
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عِكْرِمَةَ فِي قَوْلِهِ: ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ قَالَ: اتَّقُوا اللهَ وَاتَّقُوا الْأَرْحَامَ أَنْ تَقْطَعُوهَا
Икримадан ривоят қилинади:
«У «Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг» ояти ҳақида: «Аллоҳдан қўрқинглар ва қариндошлик ришталарини кесишдан қўрқинглар», деди».
Улкан тобеъинлардан Икрима розияллоҳу анҳу Нисо сурасидаги мазкур оятнинг тафсирида: «Аллоҳдан ва қариндошлик алоқаларини кесишдан қўрқинглар», деган маънони айтган экан.
Қариндошлик алоқасини узиш оғир гуноҳ экани Қуръони Каримда алоҳида таъкидланган. Аллоҳга гуноҳкор бўлишдан қандай қўрқсак, қариндошлик алоқаларини узишдан ҳам ана шундай қўрқиш лозим.
عَنِ الْحَسَنِ فِي قَوْلِهِ: ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ قَالَ: اتَّقُوا اللهَ وَاتَّقُوا الْأَرْحَامَ.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«У «Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик(алоқалари)дан қўрқинглар» ояти ҳақида «Аллоҳдан қўрқинглар ва қариндошлик ришталаридан қўрқинглар», деди».
Шарҳ: Бу ривоят олдин ҳам ўтган.
عَنْ إِبْرَاهِيمَ فِي قَوْلِهِ: ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ قَالَ: إِنَّكَ تَقُولُ: أَسْأَلُكَ بِاللهِ وَبِالرَّحِمِ.
Иброҳимдан ривоят қилинади:
«У: «Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг» ояти ҳақида: «Аллоҳнинг номи ва қариндошлик ҳурмати ила сендан сўрайман», дейсан-ку», деди».
Шарҳ: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мазкур ояти тафсирида айтилган бу гап ҳам силаи раҳмнинг улуғ нарса эканини тасдиқлайди.
عَنْ سُفْيَانَ الثَّوْرِيِّ، عَنِ ابْنِ أَبِي نُجَيْحٍ، عَنْ مُجَاهِدٍ، مِثْلُهُ.
Суфён Саврийдан, Ибн Абу Нужайҳдан, Мужоҳиддан ҳам мана шу маънодаги ривоят келган.
Демак, бу иш бир-икки киши қилган ривоят эмас, балки машҳур ривоят экан. Такрор-такрор келган ва катта олимлар ёдлаб олиб, бир-бирларига ривоят қилиб юрган буюк ҳақиқат экан.
عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: هُوَ قَوْلُهُ: أُنْشِدُكَ بِاللهِ وَالرَّحِمِ.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Бу: «Аллоҳ ва қариндошлик ҳаққи, сендан сўрайман», деганидир».
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам мазкур оятда «Аллоҳ таолонинг номи билан ва қариндошлигим ҳурмати ила сўрайман» деган маъно борлиги таъкидланмоқда.
Мазкур ояти кариманинг маъноси ва тафсири ҳақида бир-бирини тасдиқловчи ривоятлар билан танишиб чиққанимиздан кейин унинг ўзи билан ҳам танишиб қўйсак, яхши бўлади.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида айтади:
«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб, бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» (1-оят).
«Эй одамлар!» дея барча инсониятга хитоб ўлароқ бошланган бу ояти каримада бир нечта улкан ҳақиқатлар ўз аксини топган. Аввало бу ояти карима одамларга уларнинг яратилган бир мавжудот – инсон эканликларини, уларни Аллоҳ таоло яратганини эслатади. Инсон ўзининг инсон эканини эслаб туриши жуда фойдалидир. Чунки кўпгина разилатлар худди шу нуқтани – инсон ўзининг кимлигини эсидан чиқариб қўйганидан келиб чиқади. Агар инсон доимо ўзининг кучсиз, иродасиз бир нарса бўлганини, фақат Роббининг инояти билан шу ҳолатга етганини, яна ўша Робб ҳузурига қайтиб боришини эсласа, Ундан қўрқиб турса, ҳеч қачон ҳеч бир разилатга қўл урмагай.
Шунингдек, бу оятда одамларни яратган Холиқ бир бўлиши билан бирга, инсонларнинг асли ҳам бир жон бўлганлиги баён этиляпти:
«Сизларни бир жондан яратган».
