1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Одамларга нима бўлган?!

10:08 / 17 декабрь 1152 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни туш кўрдилар. Тушларида саҳобалар билан биргаликда Маккага кириб, Каъбани тавоф қилаётган эканлар. Уйқудан тургач, саҳобаларга тушларини айтиб бердилар. Улар қаттиқ хурсанд бўлишди. Чунки пайғамбарлар туши ҳақ. Улар қиблалари ва ватанлари бўлмиш Маккани жуда соғинишган эди. Қалблари соғинч ҳасратидан ёнарди!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт минг саҳобалари ҳамроҳлигида Маккага йўл олдилар. Ёнларида завжалари Умму Салама онамиз бор эди. Улар Ҳудайбияга етиб боришганда Қурайш элчилари ва мусулмонлар ўртасидаги ўша машҳур музокара бўлиб ўтди. Охирида Қурайшдан Суҳайл ибн Амр келди. Шу ерда Ҳудайбия сулҳи тузилди. Сулҳнинг шартлари ичида икки томон ўртасидаги ўн йиллик ярашув, мусулмонларнинг бу йил Маккага кирмасдан қайтиб кетишлари, келаси йил келишлари, Қурайшдан биров мусулмон бўлиб, Мадинага борса, уни мусулмонлар қайтариб беришлари, мусулмонлардан биров муртад бўлиб, мушриклар олдига келса, мушриклар уни қайтармасликлари, араблар мусулмонлар иттифоқига ёки мушриклар иттифоқига қўшилишда ихтиёрли эканликлари кабилар битилган эди.

Саҳобалар бу сулҳни ниҳоятда адолатсизлик ва ноҳақлик деб билишди. Улар ҳақиқий мўмин ўлароқ Аллоҳ ва Расули учун, ҳақ учун ғазабга келишди. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Биз ҳақ эмасмизми, душманимиз ботилда эмасми?!» дея эътироз қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шундай!» дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: «Ундай бўлса, нега динимиз масаласида у пасткашларга ён бермоқдамиз?!»

Аммо ваҳий билан қувватланиб турган, Ҳудайбия сулҳини Маккани фатҳ қилишдаги биринчи қадам эканига ишончлари комил бўлган Набий соллалоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга хитоб қилдилар:

«Эй инсонлар! Қурбонликларингизни сўйинглар, сочларингизни қисқартиринглар!»

Яъни, Аллоҳ таоло сизларнинг умраларингизни қабул қилди, дедилар. Аммо саҳобалар Аллоҳни севганлари боис, умра қилиш ҳақидаги қарорлари балки ўзгармас, деган умидда ўринларидан қимирламадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини яна такрорладилар. Яна ҳеч ким қимирламади. Учинчи бор такрорладилар. Яна ҳеч ким қимирламади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳузурларига кириб дедилар:

– Одамларга нима бўлган-а?!

Умму Салама онамиз айтдилар:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Кўриб турибсиз, улар маҳзун бўлишган. Уларга гапирманг. Қурбонлигингизни сўйинг, сочингизни олинг. Шундай қилсангиз, улар ҳам сизга эргашишади!

Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқиб, ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, туяларини сўйдилар, сочларини олдирдилар. Саҳобалар буни кўргач, улар ҳам қурбонликларини сўйиб, сочларини ола бошлашди!

Бу воқеадан кўришимиз мумкинки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий билан қўллаб-қувватланиб турганлар. Тавфиқ ва исмат билан ўралганлар. Шундай бўлса-да, у зот хотинлари билан бутун умматга хос бўлган машаққатли сиёсий, диний масалани маслаҳат қиляптилар. Бу ерда эркакликка путур етадиган ҳеч нарса йўқ. Аксинча, бундай қилиш ҳақиқий эрлар ишидир. Зеро, буни мардлар саййиди қиляптилар. Қолаверса, бу пайғамбарлар йўлига эргашиш ҳамдир!

Баъзилар: «Аёллар билан маслаҳатлашинглар, аммо унинг тескарисини қилинглар!» дейди. Бу гапнинг динга, суннатга, мантиққа умуман алоқаси йўқ!

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб фақирларга катта-катта садақа қиларди. Жаннат ёшларининг саййидлари бўлмиш Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо у кишига ақлга сиғадиган даражада садақа беришини айтиб насиҳат қилишди. Шунда Абдуллоҳ уларга деди:

– Раббим мени бу одатга одатлантирди. Мен ҳам одамларни ўргатиб қўйдим. Агар мен одатимни ўзгартирсам, Раббим ҳам одатини ўзгартирадими деб қўрқаман.

