Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Келинг, «Уч талоқ» деб, бир лафз билан айтилганда бир талоқ тушадими?» деган масалага тўхталиб ўтайлик. Бу ўринда уч талоқ масаласига кўп ҳам киришиб ўтирмаймиз, фақат энг керакли гапни айтамиз.
Тўртала мазҳаб уламолари билиттифоқ бу масалада уч талоқ тушади, дейишади. Бутун уммат ҳам тарихимиз мобайнида бунга ижмоъ қилиб келган. Бу масалага биринчи бўлиб очиқдан-очиқ хилоф қилган инсон Ибн Таймийя ҳисобланади. Унинг шогирди Ибн Қоййимнинг фикри ҳам шунга ҳамоҳанг. Улардан кейин уларнинг шогирди – Ибн Ражаб Ҳанбалий икки шайхининг талоқ масаласида айтган гапларига раддия қилиб, «Баъисул-ҳасис» деган китоб ёзади. Китобда шундай дейилади: «Бирорта саҳоба ёки тобеъиндан, фатвода сўзи ҳужжат бўладиган улуғ имомларнинг бирортасидан «Уч талоқ айтилганда битта талоқ тушади», деган гапни эшитмаганмиз».
Ибн Ражаб бу борадаги ижмоъ, хабарлар ва бошқа бир қанча далилларни нақл қилиб, уларга раддия сифатида мана шу китобни ёзади. Саҳобаларнинг барчаси ижмоъ қилган гап мана шудир. Улардан бирортаси бунга хилоф қилишмаган.
Бу борада Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ҳадис келган. Ўша ҳадисда Набий алайҳиссаломнинг, Абу Бакр Сиддиқнинг даврида ва Умар розияллоҳу анҳу халифалигининг дастлабки икки йилида уч талоқ бир талоқ деб эътибор қилингани ростми?
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврида ҳамда Умар розияллоҳу анҳу халифалигининг дастлабки икки йилида уч талоқ бир талоқ эди. Умар розияллоҳу анҳу: «Одамлар ўзлари учун муҳлати бор бўлган нарсада, яъни бўлиб-бўлиб талоқ беришда шошилишар эди. Уларга «Уч талоқ» деб, шошилиб айтаётган нарсаларини қандай бўлса, шундайлигича қилиб қўйсакмикан?» дедилар ва шундай қилиб қўйдилар».
Мана шу нарса туфайли одамлар «талоқ» лафзини бирданига «Уч талоқ» деб айтмайдилар.
Бундан «Уч талоқ Набий алайҳиссаломнинг ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврида биттага ўтган, лекин кейинчалик ҳазрати Умар уч талоқни учта талоқ деб ҳисобладилар», деган хулоса келиб чиқяпти. «Саҳиҳи Муслим»да келган бу ҳадиснинг таъвиллари жуда кўп – 29 та таъвил бор. Бу ҳадисни ривоят қилган Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзи «Уч талоқ», дейилган бўлса, учта талоқ тушибди», деб ҳукм қилгани мутавотир даражасига етган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги Товус деган ровий Ибн Аббосдан шозз гапларни ривоят қилиши билан танилган. У ҳам бу масалада турли таъвиллар қилган. Масалан, «Бу ердаги талоқ – яқинлик қилишдан олдин айтилган талоқ», дейилган ёки «киноя, яъни ишора лафзига йўйилади» ва ҳоказо таъвиллар қилинган. Лекин бундан бошқа, очиқ-ойдин айтилган ҳадислар ҳам бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида уч талоқ айтилса, учта талоқ тушгани ҳақида Уваймир ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадислари бор. Бу ҳадисларда Набий алайҳиссаломнинг даврларида эр «Уч талоқ» деса, учта талоқ тушиши ривоят қилинган. Бундан ташқари, бу борада яна бир қанча далиллар бор.
