1446 йил 8 ражаб | 2025 йил 08 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Адашганлар

13:50 / 04.12.2024 2157 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(ҳикоя)

– Охирги пайтларда Насимжон домла тилига жуда эрк бериб юборяптими? – деди маҳалла оқсоқоли Юнусхон чойхонадаги сўрида ўтирган тўрт нафар ҳамсуҳбатига қараб.

Кейин қалампир гулли дўпписини бошидан ечди-да, кўрпачанинг устида турган ғижим чит рўмолини олиб, тақир бошини, кулча юзи ҳамда офтобда қорайиб, озғинлигидан томирлари бўртиб турган бўйнини артди.

– Ака, буларни миниб юрган маркабларини айтмайсизми, – дея унинг гапига қўшилди сўри юқорисида ўтирган Одилжон ҳайдовчи ортига ўгирилган ҳолда пиёладаги шамани бурчакка тўкиб. – Синфдошим уч қиздан кейин ўғил кўрганди. Яқинда шу ўғлига ақиқа қилди. Маросимга Насимжон домлани айтган экан, – у шундай дея қўлидаги пиёлани пойгакда ўтирган қўшниси – Зайдхон ошпазга узатиб гапида давом этди: – Буни қарангки, ақиқа бўладиган куни маросимдан уч-тўрт соат аввал домламиз ўртоғимга сим қоқиб, шошилинч вилоятга – мажлисга чақириб қолишганини билдириб, узр айтибдилар. – Одилжоннинг гапидан кесатиқ ҳиди келиб турарди.

– Ҳм, мажлиси чиқиб қолганмиш. Қаёқда, биронтаси кўпроқ узатган бўлса, ўшаёққа жўнаворган! – деди Зайдхоннинг ёнида ўтирган Нодир қассоб. У қошлари қалин, бодомқовоқлари туртиб чиққан, билаклари бақувват, тўладан келган, Зайдхондан беш-олти ёш катта, қорамағиз қирчиллама йигит эди.

– Мен ҳам шуни айтаманда. Яна бу муллолар ҳалолликдан, тўғриликдан гап очади, – деди оқсоқол қўлида турган нам чит рўмолни кулранг шимининг ён чўнтагига ғижимлаб тиқаркан. – Ундан кўра, сени ихлос қилиб, маросимига чақирибди, ўн сўм берадими, юз сўм берадими одам ажратмай насиҳатингни қилиб кетавер!

– Нодир ака, воқеа сиз айтгандек бўлмагандир. Ахир, домла мажлисга чақириб қолишганини айтибдилар-ку! – дея гапга аралашди Зайдхон ошпаз суҳбатдошларининг ғийбатига тоқат қилолмай. – Тўғриси, Насимжон домлани пул деб, ваъдасига хилоф қилишига ишонмайман! – У бироз терлагани учун, кўк кўйлагининг юқоридаги иккинчи тугмасини ечди.

– Вой, укам-а, соддасан-да! – кесатди оқсоқол. – Ўртада пул бор экан, ҳар нарсани кутса бўлади. Сайратадиган ҳам, кулдирадиган ҳам, йиғлатадиган ҳам пул! Шамол бўлмаса дарахтни учи қимирламайди. Бу йил қирқ иккига кираман. Маҳалла оқсоқоллигига икки маротаба сайланган бўлсам, шу йиллар ичида бунақаларни кўпини кўрдим.

Зайдхон ортиқ чидаб туролмади:

– Юнус ака, оқсоқолман, деб ҳар нарсани гапираверасизми? Буёғини сўрасангиз тўртталамизни йиғиб келса, битта Насимжон домла чиқмайди! Ҳаммамиз алифни калтак деймиз. Лекин тилимиз бурро. Уламоларни ғийбат қилиб, чайнаганимиз чайнаган. Олимларнинг гўшти заҳарли бўлади дейишади. Аллоҳ ўнгламаса, кимса давосини тополмайди! – Зайдхон шу жойга келганда бироз тин олиб ютинди, кейин яна сўзида давом этди: – Олимларнинг мақоми ҳақида кеча жума суҳбатида эшитган бўлсаларинг имом бир гапни айтиб берди. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос: «Олимларнинг мақоми оддий мўминларнинг мақомидан етти юз даража юқори бўлади. Ҳар бир даражанинг ўртасида беш юз йиллик масофа бўлади», деган эканлар, – деди Зайдхон оқсоқолга, қассобга, ҳайдовчига бирин-кетин қараб, – шундай экан, осмонга қараб тош отмайлик. Ўзимизга қайтиб тушади! –  Зайдхон гапираркан, қалин қошлари бироз эгилиб, кенг пешонаси тиришган, лўппи юзи эса қизариб кетганди.

