1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сафар

Бир ҳадис шарҳи: ирим-сиримлар йўқ!

05:00 / 14.03.2017 6657 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сафар ойидан шумланиш; унга шубҳа билан қараб, ёмонлик ойи деб билиш; бу ойда хайрли амалларни қилиб бўлмайди, деган эътиқодга бориш; бу ойда бало-офатлар кўпаяди, дейиш; бу ойда балолар хуруж қилади, деб ўйлаш мутлақо мумкин эмас! Бу ислом шариатининг ирим-сиримларга ишонмаслик, шумланиш мумкин эмаслиги каби умумэътиқодлари жумласидан ҳисобланади. Тавҳидга асосланган ислом динига кўра ҳар бир нарсанинг сабабчиси Аллоҳ таолодир! Шумланиш ва ирим-сиримлар ана шу буюк эътифқодга дарз етказади. Бинобарин, шариат асосчиси Расулуллоҳ (с.а.в.) бунга алоҳида эътибор қаратганлар ва одамларнинг бу борадаги эътиқодларини доимо назоратда ушлаб турганлар.    



Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

لَا عَدْوَى وَلَا صَفَرَ وَلَا هَامَةَ 

"Шариатда "адво" ҳам йўқ, "сафар" ҳам йўқ, "ҳомат" ҳам йўқ. (Бухорий, 4/5717; Табароний, 7/6657; 8/7762).

Айрим ривоятларда: ولا غول – "ғул" ҳам йўқ", жумласи қўшилган (Аҳмад, 3/15143; Абу Довуд, 4/3915). 

Имом Абу Довуд (р.ҳ.) ривоятида эса: وَلاَ طِيَرَة وَلاَ نَوْء – "тийара" ҳам йўқ, "навъа" ҳам йўқ", жумласи ҳам бор (Абу Довуд, 4/3913-3914).

Мазкур ҳадиси шарифда тилга олинган сўзларнинг бир қанча маънолари бор. Буларнинг барчаси мўъмин-мусулмонларнинг эътиқодини тўғрилаш, мўъмин-мусулмонлар соғлом ва соф ақидада бўлишлари мақсадида Расули акрам (с.а.в.)нинг муборак тилларига чиққан.

1) "Адво" луғатда "фасод, бузилиш" бўлса-да, бу ерда касалликнинг бировдан бировга юқиши назарда тутилган ва Расулуллоҳ (с.а.в.) касаллик юқишининг йўқлигини таъкидлаганлар. Зотан, касаллик ўзича, ўз-ўзидан бировга юқиб қолмайди. Микроблар ва бошқа нарсалар касаллик юқтиришда мустақил иш кўра олмайдилар. Бу Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадис давомида бундай суҳбат бўлиб ўтган:

فَقَالَ أَعْرَابِيٌّ يَا رَسُولَ اللَّهِ فَمَا بَالُ إِبِلِي تَكُونُ فِي الرَّمْلِ كَأَنَّهَا الظِّبَاءُ فَيَأْتِي الْبَعِيرُ الْأَجْرَبُ فَيَدْخُلُ بَيْنَهَا فَيُجْرِبُهَا فَقَالَ فَمَنْ أَعْدَى الْأَوَّل

Бир бадавий: "Ё Расулуллоҳ, туяларимизга нима бўлган ўзи? Аввалига улар оҳудек соппа-соғ юришади, кейин эса ораларига бир қўтир туя келиб қўшилди дегунча барчаси қўтир бўлиб қолади", деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ўша дастлабки қўтир бўлган туяни ким қўтир қилган?", дедилар.

