Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Илм аҳли даражасини бошқалардан баланд қилган ва башарга илмни Ўзидангина сўрашни амр қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Умматга илоҳий таълимни берган ҳамда билган илмларини ўзгаларга ҳам ўргатишга буюрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зот алайҳиссаломнинг оиладаги талабалари бўлган аҳли байтга, у зот алайҳиссаломга ҳар ишда содиқ бўлган саҳобаларга салот ва саломлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос бўлиб қолган илму ирфонни биз умматларга улашиш ва тарқатиш йўлида мисли кўрилмаган ишларни амалга оширган, китобларини «шамчироқ» ўлароқ қолдирган фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини Аллоҳ таоло ўз раҳматига олсин.
Даставвал Шайх ҳазратлари асарларининг менинг ҳаётимда тутган беқиёс ўрни сабаб устозга бўлган чексиз ҳурмат ва ташаккурларни билдирсаму, сўнгра у кишининг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқиб, у кишининг ўзимга намуна қилиб олган айрим хислатларини қисқа сатрлар ила баён этсам. Ожизона дил сўзларимни ифодалаш давомида йўл қўйган хато ва камчилигимга кўзингиз тушса, камина ходимингизни маъзур тутишингизни сўрайман.
Шахсиятни турли жабҳалардан ўрганиш инсонда яширинган кўп қирраларни очиб беради. Устознинг китобларини мутолаа қилгач, бундай кенг кўламдаги улкан меросни ёзиб қолдирган инсоннинг шахсияти буюк бўлишини чуқур ҳис қилган ҳолда у кишининг умр йўлларини ўрганишга киришдим. Бу борада Ҳазратнинг қўлларида дарс олган шогирдлари, яқинлари ва ҳамсуҳбатларининг хотиралари билан танишдим. Шундан сўнг англадимки, бу инсон суннатга мувофиқ яшаган эканлар. Шу боис, у кишининг кўпчилик мўмин-мусулмонлар эргашишга ҳаракат қиладиган бир қатор фазилатларига тўхталиб ўтмоқчиман.
Ҳазрат тақводор, ҳар бир ҳаракатларини ибодатга айлантирган инсон бўлган эканлар. Ҳаёт йўлларини ўқир эканмиз, у кишининг ибодатда собит бўлганлари, таҳажжуд намозларини узлуксиз адо этганлари ҳамда сафарда вақтлари ҳам давомли зикрлар билан банд бўлганларини кўрамиз. Шайх ҳазратлари ҳаттоки китоб таълиф қилишдан олдин истихора намозини ўқиб, Аллоҳдан ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шу ишнинг хайрини сўрар эканлар, белги бўлганидан кейингина ёзар эканлар.
Шайх ҳазратлари қолдирган илмий мерос халққа беминнат хизмат қилиб келяпти. Асарлари ва маърузалари инсонларни гўзал ахлоққа ва тарбияга чорлаяпти. Уларнинг бу даражада оммабоп ҳамда таъсирли бўлишининг сабаби ҳам устознинг тақволари кучли экани ва ҳар бир айтганларига, энг аввало, ўзлари амал қилганларидан далолатдир.
Олтмиш уч йиллик ҳаётлари мобайнида у киши бизга улкан илмий меросни тақдим қилиб, зиё тарқатишга улгурдилар. Албатта, бу устознинг вақтларини беҳуда сарфламаганлари, ҳамма ишни вақтида ва ўрнида бажарганлари маҳсулидир. Устознинг сафдошлари у кишини «Такбир ва иқома орасидаги вақтни ҳам зое қилмасди, қўйнидан китобини олиб ўқиб турарди», «Танаффусда ҳаммамиз чигал ёзди учун ташқарига чиқиб ҳаво алмаштириб келсак, у китобга мук тушиб ўтирарди», деб хотирлашади. Шогирдлари эса «Устозни йиғин ёки маросимларга таклиф қилишганда ҳар доим у ерга вақтида етиб борардилар. У киши чақирилган жойга ҳеч қачон кеч қолмаганлар», деб эслашади. Бу хотиралар устознинг вақтни қадрлаганларига яққол мисол бўла олади.
