1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг қамрови кенгдир

19:00 / 29 октябрь 380 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонларга фатҳу нусрат келиб, қалбларида касаллик борлар кофирларни дўст тутганларига афсус-надомат қилиб турганларида:

ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒﮓ ﮔ ﮕﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ

«Иймон келтирганлар: «Ўзларини сизлар билан деб, Аллоҳнинг номи ила жон-жаҳдлари билан қасам ичганлар мана шуларми?» – дейишади. Амаллари ҳабата бўлди. Бас, зиён кўрганлардан бўлдилар» (Моида сураси, 53-оят).

Мўминлар жамоаси Аллоҳдан келган фатҳу нусратнинг нашидасини суриб, хурсандчилик қилишар экан, бир чеккада турган мунофиқларнинг ҳолини кўришади. Улар: «Замон айланиб, кофирлар устун келиб қолса нима бўлади?» – деб кофирлар билан дўст-валий бўлишган эди. Мунофиқларнинг бундай аянчли ҳолини кўргач, оятда келган гапларни айтишади. Дарҳақиқат, бу мунофиқларнинг нифоқ ила қилган баъзи ибодатлари ва яхши амаллари беҳуда кетади, яъни ҳабата бўлади. Заҳарли ўсимлик еб қўйиб, қорни ёрилиб ўлган ҳайвон билан баробар бўлади.

Аммо мунофиқларнинг бундай иккиюзлама ишлари асло динга зарар етказа олмайди. Аллоҳ Ўз динини муҳофаза қила олади. Кейинги оят шу ҳақда:

ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқ­маслар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишисига берадир. Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир» (Моида сураси, 54-оят).

Аллоҳ таоло динининг ер юзида барқарор бўлишини ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита – сабаб қилади. Мана шу шарафли ишга мусулмон уммати танланган. Ким бу шарафни етарли тақдир этса, бу динга чин қалбидан, ихлос билан хизмат қилади. Бу дин йўлида жонини ҳам, молини ҳам бахш этади. Аммо ким бу улкан бахтнинг қадрига етмаса, турли баҳоналар билан Исломдан қайтса – муртад бўлса, ёмонлиги ўзигадир. Исломга ҳеч қандай зарар етмайди. Қайтага, унга ўхшаган номаъқул шахслардан холи бўлади. Аллоҳ ундайларга муҳтож эмас.

«…Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур».

Демак, Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадирлар. Биринчиси – ўзаро муҳаббат. Яъни Аллоҳ уларни севади, улар ҳам Аллоҳни севадилар. Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга оз эмас, кўп эмас, Аллоҳнинг муҳаббати бўлар экан. Дунёда ўзини билган инсон учун бундан улкан бахт йўқ. Ожиз бир инсоннинг муҳаббатига сазовор бўлган шахс ўзини қанчалар бахтли-саодатли ҳис этади. Биз сўз юритаётган муҳаббат эса ҳамма бандаларнинг Робби, бутун оламларнинг Холиқи, икки дунёнинг Молики, барча махлуқотлар қатори, бандаларнинг ҳам Холиқи, уларга жон ато қилган, нозу неъмат берган, қиёмат куни ҳисоб-китоб қиладиган Зотнинг муҳаббати! Аллоҳнинг маҳбуби бўлишдан юқори бахт йўқ. Шу билан бирга, бу муҳаббатга эришишнинг фақат бир йўли бор – мусулмон бўлиш. Аввалги оятда зикр қилинганидек, тили билан иймон келтириб, дилида мунофиқлик ё куфрга кетиш ёки қалбида касаллик билан эмас, ихлосли мусулмон бўлиш керак.

Аллоҳнинг севгисини қозонган бандаларнинг ўзлари ҳам Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт. Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун турадиган севгидир. Бу севги жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади. Аллоҳни севувчи одам доимо ўз маҳбуби розилиги учун ҳаракат қилади. Ўзида шундай севги пайдо қила олган одам дунёни ҳам бошқача кўради. Дунёдаги ҳамма нарсани ўз қадр-қиммати билан танийди. Фақат мусулмон инсонгина шундай севгига соҳиб бўла олади. Бошқалар бу бахтдан бебаҳрадирлар. Бошқаларда бунақа севги бўлиши амри маҳол.

