1446 йил 27 шаввол | 2025 йил 25 апрель, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Фитр – рўзанинг тўлдирувчиси

11:23 / 15 март 1747 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муборак Рамазон ойида мусулмонларнинг зиммасида вожиб бўлган ибодатлардан бири фитр садақасидир. Баракотли кунлар бошланиб, давом этаётган экан, уни адо қилиш борасида юртдошларимизда турли саволлар туғилиши табиий. Журналимизнинг Рамазонга бағишланган ушбу сонида мазкур масалалар ёритилган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул кўрдик. Фитр садақаси ва унга оид саволларимизга Муродхон домла Садриддинов жавоб берадилар.

– Устоз, энг аввало сизни фазилати улуғ Рамазони шариф билан муборакбод этамиз. Таклифимизга ижобат қилиб, билмаганларимизни билдириш мақсадида вақтингизни аямай келганингиз учун ташаккур. Энди саволларга ўтсак. Аввало, фитр садақаси нима, унинг шариатдаги ҳукми ва қачон жорий бўлгани ҳақида гапириб берсангиз.

– Ўзининг фазли ва эҳсонларининг тамомига сизу бизни муяссар этган улуғ Роббимизга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Роббининг ва У зотнинг розилигининг йўлига сизу биз умматларини чиройли чорлаган, доимий даъватчи муҳтарам Пайғамбаримизга салот ва саломларимиз бўлсин. У зотнинг аҳли оилаларига ва У зот таълим берган ҳидоятни ер юзи бўйлаб инсониятга чиройли ҳолда тақдим қилиб кетган саҳобаларга Аллоҳ таолонинг раҳмат ва барокотлари бўлсин. Табрик учун ташаккур.

Фитр садақаси Рамазон ойига хосланган солиҳ амаллардан биридир. У жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан икки йил ўтиб, закот фарз бўлган йили жорий қилинган. Аллоҳ таоло Аъла сурасида «Дарҳақиқат, ким покланса, нажот топади…» (14-оят) деб марҳамат қилган. Касир ибн Абдуллоҳдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралган эди. «Фитр садақаси ҳақида нозил бўлган», дедилар» (Ибн Хузайма ривояти). Рўзадор одам бу ойда рўза тутар экан, гоҳида оғзидан билиб-билмай турли гаплар чиқиб кетган ёки баъзи ноқулай амалларни қилиб қўйиб, шу сабабдан кўнгли ғаш ҳолда юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун динимизда фитр садақасини бериш йўлга қўйилган. Шуни билиш лозимки, шариатимизда молиявий ва молиявий бўлмаган ибодатлар бор. Фитр садақасини бериш зоҳиран молиявий ибодатдек кўринса-да, аслида ундай эмас. Фитр садақаси аввало рўзадор томонидан унинг рўзаси маънавий жиҳатдан комил бўлиши учун берилади. Яъни ушбу амал рўзадорни лағв ёки ножўя амалдан поклаш учун вожиб қилинган.

Тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ фитр садақасига баҳо бериб: «Намозда янглишган одам саждаи саҳв билан намоздаги нуқсонларини тўғрилагани каби рўзадор ҳам фитр садақасини билан рўзасини тўғрилайди», деганлар. Фитр садақаси мискинлар учун хурсандчилик таоми ҳамдир. «Фитр»нинг луғавий маъносига эътибор қиладиган бўлсак, у «ифтор» сўзидан олинган бўлиб, «очиш садақаси», «рўза тугалланиб, оғизни очадиган садақа» деган маънони билдиради. Шунингдек, жумҳур уламолар фитрни ҳар бир жон бошига, хоҳ у рўза тутган бўлсин-бўлмасин, балоғатга етган бўлсин-бўлмасин, кексаю ёш, ҳар бири ҳисобга олиниб берилгани учун «жон садақаси» деб ҳам аташган.

– Фитр садақасининг миқдори қанча? У нимага қараб белгиланади? Барча мусулмон диёрларда бу нисбат бир хилми?

– Унинг нимадан берилишини ҳам бутун умматнинг устози Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида баён қилиб кетганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эркакка ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ деб фарз қилдилар ва унинг одамлар (ийд) намозга чиқишларидан олдин адо этилишини буюрдилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).