Гапининг маъноси шуки, у садақа қилгани сари моли кўпайиб борган.

Аллоҳдан мол сўрашнинг энг яхши йўли садақадир.

Жаъфар розияллоҳу анҳу Мута жангида шаҳид бўлганида унинг хотини Асмо бинту Умайс ўғиллари Муҳаммад билан Абдуллоҳни қўлларидан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келди. Улар ҳали гўдак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қучоқлаб туриб дедилар:

– Уларнинг қийналишидан қўрқяпсанми?! Дунё ва охиратда мен уларнинг валийсиман.

Сўнг дуо қилдилар:

– Аллоҳим! Жаъфарнинг оиласига Ўзинг ўринбосар бўл. Абдуллоҳнинг савдо-сотиғига барака бер!

Бу муборак дуо мустажоб бўлиб, Абдуллоҳ ҳаддан ортиқ бойиб кетди ва сахийлик қила бошлади.

Оталарнинг солиҳ бўлиши фарзандлар ҳаётини ҳимоя қилади. Бу Аллоҳнинг борлиқдаги ўзгармас қонунидир. Бу қонунни Аллоҳ ер ва осмонларни яратган пайтда йўлга қўйган ва Ўзининг азиз китобида зикр қилган:

ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ

«Ўзлари, агар ортларидан заиф зурриёт қолдирсалар, улар ҳақида хавотирланадиганлар (бошқалар ҳақида ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳга тақво қилсинлар ва тўғри сўз айтсинлар. (Нисо сураси, 9-оят).

Жаъфар розияллоҳу анҳу аҳлини, севганларини, ватанини ташлаб чиқиб динини сақлаб қолиш учун Ҳабашистонга ҳижрат қилган бўлсаю, Аллоҳ унинг фарзандларини қандай ташлаб қўйиши мумкин?! Аллоҳнинг дини ва шариати учун курашаётган кишини Аллоҳ қандай қилиб ғурбат диёрида Нажошийнинг мамлакатида зое қилиши мумкин?! Мута жангида қатнашган, икки қўли кесилса-да, Ислом байроғини танаси билан тутишга ҳаракат қилган зотнинг фарзандларини Аллоҳ қандай зое қилиши мумкин?!

Аллоҳдан кўра аҳдига вафодорроқ ким бор?! Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг ҳаёти Аллоҳ Ўз аҳдига вафо қилганининг белгисидир.

Юринг, тарихни бир айланиб келамиз. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳизр алайҳиссаломларга етим болаларнинг деворини тиклаб қўйишни буюрганида уларнинг оталари солиҳ бўлганини сабаб қилган эди. Бундан ортиқ вафо бўладими? Уларнинг отасини ҳеч ким танимайди. У солиҳ инсон бўлгани учун Аллоҳ икки буюк зотни унинг нураган деворларини тузатиб қўйишлари учун хизматкор қилиб юбормокда.

Болаларингизни муҳофаза қилмоқчи бўлсангиз, уларни Аллоҳнинг риояси ва ҳифзида топширмоқчи бўлсангиз, солиҳ бўлинг! Ва бўлди, бошка ташвишланманг! Аллоҳ асло ахдини бузмайди!

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кечаси қоим бўларкан, ухлаб ётган қизчасига қараб: «Эй қизалоғим! Бу сен учун», дер эди. Сўнг юқоридаги Мусо ва Ҳизр алайҳиссаломлар ҳақидаги девор билан тааллуқли оятни ўқирди:

ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ

«Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Роббинг тарафидан раҳмат ўлароқдир. Мен буни ўзимча қилганим йўқ. Сен сабр қила олмаган нарсаларнинг таъвили ана шудир» (Каҳф сураси, 82-оят).

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳорун арРашиднинг ўғли Маъмун кичкиналигида устози уни таёқ билан сабабсиз урди. Маъмун ундан .Мени нега урдингиз, деб сўради. Устози .Жим, деди. Маъмун ҳар сафар давоми...

3558 15:00 / 30.01.2022
Ўлим ҳақ. Ҳаммамиз вафот этамиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни давоми...

2174 13:47 / 30.04.2021
Одамларда турли хил қизиқиш бўлади. Бир одам замонасида қанча улуғ зот бўлса, ҳаммасининг ҳузурига бориб, .агар эртага охирги кунингиз экани маълум бўлса, ўша давоми...

2261 13:08 / 27 ноябрь
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқдилар. Улар бир жойда дам олиб ўтиришганда бир аъробий келиб баланд овозда деди Эй МуҳаммадНабий соллаллоҳу давоми...

5138 09:04 / 06.05.2022