1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Авлоддан авлодга ўтиб келаётган ақийда

08:39 / 10.11.2024 1915 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

#Мазҳабда_муваффақият_бор

Қалъажий «Иброҳим Нахаъий мавсуъаси»да шундай дейди:

«Мен Иброҳим Нахаъийнинг фиқҳидан юзта масалани олдим. У катта тобеъинлардан бўлиб, Ҳаммоднинг шайхидир. Ундан Абу Ҳанифа ҳам дарс олган. Мен унинг юзта масаласини олиб, Абу Ҳанифанинг фиқҳига солиштирдим. Абу Ҳанифанинг устозига устозлик қилган Нахаъийнинг масалаларининг 84 фоизи, яъни 100 тадан 84 таси Абу Ҳанифаники билан бир хил экан. Демак, Абу Ҳанифанинг масалалари Иброҳимнинг масалалари билан 84 фоиз мувофиқ келган. Хўш, Ибн Масъудга неча фоиз мувофиқ келган? Алқамага-чи? Ҳаммодга қанчаси мувофиқ келган? Агар биз Абу Ҳанифага якка шахс деб қарасак, уни ҳанафий мазҳабини йўқдан бор қилган, таъсис қилган одам дейиш тўғри бўладими? Ёки унинг асосий хизмати ушбу қоидаларни тўплаб, тартиблаб чиқиш бўлганми?

Мен бир фақир банда сифатида айтаманки, унинг энг катта хизмати – ўзидан олдингиларнинг фиқҳини кейинги авлодга етказиб берганидир. Ибн Масъуд, Алқама, Нахаъийларнинг фиқҳи бизга Абу Ҳанифанинг йўли орқали етиб келган. Абу Ҳанифа уларни тартиблаб, бир низомга солиб чиққани учунгина мазҳаб унинг номи билан аталиб қолди. Яна «Мотуридий мазҳаби», деймиз. Ақоиддаги мотуридия мазҳабини имом Мотуридийга нисбат берамиз. Хўш, ақоидни у пайдо қилганми?! Ахир бу саҳобаларнинг ақийдаси-ку! Имом Мотуридий эса ҳижрий тўртинчи асрда яшаган. Имом Мотуридий имом Таҳовий айтган ақоиднинг айни ўзини айтади, холос. Ваҳоланки, имом Таҳовий Мисрда, имом Мотуридий эса Самарқандда яшаган. Имом Таҳовий китобининг бошида: «Бу китоб уч имомимиз: Абу Ҳанифа Нуъмон, Қози Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийларнинг ақийдаси», дейди. Лекин Таҳовийдаги нарсалар Мотуридийда ҳам бор. Ҳолбуки, бири Мисрда, бири Самарқандда яшаган, бир-бири билан кўришмаган.

Демак, Мотуридийнинг гаплари унинг ўз фикрлари эмас. Бу ақийда Абу Ҳанифаники, унинг ақийдаси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламникидир. Унда нима учун Мотуридийга нисбат берилган? Чунки у бошқа фирқаларга қарши далилларни ўрганиб чиқиб, уларни тартиблаб, жамлаб берган. Шунинг учун бу ақийда «имом Мотуридий ақийдаси» дейилади. У янгитдан ақийда ишлаб чиққани учун эмас. Ҳозирги баъзиларга эса «Мотуридий ақийдаси» десангиз, гўё Мотуридий буларни қайси бир ғордан топиб, олиб чиққандек туюляпти. Аслида бу авлоддан авлодга ўтиб келаётган ақийдамиз эди. Лекин имом Мотуридий адашган фирқаларга қаттиқ раддиялар бергани учун унга нисбат берилади, холос. Демак, «Мотуридий ақийдаси» десак, Мотуридий пайдо қилган ақийда эмас, балки Мотуридий далил қилиб келтирган, исботлаб берган ақийда деганимиз бўлади.
«Абу Ҳанифа мазҳаби» дейиш ҳам худди шундай.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мустабид коммунистик тузум динга қарши курашиб, миллионлаб одамларнинг ҳаётини пароканда қилгани барчамизга маълум. Аммо даҳшатли аҳволга тушиб қолгач, ноилож давоми...

1427 14:26 / 24.10.2024
Мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф бирорта ҳадис етиб келган ёки келмаганлигида эмас, усулларнинг бошқабошқалигида бўлади. Ҳанафий, шофеъий ва моликий мазҳабларида давоми...

888 16:53 / 16.05.2025
.Абу Ҳанифанинг сўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзидан устун қўйиш, деган гапга тўхталайлик. Айтингчи, ақли жойида бўлган одам Абу Ҳанифа ёки давоми...

786 15:10 / 22.12.2025
Ҳанафий мазҳаби ўзидаги хусусиятлар омил ўлароқ тез ва соз ўсди, тезликда турли ўлкаларда кенг тарқалди. Унинг ўсиши ва тарқалишининг бош омиллари учта1. Абу давоми...

4374 16:12 / 28.03.2017
Аудиолар

230199 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148777 14:35 / 11.08.2021