1446 йил 3 зулқаъда | 2025 йил 30 апрель, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Қалб жисм подшоҳидир

15:09 / 14 февраль 1487 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ичкарига беркитилган сирлар ташқарида кўриниш ила ошкор бўладир».

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ

Қалбга беркитилган сирлар ташқи аъзолардаги аломатларда кўринади. Ҳар бир инсоннинг қалбидаги яхшилик ёки ёмонлик, кенглик ёки торлик, ҳусни хулқ ёки ахлоқсизлик, илм ёки жаҳолат, маърифат ёки нодонлик, нур ёки зулмат, меҳрибонлик ёки меҳрсизлик, бахиллик ёки сахийлик, ҳушёрлик ёки ғафлат каби яхши-ёмон ахлоқлар унинг юзи, амаллари, муомаласидан кўриниб туради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«(Садақалар) Аллоҳнинг йўлида тутилиб қолган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари туфайли уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар...» (Бақара сураси, 273-оят).

Бу ояти карима зикр қилган тоифадаги одамлар нафсларини Аллоҳ таолонинг йўлида иш қилишга тутганлар, шу сабабдан уларнинг касб қилишга ҳам имконлари йўқ. Айни чоғда, иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканликларини яшириб юрадилар. Асл ҳолни билмаган одам уларни сиртларидан кўриб, бой деб ўйлайди.

«(Садақалар) Аллоҳнинг йўлида тутилиб қолган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари туфайли уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир».

Нафақани худди ана ўшаларга қилиш керак. Уларнинг ўзлари асл ҳолларини беркитсалар, одамлардан хиралик билан тиланмасалар, уларни қандай қилиб топамиз?

«Уларни сиймоларидан танийсан…»

Фаросати бор, мулоҳазали кишилар мазкур фақирларни, гарчи улар ҳожатмандликларини билдирмасдан, кишилар кўзига бой бўлиб кўриниб юрсалар ҳам, таниб, ҳақиқатни билиб оладилар. Ўзларини иффатли тутганларининг ўзи нафақани уларга махфий қилишга ундайди. Нафақа бераман деб, бундай кишиларнинг ҳис-туйғуларини оёқости қилмаслик керак. Нафақа Аллоҳ учун қилинаётган бўлса, махфий тарзда қилингани маъқул.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдир. Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан. Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар. Юзларидаги аломатлари сажда асаридир» (Фатҳ сураси, 29-оят).

Бу ояти карима Муҳаммад алайҳиссаломнинг расуллик сифатларини таъкидлаш билан бошланмоқда:

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир...»

Шунингдек, ушбу оятда саҳобаи киромларнинг баъзи сифатлари махсус васф қилинмоқда:

«...у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар».

Саҳобаи киромларнинг фазлларини зоҳир этиш учун келтирилган ушбу сифат ҳар бир мўминнинг ҳам сифати бўлиши лозим. Саҳобалар ўзларининг оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлса, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо, ким бўлишидан қатъи назар, мусулмонга нисбатан меҳрибон бўлишган.

«Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан».

Улар доим рукуъ ва сажда ҳолатида, яъни ибодат ҳолатида бўладилар. Мўмин-мусулмон шахснинг, хоссатан, оятда мадҳлари келаётган саҳобаи киромларнинг барча ҳаётлари ибодатдан иборатдир. Лекин, шундай бўлса ҳам, оятда банданинг Аллоҳга энг яқин бўладиган пайти – рукуъ ва сажда пайтининг зикр қилиниши бежиз эмас. Ояти каримадаги тавсифдан улар худди доимо рукуъ ва саждада тургандек тасаввур пайдо бўлади.

«Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар».

Уларнинг асосий сифатларидан бири – ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Бошқа бирор тараф ёки шахснинг розилиги деб, Аллоҳнинг розилигини четга сурмайдилар. Шунинг учун фазлу марҳаматни ҳам фақат ягона Аллоҳнинг Ўзидан кутадилар.

Яна бир сифатлари:

«Юзларидаги аломатлари сажда асаридир».