– И-е, кесакдан ўт чиқдими!? Зайдхон гап-сўзингдан Насимжон домла билан ҳамтовоқ кўринасан, чоғи, – ўқрайди Юнусхон оқсоқол.

– Уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш мен учун бахтдир! Чунки уламолар одамларнинг сарасидир! – Шу ерга келганда Зайдхон дастурхонда турган пиёладаги чойдан «бисмиллаҳ» деб, уч бўлиб ичди-да яна сўзида давом этди: – Улар йиллар давомида олган илмини бизга улашса, ҳалол-ҳаромни айтиб берса, жанозамизни ўқиса, яна нега уларни маломат қиламиз-а? Ахир, атрофда бузғунчиликни тарғиб қилаётган кимсалар тўлиб ётибди-ку?! Йўқ, бизнинг чекимизга миллат ойдинларини ғийбат қилиш тушган! Билиб қўйинглар, – Зайдхон кўрсаткич бармоғини тепага нуқтади, – Олимларни обрўсизлантирган, ғийбат қилган кимсаларнинг зурриётидан олиму қорилар чиқмайди дейишади, яна Аллоҳ билгувчи! Энди мени маъзур тутинглар, ишларим бор эди, – деб Зайдхон ошпаз ўзига фотиҳа қилиб аччиқланганча ўрнидан туриб кетди.

– Сўтак! – деди Нодир қассоб ошпазнинг ортидан катта кўзларини лўқ қилганча. – Оқсоқол, бунда бир гап бор. Суриштириб кўриш керак.

– Тағин бирор-бир оқимга аралашиб қолган бўлмасин! Агар шундай бўлса, Юнус ака сизга ҳам гап тегиб қолади, – гап қўшди ҳайдовчи очиқ турган кўкрагини қашларкан. Аслида Одилжон ўзидан бир ёш кичик бўлган Зайдхон билан ёшлигидан чиқишолмай, аввалдан унга нисбатан кек сақлаб юрарди. Ҳозир пайтдан фойдаланиб қолди.

– Ҳа, гап-сўзи ҳам ғалати. Ўзи чайқалиб, тутаб турган дунёга шунақалар ўт қўяди. Тўғри сўзни гапирсанг чийиллашини қара, калтафаҳм, – дея оқсоқол чап билагидаги кумушранг соатига қаради. Суҳбатлашиб ўтиришганига ҳам қарийб бир соат бўлибди. Набирасини боғчадан олиш керак. У бошқаларга шуни айтиб, ўрнидан турган эди, қассоб билан ҳайдовчи ҳам ноилож жойларидан қўзғалишди.

* * *

Оқсоқол ҳовли ўртасидаги супага солинган атлас кўрпача устида ўйланиб ўтираркан, Зайдхонни айтган гаплари унга қаттиқ таъсир қилиб, фиғони фалакка чиқди.

– Домлангга қўшиб сени ҳам умрингни қамоқда чиритмасам Юнусхон отимни бошқа қўяман! Ана, кейин устоз-шогирд панжара ортида бир-бирингга ҳампо бўлиб ўтираверасан, – деди оқсоқол оқ йўл-йўл кўйлагининг олд чўнтагидан гаплашгични олиб. Шундан сўнг у шаҳар диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўлимида ишлайдиган эски таниши Ёдгорга сим қоқа бошлади.

Оқсоқол салом-аликдан сўнг танишига Зайдхон ҳақида бирга ўнни қўшиб сўзларкан, уни буткул хоинга чиқариб қўйди.

– У йигитнинг исмини нима дедингиз?

– Зайд Турсунов.

– Оилалими? – сўради ходим.

– Ҳа, икки нафар фарзанди бор. Ёши ўттизда, – таъкидлади оқсоқол.

– Қаерда яшайди?

 – Ойбулоқ кўчаси, 77-уйда.