Масалан, шулардан бири Ибн Ражаб «ҳасан» деб ҳукм берган ҳадис: Ҳасан розияллоҳу анҳунинг Оиша бинт Фазл деган аёллари бор эди. Алий розияллоҳу анҳу вафот этгач, одамлар у зотга байъат қила бошлашди. Ўша Оиша деган аёллари ҳам бу кишини халифа бўлгани билан табриклаганида Ҳасан розияллоҳу анҳу: «Мўминларнинг амири вафот этганидан хурсанд бўляпсанми? Сени уч талоқ қилдим!» деб, уни талоқ қиладилар. Демак, бир айтишда «Уч талоқ», деб юборадилар. Кейин ўша талоқ қилган аёлларига ҳадялар жўнатадилар. Аёл ҳадяларни кўриб, «Мен учун ушбу ҳадялардан кўра эрим билан қолиш яхшироқ», дейди. Ҳасан розияллоҳу анҳу афсус-надомат чекиб: «Қанийди отам бобомдан ривоят қилган: «Ким аёлини бирданига уч талоқ қилса, уч талоқ тушади ва токи ўша аёл бошқага никоҳланмагунича, биринчи эрига ҳалол бўлмайди», деган ҳадис бўлмаганида! Аёлимни қайтариб олардим», дейдилар.
Уламолар бу ҳадисни саҳиҳ, ҳасан деб ҳукм қилишган. Бу масала борасида бошқа ҳадислар ҳам кўп. Қолаверса, бу мавзуда шунақанги кўп китоблар ёзилганки, уларни бирма-бир айтиб ўтишга вақтимиз етмайди. Ўша китобларда уламолар уч талоқ масаласи собит эканлигини далиллар билан асослашган, Ибн Таймийя эса хато қилганини, мана шу хатоси туфайли қамоққа олиниб, кўп муаммоларга дуч келганини айтиб ўтишган.
Юқорида ўтган ҳадисдан оладиган далилимиз нима экан? Адолат тимсоли бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзининг ақлини шариатдан устун қўйиши мумкинми? У зот «Бир талоқ тушган, деб ҳукм қилишдан кўра уч талоқ тушган, деб ҳукм қилиш афзал» деб, ақлларига суяниб айтганмилар? Ваҳоланки, агар ақлга соладиган бўлсак, бир талоқ деб ҳукм қилиш афзал бўлиши керак-ку? Бинобарин, Ислом уммати Умар розияллоҳу анҳу бу масалада ақлга суянмаганлигини аниқ билган.
Юқоридаги масалага қўшимча сифатида айтамизки, таҳаллулчилар мана шуни ҳужжат қилиб, бу масала борасида фатво беришни ўзларига мубоҳ деб билишди. Натижада улардан фатво сўралса, тўғридан-тўғри фатво бериб юборадиган бўлиб олишди. Ҳозирги кунда уч талоқ масаласига эътибор қиладиган бўлсак, жамиятда эр хотинини осонгина уч талоқ қилиши жуда кўпайиб кетди. Нима учун?
Таҳаллулчилар аввалига мана шу асоссиз фатволари билан жамиятни ва ундаги ҳолатни яхшилаймиз, деб ўйлашган эди. Шунинг учун бошқа давлатлардаги жамият қонунчилиги ҳам мана шу нотўғри фатвони олган эди. Аммо афсуски, жамият бу муаммога баттар гирифтор бўлди. Эрлар хотинларини уч талоқ қилиш ҳолатлари ниҳоятда кўпайиб кетди. Уч талоқ бир четда қолиб, минг талоқ ҳам қўйиб юборадиган бўлиб кетишди, чунки одамларда талоққа нисбатан ҳурмат, ҳадик қолмади, талоқнинг қадр-қиймати пасайиб кетди.
Шайх Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ таоло энг ёмон кўрадиган нарса талоқдир» деган китобларида статистик маълумотларни келтириб ўтадилар. Ўша вақтда Сурия давлатининг қонунида эр аёлига бир лафз билан «Уч талоқ» деб айтса, уч талоқ ҳукми берилар эди. Кейин эса бу ҳукмни бир талоққа ўзгартиришди. Аввалига статистика юздан саккиз фоиз эди. Ҳукм бир талоққа ўзгаргач, ҳолат юздан тўртга тушди. Бироз муддат ўтиб, бу рақам ундан ҳам ошиб кетди. Уч талоқ ҳукмини биттага ўзгартириш воқеликда ҳам, статистикада ҳам оилани ажримдан сақлаб қола олмайди. Шариатни жорий қилган Зот буни ҳаммадан яхши билади. Биз эса бунга иймон келтирганмиз. Демак, мана шу талоқ масаласида ҳам ташвишимиз бор, у ҳам бўлса, айрим зотлар саҳобалар амал қилган фиқҳга хилоф йўл тутишларидир. Ваҳоланки, саҳобалар Қуръони Карим ва ҳадисдаги ҳукмнинг туб моҳиятини англаб, ўзагини маҳкам тутишган, нақл қолиб, ақлга суянишмаган.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.