Мазкур суҳбатда Расулуллоҳ (с.а.в.) бадавий ва бошқаларнинг эътиқодларини Аллоҳ тарафга бурмоқдалар. Илк касал бўлиш ҳам, касаллик бир-бировга ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан юз беради. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: ولا يعدي صحيحا سقيم – "Соғломга касаллик ўтмайди" деган гаплари (Абу Яъло, 1/430-431) ҳам шу маънодадир. Ҳар бир нарсанинг асл сабабчиси, сабабларни яратувчиси Аллоҳ таолодир! Касалликни тарқатувчи микробларни яратган ҳам, уларга юқтириш хислатини, аниқроғи юқтириш касофатини берган ҳам Аллоҳ таолодир. Агар Аллоҳ хоҳламаса, ҳеч бир касаллик юқмайди. Бинобарин, ушбу эътиқодда инсон Аллоҳ таолога таваккул қилиб яшаши керак. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир куни мохов кимсанинг қўлидан ушлаб, у билан бирга таом ейиш учун унинг олдига лаган қўйдилар ва "Аллоҳга таваккал қилиб, унга ишониб, "бисмиллоҳ" айтиб егин!" дедилар (Абу Довуд, 2/3925; Ҳоким, 4/7196; Абу Яъло, 4/1822).  

Аллоҳ таоло хоҳласа, касалликлар бир-бировга юқиши мумкин. Шунинг учун айрим кассалликлар Аллоҳнинг иродаси билан юқиб қолади. Улардан сақланишни ҳам Аллоҳнинг элчиси бизга буюрганлар: فر من المجذوم فرارك من الأسد – "Моховдан шердан қочганинг каби қочгин!" (Аҳмад, 2/9720; Ибн Абу Шайба, 8/25031). 

Расулуллоҳ (с.а.в.) вабо ҳақида мана бундай деганлар:

إِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ بِأَرْضٍ فَلَا تَقْدَمُوا عَلَيْهِ وَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فَلَا تَخْرُجُوا فِرَارًا مِنْه  

"Вабони бирор ерда деб эшитсангиз, ўша ерга борманглар, сизнинг ўзингиз бирор ерда бўлсангиз-у, ўша ерда вабо бўладиган бўлса, у ердан қочиб чиқманг!" (Бухорий, 4/5730). 

2) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "сафар" ҳам йўқ, деган гапларининг маъносини олимлар ҳар хил тушунганлар. 

Масалан, Имом Бухорий (р.ҳ.) "сафар"ни وَهُوَ دَاءٌ يَأْخُذُ الْبَطْنَ  -"Қоринда бўладиган дард" деб билган ва юқоридаги ҳадисни шу номдаги бобда келтирган. Бу гапни тобеъинлардан Ато (р.ҳ.) айтган бўлиб, ундан:

 عَنْ عَطَاءٍ قَالَ يَقُولُ النَّاسُ الصَّفَرُ وَجَعٌ يَأْخُذُ فِى الْبَطْنِ.

Ато (р.ҳ.) сафарни одамлар қориндаги дард дейишади, дегани нақл қилинган (Абу Довуд, 4/3920).

Имом Молик (р.ҳ.)дан "сафар"нинг маъноси ҳақида сўралганда, у бундай деб жавоб берган эканлар:

قَالَ سُئِلَ مَالِكٌ عَنْ قَوْلِهِ «لاَ صَفَرَ». قَالَ إِنَّ أَهْلَ الْجَاهِلِيَّةِ كَانُوا يُحِلُّونَ صَفَرَ يُحِلُّونَهُ عَامًا وَيُحَرِّمُونَهُ عَامًا فَقَالَ النَّبِىُّ -صلى الله عليه وسلم- «لاَ صَفَرَ»

"Имом Молик (р.ҳ.)дан "сафар йўқ", жумласининг маъноси ҳақида сўралганда, у бундай деб жавоб берди: "Жоҳилият аҳолиси сафар ойини бир йили урушлар ҳаром қилинган ой деб билсалар, кейинги йили ҳалол деб билардилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай бўлиши мумкин эмаслигини айтиб "сафар йўқ" деганлар (Абу Довуд, 4/3916).

