Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ سَمْعَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَيُوشِكَنَّ أَنْ يَنْزِلَ فِيكُمْ ابْنُ مَرْيَمَ حَكَمًا مُقْسِطًا فَيَكْسِرُ الصَّلِيبَ وَيَقْتُلُ الْخِنْزِيرَ وَيَضَعُ الْجِزْيَةَ وَيَفِيضُ الْمَالُ حَتَّى لَا يَقْبَلَهُ أَحَدٌ حَتَّى تَكُونَ السَّجْدَةُ الْوَاحِدَةُ خَيْرًا مِنَ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا ثُمَّ قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: وَاقْرَأُوا إِنْ شِئْتُمْ: ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮﮯ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, келажакда Ибн Марям алайҳиссалом орангизга одил ҳакам бўлиб нозил бўлади. У хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни бекор қилади. Мол-мулк кўпайиб, уни ҳеч ким олмай қўяди. Ниҳоят, битта сажда дунё ва ундаги ҳамма нарсадан яхши бўлиб қолади».
Истасангиз, «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, ўлимидан олдин унга иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлади» оятини ўқинглар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Қиёматга яқин қолганида Ийсо алайҳиссалом ер юзига тушиб, ҳамма ёқда адолат ўрнатадилар. У зотнинг хочни синдиришлари, чўчқани ўлдиришлари ҳам уларга тегишли нарсалар бекор бўлишига ишорадир. Жизяни бекор қилишлари эса барча одамларнинг Ислом динига ўтишидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу маъноларнинг тасдиғи Қуръони Каримда ҳам борлигига ишора қилиб, «Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса, у уларнинг зиддига гувоҳ бўлади» оятини ўқинглар», демоқдалар (Нисо сураси, 159-оят).
Уламоларимиз бу ояти каримани тафсир қилишда икки хил фикр айтганлар. Бунга оятдаги «ўлимидан олдин» ибораси сабаб бўлган. Баъзилари «Бу ерда Ийсо алайҳиссаломнинг ўлими назарда тутилган», десалар, баъзилари «аҳли китобнинг ўлими назарда тутилган», дейдилар.
Биринчи тоифанинг фикрига кўра оятнинг маъноси шундай бўлади: «Қиёмат яқинлашиб, Ийсо алайҳиссалом тушганларида у зотнинг вафотларидан олдин аҳли китоблардан ҳеч ким қолмай, барчаси у зотга иймон келтирадилар».
Иккинчи тоифа олимларнинг тафсирига кўра эса оятнинг маъноси «Ҳар бир аҳли китоб ўз ўлимидан олдин Ийсо алайҳиссаломга албатта иймон келтиради» шаклида бўлади.
Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлишлари Қиёматнинг аломатларидан бири эканлигига қуйидаги оятлар ҳам далилдир:
ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃﰄﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗﭘ ﭙ ﭚ ﭛﭜ
«Ибн Марям мисол келтирилган чоғда қавминг бирдан шодланиб, «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» деб қичқиради. Уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтиришди. Зеро, улар хусуматчи қавмдир. У (Ийсо) бир бандадир, Биз унга неъмат бериб, уни Бану Исроилга мисол қилдик. Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар яратиб қўяр эдик. У (Ийсо) Қиёматнинг белгисидир. Сиз бу ҳақда асло шубҳа қилмай, Менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир» (Зухруф сураси, 58–61-оятлар).
Бу масалани теранроқ англаш учун ушбу ояти карималарнинг тафсирини ўрганиб чиқайлик.
«Ибн Марям мисол келтирилган чоғда қавминг бирдан шодланиб қичқиради».
Бу оятни тўлиқ тушуниш учун муфассирларимиз ҳаётда бўлиб ўтган бир ҳодисани келтирадилар:
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга «Сизлар ҳам, Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз ҳам жаҳаннамнинг ўтинидирсиз. Сизлар унга албатта кирасизлар» оятини ўқийдилар (Анбиё сураси, 98-оят). Абдуллоҳ ибн Забъарий Тамимий деган мушрик: «Бу биз ва бизнинг олиҳаларимизга тегишлими ёки ҳамма умматларгами?» деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар учун ҳам, олиҳаларингиз учун ҳам, ҳамма умматлар учун ҳам», деб жавоб берадилар. Шунда у: «Қасамки, энди сени енгдим! Насоролар Ийсо Масийҳга ибодат қилмайдими? Яҳудийлар Узайрга ибодат қилмайдими? Бану Фулон фаришталарга ибодат қилмайдими? Агар ана ўшалар ҳам жаҳаннамга тушса, унда бизнинг ва олиҳаларимизнинг жаҳаннамда бўлишига розимиз», дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишини кутиб, бир оз жим қолдилар. Мушриклар эса Абдуллоҳ ибн Забъарий ютди деб ўйлаб, хурсанд бўлишди, кулишди, бақир-чақир қилиб, шовқин кўтаришди. Шунда Аллоҳ таоло: «Биздан гўзал тавфиқ ато этилганлар ундан (жаҳаннамдан) узоқлаштирилган» оятини нозил қилди (Анбиё сураси, 101-оят).
Бу оятда эса Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, «Ибн Марям мисол келтирилган чоғда қавминг бирдан шодланиб қичқиради» ояти билан ўша ҳодисани ёдга солмоқда ва бу оятни Ийсо алайҳиссалом ҳақларида баҳс юритиш учун муқаддима қилмоқда. Шунинг учун ҳам кейинги оятда мушрикларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида айтган гаплари келтирилиб, муноқаша қилинади:
«Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» яъни «Бизнинг худоларимиз яхшими ёки Ийсо яхшими?» дейишди. Уларнинг бу саволидан икки хил маъно чиқади. Биринчиси – «Ийсодек зот жаҳаннамга кирадиган бўлса, бизнинг олиҳаларимиз ҳам тушса, нима бўпти?» Иккинчиси – «Насоролар Ийсога ибодат қилишса, баъзиларимиз фаришталарга сиғинади. Фаришталар яхшими, Ийсо яхшими?» деган маънодир.
Оят давомида мушриклар қилаётган бу тасарруфларининг асл моҳияти фош этилади:
«Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар».
Аслида улар «Сизлар ҳам, Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз ҳам жаҳаннамнинг ўтинидир» деган оятдан қандай мақсад кўзланганини яхши билишади. Ийсо алайҳиссалом худоликни даъво қилмаганларини ҳам жуда яхши билишади. Лекин мушрикларнинг табиати бузуқлиги туфайли бўлар-бўлмас баҳоналар топиб, хусумат қўзғайверади.
«Зеро, улар хусуматчи қавмдир».
Хусуматчилик жуда ёмон одатдир, шунинг учун Исломда ҳар бир мусулмонга ундан четлашиш қаттиқ тайинланади.
Ибн Жарир Табарий Абу Усома розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ одамлар олдига чиқсалар, улар Қуръон ҳақида тортишиб ўтиришган экан. У зот қаттиқ ғазабланиб, худди юзларига сирка қуйиб юборилгандек бўлиб кетдилар. Сўнгра: «Аллоҳнинг Китобини бир-бирига урманглар! Талашиб-тортишишга мубтало бўлган қавмларгина залолатга кетган» деб, «Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар» оятини ўқидилар».
«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан