сабабларни санаб ўтишган:


– Аллоҳ таолонинг ҳаққи бандалар ҳаққидан устундир. Ибодат Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи, истиъонат эса бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққидир.


– аввал умумий, кейин хос нарсанинг зикр қилиниши. Ибодат умумий маънодаги тушунча бўлса, истиъонат ўша ибодат турига мансуб амаллардан биридир.


– аввал восита бўладиган нарса зикр қилинса, сўралаётган дуонинг ижобати осон бўлиши.


– банда ибодат қилсагина Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Имон ёки ҳақиқий ибодатдан маҳрум кишилар Аллоҳга дуо қилиш ва У Зотдан ёрдам сўрашдан бебаҳра бўладилар[2].


Аллоҳнинг ибодатида бўлиш ва У Зотдангина ёрдам сўраш бандани абадий саодат сари етакловчи энг асосий омилдир. Бу иккисини бажармай туриб ҳақиқий бахтга эришиб бўлмайди.


Ибодат Аллоҳ таолонинг розилигини истаб адо этилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мос келса, шундагина ҳақиқий ибодат бўлади. Акс ҳолда, ниятнинг йўқлиги ва амалнинг шариатга мувофиқ келмаслиги, уни ботил (бекор, беҳуда) қилиб қўяди.


Аллоҳ таоло ушбу оятларда бандалар дуоларининг қабул қилинишига сабаб бўладиган воситаларни таълим бермоқда. Гўё У Зот: “Аллоҳга ҳамд айтинглар, У Зот улуғлигини эътироф этинглар. Сўнгра фақат У Зотгагина ибодат қилинглар ва ёрдам сўранглар. Унга бирон нарсани шерик қилманглар. Шунда дуоларингизни қабул қиламан”, деяётгандек.


Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади:“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларидан кетаётган эдим, у зот: “Эй бола, мен сенга бир неча (манфаатли) сўзларни ўргатаман: Аллоҳ(нинг ҳудудлари)ни сақла. Шунда У Зот сени сақлайди. Аллоҳ(нинг ҳақлари)ни сақла. Шунда Уни қаршингда топасан. Агар сўрамоқчи бўлсанг, бас, Аллоҳдан сўра. Агар ёрдам истасанг, бас, Аллоҳдан ёрдам сўра. Билгинки, агар уммат (бир жойга) тўпланиб, сенга мафаат етказмоқчи бўлсалар, фақат Аллоҳ сенга (тақдир қилиб) ёзиб қўйган даражада манфаат етказа оладилар. Агар улар йиғилиб, сенга зиён етказмоқчи бўлсалар, фақат Аллоҳ сенга ёзган даражада зарар етказа оладилар, холос. Қаламлар кўтарилди, саҳифалар қуриди”, дедилар”(Термизий, Аҳмад, Ҳоким “Мустадрок”да, Табароний “Кабийр” ва “Авсат”да ва Байҳақий “Шуъабул ийман”да ривоят қилган. Абу Исо Термизий: “Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ”, деган. Байҳақий ўз ривоятида: “Агар паноҳ истамоқчи бўлса, бас, Аллоҳдан паноҳ сўра” жумласини зиёда қилган).


Аллоҳдан ўзга зот бирон нарсани бериш ва ман қилишга, зарарни даф этиш ёки фойда келтиришга қодир эмас. Паноҳ ва ёрдам сўрашда ҳам фақат У Зотнинг Ўзигагина юзланиш лозим. Аллоҳдан ўзгаси мукаммал суратда, ҳақиқий маънода паноҳ беролмайди. Бандалар берган “паноҳ” эса вақтинчалик, ўткинчи ва завол топувчидир.


Аллоҳ Ўзидан сўраган бандасини яхши кўради ва аксинча, Унга дуо қилмайдиган, ҳожатларини сўрамайдиган бандани ёмон кўради. Шу маънода Фузайл ибн Иёз айтади: “Одамларга одамларнинг ёқимлироғи одамлардан беҳожат бўлгани ва улардан ҳеч нарса сўрамайдиганидир. Одамларга одамларнинг ёқмайдигани уларга муҳтож бўлганидир. Аллоҳ учун одамларнинг суюмлироғи Аллоҳга муҳтож бўлгани ва Ундан сўрагани, Аллоҳга одамларнинг ёқмайдигани Ундан “беҳожат” бўлгани ва ҳеч нарса сўрамагинидир”.


Абдулқодир Жийлоний ўғлига насиҳат қила туриб шундай деган экан: “Эй фарзандим, Аллоҳ учун холис тақво қил, тоатни тарк этма. Бировдан қўрқма ва бировдан умид қилма. Ҳожатинг раво бўлса, уни Аллоҳдан, деб бил. Ҳожатингни фақат Ўзидан тила!”


Аллоҳдан ёрдам сўраш бир ишга киришишдан олдин бўлгани афзал. Яъни, ўша ишни бошламасдан олдин Аллоҳга дуо қилиб, ишнинг енгил кечиши ва баракали бўлиши сўралади ва таваккул қилиниб, кейин ҳаракатга ўтилади. Бу борада саъй-ҳаракат, интилиш унутиб қўйилмаслиги лозим. Банда ўзи дангасалик қилиб, ҳеч бир чора-тадбир кўрмай туриб, Аллоҳга дуо қилиши, уруғ экмай туриб ҳосил кутган деҳқоннинг беҳуда уринишига ўхшайди.


Юқоридаги ояти карима ва унинг тафсири орқали Аллоҳ таолодан нималарни сўрашни билиб олдик. Энди Аллоҳдан ўзгасидан, хусусан дунёдан ўтиб кетганлардан ёрдам сўраш мўмин кишига тўғри келмаслиги, бундай ишлар Ислом эътиқодига зид экани ҳақида суҳбатлашамиз.



Одилхон қори Юнусхон ўғли



[1] Фахруддин Розий “Мафатийҳул ғойб” тафсирида “ибодат” сўзини “амалларга буюрувчи Зотни улуғ деб билиш ва Уни эъзозлаш ниятида ўзига юклатилган ибодатларни сидқидилдан бажариш” деб тушунтирган.


[2]“Тафсийрул хозин” китобида бунга сабаб қилиб бир неча қавллар келтирилгач, охири шундай дейилган: “Агар банда: “Сенгагина ибодат қиламиз!” деса, қалбида Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилаётганидан фахр туйғуси пайдо бўлиб, бу нарса нафсидан ажабланишга олиб бориши мумкин. Шу сабаб унинг кетидан ўша ажабланишни кетказиш учун “Сендангина ёрдам сўраймиз” дейилмоқда”.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳаби бўйича, сўйилган барча ҳайвонлардан қуйидаги нарсаларни емоқ ҳаромдир, улар қуйидагилар1. Ҳайвондан оққан қон.2. Эркак ҳайвоннинг закари.3. Эркак давоми...

4595 10:33 / 24.03.2017
Меҳнат ndash роҳат... Бу дунё синов дунёси, унда ҳамма нарса меҳнат, машаққатга боғлиқ. Ким меҳнат қилса, роҳат кўради. Ким дангасаликка ўрганиб, мунтазам равишда давоми...

2971 21:38 / 21.04.2017
Муҳаррам ойи хақида Ислом.уз саҳифаларида етарли маълумотлар берилди. Мен бу мавзуга қўшимча қилиш ва такрордан йироқ бўлган ҳолда биргина муборак ҳадисни давоми...

3733 15:40 / 22.04.2017
Маълумки, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи .Ҳазратни хотирлаб, кўрсатувига билдирилган энг давоми...

1334 17:19 / 20.09.2023