"Сафар"га яна: حية تصيب الإنسان إذا جاع وتؤذيه وهى معدية فى زعم العرب – "Сафар бу одамлар оч қолса, келиб чақадиган илон бўлиб, у одамларга озор етказади. Араблар мана шундай ўйлашар эди", деган таъриф ҳам берилган. Бундай эътиқоднинг нотўғрилигини, оч одамга ҳеч қандай илон ҳамла қилмаслигини бугун ҳамма билади.

Қози Иёз (р.ҳ.) фикрига кўра, одамлар сафар ойида бало-офатлар кўп бўлади, деб ўйлайдилар. Шунинг учун сафар ойидаги бу хилдаги иримларнинг жоиз эмаслигини билдириш мақсадида ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) сафар ойи бехосият эмаслигини таъкидлаганлар. Муҳаммад ибн Рошид (р.ҳ.) ҳам худди шу тарзда одамлар сафар ойидан ирим қилганлари учун Расулуллоҳ (с.а.в.) "сафар йўқ", деганларини изоҳлаган:

قُلْتُ فَقَوْلُهُ صَفَرَ. قَالَ سَمِعْتُ أَنَّ أَهْلَ الْجَاهِلِيَّةِ يَسْتَشْئِمُونَ بِصَفَرَ فَقَالَ النَّبِىُّ - صلى الله عليه وسلم- «لاَ صَفَرَ». قَالَ مُحَمَّدٌ وَقَدْ سَمِعْنَا مَنْ يَقُولُ هُوَ وَجَعٌ يَأْخُذُ فِى الْبَطْنِ فَكَانُوا يَقُولُونَ هُوَ يُعْدِى فَقَالَ «لاَ صَفَرَ».

"Сафар" сўзи ҳақида сўрадим. У: "Жоҳилият аҳли сафар ойидан шумланар, ирим қилар эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.): "сафар йўқ", деганлар", деб ҳам эшитганман. Одамлар қориндаги дард бўлиб, у бошқа одамларга ҳам ўтади, дейишар эди. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.): "сафар йўқ", деганлар", деб ҳам эшитганман", деган (Абу Довуд, 4/3917).

Аллоҳ таоло бандаларига ва яратган нарсаларига меҳрибон. Бирор ойни бехосият қилиб, унда балоларни ёғиладиган қилиб қўйган эмас. Сафар ойида фалон-фалон хосиятсиз ишлар содир бўлган, деган гапларнинг ишончли асоси йўқ.    

3) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "ҳомат" ҳам йўқ, деганларининг маъносини Муҳаммад ибн Рошид (р.ҳ.) бундай изоҳлаган:  

قُلْتُ لِمُحَمَّدٍ - يَعْنِى ابْنَ رَاشِدٍ - قَوْلُهُ « هَامَ ». قَالَ كَانَتِ الْجَاهِلِيَّةُ تَقُولُ لَيْسَ أَحَدٌ يَمُوتُ فَيُدْفَنُ إِلاَّ خَرَجَ مِنْ قَبْرِهِ هَامَةٌ. 

"Жоҳилият даврида одамлар бирор кимса ўлса, қабридан бойўғли бўлиб чиқиб кетади" дейишарди (Абу Довуд, 4/3917).

Тобеъинлардан Ато (р.ҳ.)дан "ҳомат" ҳақида ҳам сўраганлар: 

قُلْتُ فَمَا الْهَامَةُ قَالَ يَقُولُ النَّاسُ الْهَامَةُ الَّتِى تَصْرُخُ هَامَةُ النَّاسِ وَلَيْسَتْ بِهَامَةِ الإِنْسَانِ إِنَّمَا هِىَ دَابَّةٌ.

"Ҳомат" нима?" деган саволга Ато (р.ҳ.): "Одамлар бойўғли қичқирса, фалончининг бойўғлиси, дер эдилар. Одамнинг бойўғлиси бўлмайди, у оддий қушдир", деб жавоб берган  (Абу Довуд, 4/3920).

