1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сафар

Ирим

15:29 / 28.04.2017 4379 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимиз иримдан қайтаради. Сафар ойида сафарга чиқиб ёки тўй қилиб ёки кўч кўтариб бўлмайди, деган гаплар иримдир. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Касалликнинг юқиши йўқдир. Ирим қилиш йўқдир, руҳларнинг қушга айланиши йўқдир, уруш ман қилинган ойни кейинга суриш йўқдир", деганлар.

Киши Аллоҳнинг иродаси билан касал бўлади. Дарҳақиқат, биз ҳар хил касалликлардан эҳтиёт бўлиб юрган кўплаб одамларнинг касал бўлганини, доимо касаллар орасида аралашиб юрадиган кишининг (масалан, дўхтирнинг) мутлақо касал бўлмаслигини кузатишимиз мумкин.
Жоҳилият даврида араблар бирон иш қиладиган бўлса, аввал қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, ўша иш яхши бўлади, деб уни қилишар, агар қуш чап томонга учса, ирим қилиб, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, агар қуш тўғрига учса, бошқатдан учириб кўришар эди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) барча иримлар тавҳидга зид деб эълон этдилар.
Исломдан аввал бирон-бир киши ўлдирилса, унинг руҳи қушга айланиб учиб юради, токи унинг қасоси олинмагунича у руҳ азобда бўлади, деган нотўғри тушунча бор эди ва жуда кўп уруш-жанжал, ўлдириш, қон тўкиш мана шу нотўғри ақида натижасида юз берар эди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) буни бутунлай инкор қилдилар. Бизнинг диёрларда ҳам руҳ капалак бўлиб ё бошқа ҳолатда хонадонга келиб туради, пайшанба куни дастурхонлар тепасида ҳозир бўлади, деган тасаввур ёйилган. Бу қараш ҳам бутунлай нотўғридир. Руҳ танадан суғуриб олинганидан кейин айланиб юрмайди, хонадонига келмайди. Мана шу соф исломий ақидадир.
Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат қиладилар: "Касалликнинг юқиши йўқдир. Ирим йўқдир. Мен фални яхши кўраман". Шунда саҳобалар: "Фал нима?" деб сўрашди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Яхши сўз", деб жавоб бердилар.
Масалан, бир беморни кўришга бордингиз. Аҳволи оғир. Унинг ҳоли эртага нима бўлишини билмайсиз. Яшаб кетадими, жон топширадими – қоронғу. Лекин сиз унга барибир "Худо хоҳласа, тузалиб кетасиз", дейсиз. Ана шу фал дегани. Яъни, беморни кўришга борилса, яхши умидда: "Сиз тузалиб кетасиз", деб кўнгли кўтарилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шуни яхши кўрганлар.
Биз нима учун ирим қиламиз? Бирон-бир хатарнинг гўё олдини олиш учун шундай қиламиз. Гўё шу ойда бир балога учрамай деб тўй ёки сафар қилмаслик билан ёмонликдан ўзимизни ҳимояламоқчи бўламиз. Лекин билмаймизки, бу ишимиз билан ёмонликнинг устида турибмиз. Бунинг мисоли бир оёғини оловдан сақлаб, иккинчи оёғини оловга ташлашдай гап. Киши ирим қилиб ўз бошига бир ёмонликни олиб келиши мумкин. Ирим қилишдан, унинг ёмон оқибатларидан қўрқишимиз керак.
Агар ақидамиз мустаҳкам бўлса, унга мувофиқ ҳаёт кечирсак, барча ишларимиз хайрли бўлади. Аллоҳ таоло ақидамизни мустаҳкам қилсин. Зеро, соф исломий ақида инсонни мард этади, хулқи, ахлоқи, маънавияти, маданиятини зийнатлайди.

Раҳматуллоҳ ҲАБИБУЛЛОҲ ўғли


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сафар ойи ҳижрийndashқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар давоми...

16740 09:30 / 05 август
Сафар ойи ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир.Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб давоми...

5753 21:00 / 20.09.2020
Сафар ойидан шумланиш унга шубҳа билан қараб, ёмонлик ойи деб билиш бу ойда хайрли амалларни қилиб бўлмайди, деган эътиқодга бориш бу ойда балоофатлар кўпаяди, давоми...

6657 05:00 / 14.03.2017
Миллатимиз тўйни яхши кўради. Умр бўйи тўйларга тараддуд кўриб яшайди. Ориятли, ҳаёиболи келин, яхши куёвларни орзу қилади. Тирикчилигидан орттириб, тўртбеш сўм давоми...

5110 15:28 / 28.04.2017