Абу Саълабадан ривоят қилинган ҳадисда: «Буғдойдан (ундан ёки буғдой толқонидан) ярим соъ миқдорида ёки хурмодан ёхуд майиздан ё арпадан бир соъ миқдорида фитр садақаси берилади» дейилган. Имом Абу Ҳанифадан майиздан ҳам ярим соъ миқдорида берилади, деган ривоят рожиҳ (ҳақиқатга яқин, эҳтимоли кўп) деб топилгани учун буғдой ва майиздан шунча, арпа ва хурмодан эса бир соъ берилиши белгиланган. Бизнинг ўлкамизда биринчи икки озиқа қарийб икки килога, кейингиси эса тўрт килога тўғри келади. «Ҳидоя» асарида буғдой ва майизнинг миқдори озлиги иккиси ҳам тўлалигича истеъмол қилингани, арпа ва хурмонинг эса кўп қисми чиқитга чиққани учун унга кўп миқдор тайин қилингани баён қилинган. Шуни айтиб ўтиш керакки, мазкур ўлчовлар аҳоли қатламининг моддий аҳволига кўра белгиланган. Усулул фиқҳда «тоқатга яраша тоат» деган қоида бор бўлиб, ҳар ким қурби етганича ушбу маҳсулотлардан бериши мумкин. Ҳанафий мазҳабида юқоридагиларнинг барчасидан бир соъдан беришни ихтиёрий садақа деб таъвил қилинган ва бу фитр берувчи киши учун афзалдир.

– Фитр садақасини кимлар бериши лозим? Бунда шариат истисно қилган кишилар ҳам борми? Энг асосийси, уни кимларга бериш ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.

– Уламоларимиз барча фиқҳий китобларда мусулмон, ҳур (озодликдан маҳрум этилиб, қамоқда жазо ўтамаётган), ҳожати аслиядан (кундалик эҳтиёжидан ташқари фойдаланиладиган ашёлар) ташқари (ўсувчи бўлмаса ҳам) моли нисобга етган киши учун фитр садақасини бериш вожиб эканини баён қилишган. Шуни айтиш керакки, закотда мол бир йил давомида айланган бўлиши лозим, фитрда эса Рамазон ичида белгиланган қийматга етса кифоя. Фитр садақасини адо қилмаган киши оғир гуноҳкор бўлади. Юқорида айтилганидек, бунда оиладаги ҳар бир инсон ҳисобга олиниб алоҳида берилади. Ҳаттоки, айрим фақиҳларимиз кутилаётган меҳмон – ҳомилани ҳам тирик жон деб, унинг номидан ҳам фитрни адо қилиш керак, деб айтишган. Фарзанд то вояга етмагунича отанинг бўйнида унинг садақаси вожибдир, бироқ аёлнинг ҳаққи эрдан соқит қилинган. Шундай бўлса ҳам, оила бошлиғи улар учун ҳам фитр садақасини берса бўлади. Яна шуни айтиш керакки, фитрнинг фазилати улуғлигидан, Рамазонда амалларга йилнинг бошқа ойларига қараганда кўпроқ, ўндан етти юзгача ажр берилгани сабаб уни моли нисобга етмаганлар ҳам бериши афзал (мустаҳаб) ишдир.

Энди кимлар фитр садақасини олишга ҳақлилиги ҳақида тўхталсак. Бу борада Аллоҳ таоло Каломида баён қилган: «Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, унда (садақа ишида) ишловчиларга, қалблари улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўқсил йўлчига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир» (Тавба сураси, 60-оят).

Эътибор берсак, ояти каримада фақир ва мискинлар алоҳида саналди. Ўзбек тилининг луғатида одамларнинг бу икки қатлами тенг маънода ишлатилса-да, аслида ундай эмас. Фақирлар – моли нисобга етмаган кишилар, мискинлар эса эртанги куни ейишга таоми йўқ одамлардир. Шариатимизда мискинлар фитр садақасидан озод қилинган бўлиб, ўз навбатида улар бу садақани олишга энг ҳақлироқдирлар. Шунингдек, уни закот ва шу каби садақаларни тақсимловчиларга, қарзини узолмай қийналаётганларга, Аллоҳнинг йўлида юрувчилар – илм талабидагилар ҳамда Ҳажга борувчиларга, мусофирликда қийинчиликка учраган кишиларга бериш мумкин. Бугунги кунда қуллик тизими ва ғайридинларни Исломга улфат қилиш тоифалари тўхтатилган. Яна шуни билиш лозим: фитр садақасини қавм-қариндош, ака-ука, опа-сингилларга бериш мумкин. Ваҳоланки, эҳсонлар тақдим қилишга энг ҳақлироғи инсоннинг яқинларидир. Бироқ улар юқоридаги белгиланган тоифага мос келишлари лозим. Фақатгина ўртада ота-болалик алоқалари бўлмаса бўлгани. Яъни ота ўз фарзандига, фарзанд ўз бобосига фитр садақасини бера олмайди. Шунингдек, кишининг ўзи яшаб турган ҳудудда эҳтиёжмандлар кўп бўла туриб, бошқа ердаги муҳтож инсонларга ушбу садақани бериши макруҳдир. Бу ҳукм закот ва фидя масалаларида ҳам амал қилади. Қўшимча қилиб айтганда, фитр садақаси бериладиган одамнинг (соғлиги ёки бошқа сабаблар туфайли қодир бўлмаслиги мумкин) рўза тутган ёки намоз ўқийдиган бўлиши шарт қилинмаган. Энг аҳамиятлиси, фитр садақаси муҳтожларнинг қўлларига мол сифатида берилиши лозим. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишларига берилиши жоиз эмас.

