1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Дунёдан зуҳд қилиш (29-тавсия)

15:49 / 23.03.2017 6549 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абул Аббос Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, менга шундай бир амални кўрсатингки, агар уни қилсам, мени Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам яхши кўрсин», деди. Шунда у зот: «Дунё (матоҳлари)дан зуҳд қилгин, шунда Аллоҳ сени яхши кўради. Одамларнинг қўлидаги нарсалардан зуҳд қилгин, шунда улар сени яхши кўришади», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Изоҳ: «Зуҳд» сўзи аслида «оз нарса» маъносини билдиради. Зуҳд хоҳиш-истакнинг зиддир. У бир нарсани тарк қилиш, ундан юз ўгиришни англатади. Уламолар истилоҳида «зуҳд» сўзи дунё, мол-мулк, обрў ва мансабдан юз ўгиришни билдиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйранинг устида ухлаган эдилар, турганларида ёнбошларига (бўйранинг) изи тушиб қолибди. Шунда биз: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизга юмшоқ тўшак олсак-чи?», дедик. Шунда у зот: «Дунё билан ишим йўқ. Мен дунёда худди дарахтнинг соясида (бироз) дам олиб, сўнг уни (дарахни) ортида қолдириб, жўнаб кетган одамга ўхшайман», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини жазирама иссиқда уловда кетаётиб, чарчоқ силласини қуритганда бир дарахтнинг соясида тўхтаб, озроқ дам олиб, куч йиғиб, сўнг яна кўзлаган мақсади сари йўлида давом этган мусофирга ўхшатмоқдалар.

Озига қаноат қилиш

Убайдуллоҳ ибн Миҳсан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам ўзи хотиржам, тани соғ ҳолатда тонг оттирса, ҳузурида бир кунлик егулик-ичгулиги ҳам бўлса, унга дунёнинг ҳаммаси берилгандек бўлибди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

 Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг қўлидаги нарсаларга кўз тикма. Таъмадан эҳтиёт бўл, чунки у фақирлик келтиради. Узр сўраладиган нарсалардан эҳтиёт бўл», дедилар».

Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилишган. Лафз Байҳақийники.

Изоҳ: «Узр сўраладиган нарсалар» узр сўрашга сабабчи бўладиган ножўя гап-сўз ва амаллардир.

Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло дунё матоҳлари ва зебу зийнатларидан зуҳд қилган одамни яхши кўради.

2. Одамларнинг қўлидаги нарсага кўз тикмай, зуҳд қилган кишини ҳамма яхши кўради.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёда уловда кетаётиб, чарчаб, дарахтнинг соясида бир оз дам олиб, яна кўзлаган мақсади сари йўлида давом этган мусофир каби яшаб ўтганлар.

4. Хотиржам, тани соғ тонг оттириб, бир кунлик егулик-ичкилиги бўлган одамга дунёнинг ҳаммаси берилгандек бўлади.

5. Бировнинг мол-мулкига кўз тикиб, таъма қилиш фақирлик, камбағаллик келтиради. 

6. Узр сўрашга сабабчи бўладиган хатти-ҳаракатлардан эҳтиёт бўлиш керак.


Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Менга энг одил кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг одили Умардир. .Албатта, Набий давоми...

3965 19:00 / 12.06.2024
. . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хумранинг устида намоз ўқир эдилар,. Тўртовлари ривоят қилганлар. Шарҳ давоми...

2733 19:00 / 12.09.2024
Аллоҳ таоло .Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар. У ила юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар,, деган Моида сураси, 6оят. .Пок тупроқ, ndash Шофеъий ва давоми...

3309 19:00 / 13.12.2023
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ алБухорий ҳижратнинг 194 йили Шаввол ойининг 13си, жума кунида Бухорода таваллуд давоми...

13425 21:10 / 03.04.2019