1446 йил 1 шаввол | 2025 йил 30 март, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ҳақни қабул қилиш

19:00 / 24 март 408 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ

«Расулга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганларидан кўзлари тўлиб ёш тўкаётганини кўрасан. Дерлар: «Роббимиз, иймон келтирдик, бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин» (Моида сураси, 83-оят).

Мўминларга дўстлиги яқинроқ бўлган насоролар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан нозил қилинган Қуръони Каримни тинглаганларида кўзларидан ёш тўкадилар. Ҳақиқатни билганларидан йиғлайдилар. Улар йиғлаб қўйиб, яна аввалги ҳолларида бардавом бўлавермайдилар. Балки ўша ўзлари билган ҳаққа эргашадилар:

«Роббимиз, иймон келтирдик, бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин», – дерлар.

Улар бу билан ҳам кифояланиб қолмайдилар, балки бундан ҳам олий мартабаларга интиладилар:

ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ

«Бизга нима бўлибдики, Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз? Ҳолбуки, Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тама қиляпмиз-ку!» (Моида сураси, 84-оят).

Яъни, мазкур насоролар Аллоҳга ва Ундан келган ҳақ дин бўлмиш Исломга иймон келтирмасликни тушуниб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблайдилар. Шунингдек, Роббларидан уларни ҳам солиҳ қавмлар ичига киритишни тама қилмасликни ҳам тушуниб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблайдилар. Натижада:

ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ

«Айтганлари сабабли Аллоҳ уларга остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни мукофот қилиб берди. Уларда мангу қолувчи ўлароқ. Ва мана шу яхшилик қилувчиларнинг мукофотидир» (Моида сураси, 85-оят).

Мазкур сифатларга эга бўлган, биз насоролармиз, деб юрганларнинг оқибати ва мукофоти шулдир. Аммо:

ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ

«Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар – ана ўшалар дўзах соҳибларидирлар» (Моида сураси, 86-оят).

Ушбу оятларни ўрганар эканмиз, насороларнинг мусулмонлар билан бўлган алоқалари тарихига назар солиб, ҳақиқатан ҳам ушбу ояти каримада васфи келган, ичларида диний олимлари ва роҳиблари инсофли бўлиб, мутакаббирлик қилмайдиган, Қуръон эшитганда кўзидан ёш тўкиб, иймон келтирадиган, Аллоҳга ишониб, Исломга юрадиган, Аллоҳдан юқори мартабаларни сўрайдиган кишилар ўтганининг гувоҳи бўламиз.

Бу сифатларга эга эмаслари эса кофирлигича қолиб, мусулмонларга дўстлиги яқинроқ бўлиши қийинлигини кўрамиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам шундай эди. Кейин ҳам шундай бўлди. Ҳозир ҳам шундай бўлмоқда. Ҳазрати Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги, биз насоролармиз, деган баъзи кишиларнинг ҳоллари ва қилган ишлари айнан ушбу ояти карималарнинг тушишига сабаб бўлган.

Имом Қуртубий ўзларининг «Жомиъул Аҳком» номли тафсирларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Ушбу оятлар Нажоший ва унинг шериклари ҳақида нозил бўлган. Ибн Исҳоқ ва бошқаларнинг сийрат китобларида келган машҳур ривоятларга кўра, мусулмонлар мушриклар ва уларнинг фитнасидан қўрқиб, биринчи бор ҳижрат қилиб, Нажошийнинг юртига келдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилдилар. Мушриклар у кишига ета олмадилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан улар ўртасида уруш бўлди. Бадр урушида кофирларнинг кўзга кўринган арбоблари қатл этилдилар. Шунда қурайшлик кофирлар:

«Ўч олишингиз учун Ҳабашистонда имкон бор. Нажошийга иккита уддабурон, ақлли одамни ҳадя билан юборинглар, у ўз ҳузуридаги мусулмонларни беради. Сиз эса улардан Бадрда қатл этилган одамларингизнинг ўчини олиб, ўлдирасизлар», – дейишди. Қурайшлик кофирлар – Амр ибн Осс билан Абдуллоҳ ибн Робиъани ҳадялар билан Ҳабашистонга юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабарни эшитиб, Амр ибн Умайяни мактуб билан Нажошийга юбордилар. У Нажошийнинг ҳузурига борди. Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини ўқиди. Сўнгра муҳожирлар билан Жаъфар ибн Абу Толибни чақирди. У ўзининг диний олимлари ва роҳибларини тўплади. Кейин Жаъфарга Қуръон ўқиб беришни амр қилди. У Марям сурасини ўқиди. Улар кўзларидан ёш оқиза бошладилар. Ана ўшалар ҳақида Аллоҳ таоло «Улардан иймон келтирганларга дўстлиги яқинроғи «Биз насоролармиз», деганлар эканини топасан» оятини нозил қилди».

