1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ота ким?

15:40 / 22.04.2017 5197 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Профессор ўзи лексия қилаётган магистрларга “Ота ким?” деган саволни ташлади. Жавоблар турлича бўлди. Ҳар кимнинг жавобидан ўз отасига бўлган муомаласи билиб олинар эди. Жавобларнинг ичида жуда чиройлилари ҳам, жуда оддийлари ҳам бор эди. Лекин профессорнинг ёдида сақланиб қолган ва унга қаттиқ таъсир қилгани қуйидаги жавоб эди. 

Ота... Сен унинг туфлисини киясан. Аммо туфли катта, оёғинг эса кичик бўлгани учун ўзингни эплай олмай йиқилиб тушасан. 

Сен унинг кўзойнагини тақасан ва кўзойнакнинг сенга анча катта эканлигини ҳис этасан. 

Сен ундан машинасининг калитини сўрайсан. Ўзингни отанг ўрнида тасаввур қилиб, машинани бошқармоқчи бўласан. 

Хаёлингга бир нарса келиб, отангга телефон қиласан. У ўз иши билан банд бўлса-да, сен билан гаплашади. 

Уйга қайтгач, сени бағрига босиб, меҳр билан қучиб, юз-кўзларингдан ўпади. Бироқ сен билмайсан, ўша куни раҳбари уни койиган, танбеҳ берган бўлиши ёки шериги дилини оғритган бўлиши ёхуд сизларнинг нафақангиз унга бироз оғирлик қилган бўлиши мумкин. 

У ишдан келган заҳоти сен астагина: “Отажон, менга пул беринг, қанд оламан” дейсан. У эса: “Қўзичоғим, эртага ишдан қайтишда ўзим олиб келаман” деб жавоб беради. Эртаси куни ишхонада тинимсиз ишлагани, иссиқда толиққани, турли одамлар билан муомала қилавериб ҳолдан тойгани учун сенинг талабингни унутиб, ишдан чарчаб келади. Сен ундан: “Отажон, қанд олиб келдингизми?” деб сўрайсан. Шунда у чарчаганини ҳам унутиб, сенга қанд олиб келиш учун қалби қўри билан кўчага отланади. 

Бугун эса... Туфлиси эскиргани учун киймайсан. 

Унинг кийимларини, фикрларини, машинасини эскиргани учун, модадан қолгани учун ерга урасан. Ахир сен ўртоқларингга зўр машина билан мақтанишинг керак-ку! Унинг машинаси эса мақтанишингга арзимайди. 

Унинг гаплари ҳам сенга ёқмайди. 

Унинг қалтироқ қўллари билан қилган ҳаракатларидан жирканасан. 

Агар уйингга оғайниларинг меҳмонга келса, отангнинг борлиги сенга малол келади. Ишқилиб оғайниларимнинг кўзи отамга тушиб қолмасинда деган ҳадик билан ўтирасан. 

Кеч қолсанг, хавотир олиб, сенга қўнғироқ қилади. Отангнинг бу иши сенга сени безовта қилаётгандек, халал бераётгандек, ҳоли-жонингга қўймаётгандек туюлади. Агар у сенга қайта-қайта телефон қилса, телефон гўшагини кўтармай ҳам қўяверасан. 

Уйга жуда кеч қайтганингда, ҳаётда масъулиятли бўлишинг учун у сени койиса (зеро, у ҳалиям сени тарбия қилишда давом этмоқда, ўз масъулиятини ҳис этмоқда, чунки, у сенга жавобгар шахсдир. Ҳар бир жавобгар шахс эса ўз қўл остидагиларга масъулдир), сен унга овозингни кўтарасан, сўзларинг билан уни қийин аҳволга солиб қўясан. У эса индамайди. Йўқ, сендан қўрққанидан эмас, сенинг муомалангдан ҳайрон бўлганидан, сендан бу оҳангдаги жавобни кутмаганидан жим бўлиб қолади. 

Кеча йигитлик чоғларида сени елкасига кўтариб юрар эди. Бугун эса сен ундан жуда ҳам “баланд” бўлиб кетдинг. 

Кеча сен зўрға-зўрға гапирар, ҳарфларда хато қилардинг. Буган эса сени ҳеч ким жим қила олмайди, гапиришдан тўхтата олмайди. Ўша кунларни унутдингми ёки ўзингни унутганга соляпсанми?! 

Сенга ҳар қанча қўполлик қилса ҳам, сени ҳар қанча ҳоли-жонингга қўймаса ҳам, сени ҳар қанча койиса ҳам, сен индамай тур! Ахир у сени отанг!!! 

Сени гўдаклигингда, ғўрлигингда, ҳеч нарсани билмайдиган пайтингда бағрида кўтариб юрганидек, энди сен ҳам уни касаллигида, қарилигида кўтариб юр! Унга қўлингдан келган барча яхшилигингни қил! Сендан бошқалар ўтиб кетган оталарини қайта кўриш илинжида, отамни яна кўрармикинман деган орзуда яшамоқдалар. 

Мендан “Кимни яхши кўрасан?” деб сўрашди. Уларга шундай деб жавоб бердим: “Менинг туғилишимни тўққиз ой кутган, туғилганимда дунёларга сиғмай, мени катта ҳурсандчилик билан кутиб олган, қариб, касал бўлиб ётиб қолгунича мени тарбия қилган инсонни яхши кўраман. У шундай инсонки, унга бўлган муҳаббатим қалбимда абадий яшайди. Барча одамлардан узр сўраб шуни айтмоқчиманки, ҳеч ким отамга ўхшамайди”. 

Аллоҳим, кимнинг отаси вафот этган бўлса, уни кечиргин, унга раҳм қилгин, унинг жойини жаннатлардан қилгин, омин! 

Аллоҳим, кимнинг отаси ҳаёт бўлса, унинг умрини тоатингда узун қилгин, ғамларини аритгин, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиргин ва Ўзингнинг раҳматинг билан уни ўраб олгин, омин! 

Ҳа азизлар, биз отамизсиз ҳеч ким эмасмиз. Улар бўлмаганларида биз ҳам бўлмасдик. Шунинг учун қадрларига етайлик. Қул каби уларнинг хизматларида шай турайлик. Эртага ҳидларига, босган изларига зор бўламиз. 


Нозимжон Ҳошимжон 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу бўлган воқеани менга устозим ҳикоя қилиб бергандилар. 2013 йилнинг ёзида устозимизнинг Исҳоқжон исмли шогирдлари ўз оналарини даволатиш мақсадида Наманган давоми...

2685 15:12 / 22.04.2017
Келинкуёв никоҳ вақтида бирбирларининг қўлларига узук тақиш одатини халқимиз ўрислардан ўрганган. Бунинг христианликка алоқаси борми Нима учун узук айнан давоми...

5426 14:21 / 15.03.2017
Табиатнинг ёзилмаган лекин, ҳамма ўзидан ўзи табиий ҳолда амал қилаверадиган бир қонуни бор. У фақат инсоният олами билан чекланиб қолмай, балки ҳайвонот оламини давоми...

2676 11:31 / 27.03.2017
Билгинки, мазлум илмлар билан шаръий илмларни бирбирига аралашиб кетиши натижасида маҳмуд илмларнинг номлар бузилиши, ўзгариши, фосид мақсадлар сабабли ўтмиш давоми...

3327 09:35 / 22.03.2017