1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Тилни тийиш лозимлиги

13:53 / 24.03.2017 2672 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Одамлар: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Исломдаги қайси амал энг афзал?” деб сўрадилар. Шунда у зот: “Кишининг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлишлари”, деб жавоб бердилар” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Доримий ва Табароний ривояти).

Ушбу ривоятда хоҳ тил билан, хоҳ қўл ёки бошқа аъзолар билан бўлсин, одамларга, хусусан мўмин-мусулмонларга зулм қилиш ва азият етказишдан қайтарилмоқда. Зеро, Ислом тинчлик, тотувлик ва яхшилик динидир.

Бу ерда мусулмоннинг имони мукаммал бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлган фазилат ҳақида сўз бормоқда. Тили ва қўли билан одамларга озор берадиган кимсалар имондан ажрамасаларда, уларнинг имонлари комил ҳисобланмайди. Аслида мукаммал имон шартлари кўп. Аммо тили ва қўли билан ўзгаларга зарар етказишдан эҳтиёт бўлиш бу шартларнинг энг аввалида туради.

Шаҳодат калимаси, беш вақт намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатлари динимиз Исломнинг энг асосий устунлари ҳисобланади. Ким ушбу фарз амалларни бекаму-кўст адо қилса, бундай банда мусулмон ҳисобланади. Аммо мазкур фарз амалларни бажариш билан бир қаторда мусулмонларга яхши муомала қилиш ҳам талаб этилади.  Ким беш фарзни адо этса  ва мусулмонларга  бошқалардан чиройли муносабатда бўлса, у динда  афзал саналади. Зеро, ҳам Аллоҳ, ҳам бандалар ҳаққини адо қилиш билан банда ўз масъулиятини тўлиқ адо этган бўлади.

Муҳтарам ўқувчиларимиз эътибор берган бўлсалар, мазкур ҳадисда одамларга азият етказувчи восита сифатида аввал тил, кейин қўл зикр қилинмоқда. Чунки одамлар орасида қўл билан зарар етказишдан кўра тил билан озор бериш кўп кузатилади. Тил билан ўзгаларга зиён келтириш осонроқ ва айни пайтда зарари кўпроқ ҳисобланади. Зеро, моддий зарар тузалиб, ўрни битиб кетиши мумкин. Аммо тил билан келтирилган маънавий зарар банда қалбида узоқ вақт сақланади. Иккинчидан, тилни тия билмасдик қўлнинг ҳаракатга келишига сабаб бўлади. Масалан, қўл билан етадиган зарарлар: туртиш, уриш ва шунга ўхшаш номаъқул ҳаракатлар аксар ҳолларда тилга эрк бериш, гап талашиш ва жанжаллашиш натижасида келиб чиқади. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон ўз тилига эҳтиёт бўлиши, уни ҳар хил сўзлардан тийиб туриши лозим. Агар тил тўғри бўлса, қўл ҳам зулмдан йироқ бўлади. Агар тил тийилмаса, унга қўшилиб қўл ҳам зиён етказишни бошлайди.

Демак, ҳадисда аввал тил, кейин қўл зикр қилинишига асосий сабаб иккита. Булар:

1. Тил қўлдан кўра кўпроқ зарар етказади;

2. Тил тийилмаслиги қўл билан зулм қилинишига олиб боради.

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мусулмонлар тили ва қўлидан саломат бўлган киши (ҳақиқий) мусулмон, Аллоҳ қайтарган нарсалардан четлашган банда эса (ҳақиқий) муҳожирдир” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Табароний ривояти).

Тилида Аллоҳга ишондим, дейиш билан банда мусулмон саналади. Аммо унинг мусулмонлиги ҳақиқий ва соф бўлиши учун бандада баъзи сифатлар бўлиши керак. Қуйидаги ривоятда бу нарса янада таъкидлаб айтилган.

Жобир розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мусулмонлар тили ва қўлидан саломат бўладиган киши мўминлар ичида энг имони комилидир” (Ҳоким ривояти).

Банданинг имони комил бўлиши учун аввало унинг хулқи чиройли бўлиши керак. Чиройли хулқнинг асоси бу тилни беҳуда ва зарарли сўзлардан, қўлни бировларга зулм қилишдан тийишдир.

Баъзилар қўли билан ҳеч кимга зарар етказмай, ташқи тарафдан беозор, ювош бўлиб кўринсалар-да, аммо улар мусулмонларга кўп азият етказади. Кўпинча уларнинг ўзлари буни билмайдилар ёки тан олишни хоҳламайдилар.Тилни ғийбат ва бўҳтон сўзлардан тиймай, кўпчиликка озор етказиш гуноҳи кабиралардан экани ҳаммамизга маълум.  Мана шу кичик тил инсон бошига катта-катта кулфатларни солади. Мана шу тилни тия билмаслик оқибатида банда қиёмат куни жаҳаннамга юзтубан ҳолда судраб олиб борилади. Айни пайтда мана шу тил воситасида банда Аллоҳни эслайди, тили билан одамларни яхшиликка чақиради, ёмонликдан қайтаради. Демак, ҳар бир нарсани эзгулик йўлида ишлатиш ўзимизга боғлиқ. Шундай экан, биз тилни фақат яхшилик йўлида ишлатсак, бефойда сўзлардан тия билсак, нажот топувчи бандалардан бўламиз!


Одилхон қори Юнусхон ўғли



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом ndash тинчлик ва бағрикенглик динидир.Мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва динлараро тотувликни, фуқаролар ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, ягона давоми...

6060 21:37 / 21.04.2017
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи .Ҳазратни хотирлаб, кўрсатувининг навбатдаги ғолиби давоми...

1191 10:33 / 25.10.2023
Биз, мусулмонлар суюмли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаддан ортиқ яхши кўрамиз. У зотни ҳаммадан ҳам кўпроқ севишга буюрилганмиз. давоми...

2797 15:24 / 22.04.2017
Бизларнинг ичимиздан ҳазрат каби улуғ алломаларни чиқарган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Ўзидаги мукаммал шариат илмларини уламоларга мерос қилиб давоми...

6959 17:25 / 27.03.2017