Нажоший ва унинг одамларининг иймон келтириб, яхши мусулмон бўлганликлари маълум ва машҳур. Нажоший вафот этган куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан чиқиб: «Бугун Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бири вафот этди», – деб, саҳобалар билан ғойибона жаноза намози ўқиганлар.

Шунингдек, бошқа насоролар ҳам мусулмонларга нисбатан яҳудийларчалик ёмон муносабатда бўлмаганлар. Рим императори Ҳеракл ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини олганида Исломни қабул қилмоқчи бўлган, аммо одамларини тўплаб, маслаҳат қилганида, улар кўнишмаган.

Кейинчалик ҳам шу каби муносабатлар бўлиб турган.

Аммо насоролардан мазкур ояти каримада келган сифатларини тарк этганлари мусулонларга қарши энг ашаддий душманларга айланар эдилар. Уларнинг ичида инсофли, тавозуъли диний олимлар ва роҳиблар қолмай, уларнинг ўрнига инсофсиз ва мутакаббир диний олим ва роҳиблар келганда, Рим папаси ва бошқа диний раҳнамолар бошчилигида Ислом оламига қарши қайта-қайта салб юришлари қилдилар. Юз йиллар давомида фан-маданият ва илм маркази бўлиб, Европага нур сочиб турган Андалус давлатини ер юзидан супуриб ташладилар. Уларнинг ваҳшийлигидан бешикдаги болалар ҳам омон қолмадилар. Мусулмон номи бўлса бўлди, битта қўймай қирдилар. Мусулмонларнинг қонини дарё қилиб оқиздилар. Уларнинг қонли юришлари туфайли Ўрта Ер денгизининг мовий суви қирмизига айланди. Салбчи насоролар денгиздан ўтиб, мусулмон юртларни ишғол қилдилар. Қон тўкдилар. Зулм ўтказдилар. Кейинроқ келиб эса масиҳий давлатлар барча мусулмон давлатларни ўз мустамлакасига айлантирди. Жаҳонда буюк жуғрофий кашфиётчилар сифатида номи машҳур бўлган европалик шахслар аслида мусулмон юртларни босиб олишга тайёргарлик кўриш мақсадидаги айғоқчилар бўлгани, улар сафарга чиқишдан олдин папага насоро дини учун янги жойлар ва янги қавмлар топиб беришни ваъда қилиб, унинг дуоси ва изнини олганликлари маълум ва машҳурдир.

Ҳозир ҳам шу ҳол давом этмоқда. 82-ояти каримада келган васфга эга бўлган насоролар мўмин-мусулмон бўлиб, кундан-кунга сафлари кўпайиб бормоқда. Уларнинг акслари эса «Қаршимизда битта душман қолди, у ҳам бўлса, Исломдир», демоқдалар. Охирги оятда айтилганидек, уларнинг жойи жаҳийм, яъни жаҳаннамдир.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Садақалар Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари давоми...

2854 19:36 / 06.09.2020
Аллоҳ таолонинг .Мунофиқлар ёлғончидирлар,, деб берган гувоҳлиги рост. Мунофиқлар ишончли ваъда берган бўлишларига қарамасдан, ўз дўстларини ёрдамсиз давоми...

1845 19:00 / 24.10.2023
Аллоҳ таоло Жин сурасида шундай марҳамат қилади .Фақат Аллоҳдан Унинг рисолатларини етказиш, холос. Кимки Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, унга давоми...

3378 14:04 / 24.11.2018
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва Қуръонни одамларга астасекин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлакбўлак қилиб нозил қилдик, Исро сураси, давоми...

791 19:00 / 10.09.2024