1446 йил 2 зулқаъда | 2025 йил 29 апрель, сешанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Комил қори

15:51 / 23 апрель 1001 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(1897-1988)

Комил қори 1897 йили Наманган туманининг Эшобод қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топди. Падари бузруквори Абдубой ота, волидаи муҳтарамаси Сорахон ая бўлганлар.

Дастлабки таълимни оила муҳитида олган Комил қори болалигидан очиқ кўнгил, хушфеъл ва зийрак бола бўлиб улғайди. У қироат илмини тоғаси Мулла Абул Қосим (1880-1962) Охунддан ўрганиб, 15 ёшида Қуръони Каримни ёд олган ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишди. Кейинчалик, муқаддас Каломнинг такрорини  Саъдуллоҳ (1900-1994) ва Ҳошимжон (1902-1996) қори домлаларда такомилига етказди.

Оила қуриб, фарзандли бўлгач, азим Тошкентнинг Ҳасти имом мавзесига кўчиб боради. У ерда шойи ва ипак (атлас, адрас) матолари савдоси билан шуғулланувчи дўкондор бўлиб фаолият олиб боради. Наманганлик қадрдонларининг фарзандлари Баҳриддин (1926-2013) ва Содиқжон (1933-2015) махдумларга илм ва касб сирларини ўргатади. Илмда бардавом бўлган Комил қори ўша даврнинг уламо олими Зиёвуддин эшон Бобохон ҳазратлари билан ҳам яқиндан танишиб, уларнинг илм суҳбатларидан баҳра олади.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари эса кўпчилик аҳли илмлар қатори  фронт ортида меҳнат қилади. У тахминан 1960 йилларда шаҳарнинг Жийда капа кўчаси «Ҳайдар закотчи»  маҳалласига кўчиб келиб, қўним топади.

Ўрта бўйли, тўладан келган, сийрак соқолли Комил қорининг «Шайх Эшон» масжиди жамоаси ва унинг теварак-атрофидаги гузарларда яшовчи инсонлар ўртасида ҳурматлари баланд бўлган. Боиси, тоат-ибодатда мустаҳкам қори домла «Шайх Эшон» масжидида намоздан сўнг гўзал Қуръон тиловати ила намозхонлар қалбидан жой олган эди.

Маҳалладошлари Содиқжон Ибрагимовнинг[1] айтишларича: «Раҳматли Комил қори ўта саҳий, камбағалпарвар бўлганлар. У зот маҳалладаги муҳтож ва беморлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб, ҳаммага ёрдам қўлини чўзганлар. Кишиларнинг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлиб, ёшларга панд-насиҳатлари билан намуна бўлганлар. Қолаверса, қори домла болаларни жуда ҳам яхши кўрганлар. Доим ёнларидаги халтачага ўрик, жийда туршаги, қурт ёки бирон бир ширинлик олиб юрганлар. Халтачадагиларини йўлда учраган кишиларга улашмагунларича тинчимас эдилар. Қолаверса, бутун умр бева-бечора, етим, камбағал-ночор кишиларнинг таъзияларида иштирок этиб, дафн харажатларини ўзлари адо қилиб  келганлар.

Комил қори ўғиллари Муҳаммад Содиқ бува, 1982 йили падари бузрукворим: «Қани ўғлим, машинангни ҳайда бир жойга бориб келайлик», дедилар.

Мен хўп бўлади дадажон дедим. Бир пайт Сардоба даҳасининг Марғилон кўчасидаги уйлардан бирининг олдига келиб тўхтадим. Отам уловдан тушиб, дарвоза томон юрдилар ва эшикдан: «ҳў Юнусхон (1917-1982) ака, дея чақирдилар. Ичкаридан «лаббай» деган овоз эшитилди. Шу орада, ўрта бўйли ўспирин йигит чиқиб, бизни ичкарига бошлади. Уйга кирганимизда, тўшакка ётиб қолган, бечораҳол, кўзлари ялтираб турган бир бемор инсонни кўрдим. Отам: «Ассалому алайкум биродар, анча яхшисиз, дард ҳам меҳмон Худо хоҳласа, кўрмагандай бўлиб соғайиб кетасиз», дея пешонасини силадилар. Бироз ўтирганимиздан сўнг бемор отахон йиғлаб, дадамнинг ҳаққига дуо қилди. Отам: «Насиб қилса, бир ҳафтадан сўнг яна келаман»,  деб хайрлашдилар. Афсуски, орадан бир ҳафта ўтиб, шу хонадонга жанозага бордик. Дафндан кейин отам қаттиқ куйиниб йиғладилар. Мен ҳайрон бўлиб: «Нега йиғлайсиз, отажон, ахир бу киши бизга ҳеч ким эмас-ку?» дея ноўрин гапириб қўйдим. Отам кўз ёшларини артиб, қуйидаги оятни ўқидилар:

إِنَّمَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ إِخۡوَةࣱ فَأَصۡلِحُوا۟ بَیۡنَ أَخَوَیۡكُمۡۚ وَٱتَّقُوا۟ ٱللَّهَ لَعَلَّكُمۡ تُرۡحَمُونَ

«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз.[2] (Хужурот сураси 10-оят).