Шунингдек, Ҳазрат муфтий бўлиб фаолият юритган вақтларида, узоқ йил ҳукм сурган даҳрийлик таъсирига тушиб қолган халқимизни илм-маърифатга омон олиб чиққанлар, кўп ислоҳотлар қилганлар. Ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда ўлкамиз, қолаверса қардош халқлар учун илм олишга имкон яратиб, кўплаб саъй-ҳаракатларни амалга оширганлар, ихтилофларни бартараф этганлар. Хорижда бўлган вақтларида эса бизга мерос сифатида қолдирган керакли барча китобларини ёзиб битказганлар. Агар муфтийлик пайтларида китоб таълиф қилиш билан банд бўлганларида, у киши юқорида санаб ўтилган улкан ишларни амалга ошира олмаган бўлардилар, балки... Бу ҳам Шайх ҳазратларининг узоқни кўра билганлари, мақбул ишни ўз вақтида, ўз ўрнида бажарганларини кўрсатади.
Аллоҳ улардан рози бўлсин, устознинг ота-оналари ҳам ҳар бир илм ихлосманди учун катта ибрат мактаби эканларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Хусусан, Ҳазратнинг падари бузрукворлари Муҳаммад Юсуф ҳожи дада фарзандининг биринчи устози бўлганлар. Уларнинг камолотга етишишларида қиблагоҳларининг жуда катта меҳнатлари сингди. Ҳожи дада дилбандларини ҳар жабҳада қўллаб-қувватладилар. «Сиз Қуръонга хизмат қиляпсиз, биз сизга хизмат қиламиз», дея доим Ҳазратга далда бўлганлар. У кишининг мавқелари юқори бўлишида оналари Собирахон аянинг ҳам ўрни беқиёсдир. Бу аёл ибодатга қандай тайёргарлик кўрган бўлсалар, Ҳазратни гўдакликларида эмизишга ҳам шундай ҳозирлик кўрган эканлар. Болаларини бирор марта ҳам бетаҳорат эмизмаганлари, у зотнинг вужудларини пок ҳолда, ҳалол луқма ила ўстирганлари ҳам тил, ҳам кўз, ҳам кўнгилларининг поклигини сақлаш учун қўйилган илк қадамлар бўлган, десак адашмаймиз. Зеро, оқила, итоаткор аёл ва тақводор отанинг гўзал тарбияси ила халққа бемисл хизмат қиладиган олим вояга етди.
Таассуф, мен шайхимиз ҳаётларини жуда кеч ўргана бошладим. У киши билан кўришиш, илм мажлисларида қатнашиш менга насиб бўлмаган. Яъниким, бу улуғ зот билан боғлиқ, ўзим гувоҳ бўлган биронта шахсий хотира йўқ. Аммо Ҳазрат ҳақида билган ва эшитган барча маълумотларни энг гўзал хотираларим деб айта оламан.
Баъзан ўйлаб қоламан: Ҳазрат ҳаёт чоғларида улардан анча кичик бўлганлар ёки бошқа бир сабаб билан у киши билан учраша олмаганлар шу даражада куйинсалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида яшаб туриб, у зотни кўра олмаганлар қанчалик афсусланишган экан-а?
Дин фидокорлик устига қурилади, дейилганидек, шайх ҳазратлари бутун умрларини динга фидо қилиб яшадилар. Ҳар бир ёзган китоблари ҳаётимизга маънавий нур олиб кирди. Бу кишининг асарлари орқали динни эмин-эркин ўрганаётганимиз Аллоҳнинг бизга берган улкан хазинаси, десам муболаға бўлмайди. Мана шундай маърифат чироқларини динга, миллатга мерос қолдирган шайх раҳимаҳуллоҳни Аллоҳ Ўз раҳматига олган бўлсин. У кишининг номлари бардавом бўлишига ҳисса қўшаётганлардан Ўзи рози бўлсин. Ҳақиқий Мужийб Зот – Аллоҳ таолодан шу улуғ инсонни яқинлари билан биргаликда Фирдавс жаннатларида Набий алайҳиссалом давраларида жам қилишини сўраб қоламан!
Дилшода Мавлонова
«Ҳилол» журнали 6(63)-сон