Демак, ҳозирги дунёда турли-туман бўлиб яшаётган, бир-бирлари билан ирқий, миллий, диний урушлар қилаётган, мен яхши, сен ёмон, деб жанжаллашаётган, кишиларни тана рангига, қабиласига, миллати ёки ирқига қараб ажратаётган одамларнинг асли бирдир. Уларни бир Аллоҳ бир жондан яратган. Агар одам ушбу ҳақиқатни, яъни ўзининг бир жондан яратилганлигини тўлиқ тушуниб, доимо ёдда тутганида эди, ҳозирги кундаги кўплаб фалокатлар, разилатлар вужудга келмаган бўлар эди. Кишилар бир-бирларига меҳрибон бўлар, ҳамиша бир-бирларига ёрдам қўлини чўзар эдилар.
Имом Муслим Жарир ибн Аблуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики, Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига Музар қабиласидан оч-яланғоч бир гуруҳ кишилар келган вақтда – пешин намозидан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб, ваъз сўзладилар. Ўз сўзларида, жумладан «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар!» оятини ўқидилар.
Сўнгра одамларни садақа қилишга чақирдилар. Шунда кимдир диноридан, кимдир дирҳамидан, кимдир буғдойидан ва яна кимдир хурмосидан садақа қилди.
Ушбу оятдаги улкан ҳақиқатлардан бири «ва ундан унинг жуфтини яратиб» жумласида ўз аксини топгандир. Демак, оятдан «У жондан унинг жуфтини, яъни хотинини яратган», деган маъно келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида аёл киши ҳақидаги барча нотўғри фикр ва тушунчаларни чиппакка чиқариб, ҳуқуқда ва дунё ҳаётидан баҳрамандликда у ҳам эркаклар билан тенг туришини, у ҳам бир жондан яралганини англатади.
«икковларидан», яъни ўша «бир жон» бўлмиш Одам ва унинг жуфти Ҳавводан
«кўплаб эркагу аёллар таратган»лик ҳам муҳим бир ҳақиқатдир. Аллоҳ таоло, агар хоҳласа, бирданига хилма-хил, сон-саноқсиз эркагу аёлларни яратишга ҳам қодир эди. Аммо У бундай қилишни хоҳламади. Ер юзидаги турфа инсонларнинг қариндошлик алоқалари, оила ришталари ила ўзаро боғлиқ бўлишларини ирода қилди. Исломда оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берилишининг сири ҳам шунда. Ояти кариманинг бир жумласини биз:
«Номини ишлатиб, бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг», деб таржима қилдик. Бу жумладаги маънони тўлиқроқ англатиш учун баъзи ёрдамчи ифодаларни ҳам қўшишимизга тўғри келди. Аслида эса асосий матнда бу жумла жуда қисқадир, сўзма-сўз таржима қилинса, «Ўзаро сўрашадиганингиз Аллоҳга ва қариндошликка тақво қилинг», деган маъно келиб чиқади.
Одатда, кишилар ўзаро меҳр ва лутфга эришмоқчи, ўзларига нисбатан мойиллик уйғотмоқчи бўлсалар, орага Аллоҳни ва қариндошликни қўшадилар. Аллоҳнинг номи ила одамлар орасида аҳдномалар тузилади, ваъдага вафо қилиш сўралади ва ҳатто қасам ҳам ичилади.
Шунингдек, икки томон орасида қариндошлик ришталари бўлса, уларни ҳам орага солинади. Аллоҳга тақво қилиш, яъни Ундан қўрқиш тушунчаси маълум ва машҳур тушунчадир. Кўпгина оят ва ҳадисларда, таълимотларда бу нарса қайта-қайта зикр қилинган. Аммо қариндошлик риштасига тақво қилмоқ (ундан қўрқиш) ўзига хос бир таъбир бўлиб, бу нарса муқаддас алоқаларни улуғлаш, ҳақ-ҳуқуқларни адо этиш, уларни муҳофаза қилиш, узмаслик нақадар зарурлигини таъкидлайди.
Оятнинг аввалидаёқ тақвога – яратган Холиқдан ва қариндошлик ҳаққига зулм қилишдан қўрқишга даъват этилган бўлса, оятнинг охирида бу чақириқлар беҳуда эмаслиги, балки ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлиши таъкидланади:
«Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир».
Инсонларни яратган, улар ўртасида қариндош-уруғлик ришталарини пайдо қилган, ҳар бир нарсани билувчи ва кўрувчи Зотнинг Ўзи ҳамма нарсани кузатиб туриши нақадар таъсирчан, нақадар масъулиятли ҳолдир.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп тайёрланди.