Отамнинг бу танбеҳларидан кейин ҳар бир гапимни ўйлаб гапирадиган бўлдим.

Ҳазрат қори домла эътиқодли халқимизнинг уйларида Рамазон ойларида уч кунлик хатми Қуръонларга ўтиб, улуғларимизнинг дуоларини олган. Хусусан, Сардоба даҳасилик Тошпўлат (1902-1961) қори хонадонларида узоқ йиллар хатми Қуръон ва мавлид ойларида иштирок этиб, йиғилганларни хушнуд этганлар.

Диёримизнинг кўплаб илм аҳллари, хусусан, муфтий Зиёвуддин эшон Бобохон, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, мулла Абдулатифхон, Боқихон тўра, Ҳошимжон қори, Хомидхон, Маъсумхон, Саъдуллоҳ қорилар, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ махдумлар, мулла Султон домла, Сулаймон эшон, Шамсиддин қори, Жаъфар қори, Ортиқ хўжа қорилар каби уламоларимиз бу хонадоннинг азиз меҳмони бўлишган.

Умрларининг охирги 30 йилини аниқроғи, икки ҳайит ва жума кунларидан ташқари рўзадор ҳолатда ўтказган қори домла 1988 йили омонатни топширдилар. У зоти шарифнинг жанозалари «Шайх эшон» масжидида андижонлик Ҳабибуллоҳхон домла бошчилигида адо этилди. Муборак жасадларини шаҳарнинг катта қабристони «Мавлавий» мозорига қўйилди. Комил қори домланинг дафнларида ҳозир бўлган ёши улуғларимиз:  «Дарҳақиқат, тош ва адирликда жойлашган гўристоннинг қори домлани қўйилган жойида биронта ҳам тош йўқ. Қолаверса, болажон домланинг мақбаралари атрофи ёш болалар қабрлари билан тўладир. Бу ҳам қори домламизнинг ҳаётлик чоғларидаги эзгу ишларининг мукофоти бўлса керак», дея эслашди.

Комил қорининг завжалари Қамбар ҳожи қизлари Зуҳро биби ая (1900-1976) бўлиб, улардан Оминахон (1940-1962), Марғубахон (1942-2016), Ўғилхон (1946-2013), Муҳаммад Содиқ (1949) ва Матлубахон (1952) исмли авлодлар қолган.[3] Аллоҳ қори домланинг ислом дини ривожи йўлидаги қилган эзгу амалларини қиёматда фойдаларига захира айласин. Омин!

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

[1] Ибрагимов Содиқжон 1953 йили Наманган шаҳри Иллалик кўча 36 уйда туғилган. Узоқ йиллардан бери тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 5-жуз. — Тошкент: Hilol-Nashr, 2019. — Б. 551.

[3] Мазкур маълумотлар Комил  қорини кўрган ва таниган маҳалладошлари ва авлодлари билан бўлган суҳбатда ёзиб олинди.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 17 мартдаги 03-07/1750-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар Мухтор имом Муҳаммад Маҳдий Санусий раҳимаҳуллоҳни олдига киришга изн сўради. Унга деди .Саййидим, албатта дўстларимиздан кўпчилиги муайян дуо ва давоми...

2274 14:02 / 10.09.2021
Улуғ султон, Абул Фатҳ Маликшоҳ ибн султон Алп Арслон Муҳаммад ибн Чағирбек Салжуқий Туркий.Оталаридан кейин ҳукмронлик қилганлар. Алп Арслоннинг кўрсатмаларига давоми...

2193 11:00 / 30.08.2021
Имом, муҳаддис Абу Наср Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мусо Бухорий Малоҳимий.Найсобур ва Бағдодда .Рафъул ядайн, ҳамда .АлҚироату халфал имом, китобларини давоми...

1576 11:23 / 13.09.2021
Қироат таъсирининг сириАбдулбосит қори раҳимаҳуллоҳдан .Қироатингиз барчага бирдек таъсирли бўлишининг сири нимада, деб сўрашганида, у киши .Бу тиловат Аллоҳ давоми...

3112 11:00 / 27.06.2021
Аудиолар

153567 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

8769 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

72900 14:35 / 11.08.2021