Яъни ибодатнинг асари юзларидан билиниб туради. Бу оддий ҳақиқат бўлиб, ибодатли, пок, тақводор инсонларнинг юзларидан иймон нури ёғилиб туришини ҳар бир мулоҳазали, кўзи очиқ киши кўра олади. Ушбу маъно Пайғамбаримиздан қилинган кўплаб ривоятларда ўз ифодасини топган.

Бу ҳикмат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларининг баёни десак, хато қилмаган бўламиз.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жисмда бир парча гўшт борки, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади; у бузуқ бўлса, жисм ҳам бузуқ бўлади. Билингларки, ўша нарса қалбдир», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).

Бу ҳадисда «солиҳ» сўзининг «бузуқ» сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.

Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.

«Қалб» деб луғатда «бир нарсани ағдариш»га нисбатан айтилади. У бир хилда турмай, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб турганлиги учун ҳам «қалб» деб аталган. Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади.

Зоҳирий қалб кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир. У инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.

Ботиний қалб эса нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ҳам ўшадир. У инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётига тириклик бахш этади.

Қалб бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади. Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса ҳалол ва ҳаромга боғлиқ.

Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган.

Ҳозирги кунда эса юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.

Аслида эса ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилмоғи лозим.

Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилинганидан сўнг танада қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.

Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўладилар. Мазкур гуноҳларнинг зарари эса уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаромхўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.

Шунинг учун ҳам «Қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир», дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади. Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз. Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим.

Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суриштириб, ўзимизга ҳалоллиги аниқ бўлган нарсанигина раво кўришимиз зарур. Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.

Ҳозирги даврда моддий юракни даволаш бўйича катта ишлар қилинди. Юрак жарроҳлиги деган алоҳида мутахассислик пайдо бўлди. Бошқача даволашлар ҳам жуда ривожланди. Юракни асраш, унинг хасталикка чалинишининг олдини олиш, хасталанган юракларни даволаш, жарроҳлик амалиётлари қилиш кабилар бутун дунё бўйлаб кенг қулоч ёзди. Аммо маънавий қалбни турли ақийдавий, маънавий, ахлоқий ва маърифий хасталиклардан асраш, унинг хасталикка чалинишининг олдини олиш, хасталанган қалбларни даволаш ишлари чуқур жарга қулади. Қалб хасталиклари табобати бўлмиш тасаввуф илми таназзулга учради. Мусулмонман, деб юрганлардан бир тоифалари бу аҳамиятли илмни «ҳаром» деб фатво чиқардилар. Уларга қарши барча имкониятларини ишга солиб курашдилар ва курашмоқдалар. Қалбларнинг табиблари бўлмиш машойихлар кўзга кўринмайдиган даражада озайдилар. Уларнинг қалб табобати билан шуғулланишларини кўпчилик билмай ҳам қолди.

Юрак ва ақл соғлом бўлса-ю, қалб хаста бўлса, инсоният таназзулга йўлиқишини англаб етиш керак.

Қалб поклиги ва соғлиги учун зарур бўлган барча чораларни кўриш лозим. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:

«Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир».

Қалб махфий бўлгани ва ундаги нарсалар сир бўлгани учун мазкур сирларнинг ошкор бўлиши ташқи аъзолар ва улар билан адо этиладиган амаллар орқали билинадиган бўлган. Инсон масрур бўлса, чеҳрасидан билиб олиш қийин эмас. Шунингдек, маҳзун бўлгани ҳам юзидан билиниб туради. Инсоннинг ташқи кўриниши ва аъзолари бажарадиган амаллари қалбида кечаётган сирларнинг намойишидир.

Бир инсон намоз ўқиётган бўлса, бу унинг қалбида иймон борлиги ва намознинг фарзлигини англаб етиш борлигининг аломатидир. Бошқа биров намоз ўқиётиб, кўзи аланг-жаланг бўлиб турса, қўллари билан кийимларини тўғрилаб, намозда қилиб бўлмайдиган ҳаракатларни қилаётган бўлса, бу унинг қалбида хушуъ йўқлигининг аломатидир.

Маст бўлиб юрган одамнинг мастлиги унинг қалбида Аллоҳ таолодан қўрқув йўқлигининг аломатидир. Шунингдек, ўзига фарз ва вожиб бўлган амалларни бажармай юрган одамнинг қилмиши Аллоҳ таолонинг амрига беписанд эканининг аломатидир.

Гуноҳи бўла туриб гуноҳдан қўрқмайдиган бандаларини огоҳлантириб, Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир» (Мутоффифун сураси, 14-оят).

Ҳа, инсон гуноҳ ишларни қилаверса, қалбини моғор босиб, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадиси шариф ворид бўлган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади. Агар (гуноҳни) зиёда қилса, (қалбидаги қора ҳам) зиёда бўлади. Мана шу Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда зикр қилган моғордир. «Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир», дедилар» (Аҳмад ривояти).

Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир.

Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди. Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди.

Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою-ҳаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия – азон айтишга эришди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Мадинада қул қилиб сотилган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу охирги замон Пайғамбарининг яқин маслаҳатчисига, аҳли байтига айланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида: «Салмон биздан, аҳли байтдандир», деб марҳамат қилдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли мусулмон олами Имом Бухорийни ўзининг ҳадисдаги амири деб, у кишининг китобларини Қуръони Каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб деб эълон қилди ва ҳозиргача эъзозлаб келмоқда.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли имом Термизий, имом Насоий, имом Замахшарий, имом Абу Мансур Мотуридий ва бошқа юзлаб имомларимиз араб бўлмасалар-да, қалблари иймонли, ўзлари солиҳ амалли бўлганликлари учун, вафотларидан минг йилдан зиёд вақт ўтса ҳам, уларнинг номлари Ислом уммати томонидан эъзозлаб келинмоқда. Худди шундай гапларни Ибн Сино, Форобий, Беруний, ал-Хоразмий, Улуғбек каби кўплаб алломаларимиз ҳақида ҳам айтишимиз мумкин.

Шу ўринда яна билиб қўйиш лозимки, Ислом инсоннинг қадрини унинг қалбига ва солиҳ амалига қараб ўлчар экан, ташқи гўзаллик ва молу дунёни инкор қилмайди. Чунки булар ҳам инсон учун зарур ва яхши нарса. Аммо улар кейинги ўриндаги, иймон ва солиҳ амал ўрнига ўта олмайдиган нарсалардир. Улар инсон қадрини ўлчаш учун меъёр қилиб олинадиган эмас, балки иймон ва солиҳ амаллар йўлида хизмат қилиши лозим бўлган нарсалардир.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши қалби иймон билан гўзал бўлган ҳолда Аллоҳ берган моддий имкониятларни Аллоҳ кўрсатганидек ҳалол-пок сарфлаб, солиҳ амаллар қилиб яшайди. Мол-дунёга чин дилдан муҳаббат қўйиб, ҳою-ҳавасга берилиш мўмин-мусулмон киши учун ётдир.

Аллоҳ таоло ҳеч биримизни ичкарига беркитилган сирларимиз ташқарида кўриниш ила ошкор бўлганда шарманда қилмасин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Ҳилол» журнали 6 (63)-сон

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бирор нарсага қарши чиқиш ёки уни қабул қилишдан аввал ўша нарса билан танишиб чиқиш кераклиги ҳамма билган ва амал қилиб келган ҳақиқатлардан биридир. Акс ҳолда давоми...

4547 23:07 / 26.04.2017
Фақат Сенга ибодат қилиб Сендан ёрдам сўраймиз. Жунайд Бағдодий роҳимаҳуллоҳ тушида нидо эшитди Тур эй Жунайд Бандамга ёрдам бер Жунайд сўради У бандангни давоми...

1395 16:04 / 11.09.2024
Ашраф ҲумайсаШубҳа йўқки, биз мусулмонлар жамиятга тааллуқли ишларни ислоҳ этишда асосий маънавий кучга эгамиз. Ақли расо киши яхши англаб етадики, ҳар бир мўмин давоми...

5817 13:38 / 20.09.2017
Дарҳақиқат, фарзанд отаонага Аллоҳнинг буюк неъматидир. Бир парча этлик пайтидан навқирон бир инсон бўлгунча бор меҳрини фидо қилиб улғайтирадилар. Аслида ўшалар давоми...

2554 14:00 / 05.05.2023