Мазкур бандаларнинг сифатларидан яна бири:

«Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл»дирлар. Яъни Аллоҳ ўз динини ер юзида муқаррар қилиш учун танлаган бандалари аввало мўминларга хокисор (тавозеъли) бўладилар. Иймон (дин) қардошлари билан ўзаро муомалаларда мулойим, лутфли, ширинсўз бўладилар. Улар меҳрибон, шафоатлидирлар. Мўмин биродарларига ҳеч озор бермайдилар. Бу ҳоллари улар учун пастлик ёки хорлик эмас, балки Аллоҳнинг дини йўлидаги қардошликлари ҳурмати, диний биродарлик туйғусидир. Бу қардошлик туфайли туғилган мўминлараро муҳаббат тилёғламалик, сунъий муомалалар, кўзбоғловчиликларни ўртадан кўтаради, уларнинг алоқаларини соф иймон ва Ислом алоқасига айлантиради.

Шу билан бирга, мазкур кишилар кофирларга қаттиққўлдирлар. Чунки уларнинг кофирлар билан бўладиган алоқалари якка шахс алоқалари эмас, балки бу доирадан юқори турадиган алоқадир. Яъни бу ерда гап шахсий алоқа ҳақида эмас, дин устида кетмоқда.

Аллоҳнинг динини ер юзида барқарор этиш учун танлаб олинган бандаларнинг яна бир сифатлари шуки, улар

«…Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар...»

Аллоҳнинг динини ер юзида барқарор этиш учун танлаб олинган кишилар шахсий мақсадлар йўлида эмас, фирқа, тоифа, қабилалари манфаати учун эмас, қандайдир тузум ёки «доҳийлар» йўлида эмас, балки фақат Аллоҳ йўлида жиҳод қиладилар. Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилмоқчи бўлганларнинг йўлларида тўсиқлар кўп. Энг катта тўсиқлардан бири – ўз нафсларидир. Бунда хаёлдан одамлар нима дер экан, маломат қилишмасмикан, деган хаёллар ўтади. Аммо, бу хаёлларга берилмаслик керак. Бундай кишилар ҳақида Аллоҳ таоло:

«...маломатчининг маломатидан қўрқмаслар», – демоқда.

Маломатчилик кенг тарқалган дард. Ҳар нима қилсанг ҳам, одамлар барибир маломат қилавериши мумкин. Шунинг учун Аллоҳнинг айтганидан қолмаслик керак. Бирор ишни бажаришда, уларни баҳолаш ва тақдирлашда Аллоҳнинг йўл-йўриғи лозим ва тақдири ҳамма нарсадан устундир. Бинобарин, Аллоҳнинг динини ер юзида барқарор этиш учун Аллоҳ ихтиёр қилган қавмдан бўлиш:

«Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишисига берадир. Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир».

Аллоҳнинг бундай кенг фазли-карамидан баҳраманд бўлган кишилар бу улуғ иноятнинг қадрига етмоқлари лозим.

Бу ояти карима мусулмонларнинг ноумид бўлмасликлари учун катта далилдир. Аллоҳ хоҳлаган пайтида, хоҳлаган одамлар ила ер юзида Ўз динини барқарор қилиб олади. У Зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида диндан қайтганларнинг ва кофирларнинг умидларини пучга чиқариб, ихлосли саҳобалар авлодини олиб келди. Ислом ер юзида барқарор бўлди. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида баъзи қабилалар диндан қайтди, фитна чиқди ва Ислом хавф остида қолди. Аммо Аллоҳ таоло яна ихлосли мусулмонларни – ушбу оятда сифатлари зикр қилинган зотларни келтириб, динининг ер юзидаги барқарорлигини таъминлади.

Бир минг беш юз йилдан зиёд тарихи давомида Ислом дини ўзига қарши чиқувчиларни кўп кўрди. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўтиб кетди. Аммо Ислом боқий қолди.

Масалан, мўғуллар яшин тезлигида ҳамма жойларни босиб олдилар. Шаҳарларни хароб этиб, одамларни қирдилар, китобларни ёқдилар. Уларга қарши чиқадиган қавм қолмади. Уларнинг енгилмаслиги ҳақида афсонаомуз гаплар тарқалди.

Мусулмон тарихчиларнинг ёзишларича, ҳолат шу даражага етганки, бир мўғул кўчада мусулмонни кўриб қолиб: «Ҳой мусулмон, қиличим уйда қолибди, сен жойингда туриб тур, мен бориб, қиличимни олиб келиб, сени ўлдираман», – деса, мусулмон туриб берган. У қиличини олиб келиб, мусулмонни ўлдирган экан.