Айрим одамлар орасида қасосини ололмай ўлиб кетган кимсанинг руҳи бойўғлига айланади, деган эътиқод ҳам бор. Бойўғлидан шумланиш, уни бехосият – хосиятсиз деб билишдан Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтариб, "ҳомат" ҳам йўқ, деганлар. Бунга айрим кимсаларнинг инсон олдидан қора мушук ёки ит ўтиб қолса, иши юришмайди, деган эътиқодларини ҳам киритиш мумкин. Шунингдек, халқ орасида "арвоҳ капалаклар" деган тушунча ҳам оралаб юради. Одамнинг руҳи вафотидан кейин уйига ёки бошқа жойларга "арвоҳ капалак" бўлиб келади, деган ҳам ана шундай бўлмағур эътиқодлардандир. Аслида, табиатда ранги-рўйи оч, қанотлари узун, асосан, шом вақтларда кўпроқ учадиган капалакларга "арвоҳ капалак" номи берилган бўлиб, уларнинг 1300 га яқин тури аниқланган. Шундан Ўзбекистонда 20 хили мавжуд. Уларнинг ҳеч қандай арвоҳларга алоқаси йўқ. 

Бундай ўй-фикрларнинг асли йўқ, бу инсонни ҳар бир нарса Аллоҳдан бўлиши, инсон ҳамма ишини Аллоҳга суянган ҳолда, унга таваккул қилиб иш тутиши кераклигини унуттириб қўядиган бузуқ эътиқоддир. Бинобарин, ундай нарсалардан ҳам инсон сақланиши керак. 

4) Кейинги "ғул" ҳам йўқ, дегани дев ва даҳшатли махлуқ йўқ маъносида. Эртакларда учрайдиган дев, ёлмоғиз, ажина, чўл-биёбонларда, тоғ-роғларда бўладиган махсус даҳшатли девлар бўлмаган гап. Бундай нарсалардан қўрқмаслик, улардан қўрқиб яшаш керак эмаслигини Расулуллоҳ (с.а.в.) уқтирмоқчи бўлганлар. Фарзандларни ҳам улардан қўрқиб яшашларига эмас, қўрқмас, ботир қилиб ўстириш керак. Шунинг учун эртакларда ҳам девлар ботир ўғлонлардан енгилиб, мағлуб бўлиб қоладилар. 

5) "Тийара" луғатда бирор нарсадан шумланиш, ирим-сиримга берилиши маъносида бўлиб, "тийара" ҳам йўқ, деган гаплари билан Расулуллоҳ (с.а.в.) ирим-сиримларнинг ҳар қандай турини, ҳар қандай кўринишини инкор қилиб, исломда йўқлигини, шариатда бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ирим-сиримларни: 

ذاك شيء تجدونه في أنفسكم ولا يضرنكم

"Бу сизнинг ичингизда топиладиган нарса, лекин у сизга зарар етказа олмайди", деб изоҳлаганлар (Табароний, 19/934).

Расулуллоҳ (с.а.в.) бошқа бир ўринда: الطيرة من الشرك – "Ирим-сирим ширкдандир" деганлар (Термизий, 4/1614; Ҳоким, 1/44; Аҳмад, 1/4171; Баззор, 1/1840; Таҳовий, 4/7079). Ирим-сиримларнинг инсон онггига ёпишиб олишининг сабаби Аллоҳга бўлган ақиданинг сустлиги, айниқса, таваккулнинг камлигидир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) мазкур ҳадислари давомида иримлардан қутилишининг йўлини ўргатганлар ва уни бу тарзда: و لكن الله يذهبه بالتوكل – "Лекин, уни Аллоҳ таваккул билан кетказади", деб ифодалаганлар. Демак, инсон ҳамиша таваккал билан иш тутишга ўрганиши керак, шунда у ирим-сиримларга ишонмайдиган бўлади. "Ирим-сирим ширкдандир" деган гапдаги ширкни уламолар риёга ўхшаган ширки хафий, эканини таъкидлаганлар.

Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг "ал-Адаб ал-муфрад" асарида ажойиб бир ҳадис келтирилган: 

عن عائشة أنها كانت تؤتى بالصبيان إذا ولدوا فتدعو لهم بالبركة فاتيت بصبي فذهبت تضع وسادته فإذا تحت رأسه موسى فسألتهم عن الموسى فقالوا نجعلها من الجن فأخذت الموسى فرمت بها ونهتهم عنها وقالت ان رسول الله صلى الله عليه و سلم كان يكره الطيرة ويبغضها وكانت عائشة تنهى عنها

 "Болалар туғилганида, унга барака сўраб дуо қилиши учун одамлар чақалоқларни Ойша онамиз (р.а.) олдига олиб келардилар. Бир чақалоқ келтирилди, уни тўшагидан олаётувди, ёстиғи остига устара (пичоқча) қўйилган экан. Ойша (р.а.) устарани нимага қўйилганини сўрадилар, жинлардан сақланиш учун, болага жинлар яқинлашмаслиги мақсадида қўйилганини айтишди. Шунда Ойша (р.а.) уни олиб, отиб юбордилар ва иккинчи бор бундай иш қилишдан қайтардилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ирим-сиримларни ёқтирмасликларини, уларга ғазаб билан боқишларини айтдилар ва Ойша онамиз (р.а.)нинг ўзи ҳам ундан қайтаришларини билдирдилар" (Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад, 1/912).

Қуйидаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) ирим-сиримлар, бир-бировга ҳасад қилиш ва ёмон гумонда бўлишдан умматлари орасидан бутунлай йўқ бўлмаслигини айтиб ўтганлар ва булардан қутилиш йўлларини ҳам ўргатганлар:

ثلاث لازمات لأمتي الطيرة والحسد وسوء الظن فقال رجل: ما يذهبهن يا رسول الله ممن هو فيه؟ قال: إذا حسدت فاستغفر الله وإذا ظننت فلا تحقق وإذا تطيرت فامض

"Уч нарса умматимга ёмишиб олган: ирим-сиримлар, ҳасад ва ёмон гумон қилиш. Бир кимса: "Эй, Расулуллоҳ! Ўша нарсалар бировда бор бўлса, уларни нима кетказади?", деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилдилар: "Ҳасад қиладиган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қил; бировга ёмон гумон қилиб қолсанг, ўшанинг ҳақиқатига етаман деб уруниб ўтирма; агар ирим қилсанг, ундан ўтиб кет!" (Табароний, 3/3227).

Юқоридаги ҳадис бошқа ўринда бу тарзда келтирилган:

ثلاثة لا يعجزهن ابن آدم الطيرة وسوء الظن والحسد ، فينجيك من الطيرة أن لا تعمل بها ، وينجيك من سوء الظن أن لا تتكلم ، وينجيك من الحسد أن لا تبغى أخًا سوءًا

"Одам болалари учта нарсадан ожиз қоладилар: ирим-сиримлар, бадгумонлик ва ҳасад. Иримлардан сени уларга амал қилмаслик қутқаради. Ёмон гумондан эса гапирмаслигинг сени қутқазади. Ҳасаддан ёмон дўстни истамаслик қутилтиради" (Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 2/1172; Абдурраззоқ, 10/19504).

Расулуллоҳ (с.а.в.) ирим-сирим қиладиган кимса тавба қилиб, унга каффорат бериши борасида ҳам гапириб ўтганлар:

من ردته الطيرة عن حاجته فقد أشرك قالوا يا رسول الله وما كفارة ذلك قال تقول اللهم لا طير إلا طيرك ولا خير إلا خيرك ولا إله غيرك

"Кимни ирим қилиши ўз ишидан қолдирса, аниқ, ширк келтирибди". "Эй, Расулуллоҳ! Бунинг каффорати нима?" дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аллоҳумма, ла тойра илла тойрука, ва ла хойра илла хойрука, ва ла илаҳа ғойрука!", дейишинг", дедилар" (Баззор, 2/4379; Ибн Абу Шайба, 5/26411). Расулуллоҳ (с.а.в.) қарға қағилласа ҳам мана шу дуони ўқишни тавсия қилганлар (Ибн Абу Шайба, 6/29872).

