1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Дўзахга тушишдан кўра даҳшатли ҳалокат йўқ

19:00 / 27 январь 62 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ

«Ўз динларини ўйин-кулги ва кўнгилхушлик қилиб олган ва дунё ҳаёти алдаб қўйганларни тарк эт. У (Қуръон) ила эслатгинки, ҳеч бир жон қилган касби туфайли ҳалокатга дучор бўлиб қолмасин. Унга Аллоҳдан ўзга бирор валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқдир. Барча фидо қиладиган нарсани фидо қилса ҳам, ундан қабул қилинмас. Ана ўшалар қилган касблари туфайли ҳалокатга дучор бўлганлардир. Куфр келтирганлари учун уларга қайноқ сувдан ичимлик ва аламли азоб бордир» (Анъом 70-оят).

«Ўз динларини ўйин-кулги ва кўнгилхушлик қилиб олган»лар динга эҳтиром билан қарамайдиган, динни ўз хоҳишларича тўғрилашга ҳаракат қиладиганлардир. Улар мушриклардан, аҳли китоблардан ёки мусулмонман, деб юрганлардан ҳам бўлиши мумкин. Улар, мен фалон динданман, дейдилар-у, аммо ўша динга амал қилмайдилар, эҳтиромини жойига қўймайдилар. Вақти келганда, ўзини диндор қилиб кўрсатишга уринадилар-у, аммо нарироққа бориб, билганларидан қолмайдилар. Улар, агар ўхшатиш жоиз бўлса, хўжайинини алдаб, ўйин-кулги қилиб юрган хизматчига ўхшайдилар. Балки улардан ҳам баттардирлар.

Улар диний ақийда ва ҳукмларни масхара қилиб, куладилар. Қуръони Карим ёки ҳадиси шарифда собит бўлган ақийда ёки шариат масалаларини масхара қила туриб, боз устига, «мусулмонман» деб юрганлар сон-саноқсиз эканини яхши биламиз. Уларнинг орасида салла-чопон кийиб олган, юқори «диний мансаб»ларга миниб олганлари қанча. Ана шу охирги тоифа нечоғли хатарли эканини ўз кўзимиз билан кўрган халқмиз. Улардан бири «Ғайбиётнинг баъзисига ишониб бўлмайди, мисол учун, Нуҳ пайғамбарнинг тўққиз юз эллик йил яшамоғига ишониб бўлмайди», – деса, бошқаси «Бадр урушида фаришталар тушганини ҳеч ким кўрмаган, бу нотўғри гап; Ийсо алайҳиссалом бошқалар қатори ўлиб, бошқалар қатори кўмилган», – дейди. Шу билан Қуръонни инкор этиб, кофир бўлади. Аммо салла-чопонни кийиб олиб, ўзини мусулмонларга пешво санайди. Уларнинг «Намоз ўқимаса ҳам бўлаверади», «Ароқ ичса ҳам бўлаверади» каби «насиҳат»лари ва айни шу ҳамда бошқа фосиқликларни ўзлари қилаверишлари динни ўйин-кулги, мазах қилишдан бошқа нарса эмас.

«Дунё ҳаётига алданиб қолганлар» ҳам улардан қолишмайди. Одатда бу икки тоифа бир-бирига қоришиб кетган бўлади. Яъни динни ўйин-кулги қилганлар албатта ҳаёти дунёга алданган бўлишлари ёки, аксинча, ҳаёти дунёга алданганлар динни ўйин-кулги қилиб олишлари турган гап. Ҳаёти дунёга алданганлар унинг бандаси бўлиб қоладилар. Дунё нимани буюрса, ўшани қиладилар. Дунё ҳаёти йўлида дину диёнатларини ҳам сотадилар. Ҳар қандай пасткашликка борадилар. Шунинг учун улар хавфли одамларга айланадилар. Уларнинг бу оғир маразлари бошқаларга ҳам юқиши мумкин.

«Ўз динларини ўйин-кулги ва кўнгилхушлик қилиб олган ва дунё ҳаёти алдаб қўйганларни тарк эт».

Ушбу ояти кариманинг ҳукмига мувофиқ, уларга қаршилик қила олмаганлар улардан ўзларини йироқ тутишлари, умуман алоқа қилмасликлари даркор бўлади.

Аллоҳ таоло ушбу оят давомида уларга динни ўйин-мазах қилганлари учун ҳалокатга дучор бўлишлари муқаррар эканини Қуръон ёрдамида эслатишни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга буюрмоқда:

«У (Қуръон) ила эслатгинки, ҳеч бир жон қилган касби туфайли ҳалокатга дучор бўлиб қолмасин. Унга Аллоҳдан ўзга бирор валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқдир. Барча фидо қиладиган нарсани фидо қилса ҳам, ундан қабул қилинмас».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг меросхўрлари – Ислом даъвати йўлига ўзини бағишлаган кишилар ўз динини ўйин-кулги қилиб олган, дунё ҳаётига алданган ўшандай кишиларга оқибатлари даҳшатли бўлишини эслатишга амр қилиняптилар. Мазкур кишилар ўз кирдикорлари – динни мазах қилганлари, дунё ҳаётига алданганликлари туфайли ҳалокатга дучор бўлишлари муқаррар. Улар бу қилмишлари ила Аллоҳдан жудо бўлганлари аниқ, аммо Аллоҳдан айрилгач, ўзга бирор дўст ва шафоатчисиз ҳолга тушиб қолишларини ҳам унутмасинлар. Бу дунёда мансаб учун, қийин ҳолдан қутулиш учун динни ўйин-кулги қилиб, мақсадга эришиб юрганлари у дунёда ўтмай қолади. Улар фидо этиш мумкин бўлган ҳамма нарсани – маънавийми, моддийми – ҳаммасини фидо қилсалар ҳам, қиёмат куни улардан қабул қилинмайди. Қилмишлари учун жавоб беришлари, жазо олишлари керак.