– Фитр садақаси беришни унутган одамлар уни кейинчалик берсалар бўладими?

– Албатта, берилмаган садақа мусулмон кишининг бўйнидан соқит бўлмайди. Аввало айтиш лозим, фитр садақасини беришнинг мустаҳаб вақти ҳайит кунининг тонгидир. Бу Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлиб, у зот алайҳиссалом ҳайит намозига кетаётиб камбағал-мискинларга ширинлик ва таомлар бериб, хурсандчилик улашганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо фитр садақасининг қиймати ҳақида қуйидаги ҳадисни баён қилганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур» (Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривояти).

Фитр садақани ҳайит кунидан олдин берса ҳам жоиз, бироқ ёддан кўтарилса, кейин бўлса ҳам беришлари шарт. Фақат бу ҳолатда киши ўз вақтида адо қилинган пайтдаги олинадиган савобдан маҳрум бўлади. Табиийки, киши Рамазонда рўза, таровеҳ намозлари ҳамда Қуръон тиловати билан машғуллигидан фаромуш бўлиб қолиши мумкин. Асри саодатда ҳам фитрни адо қилишни унутган саҳобалар бўлган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам бир йили Рамазон фитрини беришни унутадилар. Бунинг каффоратига қулларидан бирини озод қилиб, ҳолатни Расулуллоҳга баён қиладилар. Шунда у зот алайҳиссалом: «Эй Усмон, юз нафар қулни озод қилсанг ҳам Ҳайит намозидан олдин бериладиган садақанинг ажрига тенг бўлолмайди» деб жавоб қиладилар. Халқимиз мана шундай савобдан мосуво бўлмаслиги учун Рамазон ойи охирлагани сари имомлар жамоатни такрор ва такрор огоҳлантириб, эслатиб турадилар.

– Рўза тутишга қодир бўлмаганлар учун динимизда енгилликлар бор. Улар ҳар кунлик тутилмаган рўза учун фидя беришади. Шу хусусда ҳам маълумот бера оласизми?

– Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» (Бақара сураси, 184-оят) деб марҳамат қилган.

Фидя бериши мумкин бўлган одамлар икки тоифа бўлиб, қарилик ва оғир (сурункали) касаллик сабабли улар рўзадан озод қилинган. Киши кексайгани сари ибодатларга қуввати етмайди. Шундай беморлар борки, уларнинг шифо топиши амри маҳол. Аллоҳ таоло мана шу кишиларнинг фарз ибодати – рўзанинг ўрнига фидясини қабул қилади. Бир кунлик фидянинг миқдори фитр садақасида белгиланган миқдорнинг айни ўзига тенгдир. Кишининг ўзи ёки яқинлари моддий шароитидан келиб чиқиб, ҳимматига кўра улардан бирини танлаб, ҳақдорларга беради. Шуни айтиб ўтиш жоиз, беморнинг касалликдан соғайиш эҳтимоли юқори бўлса, Рамазондан бошқа ойларда рўзасининг қазосини тутиб беради.

– Устоз, манфаатли суҳбат учун ташаккур! Аллоҳдан илмингизни зиёда, мартабангизни улуғ қилишини сўраб қоламиз. Барча мўмин-мусулмон биродарларимизга эса фитр садақасини савоб умид қилиб, ўзининг мустаҳаб вақтида беришни унутмасликларини яна бир бор эслатиб, суҳбатимизга якун ясаймиз.

Ёрқин Халил суҳбатлашди

«Ҳилол» журнали 9(66)-сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тузалишидан умид бор бемор киши Рамазон кунлари бемор бўлса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин тутмаган кунлари давоми...

3439 05:00 / 11.01.2017
Аллоҳ таоло .Сиздан ким бу ойда ҳозир бўлса, бас, унинг рўзасини тутсин. Ва ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, ўша тутилмаган кунлар саноғини давоми...

5016 04:00 / 27.03.2023
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимРамазон шариф рўзасини тутишни бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Рамазони шариф кечаларининг ибодатини давоми...

4263 05:00 / 14.01.2017
Кўпчилик уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб, фарз рўзаларда ниятни тонг отмасдан олдин қилиб олмаса бўлмайди, дейдилар. Айниқса, қазо рўзада қатъиян кечаси ният давоми...

4706 05:00 / 11.01.2017