6) "Навъа" ҳам йўқ", жумласи "юлдуз учишидан ирим қилиш йўқ", деган маънодадир. Юлдуз учиши бировнинг ўлимидан дарак бермайди. Араблар жоҳилият даврида бундай эътиқод қилганлар: "Самода йигирма саккизта юлдуз бор, улардан бири мағриб тарафдан ҳар ўн уч кунда учиб тушади. Шунда машриқдан тонг вақтида унинг ўрнига битта янги юлдуз пайдо бўлади. Ана шу вақтда ёмғир ёғиши кузатилади". Жоҳилият даврининг араблари ёмғир ёғишини юлдуз учишига боғлиқ, деб билганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ёмғирнинг юлдузга алоқаси йўқлигини, ёмғир Аллоҳнинг ўзига хос сабаблари туфайли ёғишини билдириш мақсадида "навъа" йўқ, деганлар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Ҳудайбияда Аллоҳ таоло номидан айтган гаплари жуда ибратлидир:

فأما من قال: مطرنا بفضل الله وبرحمته، فذلك مؤمن بي، كافر بالكواكب، ومن قال: مطرنا بنوء كذا، فذلك كافر بي، مؤمن بالكواكب  

 "Демак, кимки: "Ёмғиримиз Аллоҳнинг фазли ва марҳамати билан бўлди", деса бу кимса менга мўъмин, юлдузларга кофирдир. Агар кимки: "Ёмғиримиз анави юлдуз сабабли", деса менга кофир, юлдузларга эса мўъминдир!" (Муслим, 1/71; Ибн Ҳиббон, 1/188).

Юқоридаги ҳадиси шарифдан инсон Аллоҳ таолога бўлган ихлос ва эътиқодини асло сустлаштирмаслиги, ақидасининг дарз кетишига йўл қўймаслиги, ҳар бир нарсани Аллоҳ таолодан деб билиши, ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло қилади, деб тасаввур қилиши лозим. Ана шунда, инша Аллоҳ, эътиқоди мустаҳкам бўлаверади. Агар кўнглига, хаёлига бирорта бузуқ ақида келса, ирим-сирим чиқиб қолса, у ҳолда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дейишни ўргатганлар:

فَإِذَا رَأَى أَحَدُكُمْ مَا يَكْرَهُ فَلْيَقُلِ اللَّهُمَّ لاَ يَأْتِى بِالْحَسَنَاتِ إِلاَّ أَنْتَ وَلاَ يَدْفَعُ السَّيِّئَاتِ إِلاَّ أَنْتَ وَلاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِكَ ».

"Агар бирортангиз ёмон кўрган нарсани кўрса, "Аллоҳумма ла йаътий би-л-ҳасанати илла анта ва ла йадфаъу-с-саййиати илла анта ва ла ҳавла ва ла қуввата илла бика!" десин!" (Абу Довуд, 4/3921).



Ҳамидуллоҳ Беруний



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Динимиз иримдан қайтаради. Сафар ойида сафарга чиқиб ёки тўй қилиб ёки кўч кўтариб бўлмайди, деган гаплар иримдир. Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинган давоми...

4380 15:29 / 28.04.2017
Сафар ойи ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир.Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб давоми...

5754 21:00 / 20.09.2020
Сафар ойи ҳижрийndashқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар давоми...

16740 09:30 / 05 август
Миллатимиз тўйни яхши кўради. Умр бўйи тўйларга тараддуд кўриб яшайди. Ориятли, ҳаёиболи келин, яхши куёвларни орзу қилади. Тирикчилигидан орттириб, тўртбеш сўм давоми...

5110 15:28 / 28.04.2017