«Ана ўшалар қилган касблари туфайли ҳалокатга дучор бўлганлардир».

Дўзахга тушишдан кўра даҳшатли ҳалокат йўқ. Улар фақат дўзахга тушиш билан қутулиб қолмайдилар. Балки дўзахда турган ҳолларида қилмишларига яраша азоб ҳам тортадилар.

«Куфр келтирганлари учун уларга қайноқ сувдан ичимлик ва аламли азоб бордир».

Келаси оятда Аллоҳ таолога турли шаклдаги ширкни келтираётганлар билан яна бир бор орани очиқ қилиб олишга амр бор:

ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ

«Сен: «Аллоҳдан ўзга бизга на фойда, на зарар бера олмайдиган нарсаларга илтижо қилиб, Аллоҳ бизни ҳидоятга солганидан кейин орқамизга қайтариламизми? Худди оғайнилари «Бу ёққа кел!» – деб ҳидоятга чақириб турган бўлса ҳам, шайтонлар ақлдан оздириб, ер юзида довдиратиб қўйган ва ҳайрон бўлиб қолган кимсага ўхшаб-а?» – деб айт. Сен: «Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти, ҳа, ўшагина ҳидоятдир. Оламларнинг Роббига таслим бўлишга амр қилинганмиз», – деб айт» (Анъом 71-оят).

Булар эътиқодда, ибодатда, ихлосда, таслимда, розилик тилашда ва амрни адо этишда турли нарса ва шахсларни Аллоҳга шерик қиладиганларга айтиладиган гаплардир. Бу хитоб уларнинг виждон ва ақлларига очиқчасига мурожаатдир. «Келинглар, очиқчасига ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўрайлик:

«Аллоҳдан ўзга бизга на фойда, на зарар бера олмайдиган нарсаларга илтижо қилиб, Аллоҳ бизни ҳидоятга солганидан кейин орқамизга қайтариламизми?»

Ахир бизга бут ҳам, санам ҳам, қуёш ҳам, сигир ҳам, фирқа ҳам, подшоҳ ҳам ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар ҳам фойда ва ёки зарар етказа олмайдилар-ку! Ҳамма фойда ва ҳамма зарарнинг соҳиби, хоҳлаганига фойда ва хоҳлаганига зарар етказа оладиган Аллоҳни қўйиб, ўзимизга ўхшаган ёки ундан ҳам паст бечораларга ибодат қилишимиз жоизми? Агар бу номаъқулчиликни қилсак, ўтакетган аҳмоқона ва кулгили бир ҳолатга тушиб қоламиз-ку!

«Худди оғайнилари «Бу ёққа кел!» – деб ҳидоятга чақириб турган бўлса ҳам, шайтонлар ақлдан оздириб, ер юзида довдиратиб қўйган ва ҳайрон бўлиб қолган кимсага ўхшаб-а?»

Мушрикнинг ҳоли ана шундай аҳмоқонадир. У ҳар икки томоннинг розилигини топишга ҳаракат қилади. Оғайнилари уни ҳидоятга чақириб туришибди, мушрик эса шайтоннинг гапига кириб, залолат йўлига тушиб олган. Нима қилишни билмай, ҳайрон. Бир йўла бир томонга ўта олмайди. У ёққа ўтай деса, бу ёқ қолади. Бу ёққа ўтай деса, у ёқ қолади. Қаёққа юз буришни билмайди. Мушрикни бундай ҳайронликдан олиб чиқадиган битта ҳақиқат бор. Ушбу ҳақиқатни англаб етгандагина, ҳайронликдан халос бўлади. Бу ҳақиқат:

«Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти, ҳа, ўшагина ҳидоятдир», деган ҳақиқатдир.

Аллоҳнинг ҳидоятига маҳкам ёпишган одамгина нажот топади. Мақсадга эришади. Чунки биз бандалар – ҳаммамиз фақат:

«Оламларнинг Роббига таслим бўлишга амр қилинганмиз».

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Унда уларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва жароҳатларда қасос фарз қилдик. давоми...

1527 19:00 / 01.10.2024
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Уларга Робблари оятларидан ҳеч бир оят келмабдики, юз ўгирувчи бўлмаган бўлсалар, Анъом сураси, 4оят. Қуръони Каримда давоми...

893 19:00 / 29.07.2025
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Улар жаҳаннамга ташланган чоғларида унинг ҳанграган овозини эшитурлар, у эса қайнаб турадир, 7оят.Агар давоми...

4402 11:16 / 06.03.2019
.Ким зулмидан кейин тавба этса ва ислоҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир, Моида сураси, давоми...

1866 19:00 / 19.09.2023