– Тушунарли, – ҳозир марказга бориб келишим керак, кейин яна гаплашамиз. – ходим шундай дея хайрлашаётган эди, оқсоқол уни тўхтатди:

– Ёдгоржон, яна бир гап. Танисангиз керак: Насимжон деган домламиз бор. Шу домланинг ҳам гап-сўзи сал бошқача бўлиб қолди. Баъзида сиёсатга ҳам аралашиб кетяпти. Бир нимаси борга ўхшайди!

– Давлатга қарши бирор нима дедими?

– Ҳа энди, шунга ўхшаш узун-қулоқ гаплар юрибдида, – каловланди оқсоқол.

– Асосли далилингиз бўлмаса, ундай инсонларга нисбатан қуруқ гап билан чора кўролмаймиз. Одамлар орасида норозилик чиқади!

– Ҳеч бўлмаса, бир-икки қўнғироқ қилиб, сал силкитиб қўйсангиз яхши бўларди-да. Мен ҳам бир нарсани билмасам гапирмайман. Маҳалла оқсоқоли сифатида бурчимни адо қилиб, сизни огоҳлантириб қўйяпман! – охирги жумласини атайин таъкидлади оқсоқол.

– Тушунарли, сизга ўзим алоқага чиқаман, – деб ходим у билан хайрлашди.

* * *

Орадан бир ой ўтиб, Ёдгор оқсоқолга сим қоқди.

– Ассалому алайкум, Ёдгоржон! Бормисиз? Соғинтириб юбордингиз-ку, – гўшакдан Юнусхоннинг қувноқ овози эшитиларди.

– Ва алайкум ассалом, ўзингиз яхшимисиз? Ҳалиги масала бўйича қўнғироқ қилаётгандим. Насимжон домла ҳақида айтган гумонингиз ўринсиз экан, текшириб кўрдик. Лекин ҳалиги йигит ҳақидаги гапингиз тўғри чиқди. Ҳақиқатан ҳам, у бузғунчи оқимлардан бирига алоқадор экан. Бугун тушликдан сўнг уйида тинтув ўтказамиз! Сиз ҳам борсангиз яхши бўларди.

– Хўп, бораман. Уни хоинлигини сезганим учун ҳам сизга хабар бергандим-да, – дея жонланди оқсоқол.

– Уйини ҳам икки қаватли қилиб, жуда дабдабали қуриб юборган экан.

         – Нима? Икки қават дедингизми? Зайдхоннинг уйи икки қаватли эмас! Оддий, – деди ҳайрон бўлиб оқсоқол.

– Нима? Қанақасига? Уйлари икки қаватли эмасми? Исмини ҳам Зайд деяпсизми? Исми Сайид эмасми?... Сайид Турсунов? – ажабланиб сўради Ёдгор. Кейин оқсоқолнинг жавобини ҳам кутмай яна саволга тутди:

– Манзили Ойбулоқ кўчаси, 67-уй шундайми?

Оқсоқолнинг ичидан бир нарса узилгандек бўлди. Чунки Ойбулоқ кўчаси, 67-уйда яшовчи Сайид Турсунов оқсoқолнинг катта куёви эди.

– Ал-о-о, Юнус ака, мени эшитяпсизми?

– ...

Оқсоқол чўккалаб қолди. Айни дамда ходимга нима дейишни ҳам билмай, гаплашгичнинг тугмасини босиб, ғазабланганча алоқа воситасини деворга улоқтирган эди, у парчаланиб кетди.

Акбар Файз

«Ҳилол» журнали 4(61) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
525. Оишадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, Абу Бакр ва Билолни қаттиқ иситма тутди. Икковининг олдига кириб .Эй давоми...

6972 20:26 / 02.07.2017
Муборакфурий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Сийратул имамил Бухорий, номли китобида келтиради.Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ бир кемага миндилар. Ёнларида минг динор пул бор давоми...

2328 11:00 / 21.10.2021
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг замонларига келиб Қуръони Карим оятлари қироатида ихтилофлар туғилгани сабабидан унинг ягона нусхасини тузиш ва бу давоми...

5826 14:00 / 10.07.2021
Замахшарий ҳақида Ибн алҚифтий қуйидагича ёзган .Замахшарий илм уладаб, грамматика ва луғат бобида ўзгаларга мисол бўладиган аллома эди. У ўз ҳаёти давомида давоми...

1103 15:45 / 15.04.2024