Бошқа гувоҳларнинг айтишларича, бир мўғул аёл бир гузар мусулмон эркакни ўлдирган. Ҳатто мусулмонлар орасида «Қуръонда зикр қилинган яъжуж-маъжуж шулар бўлса керак», деган фикр ҳам тарқалган. Аммо ўзини билган мусулмонлар ушбу оят ва бошқа ояту ҳадисларга таяниб, умидни узмаганлар. Аллоҳ Ўз динини ер юзида барқарор этиш учун ихтиёр қилган қавмдан бўлиш орзуси ила ўзларида ўша қавмнинг сифатларини мужассамлаштириш йўлида тинмай ҳаракат қилганлар, Аллоҳ йўлида жиҳод этиб, маломатчиларнинг маломатидан қўрқмаганлар. Айни Жолут номли жойда мўғуллар биринчи бор тор-мор этилганлар. Сўнгра аста-секин ҳамма Ислом диёрлари озод қилинган. Ўзига хос мўъжиза ҳисобланган бу ғалабада бошқа омиллар қатори, руҳий-маънавий омил алоҳида аҳамият касб этган. Мусулмонлар мўғуллардан ҳарбий жиҳатдан енгилсалар ҳам, юртлари босиб олинса ҳам, руҳий-маънавий жиҳатдан енгилмаганлар, қалбларини мўғуллар босиб ололмаган. Улар: «Мўғуллар мушрик-кофирлардир, аслида улар ҳеч нарсага арзимайдилар, биз мусулмонлармиз, ҳақ биз билан, биз ғолиб бўлишимиз керак, аммо бизнинг айбимиз – динга амал қилишдаги камчиликларимиз туфайли мўғуллар вақтинчалик устун келиб турибдилар. Агар ғолиб келмоқчи бўлсак, ўзимизни тузатайлик, айбларимизни йўқотайлик ва динимизга тўлиқ амал қилайлик», – деб тўғри мулоҳаза юритишди, шу йўлда ҳаракат қилишди. Оқибатда Аллоҳ Ўз динини ер юзида қайтадан қарор топтириш учун улардан баъзиларини ихтиёр қилди. Мўғуллар салтанати парча-парча этилди. Аллоҳнинг дини ер юзида барқарор бўлди.

Кейин Европадан Исломга қарши салбчи насоролар чиқди. Рим папаси чақириғи ила Европа подшоҳлари жамланиб, куч йиғдилар ва мусулмонларга қарши оммавий қатл эълон қилдилар. Жаҳон тарихи бунга ўхшаш ваҳшиёна ҳаракатни кам кўрган. Салбчилар номи мусулмон бўлган жон борки, қўймай ўлдиравердилар. Қонлар дарё каби оқди. Мовий рангдаги Ўрта Ер денгизи мусулмон қони ила қизил тусга кирди. Салбчилар Шомни, Фаластинни ва бошқа жойларни босиб олиб, юз йиллар давомида ҳукмларини юритдилар. Аммо мусулмонлар салбчиларга нисбатан ҳам худди мўғулларга бўлган муносабатда бўлдилар. «Булар ҳам кофирдирлар. Улар ноҳақлар. Уларнинг ҳарбий ғалабалари вақтинчалик. Биз мусулмонлармиз. Биз ҳақмиз. Салбчилардан мағлубиятга учраганимиз уларнинг кучли эканликларидан эмас, бизнинг заифлигимиздандир. Динимизга амал қилишда сусткашлик қилишимиздандир», деган фикрда бўлдилар. Шу билан бирга, улар ўзларидаги нуқсонларни тузатиб, Аллоҳ Ўз динини ер юзида барқарор қилиш учун ихтиёр қилган қавмлардан бўлишга ҳаракат қилдилар. Оқибатда Аллоҳ таоло асли курд миллатига мансуб мухлис мусулмон Салоҳиддин Айюбий бошчилигида Ўзининг йўлида жиҳод қиладиган ва маломатчиларнинг маломатидан қўрқмайдиган бир қавмни юбориб, ер юзида Ўз динини барқарор қилди.

Ҳозирги ноқулай ҳолатдан қутулиш учун мусулмонлар ушбу оятда зикр қилинган сифатларни ўзларида мужассам этишлари лозим. Бунинг учун эса тинмай ҳаракат қилиш керак. Ана шундагина Аллоҳнинг динини ер юзида барқарор этишга ихтиёр қилинган қавм пайдо бўлади. Аллоҳнинг ваъдаси яна бир бор зуҳур этади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта иззатлидир, ўта давоми...

2765 13:00 / 28.12.2020
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Албатта, Роббинг ризқни хоҳлаган кишига кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, У бандаларидан ўта хабардор ва кўриб турувчи давоми...

1196 19:00 / 05 март
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қиладиУшбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора давоми...

3335 08:06 / 10.11.2018
Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади .Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила давоми...

6429 10:15 / 27.10.2018